Oybegim mening kitob
Olima hayotida, ongi va fikrining shakllanishida, ilm-ma’rifat yo’lini tanlashida otasining ta’siri juda ulkan bo’lganligi, shuhbasiz. U yoshligidanoq qiziquvchan va yangilikka o’ch bo’lib o’sdi, otasining har bir harakatini, ishini zavq va sinchkovlik, g’urur bilan kuzatib bordi: «Dadamning sa’y-harakati bilan 1914 yili Turkistonda zavod qurildi. Mashina bo’limi katta kvadrat uydan iborat bo’lib, yarmisi chuqurga joylangan, unda juda katta g’ildirak aylanib turardi. Bu uyda bir rus masteri ishlardi. Master hech kimni g’ildirak yoniga yo’latmasdi. Bir chetda dinamo. Elektr energiyasi ham xonadonimizni yoritish, ham zavodni harakatga keltirish uchun sarf etilsa kerak.
Зарифа Саидносирова: Ойбегим менинг
Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” номли китоби нафақат биографик асар, балки тарбиявий аҳамияти катта бўлган, жонли ва ёрқин тасвирларга эга чиройли муҳаббат қиссасидир.
Китобни ўқиган ҳар бир ўқувчи қалбида Ойбекдек улуғ адиб ва улуғ инсонга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат туйғулари пайдо бўлади. Китобда, Ойбекдан ташқари, яна бир асосий қаҳрамон бор. Бу, бутун ҳаётини Ойбекка бағишлаган, унинг машаққатли қисматини енгиллаштиришга интилган, унга муносиб ёр бўлган Зарифа опанинг ўзидир.
Ойбекнинг шахсий ҳаётинигина эмас, балки бир-бирига муносиб икки улуғ сиймонинг севги ва вафо достони- “Ойбегим менинг” мутолааси барчангизга муборак бўлсин!
Характеристики
ISBN | 978-9943-20-711-0 |
Язык | На узбекском |
Надпись | Кириллица |
Издательство | Янги Аср Авлоди |
Тип обложки | Твердая |
Формат бумаги | A5 |
Год издания | 2020 |
Книги, продукты, мировая литература, узбекская литература, бизнес и психология, на русском языке, современная узбекская литература, детская литература, религиозная литература, наука и учебники, для абитуриентов, лучшие книги, топ-100 бестселлеров, художественная литература (биографическая литература), биография , на английском языке много другое. Быстрая доставка в Узбекистан
Zarifa Saidnosirova. Gul bargi & Oybegim mening & Zarifa Saidnosirova haqida ikki maqola
Зарифа Саидносирова…Биринчи ўзбек аёл рассоми. Биринчи ўзбек кимёгар олимаси. Назаримда, шўроларнинг сиёсий қатағони қурбони бўлган Саидносирбойдек миллатпарвар отанинг беназир тарбиясини олган Зарифа Саидносирова кўтарилган маънавий чўққи ҳам Бибихоним, Зебунисо, Нодирабегимлар эгаллаган чўққидан асло кам эмас. Табиийки, Ойбекдек буюк бир сиймони ардоқлай олган инсоннинг сийрати ҳам буюкдир.
Ойгул Суюндиқова
ОЛИМА ЮРГАН ЙЎЛЛАР
Зарифа Саидносирова ҳаёти ва ижодига чизгилар
Дунёда йўллар кўп – тор ва кенг, олис ва яқин, ёруғ ва қоронғу, тиканакли ва гулли, узун ва қисқа…
Дунёда йўллар кўп – тоши оғир ва енгил, қуёшли ва ёмғирли, чақмоқли ва очиқ, равон ва эгри-бугри, тупроқли ва қум-тошли, чангли ва тоза…
Дунёда йўллар кўп – ташвишли ва қувончли, бахтли ва аламнок, одамларга тўла ва кимсасиз, омадли ва омадсиз, пасту баландли, орзуманд ва қайғули, куйчи ва хушбўй…
Дунёда йўллар кўп. Уларнинг бирини таърифлаш, изоҳлашга умр етмайди. Аммо бу йўллардан ўтмасдан, босмасдан туриб, тилакка ҳам, юракка ҳам етолмаймиз. Улар – бизга, табиатимиз ва руҳимизга ўхшайди. Ҳар бир инсон ўз табиатига мос йўлдан юради, ўз табиатидан келиб чиқиб, йўлини танлайди, кўнгул бошлаган йўлдан кетади. Демак, йўллар энг аввало, юракдан ўтади.
Мен ҳам мана шундай йўлларни босиб, юрт назарига, эл меҳрига сазовор бўлган инсонлардан бири — биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносированинг ҳаёт йўлларига назар солмоқни ният қилдим.
Бўлажак олиманинг илк йўллари қадим Туркистон шаҳрининг қадим йўлларидан бошланди. Бу ҳақда олима кейинчалик ўзининг болалик хотираларини ёдга олиб, шундай ёзади: «Биз Туркистон шаҳрида, Қарноқ кўчасининг катта майдонига келиб тақалган жойида, бурчак ҳовлида яшар эдик. Ҳовлимиз ичкари ва ташқаридан иборат бўлиб, бир ёнбошида янги қурилган катта пахта заводи турарди. Ичкари ҳовли билан ташқари ўртасида кичик эшик бўлиб, бу эшик девор пардалар билан ўралган эди. Ичкари ҳовлининг бутун бир томонини пишиқ, бўғотли янги уй эгаллаган. Иккинчи томонида эса озиқхона, катта айвон, ошхона ва жуда катта молхона жойлашган. Учинчи томонда очиқ молхона бўлиб, буни бостирма дер эдик. Ҳовлининг тўртинчи томони – кўчага қараган баланд девор. Ҳовли 1905 йилда, замонанинг энг юксак завқига мувофиқ, дурустгина қурилган. Биз шу жойда 1924 йилга қадар яшаганмиз.»
Мустақиллик шарофати Туркистон тарихининг ёпиб қўйилган зарварақларини очиб, етиб келганимиз – ҳурлик замонининг фидойилари, қурбонлари босиб ўтган оғир ва шарафли йўлларни кўрсатди. Ана шундай инсонлардан бири – маърифатпарвар Саидносир Абдулҳай ўғли Миржалилов Зарифа Саидносированинг отаси эди: «Дадам ўрта бўйли, қорачадан келган, кўзлари йирик киши эди. У 1884 йилда туғилган. Мен уни тахминан 1913-1914 йиллардан эсласам керак. Шунда мен тўрт ёшларда эдим. Дадам жуда ақлли, юраги тоза, одамларга меҳрибон бўлган. У эски мактабда пишиқ маълумот олган, ўқиш-ёзишни яхши билган, зеҳни ўткир, жуда саводли бўлган.»
Олима ҳаётида, онги ва фикрининг шаклланишида, илм-маърифат йўлини танлашида отасининг таъсири жуда улкан бўлганлиги, шуҳбасиз. У ёшлигиданоқ қизиқувчан ва янгиликка ўч бўлиб ўсди, отасининг ҳар бир ҳаракатини, ишини завқ ва синчковлик, ғурур билан кузатиб борди: «Дадамнинг саъй-ҳаракати билан 1914 йили Туркистонда завод қурилди. Машина бўлими катта квадрат уйдан иборат бўлиб, ярмиси чуқурга жойланган, унда жуда катта ғилдирак айланиб турарди. Бу уйда бир рус мастери ишларди. Мастер ҳеч кимни ғилдирак ёнига йўлатмасди. Бир четда динамо. Электр энергияси ҳам хонадонимизни ёритиш, ҳам заводни ҳаракатга келтириш учун сарф этилса керак.
Машина бўлимидан сўнг икки қаватли узун хоналар бўлиб, уларда ёнма-ён ўрнатилган икки пресс баланд бўлгани учун ҳар икки қаватни эгаллаб турар эди. Чигитдан тозаланган пахта прессларга юқоридан солинар, тайёр киплар пастдан олинар, дарҳол каноп матоларга ўралиб, сим ила боғланар ва ташқарига чиқилар эди. Брезент кийимлар кийган ишчилар бир томондан катта қанор-қанор пахтани завод ичида ташир ва ичкаридан тайёр кипларни думалатиб чиқарар эдилар. Завод кеча-кундуз ишларди. У ишлаганда , доим гупиллаб турар, мен унинг ана шу тирик жонвордек гупиллаган овозига қулоқ солишни яхши кўрардим. Завод ҳаволиси кенг, дарвоза катта, лекин шу ҳам торлик қилган бўлса керак, киплар ташқари ҳовлига тоғ-тоғ қилиб тахланади. Улар орасида эса тор йўлаклар қолдирилган бўлади. Бу, албатта, кипларни тахлаш, олиш ва қизиб ёниб кетмаслиги учун қолдирилган йўлаклар бўлса керак. Бизлар киплар орасида қолдирилган шу қоронғу йўлакларда яшинмачоқ ўйнар, баъзан чиқиб кетишга йўл топлмай қолар эдик. Бу қанчалик ваҳимали бўлса ҳам, бизга ниҳоятда қизиқ туюларди. Бу Туркистондаги иккинчи завод эди. Бутун туркистонликлар кечаси бизнинг заводни томоша қилгани келардилар. Албатта, биз, ушоқлар ҳам ҳар гал уларга эргашар эдик. Ёруғлик ниҳоят кучлик, ҳаммаёқ чароғон бўларди. Бизнинг ичкари уйга электр киритилган»
Ўрта Осиёнинг мусулмон халқлари учун янги усулдаги мактаб очишга рухсат берилмаган Николай подшо замонида ҳам: « … Дадам ташқарининг энг туб харисига, ичкари ҳовлининг орқасига ёпиштириб, мактаб қурдирган. Мактабга, билмадим, Оренбургданми, ё Қозонданми, Шокиржон Иброҳимов деган татар муаллимини оиласи билан олиб келган. У машҳур татар адиби Олимжон Иброҳимовнинг биродари эди. Мактаб бир, аммо ниҳоятда катта хонадан иборат. Узун-узун парталар қўйилган. Мактабда кенг тўнли саллали, қўлида узун чубуқли бир ўзбек халфа ҳам бўларди. Уни кўрган одам мактабимизни эски мактаб деб ўйлаши муқаррар эди. Мактабда она тили, ҳисоб, жўғрофия, тарих дарслари ўқитилар, бутун дарсликлар татар тилида, Қозон ва Оренбургдан келтирилар эди. Агар камбағалларнинг ўғил-қизлари пулсиз ўқитилсалар, бекларнинг болалари муаллимга ҳақ тўлар, бунинг бадалига дадам муаллимни маош билан таъминлар эди.» — деб ёзади Зарифа Саидносирова ва ўзи ҳам илк сабоқни олти ёшидан бошлаб – 1915 йилнинг кузидан шу мактабда олади.
Оқ подшо тахтдан ағдарилганда саккиз ёшни қаршилаган Зарифа Саидносирова ўз хотираларида шундай ёзади: «…мактабимиз яширин вазиятдан очиқ ҳолатга ўтди. Биз клубга ўхшаш катта бир хонадан контора билан туташган тузуккина уйга кўчиб ўтиб, уч-тўрт хонани эгалладик. Кейинроқ эса юқорида айтганимдек, ташқаридаги бундан ҳам янгироқ ва яхшироқ хоналарга кўчиб ўтдик. Дадам недандир большевиклардан қочиб, бирданига қайгадир кетиб қолди. Тошкентгами, Қўқонгами — билмайман. Оқлар, қизиллар деган сўзлар халқнинг оғзидан тушмай қолди. Буни катта-кичик биронтамиз англамаймиз. Бугун қарасак – оқлар келаяпти, эртага эшитсак — қизиллар келяпти.»
Бўлажак олима 15 ёшга тўлганида отаси билан Тошкентга келди. Собиқ Пистолоцци номидаги мактабда ўқий бошлади. Кўп ўтмай отаси бутун оилани Туркистондан Тошкентга кўчириб олиб келди. Шу йиллардан бошлаб, Зарифа Саидносирова ҳаёти Тошкент билан боғланди, Тошкентда кечди. У эндиликда Алишер Навоий номидаги таълим ва тарбия техникумида таҳсил ола бошлади. Бундан ташқари, у расм чизишга жуда қизиқар, бу соҳада қобилиятли эканлигини кўрсатиб улгурган эди. Зарифа Саидносирова машҳур рус рассоми Репиннинг шогирди Николай Розин расм студиясига қатнаб, сабоқ олди. Худди шу талабалик йилларида – техникумда у илк бор Ойбек билан учрашди, танишди. Бу ҳақда у шундай деб ёзади: « Техникумда Ойбек ҳам ўқир эди. У 3- асос синфда. Бу сўнгги синфда 12 бола – Махмуд Ҳакимов, Абдураҳим Шамсиев, Миркарим Осим, Олтой Салоҳиддинов, Ҳомил Ёқубов, Саидвали Шарафиддинов, Муқсид Қориев, Темучин, Азиз Мақсудов, ¢алча ( исмини унутдим) , Маннон ва Ойбек таҳсид кўрардилар.»
1925 йил. Ёзги таътилни Туркистон шаҳрида ўтказган Зарифа Саидносирова мойли бўёқлар билан Аҳмад Яссавий мақбарасининг олди, орқаси ва икки ён тарафини тасвирловчи суратлар чизди. Шулардан бири – мақбаранинг ён кўриниши акс эттирилган сурат ҳозирда Ойбек уй-музейида сақланмоқда. Илмга муҳаббат ва чанқоқлик , ёшлигидан тўғри йўлни танлаб олиш ёш, аммо ўта тиришқоқ Зарифа Саидносирова табиатига хос эди. У техникумда ўқиб юрган кезларидаёқ мустақил фикрлашга нафақат ўрганди, балки буни бутун ҳаётининг мазмуни деб қаради. « Кимёнинг хўжалик ишларидаги аҳамияти» мавзусидаги илк маърузаси устида узоқ ишлайди, муваффақиятларининг гарови изланишлари, меҳнати туфайли эканлигини таъкидлайди ўз хотираларида.
Бўлажак олима таҳсил қайноқ нафасларида ёниб, югурган чоғлар отаси Тошкент қамоқхоналарига « халқ душмани» деб ташланганида ушоққина жуссаси билан оғир юкни елкасига ортиб, отасига овқат ташийди, отасининг турманинг зах ҳавосида униққан чеҳрасига, азоблардан ичига тортган кўзларига боқиб, юраги ўртанади, ачишади. Улар бир оғиз сўзлашмасалар-да, ҳаммасини англайди, тушунади. Яна олдга юриб, қаддини ростлайди. Йўллар, йўллар кутади уни…
Бу ҳақда у шундай ёзади: « …ойим, бувим, ҳаммамиз вокзалда йиғлаб қолдик. Дадам вагоннинг темир панжарали деразаси орқали хайрлашди. Биз дадамдан айрилдик. У Оқ денгиздаги Соловки оролига жўнатилди. Орадан бироз вақт ўтгач, мени Зебунисо номидаги қизлар мактабига муаллима қилиб тайинладилар. Мен математика, физика, кимёдан 5,6, 7 синфларга дарс бера бошладим. Шу орада САГУга – Ўрта Осиё Давлат дорилфунинига ўқишга кирдим. Мен физика-математика факультетининг кимё шўъбасига кирдим. Мен САГУга ўқишга кирган биринчи ўзбек қизи эдим. Кириш имтиҳони ниҳоятда қаттиқ ўтди. Катта бир комиссия олдида физика, кимё, рус тилидан имтиҳон топширдим. Энди мен ҳам муаллима, ҳам талабаман! Мактаб билан дорилфунун ўртасида елиб-югураман… Ўртада расм студиясига қатнайман…»
Зарифа Саидносированинг тақдир йўллари Ойбек деб аталмиш ёрқин юлдуз билан туташди. Ҳали бу йўлларда жуда кўп заҳмат ва машаққатлар борлиги, уларни енгиш учун ўзида ирода ва эътиқод мустаҳкамлиги Зарифа Саидносирова табиатида, руҳида мужассамлашган эди. Буларнинг барини илм ёғдуси ёритиб турар, янгидан-янги йўлларга бошлар, янгидан-янги йўллар очарди.
Тошкентда Пахтачилик институти ташкил этилди. Бу институт йиллар давомида турлича мақомларга эга бўлди– Тошкент қишлоқ хўжалик институти, яқин ўн йиллардан ошдики, Тошкент Давлат аграр университети деб аталмоқда.Янги институт учун мутахасисларни танлашди. Улар орасида бўлажак биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ҳам бўлиб, у 1930 йилдан бошлаб, то 1986 йилгача шу олий даргоҳда талабаларга рус ва ўзбек тилларида лекциялар ўқиди. Шу йиллардан унинг чин маънодаги меҳнат йўллари, олималик заҳмати, аёллик ва оналик бахтининг гўзал қувонч, ташвишлари тўлалигича ўз меваларини бера бошлади. Бу йўлларда унга севимли фарзандларининг меҳри, беқиёс Ойбекнинг бетакрор шеърлари, ҳар бир дақиқанинг қайтмаслигини англаш ҳикмати ҳамиша ҳамроқ бўлди, қўллаб-қувватлади, кўнгли ва руҳи баландлади, гуллади.
«Мен 1930 йилдан бошлаб, ўрта мактаблар учун кимёдан дарслик ёзишни ўйлай бошладим. Бунинг учун энг аввал кимё атамаларини ишлаб чиқиш керак эди. Шунинг учун мен атамалар билан шуғуллана бошладим ва айни замонда дарслик ёзишга ҳам ҳозирлик кўрдим, — деб ёзади олима ва яна давом этади. — Рабфаклар ва техникумлар учун ёздигим «Анорганик кимё» дарслиги босилиб чиқди. Ҳажми 18 босма тобоқ бўлиб, лотин ҳарфи ила чоп этилган. Бу кимё фанидан ўзбек тилида чоп этилган биринчи дарслик эди. Шу туфайли менга доцентлик унвонини бердилар. Китобга шоир Элбек муҳаррир бўлди. У камтарин, хушмуомила одам эди. Мен 1931-1932 йилларда САХИПИ нашриётига киме бўйича атамалар китобини топширган эдим. Дарсликдан сўнг у ҳам босилиб чиқди. Ўша йилларда ўрта мактабларнинг қариийб барча синфларида Верховскийнинг кимё фани бўйича чиқарган китоблари дарслик сифатида ўқитилар эди. Мен шу дарсликларнинг кўпини ўзбек тилига таржима қилдим».
Бу йиллар ва йўллар орасида Зарифа Саидносирова отасини бир лаҳза бўлсин, унутмайди. Отасининг Соловкидан Бийска кўчирилиши, яна Тошкентга олиб келиниши… бир неча вақтдан сўнг: « Изламанглар! Хат ўзишдан маҳрум ўлароқ узоққа сургун қилинган» дейишлари…
«…Шундай қилиб, дадам бояқиш 53 ёшида йўқ бўлиб кетди ва шу қисқа умрининг 11-12 йилини ҳибс ва сургунларда ўтказди. Жуда ақлли, зеҳнли, ўткир одам эди у. Бир куни у ўзаро сўзлашиб ўтирганимизда: « Агар шундай замонда туғилиб ўсган бўлсам, фақат илм билан машғул бўлган бўлардим» — деб афсусланган эди. У Тошкентда биринчи дафъа қамоқда ўтирганида, бир рус математиги билан бирга бўлган ва бутун олий математика курсини мукаммал ўрганган. Интеграл, дифференциал, логорифмаларни яхши биларди у. Дадам 1936 йили Соловкидан қайтганидан сўнг 10 ойгина уйда озод яшади. Келди-ю, яна 1937 йил гирдобига дуч келди…» — дея ёзади кейинчалик олима ўз хотираларида.
Йўллар… Улар нақадар узун, уфққа туташган. Шу йўллардан Ойбекдай улуғ инсонга меҳри ва муҳаббатини ардоқлаб ўтди Зарифа Саидносирова Аёл бўлиб…
Шу йўллардан фарзандларининг бахту камолини ўйлаб, елиб, югуриб, ёниб-куйиб ўтди Зарифа Саидносирова Она бўлиб…
Шу йўллардан илм-маърифатнинг илк чироғини қалбида ёққан маърифатпарвар отасининг ўлмас хотирасини бир умр ёдлаб, номини оқлаб, отасининг қизи бўлиб ўтди Зарифа Саидносирова…
Шу йўллардан қўлида китоб, қалам, тилида илм сабоқлари, дилида иштиёқ ва истак ўти билан олима бўлиб ўтди Зарифа Саидносирова…
Шу йўллардан юрт равнақи, эл хизмати йўлида меҳру муҳаббати, меҳнату заҳмати билан ўтган Зарифа Саидносированинг номи тарих саҳифаларига битилди. Биз бу саҳифаларни олима ёзиб қолдирган китоблар, мақолаларда, у билан бирга ишлаган, унинг сабоқларини тинглаган, бугунги кунда устози каби илми билан элига, юртига хизмат қилаётган шогирлари хотираларида очиб ўқиймиз, тинглаймиз. Булар хотираларгина эмас, балки ҳар биримизга ҳаёт сабоқларини ўргатувчи бойлик, аслида.
Зарифа Саидносирова билан кўп йиллар бирга ишлаган, ажойиб инсон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Физика ва кимё кафедраси профессори Абдулатиф Абдусаматов хотираларидан…
-Зарифа Саидносированинг 56 йиллик (1930-1986) меҳнат ва ижод, демакки, ҳаёт йўллари бизнинг университетда кечди. Шундай инсон билан мен каби юзлаб олимлар бирга ишлашди, минглаб талабалар унинг илм зиёсидан баҳраманд бўлишди. Шу боис бу эъзозли инсон ҳақида билганларимни ёзмоқ ва сўзламоқни бурчим деб билдим. Шу ўринда менга машҳур адиб-Мусо Тошмуҳаммад ў²ли Ойбекнинг умр йўлдоши, энг яқин маслакдоши ким эди деган саволни кўп беришади.
Бу-ўзбек рассоми ва биринчи ўзбек кимёгар қизи, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган Фан ва техника арбоби, Беруний номидаги республика Давлат мукофоти соҳибаси Зарифахон Саидносировадир.
Зарифа Саидносирова 1905 йил 30 сентябрда Чимкент вилоятининг Туркистон шаҳрида туғилган. Отаси Саидносир Миржалил ´²ли, онаси Зарифбой қизи Қумриой бўлиб, улар Туркистондан Тошкентга кўчиб келишган. Зарифа Тошкентдаги мактабда, сўнгра Навоий номидаги Педагогика техникумида таҳсил олди. Мазкур техникумнинг III босқичида Ойбек ўқирди, у техникумдаги «Тонг юлдузи» деворий газетасининг муҳаррири эди. Улар шу ерда танишдилар.
Зарифа Саидносирова техникумни тугатиб, Ўрта Осиё Давлат университетига ўқишга киради. Ўша йили улар — Ойбек ва Зарифа умр йўлларини бир-бири билан умрбод боғлашди.
1930 йили Ўрта Осиё Пахтачилик институти, кейинчалик Тошкент қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Тошкент Давлат аграр университети) ташкил бўлганда, кимё кафедрасига университетни тамомлаётган Зарифа Саидносировани ишга таклиф этишди.У дастлаб ассистент, кейинчалик доцент лавозимида ишлайди. 1945 йилдан то умрининг (1986) охиригача анорганик ва аналитик кимё кафедраси мудири вазифасида ишлади.
Зарифа Саидносирова ишчи факультетлар ва техникумлар учун ўзбек тилида биринчи бўлиб анорганик кимёдан ўқув қўлланма ёзди. Шу билан бирга рус тилидаги ўқув қўлланма ва дарсликларни ўзбек тилига ўгирди. Кимё фани бўйича русча-ўзбекча изоҳли лу²ат ёзди.
1961 йили Олий ўқув юртлари талабалари учун ўзбек тилида биринчи бўлиб анорганик кимёдан дарслик яратди. Мазкур дарслик 1970 йили иккинчи, 1980 йилда учинчи маротада қайта нашр қилинди.
Зарифа Саидносирова бошчилигида кафедрада ²ўза ривожланишида микроэлементларнинг роли ва уларни ²ўза аъзоларида тўпланиш динамикаси мавзусида илмий иш олиб борилган. Олима шу олий даргоҳда 56 йил илмий ва педагогик фаолиятини давом эттирди. У кишининг меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан юқори баҳоланиб, кўксини учта орден ва қатор медаллар безади, кўплаб Фахрий ёрлиқлар олди.
Зарифа опа кимёгар-олима бўлиш билан бирга улуғ адиб Ойбекнинг умр йўлдоши, энг яқин маслакдоши ҳам котибаси эди. Ойбек ўз номи ва ижодига нисбатан ё²илган и²во — бўхтонлар натижасида у 1951 йили хасталикка чалиниб, ўнг қўлида қалам ушлашдан маҳрум бўлди. Адибнинг кейинги йиллардаги асарларини оила аъзолари, айниқса, турмуш ўрто²и Зарифа опага айттириб ёздирарди. Шу боисдан Зарифа опа Ойбекнинг бой шахсий мероси, қўл ёзма архивини яратишда муҳим ўрин тутди.
Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг бир гуруҳ илмий ходимлари Зарифа опа бошчилигида 1975 йилдан 1985 йилга қадар Ойбекнинг шахсий архивида ишлаб, адибнинг 20 жилдлик мукаммал асарлар тўпламини тайёрладилар. Бу хизматлари учун 1986 йилда Зарифа опа Саидносировага Беруний номидаги республика Давлат мукофоти берилди.
Мен Зарифа Саидносировани 1974 йили кафедрага ишга келган кунимдан бошлаб биламан. Ўшанда 25 август эди. Зарифа опанинг хоналарига кириб, ўзимни таништирдим. Шунда Зарифа опа: «Сиз кўп йиллар илмий ишда ишлаган экансиз, энди ўқув ишлари, дарс бериш санъатини ҳам ўрганишингиз керак. Сиз катта ў²лим Омонбек билан тенг экансиз. Нима ёрдам керак бўлса, бемалол тортинмай сўрайверинг» -дедилар.
Зарифа опа, менинг дарсларимга кириб, ўз мулоҳазаларини айтиб, шундай ўқисангиз яхши бўлади, деб йўл-йўриқлар кўрсатдилар. Олима ўз касбининг фидоийси, талабаларга ўзининг фарзандидай қарар, меҳрибон, очиқкўнгил, доно аёл эдиларки, ҳамиша ўзининг тинимсиз ²айрати ва меҳнати билан ҳаммага ўрнак эдилар. Шифохонада даволанаётган вақтда ҳам келиб, талабаларга маърузани ўзлари ўқиб, яна шифохонага қайтиб кетар эдилар.
Зарифа опа билан бирга бир неча маротаба Москва, собиқ Иттифоқ давридаги 106 қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари кимё кафедралари мудирларининг йи²илиш анжуманларида бирга қатнашганман. Шу анжуманларда Зарифа опа сўзга чиқиб, талабаларни мустақил фикрлашга чақирар, ҳар бир республиканинг хомашёларини кимёвий усуллар билан алоҳида ишлатишига аҳамият бериш зарурлигига эътибор қаратардилар. Москвада юрганимизда магазинларга кириб, кимёга тегишли китобларни ахтарарди. Зарифа опа кимё кафедраларини ва факультет кафедраларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланишига ўз ҳиссаларини қўшган жонкуяр олима эдилар.
Улу² адибимиз Ойбек, унинг севикли рафиқаси, кимёгар олимамиз Зарифа опа халққа хизмат қилишни катта бахт деб билишди. Улар ўзларининг ижодларини халқ тақдири билан, халққа фойдали иш қилиш билан ва уларнинг қувончлари ва қийинчиликларига ҳамдард бўлиш билан ўтказдилар.
Зарифа опа Саидносированинг вафотидан сўнг унинг хотирасини абадийлаштириш учун университет раҳбарияти Зарифа Саидносирова номидаги стипендияни таъсис этди, физика ва кимё кафедрасидаги 312 катта ўқув хонаси олима номига қўйилди. Бу хонада З. Саидносировани ҳаёти ва ижодига тегишли дарсликлар, ўқув-қўлланмалар, ўқув-кўрсатмалари мавжуд. Бу ерда доимо талабалар ўзларининг мустақил ўқишларини шу ерда олиб борадилар.
Мен мана шундай улуғ инсон ва билимдон олима билан бирга ишлаб, улардан тажриба ва малака ололганимдан ғурурланаман. Уларнинг руҳи ҳамиша яхши ишларга йўлдош бўлиб, издошлари кўпайиб боришига, ном ива ижоди ўлмаслигига ишонаман. Зеро, яхшилик абадийдир. У ҳамиша ҳар биримиз дилимиз, йўлимиз, қўлимиз ва қилган — қилаётган амалларимизда бўлишини ният қилиб қоламан.
Суҳбатимизга таниқли тупроқшунос олим, юксак малакали педагог, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалик фанлари академиясининг ҳақиқий аъзоси, Халқаро аграр таълим академиясининг ҳақиқий аъзоси-академик, биология фанлари доктори, тупроқшунослик кафедраси профессори Ходимат Махсудов қўшилди.
—Ҳаётда шундай улуғ инсонлар борки, бутун ҳаёти давомида ўзидан кейинги авлод учун қолдирган ибратли ишлари, одамларга яхшиликлари, уларга бўлган меҳр-муҳаббати билан ҳаётда ўчмас из қолдиради. Ана шундай инсонлардан бири-иймон-эътиқодли, пок ниятли, юксак ирода ва билимга эга бўлган етук олима ва педагог, ўзбек кимё фанининг жонкуяри Зарифа Саидносировадир.
1950-1955 йилларда Тошкент қишлоқ хўжалиги институти (ҳозирги Тошкент Давлат аграр университети) нинг Агрокимё ва тупроқшунослик факультетида ўқиб юрган пайтларимда устоз бизга дарс берганлар. Зарифа опа талабаларга оналарча меҳр билан дарс берардилар, Айниқса, билимга чанқоқ талабаларга жуда эътиборли бўлиб, кимё фанининг битмас-туганмас сирлари, неорганик ва кимё дарси, тупроқдаги ҳар бир кимёвий элементларини миқдори ва сифатини аниқлаш йўллари, ўз билимлари, тажрибаларини сидқидиллик билан ўргатардилар.
Бу воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди., Бир куни опа дарс тугашидан олдинроқ мени ёнимга келиб, дарслар тугаганидан кейин менинг кабинетимга келинг, дедилар. Бу таклифдан хурсанд бўлиб, дарсдан сўнг ҳурматли отахон домламиз профессор Мажидхон Баҳодиров олдиларига бориб, опанинг таклифини айтиб, маслаҳат сўрадим. Домла ўйлаб олдилар-да, юринг, бўтам, бирга кирамиз дедилар. Шунда опа ўз фикрларини, яъни, кимё фанини чуқур ўрганиш,хозирдан илмий—тадқиқот ишларни бошлаш зарурлигини, тупроқшуносликда қўлланадиган услубларни ўрганишим йўлларини кўрсатдилар.Назаримда, бу икки олим устозларим менинг келажагимга нур сочгандай бўлишди. Шу-шу 2-3 босқич талабалик даврларимда илгариги Гоголь кўчасидаги факультетимизнинг Анорганик ва аналитик кимёси ва тупроқшунослик кафедраларида сабоқ олиш билан бирга дарслардан сўнг кафедра лабораторияларидан чиқмай, фан сирларини ўргана бошладим. Шу ҳаракатларим, илмга интилишимни сезган бу икки забардаст буюк олимларни менга бўлган меҳрлари, йўл-йўриқлари туфайли 1955 йили ўқишни аъло баҳолар билан битириб, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Тупроқшунослик институти аспирантурасига йўлланма олдим. Аспирантурада дунёга машҳур таниқли тупроқшунос — эрозионист профессор В.Б.Гуссак раҳбарлигида таҳсил олдим, фан чўққиларини эгаллашга астойдил киришдим.
1960 йилда номзодлик, 1982 йили Москва Давлат университетида профессорлик, академиклик даражаларига эга бўлдим. Бу эришган ютуқларимнинг негизида ажойиб устозларим — Зарифа опа Саидносирова ва Мажидхон Баҳодировларнинг ўлмас меҳнатлари ётибди, бу меҳнатлар илм чўққиларини эгаллашимга фундамент бўлди, деб ҳисоблайман. Уларнинг ўгитлари ва хотирасини ҳамиша эҳтиром билан эслайман ва қадрлайман.
Даврлар ўтиб, 1983 йили мен биринчи таълим олган даргоҳим —хозирги Тошкент Давлат аграр университетига ишга келдим ва биринчи кунданоқ Зарифа опанинг хоналарига кириб, ўзимни таништирдим. Шунда опа кўзларига ёш олиб, мени ўз фарзандидек қучоқлаб, ўпиб, ўтган даврларни эсладилар. Менга меҳр билан қараб, энди ўқув ишлари, дарс бериш санъатини ҳам ўрганишим кераклигини устоз-педагог сифатида уқтирдилар.
Мен мана шундай улуғ инсон ва билимдон олимадан билим олиб, бирга ишлаб, тажриба ва малака олганимдан ғурурланаман. Уларнинг руҳи ҳамиша яхши ишларга йўлдош бўлиб, издошлари кўпайиб боришига, номи ва ижоди ўлмаслигига ишонаман.
— Устоз ёди ўлмайди, — дейди мен билан суҳбатда физика ва Киме кафедраси катта лаборанти Лола ¢анихўжаева. -Шу қутлуғ даргоҳда ишлаётганимга қанча йил бўлаётган бўлса, шунча кўп яхши ишлар гувоҳи бўлмоқдаман, яхши инсонлар ва улуғ инсонлар сўзи ва амалидан баҳрамандман. Шу ерда ишлаб кетган қанчадан-қанча улкан олимлар,эъзозли зотларнинг номлари, ишлари йиллар ўтган сайин авлодлар хотирасида сайқалланиб бормоқда. Шулардан бири – университетимизда 56 йил фаолият кўрсатган катта олима, зукко инсон ва билимдон устоз Зарифа Саидносировадир.
Мен бу олимани ўзим кўрмаганман, суҳбатини олмаганман, маърузаларини тингламаганман. Аммо университетга ишга келган кунимдан бошлаб, шундай улуғ инсон ишлаб кетган ўқув биносида ишлаш, у маърузалар ўқиган, эндиликда унинг номи билан юритилаётган хона масъулияти зиммамга тушганидан хурсандман.
Ҳар гал шу хонага кирарканман, Зарифа Саидносированинг руҳи, нафаси енгилгина учиб юргандай, менга ҳам қувват бағишлагандай туюлади.Олима узоқ йиллар шу хонада минглаб талабаларга кимё фанининг сирларини ўргатган. Менделеевнинг жадвалини қунт билан жиҳозлаб, талабаларга тушуниш қулай ва осон бўлсин учун ҳар бир элементни кашф этган олимларнинг суратларини топиб жойлаштирган. Китоб жавонларидаги олима яратган ўзбек тилидаги биринчи кимё фани дарсликлари, изоҳли луғатлар, илмий китоблар, журналлар, қўлланмалар, ҳисоботларда олима қўлининг ҳарорати, кўзининг нури, қалбининг қўри, билимининг зиёси уфуриб турибди. Улар биз учун нафақат кечаги тарих, балки бугунги кунда ҳам қимматли қўлланмалар ҳисобланади.
Олиманинг суратларига тикиламан. Маъсум ва қатъиятли, дилбар чеҳра, ўткир кўзлар бу инсоннинг, бу аёлнинг, бу онанинг нақадар иродали ва пок инсон бўлганлигини кўрсатиб тургандай. Ойбекдай улкан адиб билан кечирган умр йўлларинини ҳикоя қилувчи фото стенд тарихдан сўзлайди. Шу суратларда ҳам Зарифа Саидносированинг кўзлари, чеҳраси меҳрдан, вафодан яралгандай ёниб турибди. Дарҳақиқат, бундай инсонлар номи ҳам, иши ҳам, хотираси ҳам ўлмайди. Улар бор эканки, эзгулик яшайди, муҳаббат яшайди.
Қибрай тумани Ўнқўрғон маҳалласида Абдукарим ота Пўлатов яшайди. Саксон ёшни қоралаётган, бутун меҳнат фаолиятини илмга, мактабга, маорифга бағишлаган, «Ўзбекистон халқ маорифи ўқитувчиси», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган катта ўқитувчи « Абдукарим ота Пўлатов шундай хотирлайди:
-Марҳум амаким Ҳайитбой аканинг ўғли марҳум Эргашбой узоқ йиллар хозирги Тошкент Давлат аграр университетида ишлади. Зарифа Саидносирова билан она-бола бўлиб кетишган эди. Эргашбойнинг униб-ўсиб, олимлик даражасига етишувида опанинг хизматлари, устозлик ўрни катта бўлган. Опа бу ерларга – Эргашбойнинг уйига кўп марталаб келган, у кишини кўп кўрганман. Ёши ўтиб қолган кезларида ҳам ғайратли, жуда ғайратли, илми ўткир инсон эди…
Мухтабар Ҳасанхонова – доцент, университет фахрийларидан. У мен билан суҳбатда шундай дейди:
-Биз бошқа-бошқа кафедраларда ишлардик. Опа ҳамиша йўлда, иш билан банд, лекцияларини ҳар қандай шароитда ҳам ўтадиган жонкуяр инсон эди, билими ўткир олима сифатида қадрланарди Майда-чуйда гапларга қўшилмас, талабаларга, ҳамкасбларига ўта меҳрибон ва талабчан, кўзлари ҳам, сўзлари ҳам ёниб турарди. Мен унинг шижоатига, чарчаш нималигини билмаслигига ҳавас қилардим. Ҳа, опа чиндан ҳам бор бўйи билан ҳавас қилгулик инсон эдилар!…
Олиманинг лекцияларини тинглаган, унинг изидан бориб, тлм йўлини танлаган, Айни пайтда олима фаолият юритган кафедра доценти Хушвақт Намозов билан суҳбатлашаман.
-Опа билан учрашувим 1982 йил худди шу ерда – университетда бўлиб ўтган. Мен ўшанда Сурхондарёнинг Қумқурғон туманидан келиб, агрокимё ва тупроқшунослик факультетига кириш имтиҳонларини топшираётган бўлажак талабаман. Опага имтиҳонни кимё фанидан топширганман. Яхши топширдим. Ўшанда опанинг « болам, болам» деб меҳр билан гапириши, жавобларимдан қониқиб, кулиб турганларини ҳамон эслайман. Талабага айлангач, опанинг лекцияларини тинглаш бахтига муяссар бўлганлардан бири эдим. Устоз соф ўзбек тилида салобат билан чиройли гапирарди. Айниқса, гап орасида « боратурғон», «келатурғон», « айтатурғон» каби сўзларни шундай жозибали қилиб айтардиларки, буни эшитишнинг завқи бошқача эди. Мен опани кўрган, суҳбатлашган пайтларим устоз анча кексайиб қолган бўлсалар-да, ҳамон ғайратини яширолмас, умрининг охирги йилларигача университетдан қадамини узмасди. Опанинг ҳурмати ва ўрни жуда баланд эди, қадрланарди. Шогирдлари, ихлосмандлари ва талабалари ҳамиша опанинг ёнида, изидан юришарди, сўзларини ҳикматдай тинглашарди. Чунки устоз ҳақиқатдан ҳам билимдон, тўғри сўз, қатъиятли, меҳнаткаш ва ғамҳўр инсон, мураббий эди. Биз ҳамиша устоздан нимадир ўрганиб қолишга интилардик. Опанинг кичкина, аммо ғайратли жуссаси, ўткир овози ва кўзлари, салобат билан гапиришлари кўз ўнгимда. ¡ғилларидан бирининг таъзиясига борганимда, опани ҳорғин, юзлари, кўзлари, овозлари ғамдан куйиб кетган ҳолатида кўрганман. Ўшандай ҳолатда ҳам опа мендай оддий талабаси билан ҳам эътибор бериб суҳбатлашган, ўғли ҳақида кўп сўзлаб берган эдилар… Опада барча улуғ инсонларга хос бўлган камтарлик мужассам эди. Худди шу камтарлик устозни улуғликка олиб чиққан, деб ўйлайман.
Яна йўлларга тикиламан. Йўлга тушаман. Уларда умрнинг, ҳаётнинг бутун ташвишлари, қувончларини кўраман. Мени тонгги йўллар кутади. Бу йўллар одамлар билан, уларнинг ҳаётбахш нафаслари билан тўлиб боради. Бу йўллар бизни қуёшга олиб боради. Биз қуёшга интилиб, у билан тенглашиб, у билан бўйлашиб, у билан сирлашиб яшашни истаймиз. Чунки уни қалбга менгзаймиз. Биз юрган йўлларимизни шу қалбдан — қуёшдан ўтказамиз. Шундагина бу йўллар осмон билан тенглашади, ер билан бирлашади. Одамларнинг қалбига кириб боради.
Мана шундай йўлни босиб, эл юрагидан жой олган мўътабар инсонлардан бири – биринчи ўзбек кимёгар олимаси, профессор Зарифа Саидносирова сиймоси кўз олдимизда шунинг учун ҳам улуғ, шунинг учун ҳам ўчмаски, у эл фарзанди бўлиб яшади, юртим деб меҳнат қилди. Меҳнат қилган элда азиз, юртда суюк. Зарифа Саидносированинг номи ҳам илм зиёси билан йўғрилиб, юракларга, ўлкамиз тарихига муҳрланди.
Мансурхон Тоиров
ЗАРИФА ОПАНИНГ ЧЎҚҚИСИ
Шундайлар бўлмаса агар дунёда,
Бу қадар муҳтарам бўлмасди аёл.
Абдулла Орипов
Табаррук, муқаддас жойларни зиёрат килиш кимгадир эрта, яна кимгадир кеч насиб килар экан. Энг мухими, насиб қилишида. Улуғ инсонларнинг хаёт йўллари билан якиндан танишиб, уларнинг изтиробларини ҳис этиш ҳам зиёратдек гап. Бу сатрларни ёзишимга Зарифа Саидносированинг «Ойбегим менинг» китоби мутолааси сабаб бўлди. Эндиликда бу асар китоб жавонимдаги «Навоий», «Қутлуқ қон» романлари қаторидан ўрин эгаллади.
Ўсмирлик йилларимда «Ўткан кунлар», «Меҳробдан чаён» романларини ўқиганимда туғилган ажиб бир ҳиссиёт ушбу китобни ўқиганимда ҳам қайта уйғонгандек бўлди. Мен Ойбек домланинг барча асарларини бўлмаса ҳам, кўп китобларини такрор-такрор мутолаа қилганман. Уларнинг қаҳрамонлари билан ҳамнафас бўларканман, адиб-нинг ўзи билан ҳам сирлашгандек бўлганман. Зарифа опанинг хотира китобини ўқиганимдан сўнг Ойбек ижодини, айниқса, адиб умрининг охирида ёзган асарларини қайтадан ўқиш нияти туғилди.
Аёл зотининг буюклигига шубҳа йўқ. Машҳур француз ёзувчиси Оноре де Балзакнинг «Миллатнинг келажаги оналар қўлида» деган эътирофи шунчаки баландпарвоз гап эмас. Балзакнинг бу ҳақиқатига кенгроқ маънода қарасак, «Инсониятнинг келажаги оналар қўлида» деган тўхтамга ҳам келишимиз мумкин…
Китобни мутолаа қилганимда келган хулосам шуки, тақдир бу икки Шахсни учраштиргани фақат улар муҳаббатининг натижасигина эмас, балки ўзбек маданиятининг ҳам бахтидир. Агар адибнинг ёнида Зарифа опадек умр йўлдоши ҳамнафас бўлмаганда эди, Ойбекнинг ўзи ўттизинчи ва эллигинчи йилларнинг қора тўфонларини мардона енгиб ўта олиши даргумон бўларди. Ойбек ҳам шоир, ҳам адиб. Унинг ижодидан хабардор бўлган ҳар қандай ўқувчи адиб асарларидаги бадиият Зарифа опанинг юрак тафтидан ҳам бахраманд эканига амин бўлади. Зарифа Саидносирова Ойбек билан бир умр ҳамфикр, энг яқин сирдош, маслаҳатгуй ва биринчи ўқувчиси бўлиш билан баробар ўзи ҳам етук ади-ба даражасига кўтарилганлиги «Ойбегим менинг» китобида руй-рост намоён бўлиб турибди…
Бир вақтлар давр тақозоси билан «Марксизм-ленинизм» кечки университетида ўқишимга тўғри келган. Ўшанда Иванов исмли тингловчи: «Аёлларда маълум ёшдан сўнг аклий фаолият сусая бошлайди», деган фикрни ўртага ташлаган эди. Ўшанда мунозара роса авж олган. Қизларимиз балоғат ёшига етгач, оила қурадилар, илм олиш масаласи иккинчи ва учинчи даражали мақсадга айланади. Афсус… Бунга урф-одатларимизнинг «нозик томонлари», хаёт тарзимиз ҳам сабабчи. Улар яхши она, саришта уй бекаси, вафоли ва гўзал ёр бўлиш ҳаракатига тушадилар. Яъни илм олиш, кашфиётлар қилишдан чалғийдилар. Агарда аёлларимиз ва қизларимиз эркаклар каби бир умр ҳеч нарсага чалғимасдан илмий кашфиётлар орқасидан интилишганида борми, инсоният балки бундан бир неча юз йиллар илгари ўзининг ҳозирги тараққиёти даражасига етиб келган бўлармиди?! Лекин, афсуски, инсоният тараққиёт йўлини танлаганда ақлий куч эмас, аксинча жисмоний куч етакчилик қилган. Эркакларнинг жисмонан бақувват эканлиги қизлар ва аёлларнинг ўз истеъдодларини тўла намоён қила олишларига имконият бермаган.
Биологлар дунёдаги энг етук мавжудот аёллар эканини аллақачон исботлаб беришган! Оилани ушлаб қолиш, тушкунликка тушган эрнинг кўнглини кўтариш, кейинги наслларни тарбиялашдек мураккаб вазифа инсониятнинг сара ақл эгалари бўлган аёллар зиммасида… Бундай қисматдан онда-сонда озод бўлиб, юмушлари енгиллаган аёлларимиз етиб борган марраларни унча-мунча эркаклар эгаллай олмагани ҳам сир эмас. Нобел мукофоти мустасно тариқасида Мария Складовская-Кюри (1903-11), Л.Полинг (1954-1962) ва Ж.Бардин (1956-72)га икки мартадан берилган. Саналардан кўриниб турибдики, Мария фанда эришган ютуқ-ларини эркаклар қарийб эллик йилдан кейингина такрорлай олишган.
Тарихда бундай мисоллар кўп. Бу фикрларнинг исботини Зарифа Саид-носированинг ўзи олим сифатида эришган чуққилар ҳам кўрсатиб турибди.
Ойбегим менинг» китобида учраган баъзи бир кимсаларнинг номларини ўқиб Алишер Навоий хазратларининг «Нопок эрдин яхшироқ, пок хотунларнинг оёғи изи» деган ҳикмати ёдга тушади. …Залворли туйғуларнинг оғриғи ҳам кучли бўларкан… Шу боис Зарифахонимнинг айрим шахсларга, давр сиёсатига нисбатан қилган ишораларида синчков китобхон ҳеч ҳам кечириб бўлмас туйғу зарбасини сезиши табиий. Шу боис яна бир карра Зарифахонимнинг журъатига қойил қоламан. Бизгача етиб келган Тумарис онамиз ҳақидаги тарихий ривоят шунчаки афсона эмас, аслида ҳақиқат эканлигига ич-ичдан иқрор бўласан киши. Бугун бизга экранларимизни кун сайин буткул эгаллаб олаётган турфа хорижий сериаллар эмас, балки тарихий ҳақиқатга суянган ҳолда Абдулла Қодирий, Чўлпону Фитратларнинг қамоқхоналардаги азоб-уқубатларини тўкис гавдалантириб берадиган, Ойбек ва Зарифахоним ўтган йўлни асл холича кўрсата оладиган бадиий филмлар, миллий сериаллар керак.
Назаримда, шўроларнинг сиёсий қатағони қурбони бўлган Саидносирбойдек миллатпарвар отанинг беназир тарбиясини олган Зарифа Саидносирова кўтарилган маънавий чўққи ҳам Бибихоним, Зебунисо, Нодирабегимлар эгаллаган чўққидан асло кам эмас. Табиийки, Ойбекдек буюк бир сиймони ардоқлай олган инсоннинг сийрати ҳам буюкдир.
Ёшларимиз, истеъдодли қизларимиз ана шундай улуғ оналаридан ибрат олсинлар. Хаётда ҳам, илм ва ижодда ҳам ўз момоларига муносиб бўлсинлар, дегим келади.
Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2008-йил, 25-январь, № 4 (3936)
ЯНА ШУ МАВЗУДА ЎҚИНГ:
Зарифа Саидносирова. Менинг Ойбегим.
Зарифа Саидносирова. Ойбекка қарши ҳужум
Наим Каримов. Саодатнинг камалак ранглари
Иқбол Қўшшаева. Туйғулардан ҳофизга айланган кўнгил.
«Нур қидириб» қуёшга етдик. Ойбек ва Зарифа Саидносирова муҳаббати
ЗАРИФА САИДНОСИРОВАНИНГ
ТАСВИРИЙ САНЪАТГА ОИД АСАРЛАРИ
Зарифа Саидносирова (1908.30,9, Туркистон шаҳри, Қозоғистон — 1986.16.8, Тошкент) — кимёгар олима.Биринчи ўзбек аёл рассоми. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1968), профессор (1970).Беруний номидаги Узбекистон Давлат мукофоти лауреати (1985). Кимё фанлари номзоди (1945). Таниқли маърифатпарвар С. Миржалиловнинг қизи, Ойбекнинг рафиқаси.
Тошкентда «Пестолоцци» мактаби (1922—26), Навоий номидаги таълим-тарбия техникуми (1924— 36) ва айни пайтда Розанов тасвирий санъат студияси (1924—26)да ўқиган. Сўнг Ўрта Осиё университети физика-математика факультетининг кимё бўлимини тугатиб (1926— 30), ўрта мактаблар, хотин-қизлар билим юрти ва ишчилар факултетида физика, математика ва кимё фанларидан дарс берган. Қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчи, доцент ва кафедра мудири (1930—86), Тошкент тиббиёт институтида ўқитувчи (1932—37), Ўқувпедагогика нашриётида муҳаррир (1934—35) бўлиб ишлаган.
Ўрта мактаблар ва техникумлар учун «Кимё» дарслиги (1933) муаллифи. Зарифа Саидносирова педагогик фаолиятидан ташқари, вольфрам комплекс бирикмалари ва кимё терминларининг русча-ўзбекча луғати устида илмий иш олиб борган. “Химиядан русча-ўзбекча қисқача изоҳли луғат” (ҳамкорликда, 1975), “Ойбегим менинг” (хотиралар, 1994) китоблари чоп этилган.
Зарифа Саидносирова Ойбек адабий меросини сақлаш, тартибга солиш ва нашр этиш ишига катта ҳисса қўшган. У адибнинг ўзбек тилидаги 20 жилдлик «Мукаммал асарлар тўплами» (1975—85)ни, рус тилидаги 5 жилдлик «Асарлар»и (1985— 87)ни нашрга тайёрлашда фаол иштирок этган.
Тасвирий санъатга оид ишлари Ойбек уй-музейида сақланади.
Zarifa Saidnosirova…Birinchi o’zbek ayol rassomi. Birinchi o’zbek kimyogar olimasi. Nazarimda, sho’rolarning siyosiy qatag’oni qurboni bo’lgan Saidnosirboydek millatparvar otaning benazir tarbiyasini olgan Zarifa Saidnosirova ko’tarilgan ma’naviy cho’qqi ham Bibixonim, Zebuniso, Nodirabegimlar egallagan cho’qqidan aslo kam emas. Tabiiyki, Oybekdek buyuk bir siymoni ardoqlay olgan insonning siyrati ham buyukdir.
Oygul Suyundiqova
OLIMA YURGAN YO’LLAR
Zarifa Saidnosirova hayoti va ijodiga chizgilar
Dunyoda yo’llar ko’p – tor va keng, olis va yaqin, yorug’ va qorong’u, tikanakli va gulli, uzun va qisqa…
Dunyoda yo’llar ko’p – toshi og’ir va yengil, quyoshli va yomg’irli, chaqmoqli va ochiq, ravon va egri-bugri, tuproqli va qum-toshli, changli va toza…
Dunyoda yo’llar ko’p – tashvishli va quvonchli, baxtli va alamnok, odamlarga to’la va kimsasiz, omadli va omadsiz, pastu balandli, orzumand va qayg’uli, kuychi va xushbo’y…
Dunyoda yo’llar ko’p. Ularning birini ta’riflash, izohlashga umr yetmaydi. Ammo bu yo’llardan o’tmasdan, bosmasdan turib, tilakka ham, yurakka ham yetolmaymiz. Ular – bizga, tabiatimiz va ruhimizga o’xshaydi. Har bir inson o’z tabiatiga mos yo’ldan yuradi, o’z tabiatidan kelib chiqib, yo’lini tanlaydi, ko’ngul boshlagan yo’ldan ketadi. Demak, yo’llar eng avvalo, yurakdan o’tadi.
Men ham mana shunday yo’llarni bosib, yurt nazariga, el mehriga sazovor bo’lgan insonlardan biri — birinchi o’zbek kimyogar olimasi Zarifa Saidnosirovaning hayot yo’llariga nazar solmoqni niyat qildim.
Bo’lajak olimaning ilk yo’llari qadim Turkiston shahrining qadim yo’llaridan boshlandi. Bu haqda olima keyinchalik o’zining bolalik xotiralarini yodga olib, shunday yozadi: «Biz Turkiston shahrida, Qarnoq ko’chasining katta maydoniga kelib taqalgan joyida, burchak hovlida yashar edik. Hovlimiz ichkari va tashqaridan iborat bo’lib, bir yonboshida yangi qurilgan katta paxta zavodi turardi. Ichkari hovli bilan tashqari o’rtasida kichik eshik bo’lib, bu eshik devor pardalar bilan o’ralgan edi. Ichkari hovlining butun bir tomonini pishiq, bo’g’otli yangi uy egallagan. Ikkinchi tomonida esa oziqxona, katta ayvon, oshxona va juda katta molxona joylashgan. Uchinchi tomonda ochiq molxona bo’lib, buni bostirma der edik. Hovlining to’rtinchi tomoni – ko’chaga qaragan baland devor. Hovli 1905 yilda, zamonaning eng yuksak zavqiga muvofiq, durustgina qurilgan. Biz shu joyda 1924 yilga qadar yashaganmiz.»
Mustaqillik sharofati Turkiston tarixining yopib qo’yilgan zarvaraqlarini ochib, yetib kelganimiz – hurlik zamonining fidoyilari, qurbonlari bosib o’tgan og’ir va sharafli yo’llarni ko’rsatdi. Ana shunday insonlardan biri – ma’rifatparvar Saidnosir Abdulhay o’g’li Mirjalilov Zarifa Saidnosirovaning otasi edi: «Dadam o’rta bo’yli, qorachadan kelgan, ko’zlari yirik kishi edi. U 1884 yilda tug’ilgan. Men uni taxminan 1913-1914 yillardan eslasam kerak. Shunda men to’rt yoshlarda edim. Dadam juda aqlli, yuragi toza, odamlarga mehribon bo’lgan. U eski maktabda pishiq ma’lumot olgan, o’qish-yozishni yaxshi bilgan, zehni o’tkir, juda savodli bo’lgan.»
Olima hayotida, ongi va fikrining shakllanishida, ilm-ma’rifat yo’lini tanlashida otasining ta’siri juda ulkan bo’lganligi, shuhbasiz. U yoshligidanoq qiziquvchan va yangilikka o’ch bo’lib o’sdi, otasining har bir harakatini, ishini zavq va sinchkovlik, g’urur bilan kuzatib bordi: «Dadamning sa’y-harakati bilan 1914 yili Turkistonda zavod qurildi. Mashina bo’limi katta kvadrat uydan iborat bo’lib, yarmisi chuqurga joylangan, unda juda katta g’ildirak aylanib turardi. Bu uyda bir rus masteri ishlardi. Master hech kimni g’ildirak yoniga yo’latmasdi. Bir chetda dinamo. Elektr energiyasi ham xonadonimizni yoritish, ham zavodni harakatga keltirish uchun sarf etilsa kerak.
Mashina bo’limidan so’ng ikki qavatli uzun xonalar bo’lib, ularda yonma-yon o’rnatilgan ikki press baland bo’lgani uchun har ikki qavatni egallab turar edi. Chigitdan tozalangan paxta presslarga yuqoridan solinar, tayyor kiplar pastdan olinar, darhol kanop matolarga o’ralib, sim ila bog’lanar va tashqariga chiqilar edi. Brezent kiyimlar kiygan ishchilar bir tomondan katta qanor-qanor paxtani zavod ichida tashir va ichkaridan tayyor kiplarni dumalatib chiqarar edilar. Zavod kecha-kunduz ishlardi. U ishlaganda , doim gupillab turar, men uning ana shu tirik jonvordek gupillagan ovoziga quloq solishni yaxshi ko’rardim. Zavod havolisi keng, darvoza katta, lekin shu ham torlik qilgan bo’lsa kerak, kiplar tashqari hovliga tog’-tog’ qilib taxlanadi. Ular orasida esa tor yo’laklar qoldirilgan bo’ladi. Bu, albatta, kiplarni taxlash, olish va qizib yonib ketmasligi uchun qoldirilgan yo’laklar bo’lsa kerak. Bizlar kiplar orasida qoldirilgan shu qorong’u yo’laklarda yashinmachoq o’ynar, ba’zan chiqib ketishga yo’l toplmay qolar edik. Bu qanchalik vahimali bo’lsa ham, bizga nihoyatda qiziq tuyulardi. Bu Turkistondagi ikkinchi zavod edi. Butun turkistonliklar kechasi bizning zavodni tomosha qilgani kelardilar. Albatta, biz, ushoqlar ham har gal ularga ergashar edik. Yorug’lik nihoyat kuchlik, hammayoq charog’on bo’lardi. Bizning ichkari uyga elektr kiritilgan»
O’rta Osiyoning musulmon xalqlari uchun yangi usuldagi maktab ochishga ruxsat berilmagan Nikolay podsho zamonida ham: « … Dadam tashqarining eng tub xarisiga, ichkari hovlining orqasiga yopishtirib, maktab qurdirgan. Maktabga, bilmadim, Orenburgdanmi, yo Qozondanmi, Shokirjon Ibrohimov degan tatar muallimini oilasi bilan olib kelgan. U mashhur tatar adibi Olimjon Ibrohimovning birodari edi. Maktab bir, ammo nihoyatda katta xonadan iborat. Uzun-uzun partalar qo’yilgan. Maktabda keng to’nli sallali, qo’lida uzun chubuqli bir o’zbek xalfa ham bo’lardi. Uni ko’rgan odam maktabimizni eski maktab deb o’ylashi muqarrar edi. Maktabda ona tili, hisob, jo’g’rofiya, tarix darslari o’qitilar, butun darsliklar tatar tilida, Qozon va Orenburgdan keltirilar edi. Agar kambag’allarning o’g’il-qizlari pulsiz o’qitilsalar, beklarning bolalari muallimga haq to’lar, buning badaliga dadam muallimni maosh bilan ta’minlar edi.» — deb yozadi Zarifa Saidnosirova va o’zi ham ilk saboqni olti yoshidan boshlab – 1915 yilning kuzidan shu maktabda oladi.
Oq podsho taxtdan ag’darilganda sakkiz yoshni qarshilagan Zarifa Saidnosirova o’z xotiralarida shunday yozadi: «…maktabimiz yashirin vaziyatdan ochiq holatga o’tdi. Biz klubga o’xshash katta bir xonadan kontora bilan tutashgan tuzukkina uyga ko’chib o’tib, uch-to’rt xonani egalladik. Keyinroq esa yuqorida aytganimdek, tashqaridagi bundan ham yangiroq va yaxshiroq xonalarga ko’chib o’tdik. Dadam nedandir bol`sheviklardan qochib, birdaniga qaygadir ketib qoldi. Toshkentgami, Qo’qongami — bilmayman. Oqlar, qizillar degan so’zlar xalqning og’zidan tushmay qoldi. Buni katta-kichik birontamiz anglamaymiz. Bugun qarasak – oqlar kelayapti, ertaga eshitsak — qizillar kelyapti.»
Bo’lajak olima 15 yoshga to’lganida otasi bilan Toshkentga keldi. Sobiq Pistolotstsi nomidagi maktabda o’qiy boshladi. Ko’p o’tmay otasi butun oilani Turkistondan Toshkentga ko’chirib olib keldi. Shu yillardan boshlab, Zarifa Saidnosirova hayoti Toshkent bilan bog’landi, Toshkentda kechdi. U endilikda Alisher Navoiy nomidagi ta’lim va tarbiya texnikumida tahsil ola boshladi. Bundan tashqari, u rasm chizishga juda qiziqar, bu sohada qobiliyatli ekanligini ko’rsatib ulgurgan edi. Zarifa Saidnosirova mashhur rus rassomi Repinning shogirdi Nikolay Rozin rasm studiyasiga qatnab, saboq oldi. Xuddi shu talabalik yillarida – texnikumda u ilk bor Oybek bilan uchrashdi, tanishdi. Bu haqda u shunday deb yozadi: « Texnikumda Oybek ham o’qir edi. U 3- asos sinfda. Bu so’nggi sinfda 12 bola – Maxmud Hakimov, Abdurahim Shamsiev, Mirkarim Osim, Oltoy Salohiddinov, Homil Yoqubov, Saidvali Sharafiddinov, Muqsid Qoriev, Temuchin, Aziz Maqsudov, ?alcha ( ismini unutdim) , Mannon va Oybek tahsid ko’rardilar.»
1925 yil. Yozgi ta’tilni Turkiston shahrida o’tkazgan Zarifa Saidnosirova moyli bo’yoqlar bilan Ahmad Yassaviy maqbarasining oldi, orqasi va ikki yon tarafini tasvirlovchi suratlar chizdi. Shulardan biri – maqbaraning yon ko’rinishi aks ettirilgan surat hozirda Oybek uy-muzeyida saqlanmoqda. Ilmga muhabbat va chanqoqlik , yoshligidan to’g’ri yo’lni tanlab olish yosh, ammo o’ta tirishqoq Zarifa Saidnosirova tabiatiga xos edi. U texnikumda o’qib yurgan kezlaridayoq mustaqil fikrlashga nafaqat o’rgandi, balki buni butun hayotining mazmuni deb qaradi. « Kimyoning xo’jalik ishlaridagi ahamiyati» mavzusidagi ilk ma’ruzasi ustida uzoq ishlaydi, muvaffaqiyatlarining garovi izlanishlari, mehnati tufayli ekanligini ta’kidlaydi o’z xotiralarida.
Bo’lajak olima tahsil qaynoq nafaslarida yonib, yugurgan chog’lar otasi Toshkent qamoqxonalariga « xalq dushmani» deb tashlanganida ushoqqina jussasi bilan og’ir yukni yelkasiga ortib, otasiga ovqat tashiydi, otasining turmaning zax havosida uniqqan chehrasiga, azoblardan ichiga tortgan ko’zlariga boqib, yuragi o’rtanadi, achishadi. Ular bir og’iz so’zlashmasalar-da, hammasini anglaydi, tushunadi. Yana oldga yurib, qaddini rostlaydi. Yo’llar, yo’llar kutadi uni…
Bu haqda u shunday yozadi: « …oyim, buvim, hammamiz vokzalda yig’lab qoldik. Dadam vagonning temir panjarali derazasi orqali xayrlashdi. Biz dadamdan ayrildik. U Oq dengizdagi Solovki oroliga jo’natildi. Oradan biroz vaqt o’tgach, meni Zebuniso nomidagi qizlar maktabiga muallima qilib tayinladilar. Men matematika, fizika, kimyodan 5,6, 7 sinflarga dars bera boshladim. Shu orada SAGUga – O’rta Osiyo Davlat dorilfuniniga o’qishga kirdim. Men fizika-matematika fakul`tetining kimyo sho»basiga kirdim. Men SAGUga o’qishga kirgan birinchi o’zbek qizi edim. Kirish imtihoni nihoyatda qattiq o’tdi. Katta bir komissiya oldida fizika, kimyo, rus tilidan imtihon topshirdim. Endi men ham muallima, ham talabaman! Maktab bilan dorilfunun o’rtasida yelib-yuguraman… O’rtada rasm studiyasiga qatnayman…»
Zarifa Saidnosirovaning taqdir yo’llari Oybek deb atalmish yorqin yulduz bilan tutashdi. Hali bu yo’llarda juda ko’p zahmat va mashaqqatlar borligi, ularni yengish uchun o’zida iroda va e’tiqod mustahkamligi Zarifa Saidnosirova tabiatida, ruhida mujassamlashgan edi. Bularning barini ilm yog’dusi yoritib turar, yangidan-yangi yo’llarga boshlar, yangidan-yangi yo’llar ochardi.
Toshkentda Paxtachilik instituti tashkil etildi. Bu institut yillar davomida turlicha maqomlarga ega bo’ldi– Toshkent qishloq xo’jalik instituti, yaqin o’n yillardan oshdiki, Toshkent Davlat agrar universiteti deb atalmoqda.Yangi institut uchun mutaxasislarni tanlashdi. Ular orasida bo’lajak birinchi o’zbek kimyogar olimasi Zarifa Saidnosirova ham bo’lib, u 1930 yildan boshlab, to 1986 yilgacha shu oliy dargohda talabalarga rus va o’zbek tillarida lektsiyalar o’qidi. Shu yillardan uning chin ma’nodagi mehnat yo’llari, olimalik zahmati, ayollik va onalik baxtining go’zal quvonch, tashvishlari to’laligicha o’z mevalarini bera boshladi. Bu yo’llarda unga sevimli farzandlarining mehri, beqiyos Oybekning betakror she’rlari, har bir daqiqaning qaytmasligini anglash hikmati hamisha hamroq bo’ldi, qo’llab-quvvatladi, ko’ngli va ruhi balandladi, gulladi.
«Men 1930 yildan boshlab, o’rta maktablar uchun kimyodan darslik yozishni o’ylay boshladim. Buning uchun eng avval kimyo atamalarini ishlab chiqish kerak edi. Shuning uchun men atamalar bilan shug’ullana boshladim va ayni zamonda darslik yozishga ham hozirlik ko’rdim, — deb yozadi olima va yana davom etadi. — Rabfaklar va texnikumlar uchun yozdigim «Anorganik kimyo» darsligi bosilib chiqdi. Hajmi 18 bosma toboq bo’lib, lotin harfi ila chop etilgan. Bu kimyo fanidan o’zbek tilida chop etilgan birinchi darslik edi. Shu tufayli menga dotsentlik unvonini berdilar. Kitobga shoir Elbek muharrir bo’ldi. U kamtarin, xushmuomila odam edi. Men 1931-1932 yillarda SAXIPI nashriyotiga kime bo’yicha atamalar kitobini topshirgan edim. Darslikdan so’ng u ham bosilib chiqdi. O’sha yillarda o’rta maktablarning qariiyb barcha sinflarida Verxovskiyning kimyo fani bo’yicha chiqargan kitoblari darslik sifatida o’qitilar edi. Men shu darsliklarning ko’pini o’zbek tiliga tarjima qildim».
Bu yillar va yo’llar orasida Zarifa Saidnosirova otasini bir lahza bo’lsin, unutmaydi. Otasining Solovkidan Biyska ko’chirilishi, yana Toshkentga olib kelinishi… bir necha vaqtdan so’ng: « Izlamanglar! Xat o’zishdan mahrum o’laroq uzoqqa surgun qilingan» deyishlari…
«…Shunday qilib, dadam boyaqish 53 yoshida yo’q bo’lib ketdi va shu qisqa umrining 11-12 yilini hibs va surgunlarda o’tkazdi. Juda aqlli, zehnli, o’tkir odam edi u. Bir kuni u o’zaro so’zlashib o’tirganimizda: « Agar shunday zamonda tug’ilib o’sgan bo’lsam, faqat ilm bilan mashg’ul bo’lgan bo’lardim» — deb afsuslangan edi. U Toshkentda birinchi daf’a qamoqda o’tirganida, bir rus matematigi bilan birga bo’lgan va butun oliy matematika kursini mukammal o’rgangan. Integral, differentsial, logorifmalarni yaxshi bilardi u. Dadam 1936 yili Solovkidan qaytganidan so’ng 10 oygina uyda ozod yashadi. Keldi-yu, yana 1937 yil girdobiga duch keldi…» — deya yozadi keyinchalik olima o’z xotiralarida.
Yo’llar… Ular naqadar uzun, ufqqa tutashgan. Shu yo’llardan Oybekday ulug’ insonga mehri va muhabbatini ardoqlab o’tdi Zarifa Saidnosirova Ayol bo’lib…
Shu yo’llardan farzandlarining baxtu kamolini o’ylab, yelib, yugurib, yonib-kuyib o’tdi Zarifa Saidnosirova Ona bo’lib…
Shu yo’llardan ilm-ma’rifatning ilk chirog’ini qalbida yoqqan ma’rifatparvar otasining o’lmas xotirasini bir umr yodlab, nomini oqlab, otasining qizi bo’lib o’tdi Zarifa Saidnosirova…
Shu yo’llardan qo’lida kitob, qalam, tilida ilm saboqlari, dilida ishtiyoq va istak o’ti bilan olima bo’lib o’tdi Zarifa Saidnosirova…
Shu yo’llardan yurt ravnaqi, el xizmati yo’lida mehru muhabbati, mehnatu zahmati bilan o’tgan Zarifa Saidnosirovaning nomi tarix sahifalariga bitildi. Biz bu sahifalarni olima yozib qoldirgan kitoblar, maqolalarda, u bilan birga ishlagan, uning saboqlarini tinglagan, bugungi kunda ustozi kabi ilmi bilan eliga, yurtiga xizmat qilayotgan shogirlari xotiralarida ochib o’qiymiz, tinglaymiz. Bular xotiralargina emas, balki har birimizga hayot saboqlarini o’rgatuvchi boylik, aslida.
Zarifa Saidnosirova bilan ko’p yillar birga ishlagan, ajoyib inson, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan yoshlar murabbiysi Fizika va kimyo kafedrasi professori Abdulatif Abdusamatov xotiralaridan…
-Zarifa Saidnosirovaning 56 yillik (1930-1986) mehnat va ijod, demakki, hayot yo’llari bizning universitetda kechdi. Shunday inson bilan men kabi yuzlab olimlar birga ishlashdi, minglab talabalar uning ilm ziyosidan bahramand bo’lishdi. Shu bois bu e’zozli inson haqida bilganlarimni yozmoq va so’zlamoqni burchim deb bildim. Shu o’rinda menga mashhur adib-Muso Toshmuhammad o’?li Oybekning umr yo’ldoshi, eng yaqin maslakdoshi kim edi degan savolni ko’p berishadi.
Bu-o’zbek rassomi va birinchi o’zbek kimyogar qizi, professor, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan Fan va texnika arbobi, Beruniy nomidagi respublika Davlat mukofoti sohibasi Zarifaxon Saidnosirovadir.
Zarifa Saidnosirova 1905 yil 30 sentyabrda Chimkent viloyatining Turkiston shahrida tug’ilgan. Otasi Saidnosir Mirjalil ??li, onasi Zarifboy qizi Qumrioy bo’lib, ular Turkistondan Toshkentga ko’chib kelishgan. Zarifa Toshkentdagi maktabda, so’ngra Navoiy nomidagi Pedagogika texnikumida tahsil oldi. Mazkur texnikumning III bosqichida Oybek o’qirdi, u texnikumdagi «Tong yulduzi» devoriy gazetasining muharriri edi. Ular shu yerda tanishdilar.
Zarifa Saidnosirova texnikumni tugatib, O’rta Osiyo Davlat universitetiga o’qishga kiradi. O’sha yili ular — Oybek va Zarifa umr yo’llarini bir-biri bilan umrbod bog’lashdi.
1930 yili O’rta Osiyo Paxtachilik instituti, keyinchalik Toshkent qishloq xo’jalik instituti (hozirgi Toshkent Davlat agrar universiteti) tashkil bo’lganda, kimyo kafedrasiga universitetni tamomlayotgan Zarifa Saidnosirovani ishga taklif etishdi.U dastlab assistent, keyinchalik dotsent lavozimida ishlaydi. 1945 yildan to umrining (1986) oxirigacha anorganik va analitik kimyo kafedrasi mudiri vazifasida ishladi.
Zarifa Saidnosirova ishchi fakul`tetlar va texnikumlar uchun o’zbek tilida birinchi bo’lib anorganik kimyodan o’quv qo’llanma yozdi. Shu bilan birga rus tilidagi o’quv qo’llanma va darsliklarni o’zbek tiliga o’girdi. Kimyo fani bo’yicha ruscha-o’zbekcha izohli lu?at yozdi.
1961 yili Oliy o’quv yurtlari talabalari uchun o’zbek tilida birinchi bo’lib anorganik kimyodan darslik yaratdi. Mazkur darslik 1970 yili ikkinchi, 1980 yilda uchinchi marotada qayta nashr qilindi.
Zarifa Saidnosirova boshchiligida kafedrada ?o’za rivojlanishida mikroelementlarning roli va ularni ?o’za a’zolarida to’planish dinamikasi mavzusida ilmiy ish olib borilgan. Olima shu oliy dargohda 56 yil ilmiy va pedagogik faoliyatini davom ettirdi. U kishining mehnatlari hukumatimiz tomonidan yuqori baholanib, ko’ksini uchta orden va qator medallar bezadi, ko’plab Faxriy yorliqlar oldi.
Zarifa opa kimyogar-olima bo’lish bilan birga ulug’ adib Oybekning umr yo’ldoshi, eng yaqin maslakdoshi ham kotibasi edi. Oybek o’z nomi va ijodiga nisbatan yo?ilgan i?vo — bo’xtonlar natijasida u 1951 yili xastalikka chalinib, o’ng qo’lida qalam ushlashdan mahrum bo’ldi. Adibning keyingi yillardagi asarlarini oila a’zolari, ayniqsa, turmush o’rto?i Zarifa opaga ayttirib yozdirardi. Shu boisdan Zarifa opa Oybekning boy shaxsiy merosi, qo’l yozma arxivini yaratishda muhim o’rin tutdi.
Alisher Navoiy nomidagi Til va adabiyot institutining bir guruh ilmiy xodimlari Zarifa opa boshchiligida 1975 yildan 1985 yilga qadar Oybekning shaxsiy arxivida ishlab, adibning 20 jildlik mukammal asarlar to’plamini tayyorladilar. Bu xizmatlari uchun 1986 yilda Zarifa opa Saidnosirovaga Beruniy nomidagi respublika Davlat mukofoti berildi.
Men Zarifa Saidnosirovani 1974 yili kafedraga ishga kelgan kunimdan boshlab bilaman. O’shanda 25 avgust edi. Zarifa opaning xonalariga kirib, o’zimni tanishtirdim. Shunda Zarifa opa: «Siz ko’p yillar ilmiy ishda ishlagan ekansiz, endi o’quv ishlari, dars berish san’atini ham o’rganishingiz kerak. Siz katta o’?lim Omonbek bilan teng ekansiz. Nima yordam kerak bo’lsa, bemalol tortinmay so’rayvering» -dedilar.
Zarifa opa, mening darslarimga kirib, o’z mulohazalarini aytib, shunday o’qisangiz yaxshi bo’ladi, deb yo’l-yo’riqlar ko’rsatdilar. Olima o’z kasbining fidoiysi, talabalarga o’zining farzandiday qarar, mehribon, ochiqko’ngil, dono ayol edilarki, hamisha o’zining tinimsiz ?ayrati va mehnati bilan hammaga o’rnak edilar. Shifoxonada davolanayotgan vaqtda ham kelib, talabalarga ma’ruzani o’zlari o’qib, yana shifoxonaga qaytib ketar edilar.
Zarifa opa bilan birga bir necha marotaba Moskva, sobiq Ittifoq davridagi 106 qishloq xo’jaligi oliy o’quv yurtlari kimyo kafedralari mudirlarining yi?ilish anjumanlarida birga qatnashganman. Shu anjumanlarda Zarifa opa so’zga chiqib, talabalarni mustaqil fikrlashga chaqirar, har bir respublikaning xomashyolarini kimyoviy usullar bilan alohida ishlatishiga ahamiyat berish zarurligiga e’tibor qaratardilar. Moskvada yurganimizda magazinlarga kirib, kimyoga tegishli kitoblarni axtarardi. Zarifa opa kimyo kafedralarini va fakul`tet kafedralarini zamonaviy asbob-uskunalar bilan jihozlanishiga o’z hissalarini qo’shgan jonkuyar olima edilar.
Ulu? adibimiz Oybek, uning sevikli rafiqasi, kimyogar olimamiz Zarifa opa xalqqa xizmat qilishni katta baxt deb bilishdi. Ular o’zlarining ijodlarini xalq taqdiri bilan, xalqqa foydali ish qilish bilan va ularning quvonchlari va qiyinchiliklariga hamdard bo’lish bilan o’tkazdilar.
Zarifa opa Saidnosirovaning vafotidan so’ng uning xotirasini abadiylashtirish uchun universitet rahbariyati Zarifa Saidnosirova nomidagi stipendiyani ta’sis etdi, fizika va kimyo kafedrasidagi 312 katta o’quv xonasi olima nomiga qo’yildi. Bu xonada Z. Saidnosirovani hayoti va ijodiga tegishli darsliklar, o’quv-qo’llanmalar, o’quv-ko’rsatmalari mavjud. Bu yerda doimo talabalar o’zlarining mustaqil o’qishlarini shu yerda olib boradilar.
Men mana shunday ulug’ inson va bilimdon olima bilan birga ishlab, ulardan tajriba va malaka ololganimdan g’ururlanaman. Ularning ruhi hamisha yaxshi ishlarga yo’ldosh bo’lib, izdoshlari ko’payib borishiga, nom iva ijodi o’lmasligiga ishonaman. Zero, yaxshilik abadiydir. U hamisha har birimiz dilimiz, yo’limiz, qo’limiz va qilgan — qilayotgan amallarimizda bo’lishini niyat qilib qolaman.
Suhbatimizga taniqli tuproqshunos olim, yuksak malakali pedagog, O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan qishloq xo’jaligi xodimi, O’zbekiston Qishloq xo’jalik fanlari akademiyasining haqiqiy a’zosi, Xalqaro agrar ta’lim akademiyasining haqiqiy a’zosi-akademik, biologiya fanlari doktori, tuproqshunoslik kafedrasi professori Xodimat Maxsudov qo’shildi.
—Hayotda shunday ulug’ insonlar borki, butun hayoti davomida o’zidan keyingi avlod uchun qoldirgan ibratli ishlari, odamlarga yaxshiliklari, ularga bo’lgan mehr-muhabbati bilan hayotda o’chmas iz qoldiradi. Ana shunday insonlardan biri-iymon-e’tiqodli, pok niyatli, yuksak iroda va bilimga ega bo’lgan yetuk olima va pedagog, o’zbek kimyo fanining jonkuyari Zarifa Saidnosirovadir.
1950-1955 yillarda Toshkent qishloq xo’jaligi instituti (hozirgi Toshkent Davlat agrar universiteti) ning Agrokimyo va tuproqshunoslik fakul`tetida o’qib yurgan paytlarimda ustoz bizga dars berganlar. Zarifa opa talabalarga onalarcha mehr bilan dars berardilar, Ayniqsa, bilimga chanqoq talabalarga juda e’tiborli bo’lib, kimyo fanining bitmas-tuganmas sirlari, neorganik va kimyo darsi, tuproqdagi har bir kimyoviy elementlarini miqdori va sifatini aniqlash yo’llari, o’z bilimlari, tajribalarini sidqidillik bilan o’rgatardilar.
Bu voqea hech esimdan chiqmaydi., Bir kuni opa dars tugashidan oldinroq meni yonimga kelib, darslar tugaganidan keyin mening kabinetimga keling, dedilar. Bu taklifdan xursand bo’lib, darsdan so’ng hurmatli otaxon domlamiz professor Majidxon Bahodirov oldilariga borib, opaning taklifini aytib, maslahat so’radim. Domla o’ylab oldilar-da, yuring, bo’tam, birga kiramiz dedilar. Shunda opa o’z fikrlarini, ya’ni, kimyo fanini chuqur o’rganish,xozirdan ilmiy—tadqiqot ishlarni boshlash zarurligini, tuproqshunoslikda qo’llanadigan uslublarni o’rganishim yo’llarini ko’rsatdilar.Nazarimda, bu ikki olim ustozlarim mening kelajagimga nur sochganday bo’lishdi. Shu-shu 2-3 bosqich talabalik davrlarimda ilgarigi Gogol` ko’chasidagi fakul`tetimizning Anorganik va analitik kimyosi va tuproqshunoslik kafedralarida saboq olish bilan birga darslardan so’ng kafedra laboratoriyalaridan chiqmay, fan sirlarini o’rgana boshladim. Shu harakatlarim, ilmga intilishimni sezgan bu ikki zabardast buyuk olimlarni menga bo’lgan mehrlari, yo’l-yo’riqlari tufayli 1955 yili o’qishni a’lo baholar bilan bitirib, O’zbekiston Fanlar Akademiyasining Tuproqshunoslik instituti aspiranturasiga yo’llanma oldim. Aspiranturada dunyoga mashhur taniqli tuproqshunos — erozionist professor V.B.Gussak rahbarligida tahsil oldim, fan cho’qqilarini egallashga astoydil kirishdim.
1960 yilda nomzodlik, 1982 yili Moskva Davlat universitetida professorlik, akademiklik darajalariga ega bo’ldim. Bu erishgan yutuqlarimning negizida ajoyib ustozlarim — Zarifa opa Saidnosirova va Majidxon Bahodirovlarning o’lmas mehnatlari yotibdi, bu mehnatlar ilm cho’qqilarini egallashimga fundament bo’ldi, deb hisoblayman. Ularning o’gitlari va xotirasini hamisha ehtirom bilan eslayman va qadrlayman.
Davrlar o’tib, 1983 yili men birinchi ta’lim olgan dargohim —xozirgi Toshkent Davlat agrar universitetiga ishga keldim va birinchi kundanoq Zarifa opaning xonalariga kirib, o’zimni tanishtirdim. Shunda opa ko’zlariga yosh olib, meni o’z farzandidek quchoqlab, o’pib, o’tgan davrlarni esladilar. Menga mehr bilan qarab, endi o’quv ishlari, dars berish san’atini ham o’rganishim kerakligini ustoz-pedagog sifatida uqtirdilar.
Men mana shunday ulug’ inson va bilimdon olimadan bilim olib, birga ishlab, tajriba va malaka olganimdan g’ururlanaman. Ularning ruhi hamisha yaxshi ishlarga yo’ldosh bo’lib, izdoshlari ko’payib borishiga, nomi va ijodi o’lmasligiga ishonaman.
— Ustoz yodi o’lmaydi, — deydi men bilan suhbatda fizika va Kime kafedrasi katta laboranti Lola ?anixo’jaeva. -Shu qutlug’ dargohda ishlayotganimga qancha yil bo’layotgan bo’lsa, shuncha ko’p yaxshi ishlar guvohi bo’lmoqdaman, yaxshi insonlar va ulug’ insonlar so’zi va amalidan bahramandman. Shu yerda ishlab ketgan qanchadan-qancha ulkan olimlar,e’zozli zotlarning nomlari, ishlari yillar o’tgan sayin avlodlar xotirasida sayqallanib bormoqda. Shulardan biri – universitetimizda 56 yil faoliyat ko’rsatgan katta olima, zukko inson va bilimdon ustoz Zarifa Saidnosirovadir.
Men bu olimani o’zim ko’rmaganman, suhbatini olmaganman, ma’ruzalarini tinglamaganman. Ammo universitetga ishga kelgan kunimdan boshlab, shunday ulug’ inson ishlab ketgan o’quv binosida ishlash, u ma’ruzalar o’qigan, endilikda uning nomi bilan yuritilayotgan xona mas’uliyati zimmamga tushganidan xursandman.
Har gal shu xonaga kirarkanman, Zarifa Saidnosirovaning ruhi, nafasi yengilgina uchib yurganday, menga ham quvvat bag’ishlaganday tuyuladi.Olima uzoq yillar shu xonada minglab talabalarga kimyo fanining sirlarini o’rgatgan. Mendeleevning jadvalini qunt bilan jihozlab, talabalarga tushunish qulay va oson bo’lsin uchun har bir elementni kashf etgan olimlarning suratlarini topib joylashtirgan. Kitob javonlaridagi olima yaratgan o’zbek tilidagi birinchi kimyo fani darsliklari, izohli lug’atlar, ilmiy kitoblar, jurnallar, qo’llanmalar, hisobotlarda olima qo’lining harorati, ko’zining nuri, qalbining qo’ri, bilimining ziyosi ufurib turibdi. Ular biz uchun nafaqat kechagi tarix, balki bugungi kunda ham qimmatli qo’llanmalar hisoblanadi.
Olimaning suratlariga tikilaman. Ma’sum va qat’iyatli, dilbar chehra, o’tkir ko’zlar bu insonning, bu ayolning, bu onaning naqadar irodali va pok inson bo’lganligini ko’rsatib turganday. Oybekday ulkan adib bilan kechirgan umr yo’llarinini hikoya qiluvchi foto stend tarixdan so’zlaydi. Shu suratlarda ham Zarifa Saidnosirovaning ko’zlari, chehrasi mehrdan, vafodan yaralganday yonib turibdi. Darhaqiqat, bunday insonlar nomi ham, ishi ham, xotirasi ham o’lmaydi. Ular bor ekanki, ezgulik yashaydi, muhabbat yashaydi.
Qibray tumani O’nqo’rg’on mahallasida Abdukarim ota Po’latov yashaydi. Sakson yoshni qoralayotgan, butun mehnat faoliyatini ilmga, maktabga, maorifga bag’ishlagan, «O’zbekiston xalq maorifi o’qituvchisi», «O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan katta o’qituvchi « Abdukarim ota Po’latov shunday xotirlaydi:
-Marhum amakim Hayitboy akaning o’g’li marhum Ergashboy uzoq yillar xozirgi Toshkent Davlat agrar universitetida ishladi. Zarifa Saidnosirova bilan ona-bola bo’lib ketishgan edi. Ergashboyning unib-o’sib, olimlik darajasiga yetishuvida opaning xizmatlari, ustozlik o’rni katta bo’lgan. Opa bu yerlarga – Ergashboyning uyiga ko’p martalab kelgan, u kishini ko’p ko’rganman. Yoshi o’tib qolgan kezlarida ham g’ayratli, juda g’ayratli, ilmi o’tkir inson edi…
Muxtabar Hasanxonova – dotsent, universitet faxriylaridan. U men bilan suhbatda shunday deydi:
-Biz boshqa-boshqa kafedralarda ishlardik. Opa hamisha yo’lda, ish bilan band, lektsiyalarini har qanday sharoitda ham o’tadigan jonkuyar inson edi, bilimi o’tkir olima sifatida qadrlanardi Mayda-chuyda gaplarga qo’shilmas, talabalarga, hamkasblariga o’ta mehribon va talabchan, ko’zlari ham, so’zlari ham yonib turardi. Men uning shijoatiga, charchash nimaligini bilmasligiga havas qilardim. Ha, opa chindan ham bor bo’yi bilan havas qilgulik inson edilar!…
Olimaning lektsiyalarini tinglagan, uning izidan borib, tlm yo’lini tanlagan, Ayni paytda olima faoliyat yuritgan kafedra dotsenti Xushvaqt Namozov bilan suhbatlashaman.
-Opa bilan uchrashuvim 1982 yil xuddi shu yerda – universitetda bo’lib o’tgan. Men o’shanda Surxondaryoning Qumqurg’on tumanidan kelib, agrokimyo va tuproqshunoslik fakul`tetiga kirish imtihonlarini topshirayotgan bo’lajak talabaman. Opaga imtihonni kimyo fanidan topshirganman. Yaxshi topshirdim. O’shanda opaning « bolam, bolam» deb mehr bilan gapirishi, javoblarimdan qoniqib, kulib turganlarini hamon eslayman. Talabaga aylangach, opaning lektsiyalarini tinglash baxtiga muyassar bo’lganlardan biri edim. Ustoz sof o’zbek tilida salobat bilan chiroyli gapirardi. Ayniqsa, gap orasida « boraturg’on», «kelaturg’on», « aytaturg’on» kabi so’zlarni shunday jozibali qilib aytardilarki, buni eshitishning zavqi boshqacha edi. Men opani ko’rgan, suhbatlashgan paytlarim ustoz ancha keksayib qolgan bo’lsalar-da, hamon g’ayratini yashirolmas, umrining oxirgi yillarigacha universitetdan qadamini uzmasdi. Opaning hurmati va o’rni juda baland edi, qadrlanardi. Shogirdlari, ixlosmandlari va talabalari hamisha opaning yonida, izidan yurishardi, so’zlarini hikmatday tinglashardi. Chunki ustoz haqiqatdan ham bilimdon, to’g’ri so’z, qat’iyatli, mehnatkash va g’amho’r inson, murabbiy edi. Biz hamisha ustozdan nimadir o’rganib qolishga intilardik. Opaning kichkina, ammo g’ayratli jussasi, o’tkir ovozi va ko’zlari, salobat bilan gapirishlari ko’z o’ngimda. ?g’illaridan birining ta’ziyasiga borganimda, opani horg’in, yuzlari, ko’zlari, ovozlari g’amdan kuyib ketgan holatida ko’rganman. O’shanday holatda ham opa menday oddiy talabasi bilan ham e’tibor berib suhbatlashgan, o’g’li haqida ko’p so’zlab bergan edilar… Opada barcha ulug’ insonlarga xos bo’lgan kamtarlik mujassam edi. Xuddi shu kamtarlik ustozni ulug’likka olib chiqqan, deb o’ylayman.
Yana yo’llarga tikilaman. Yo’lga tushaman. Ularda umrning, hayotning butun tashvishlari, quvonchlarini ko’raman. Meni tonggi yo’llar kutadi. Bu yo’llar odamlar bilan, ularning hayotbaxsh nafaslari bilan to’lib boradi. Bu yo’llar bizni quyoshga olib boradi. Biz quyoshga intilib, u bilan tenglashib, u bilan bo’ylashib, u bilan sirlashib yashashni istaymiz. Chunki uni qalbga mengzaymiz. Biz yurgan yo’llarimizni shu qalbdan — quyoshdan o’tkazamiz. Shundagina bu yo’llar osmon bilan tenglashadi, yer bilan birlashadi. Odamlarning qalbiga kirib boradi.
Mana shunday yo’lni bosib, el yuragidan joy olgan mo»tabar insonlardan biri – birinchi o’zbek kimyogar olimasi, professor Zarifa Saidnosirova siymosi ko’z oldimizda shuning uchun ham ulug’, shuning uchun ham o’chmaski, u el farzandi bo’lib yashadi, yurtim deb mehnat qildi. Mehnat qilgan elda aziz, yurtda suyuk. Zarifa Saidnosirovaning nomi ham ilm ziyosi bilan yo’g’rilib, yuraklarga, o’lkamiz tarixiga muhrlandi.
Mansurxon Toirov
ZARIFA OPANING CHO’QQISI
Shundaylar bo’lmasa agar dunyoda,
Bu qadar muhtaram bo’lmasdi ayol.
Abdulla Oripov
Tabarruk, muqaddas joylarni ziyorat kilish kimgadir erta, yana kimgadir kech nasib kilar ekan. Eng muximi, nasib qilishida. Ulug’ insonlarning xayot yo’llari bilan yakindan tanishib, ularning iztiroblarini his etish ham ziyoratdek gap. Bu satrlarni yozishimga Zarifa Saidnosirovaning «Oybegim mening» kitobi mutolaasi sabab bo’ldi. Endilikda bu asar kitob javonimdagi «Navoiy», «Qutluq qon» romanlari qatoridan o’rin egalladi.
O’smirlik yillarimda «O’tkan kunlar», «Mehrobdan chayon» romanlarini o’qiganimda tug’ilgan ajib bir hissiyot ushbu kitobni o’qiganimda ham qayta uyg’ongandek bo’ldi. Men Oybek domlaning barcha asarlarini bo’lmasa ham, ko’p kitoblarini takror-takror mutolaa qilganman. Ularning qahramonlari bilan hamnafas bo’larkanman, adib-ning o’zi bilan ham sirlashgandek bo’lganman. Zarifa opaning xotira ki-tobini o’qiganimdan so’ng Oybek ijodini, ayniqsa, adib umrining oxirida yozgan asarlarini qaytadan o’qish niyati tug’ildi.
Ayol zotining buyukligiga shubha yo’q. Mashhur frantsuz yozuvchisi Onore de Balzakning «Millatning kelajagi onalar qo’lida» degan e’tirofi shunchaki balandparvoz gap emas. Balzakning bu haqiqatiga kengroq ma’noda qarasak, «Insoniyatning kelajagi onalar qo’lida» degan to’xtamga ham kelishimiz mumkin…
Kitobni mutolaa qilganimda kelgan xulosam shuki, taqdir bu ikki Shaxsni uchrashtirgani faqat ular muhabbatining natijasigina emas, balki o’zbek madaniyatining ham baxtidir. Agar adibning yonida Zarifa opadek umr yo’ldoshi hamnafas bo’lmaganda edi, Oybekning o’zi o’ttizinchi va elliginchi yillarning qora to’fonlarini mardona yengib o’ta olishi dargumon bo’lardi. Oybek ham shoir, ham adib. Uning ijodidan xabardor bo’lgan har qanday o’quvchi adib asarlaridagi badiiyat Zarifa opaning yurak taftidan ham baxramand ekaniga amin bo’ladi. Zarifa Saidnosirova Oybek bilan bir umr hamfikr, eng yaqin sirdosh, maslahatguy va birinchi o’quvchisi bo’lish bilan barobar o’zi ham yetuk adi-ba darajasiga ko’tarilganligi «Oybegim mening» kitobida ruy-rost namoyon bo’lib turibdi…
Bir vaqtlar davr taqozosi bilan «Marksizm-leninizm» kechki universitetida o’qishimga to’g’ri kelgan. O’shanda Ivanov ismli tinglovchi: «Ayollarda ma’lum yoshdan so’ng akliy faoliyat susaya boshlaydi», degan fikrni o’rtaga tashlagan edi. O’shanda munozara rosa avj olgan. Qizlarimiz balog’at yoshiga yetgach, oila quradilar, ilm olish masalasi ikkinchi va uchinchi darajali maqsadga aylanadi. Afsus… Bunga urf-odatlarimizning «nozik
tomonlari», xayot tarzimiz ham sababchi. Ular yaxshi ona, sarishta uy bekasi, vafoli va go’zal yor bo’lish harakatiga tushadilar. Ya’ni ilm olish, kashfiyotlar qilishdan chalg’iydilar. Agarda ayollarimiz va qizlarimiz erkaklar kabi bir umr hech narsaga chalg’imasdan ilmiy kashfiyotlar orqasidan intilishganida bormi, insoniyat balki bundan bir necha yuz yillar ilgari o’zining hozirgi taraqqiyoti darajasiga yetib kelgan bo’larmidi?! Lekin, afsuski, insoniyat taraqqiyot yo’lini tanlaganda aqliy kuch emas, aksincha jismoniy kuch yetakchilik qilgan. Erkaklarning jismonan baquvvat ekanligi qizlar va ayollarning o’z iste’dodlarini to’la namoyon qila olishlariga imkoniyat bermagan.
Biologlar dunyodagi eng yetuk mavjudot ayollar ekanini allaqachon isbotlab berishgan! Oilani ushlab qolish, tushkunlikka tushgan erning ko’nglini ko’tarish, keyingi nasllarni tarbiyalashdek murakkab vazifa insoniyatning sara aql egalari bo’lgan ayollar zimmasida… Bunday qismatdan onda-sonda ozod bo’lib, yumushlari yengillagan ayollarimiz yetib borgan marralarni uncha-muncha erkaklar egallay olmagani ham sir emas. Nobel mukofoti mustasno tariqasida Mariya Skladovskaya-Kyuri (1903-11), L.Poling (1954-1962) va J.Bardin (1956-72)ga ikki martadan berilgan. Sanalardan ko’rinib turibdiki, Mariya fanda erishgan yutuq-larini erkaklar qariyb ellik yildan keyingina takrorlay olishgan.
Tarixda bunday misollar ko’p. Bu fikrlarning isbotini Zarifa Said-nosirovaning o’zi olim sifatida erishgan chuqqilar ham ko’rsatib turibdi.
Oybegim mening» kitobida uchragan ba’zi bir kimsalarning nomlarini o’qib Alisher Navoiy xazratlarining «Nopok erdin yaxshiroq, pok xotunlarning oyog’i izi» degan hikmati yodga tushadi.
…Zalvorli tuyg’ularning og’rig’i ham kuchli bo’larkan… Shu bois Zarifaxonimning ayrim shaxslarga, davr siyosatiga nisbatan qilgan ishoralarida sinchkov kitobxon hech ham kechirib bo’lmas tuyg’u zarbasini sezishi tabiiy. Shu bois yana bir karra Zarifaxonimning jur’atiga qoyil qolaman. Bizgacha yetib kelgan Tumaris onamiz haqidagi tarixiy rivoyat shunchaki afsona emas, aslida haqiqat ekanligiga ich-ichdan iqror bo’lasan kishi. Bugun bizga ekranlarimizni kun sayin butkul egallab olayotgan turfa xorijiy seriallar emas, balki tarixiy haqiqatga suyangan holda Abdulla Qodiriy, Cho’lponu Fitratlarning qamoqxonalardagi azob-uqubatlarini to’kis gavdalantirib beradigan, Oybek va Zarifaxonim o’tgan yo’lni asl xolicha ko’rsata oladigan badiiy filmlar, milliy seriallar kerak.
Nazarimda, sho’rolarning siyosiy qatag’oni qurboni bo’lgan Saidnosirboydek millatparvar otaning benazir tarbiyasini olgan Zarifa Saidnosirova ko’tarilgan ma’naviy cho’qqi ham Bibixonim, Zebuniso, Nodirabegimlar egallagan cho’qqidan aslo kam emas. Tabiiyki, Oybekdek buyuk bir siymoni ardoqlay olgan insonning siyrati ham buyukdir.
Yoshlarimiz, iste’dodli qizlarimiz ana shunday ulug’ onalaridan ibrat olsinlar. Xayotda ham, ilm va ijodda ham o’z momolariga munosib bo’lsinlar, degim keladi.
Manba: “O’zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2008-yil, 25-yanvar`, № 4 (3936)
YANA SHU MAVZUDA O’QING:
Zarifa Saidnosirova. Mening Oybegim.
Zarifa Saidnosirova. Oybekka qarshi hujum
Naim Karimov. Saodatning kamalak ranglari
Iqbol Qo’shshaeva. Tuyg’ulardan hofizga
aylangan ko’ngil.
«Nur qidirib» quyoshga yetdik. Oybek va Zarifa Saidnosirova
muhabbati
ZARIFA SAIDNOSIROVANING
TASVIRIY SAN’ATGA OID ASARLARI
Zarifa Saidnosirova (1908.30,9, Turkiston shahri, Qozog’iston — 1986.16.8, Toshkent) — kimyogar olima.Birinchi o’zbek ayol rassomi. O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan fan arbobi (1968), professor (1970).Beruniy nomidagi Uzbekiston Davlat mukofoti laureati (1985). Kimyo fanlari nomzodi (1945). Taniqli ma’rifatparvar S. Mirjalilovning qizi, Oybekning rafiqasi.
Toshkentda «Pestolotstsi» maktabi (1922—26), Navoiy nomidagi ta’lim-tarbiya texnikumi (1924— 36) va ayni paytda Rozanov tasviriy san’at studiyasi (1924—26)da o’qigan. So’ng O’rta Osiyo universiteti fizika-matematika fakul`tetining kimyo bo’limini tugatib (1926— 30), o’rta maktablar, xotin-qizlar bilim yurti va ishchilar fakultetida fizika, matematika va kimyo fanlaridan dars bergan. Qishloq xo’jalik institutida o’qituvchi, dotsent va kafedra mudiri (1930—86), Toshkent tibbiyot institutida o’qituvchi (1932—37), O’quvpedagogika nashriyotida muharrir (1934—35) bo’lib ishlagan.
O’rta maktablar va texnikumlar uchun «Kimyo» darsligi (1933) muallifi. Zarifa Saidnosirova pedagogik faoliyatidan tashqari, vol`fram kompleks birikmalari va kimyo terminlarining ruscha-o’zbekcha lug’ati ustida ilmiy ish olib borgan. “Ximiyadan ruscha-o’zbekcha qisqacha izohli lug’at” (hamkorlikda, 1975), “Oybegim mening” (xotiralar, 1994) kitoblari chop etilgan.
Zarifa Saidnosirova Oybek adabiy merosini saqlash, tartibga solish va nashr etish ishiga katta hissa qo’shgan. U adibning o’zbek tilidagi 20 jildlik «Mukammal asarlar to’plami» (1975—85)ni, rus tilidagi 5 jildlik «Asarlar»i (1985— 87)ni nashrga tayyorlashda faol ishtirok etgan.
Tasviriy san’atga oid ishlari Oybek uy-muzeyida saqlanadi.
Qiziqarli malumotlar
Oybegim mening kitob