Yetmish ikki yillik muhabbat yoxud qo’sha qarish baxti
Yetmish ikki yillik muhabbat yoxud qo’sha qarish baxti
DO`STLARGA ULASHING:
Ёшлигимда бувим ёки бобомдан эртак эшитмагунча уйқуга кетмасдим. Ёшим улғайган сари эртаклардан кўра реал ҳаётий воқеаларга қизиқишим ортди. Бувим ва бобом бир-бирини қандай топганию ҳаёт қувончи ҳамда ташвишларини қай тарзда бошдан ўтказганлари ҳақидаги ҳикояларни овозлари титраб, кўзлари ёниб сўзлаб беришарди. Мен ҳам беихтиёр ўша даврларга бориб қолгандек бўлардим…
Бувим бобомга турмушга чиққанида тўққиз, бобом эса ўн икки ёш бўлган экан. «Ёш болаларни ким никоҳлайди? Бу – жаҳолат!» дейишга шошилманг, ўзига яраша сабаблари бўлган. Бувимнинг ота-онаси аллақандай юқумли касалликдан вафот этгач, акаю опалари ўз рўзғори билан бўлиб, унга яхши қарашмаган. Шунда уларга қўшни бўлган бобомнинг отаси раҳми келиб, қизалоқни асраб олишга қарор қилган. Уйида ўн икки яшар, яъни ўша замоннинг меъёрларига кўра вояга етган, ўғли бўлгани учун бу мумкин бўлмаган экан. Шу сабабдан ягона чора сифатида бувимни ўғлига никоҳлаб, уйига олиб кетган. Бобомнинг отасини илмли, заковатли инсон деб тилга олишади. Демак, бу ишни жаҳолат эмас, мажбуриятдан қилган.
«Ҳамон эсимда, қўлимдан бир иш келмасди. Бобонг билан уззукун боғда дарахтма-дарахт сакраб, чангга ботиб келардик-да, кечки овқатни еяр-емас, дуч келган жойда ухлаб қолардик. Кейин кўтариб ўрнимизга олиб бориб ётқизиб қўйишарди. Мен қайнонам билан ухлардим. Даданг эса укалари билан бошқа хонада ётарди».
Хуллас, бувим эл кўзига келин, аслида эса асранди қиз бўлиб бобомникига келган. Аммо бобомнинг ота-онаси уни ўз фарзандлари қатори кўришган, ҳеч камситишмаган. Бу хонадонда бошқа қиз фарзанд бўлмагани учун, жуда асраб-авайлашган экан.
Бувим ўн етти, бобом йигирма бир ёшга тўлганида ҳақиқий эр-хотин сифатида ҳаёт бошлашган. Орадан бир йил ўтгач эса фарзандли бўлишган. Бироқ у пайтда тиббиёт яхши ривожланмагани учун болалар ўлими кўп бўларкан. Бувимнинг тўнғичи уч ойлик пайти ичкетардан нобуд бўлади. Бундан кейин кўрган яна тўққиз фарзандни ҳам тупроққа қўйган бувижонимнинг эси кирарли-чиқарли бўлиб қолган экан.
«Болаларимиз кетма-кет нобуд бўлаверди, — деб хотирлайди бобом. – Бир сафар эгизак қиз кўрдик. Фотимаси бир кун ҳам яшамай, ўлиб қолди. Бироқ Зуҳрамиз пишиқ экан, ҳаёт учун курашди ва ғолиб келди. Аввалгилари турмаганининг сабабини бувингдан кўришди. «Сути заҳарли», дейишди. Зуҳрани эмизиш учун икки маҳалла наридан бир аёлни аравада ҳар куни уч маҳал олиб келардик. Кечалари эса эчки сути берардик. Ниҳоят, қизалоғимиз оёққа туриб, тили ҳам чиқиб қолди. Шодлигимизнинг чеки йўқ эди. Бироқ уч ёшга кириб, тили бурро бўлиб, ҳамманинг ҳавасини келтириб юрган бир пайтда қизамиқдан нобуд бўлди. Бу фожеа бувинг тугул, мени ҳам енгиб, қаддимни букиб қўйди».
Ўшанда бобомнинг овозидаги титроқ ва кўзларидаги ёш менинг ҳам қалбимни титратган, ёстиққа юзимни босиб роса йиғлагандим. Бечораларнинг бошига битилган кулфатлар шу билан тугамабди. Ундан кейин кўрган ўғиллари нақд тўққиз ёшида дарахтдан йиқилиб ўлибди. Шундан кейин бувим ростмана савдойи бўлиб қолган экан.
«Бувинг бизни роса қўрқитган. Кеча демай, кундуз демай қабристонга кетиб қолаверар, ўғлимизнинг қабрини қучоқлаб тонг оттирарди. Менга: «Бу сенга хотинлик қила олмайди энди. Бошқага уйлан. Соғлом аёлга уйлансанг, уйинг болага тўлади», дегувчилар кўп бўлди, аммо Санобар билан ўн икки ёшимдан бери бирга эдим. Ёнимда бошқа аёлни тасаввур ҳам қилолмасдим. Қолаверса, шундай аҳволда уни ёлғиз қолдириш қўлимдан келмасди. Ахир, бир-биримизга эт билан тирноқдай сингиб кетган эдик-да. Хуллас, кекса онам бир дуохон-фолбиннинг олдига бориб, аллақандай иримларнинг дарагини топиб келди. Санобарнинг кўйлагини марҳум ўғлимизнинг қабрига олиб бориб ёпиб, бир кеча ушлаб туриш, кейин келтириб кийдириш керак экан. Ўшанда кўйлак шамолда учиб кетмасин ёки бирон ҳайвон тортқилаб жўнамасин, дея бутун тунни қабристонда ўтказганман. Қўрқувдан ўзимнинг ҳам эсим оғиб қолаёзганди. «Шўрлик хотиним бу ерда қандай тонг оттираркан-а? Фарзанд доғини душманингга ҳам солмасин экан», деб ўйлагандим ўшанда.
Эрталаб ҳорғин ҳолда кириб келсам, ҳовлида бувинг ўқчиб ўтирибди. Аммангга бошқоронғи бўлган экан».
Хуллас, ҳозирда катта шифокор бўлиб кетган аммамнинг дунёга келиши бувимни ҳаётга қайтарган. Икки йил ўтгач эса дадам туғилган. Икки фарзандни етказганига шукур қилиб, уларнинг умрини тилаб бувим ва бобом ҳаётни давом эттиришган.
Бобом Иккинчи жаҳон уруши фахрийси эди. Уни урушга кузатиб, бири тўрт, иккинчиси икки яшар фарзандлари билан қолган бувим эл қатори тирикчилик дарди билан яшаган, эрининг жонини саломат сақлашини Яратгандан сўраб, тўрт йилни ўтказган. Бобом урушнинг бошидан охиригача қатнашиб, чап елкасидан яраланган ҳолда уйга қайтади. Урушга кетгунича саводи аъло бўлгани сабабли босмахонада мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган экан. Аммо қайтиб келса, босмахонани аллақандай фабрикага айлантиришибди. Хуллас, у амакисининг ёнига кириб, янги касб – сувоқчиликни ўрганади. Елкасидан ярадорлиги, ишнинг заҳ ва ноқулайлигига қарамай тирикчилик дардида ишлайверади.
Бироқ бувим ва бобомга аталган ҳаётнинг синовлари ҳали тугамаган экан. Қишнинг қорасовуқ кунлари печкадан учқун сачраб, уйлари ёниб кетади. Бобом шаҳар ташқарисидаги иморатнинг сувоқ ишлари билан машғул бўлиб, уйга ҳафтада бир келаркан. Ўша тунда негадир ҳомиладор хотинидан кўнгли нотинч бўлади ва эрталаб оиласидан хабар олгани келса, уйи келтепа бўлиб ётганини кўради. Қўшниникидан йиғлаб чиққан аёлидан «Болалар омонми? Ўзингга ҳеч нима қилмадими?», деб сўрайди-да, ҳамма соғлигини эшитгач: «Худо бекорга мени қурувчиликка йўналтирмаган экан-да. Куйинма хотин, бир уй бўлса, амаллаймиз», дея бувимни юпатади. Бувим ёнғинда икки фарзандини кўтариб қочган, ҳатто оёғига калиш ҳам киймаган экан. Маҳалла-кўй, қариндош-уруғнинг кўмаги билан амаллаб қишдан чиқишади. Бувим ўшанда оёқ касалига чалинган. Ёзда эса кенжатойи Мансур амаким дунёга келган.
Мансур амакимни яхши хотирлайман. Қад-қомати келишган, ҳарбий одам эди. Шу соҳага бутун умрини бағишлади. Мен ўн ёшларда эдим, чамаси. Амаким Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда қатнашар, бувим билан бобом куну-тун унинг дуои жонини қилиб ўтиришарди. Бир куни уйимиз йиғи-сиғи, мотамга тўлди. Амакимнинг ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди. Бувимнинг «Бунисини ҳам пешонамга сиғдирмади», дея қилган нолалари ҳамон қулоғимда жаранглайди. Бечора бобом ва бувим шу билан ўнинчи фарзандни тупроққа топширишди…
Бобом бувимни «Санобарим» дерди, олдидан ҳам, орқасидан ҳам. Баъзида бувим атрофдагилардан уялиб «Шунчаки отимни айтиб қўяқолинг, «им»ига бало борми?», деса, бобом: «Хўп» дерди-ю, аммо ўз билганидан қолмасди. Бувим эса бирон марта бобомнинг исмини айтмаган. Ҳарҳолда, мен буни эслолмайман. Нуқул «даданг», «бобонг» деб гапирарди. Эсимда, бувимнинг оёғи қаттиқ оғриб, шифохонага тушиб қолди. Шунда бобом ҳам шифохонага ётиб олди. Анча йиллардан бери елкасидаги оғриқ азобига чидаб, шифокор аммамнинг битта игна санчишига ҳам рухсат бермаган одам (уколдан жуда қўрқарди), шифохонанинг барча шартларига кўниб, даволанишга рози бўлди. Мақсад, бувим билан ёнма-ён бўлиш эди.
Бувимни саксон бир, бобомни эса саксон тўрт ёшида, яъни бир йилда тупроққа топширдик. Бобом бувимдан кейин атиги уч ой яшади. Ҳисоблаб кўрсам, улар етмиш икки йил ёнма-ён бўлишибди. Бу — бир инсон умри дегани. Мен бувим ва бобомнинг ҳаётини сабру қаноат, меҳру муҳаббат, вафою садоқат мактаби дегим келади. Яхшики, шу ҳикояларни тинглаб катта бўлган эканман. Хулосалар асқотаяпти. Юқоридаги воқеаларни эса бугун арзимас баҳоналар билан бузилиб кетаётган оилаларга турмуш қийинчиликларини елкама-елка туриб енгган, бир-бирига бутун умр суянчу таянч бўлиб, оила қўрғонини ардоқлаб келган қадрдонларим ҳаёти ибрат бўлар деган мақсадда қоғозга туширдим.
Шаҳноза СОАТОВА
Yetmish ikki yillik muhabbat yoxud qo’sha qarish baxti