Садриддин Айний (1878-1954) to’liq malumot oling
XX аср ўзбек ва тожик адабиётларига улкан ҳисса қўшган атоқли адиб, олим ва жамоат арбоби Садриддин Айний Бухоро амирлигига қарашли Ғиждувон туманининг Соктаре қишлоғида 1878 йилнинг 15 апрелида дунёга келган. Олти ёшидан мактабга қатнай бошлаган. Садриддин 1890 йилда Бухорога келиб, Мир Араб, Бадалбек, Олимхон мадрасаларида таълим олган.
Мадрасани тугатгач, янги усул мактабларида муаллимлик қилган. Садриддин Айнийнинг адабий фаолияти ўтган асрнинг 90-йилларида шеър ёзиш билан бошланган. Унинг биринчи асари «Гули сурх» — «Қизил гул» 1897 йили яратилган. Шундан сўнг мактаблар учун «Таҳсиб ус-сиёбон» — «Болалар тарбияси» номли ўқиш китобини (1909) тузиб, нашр эттирган.
1917 йил февраль инқилобидан кейин Марказий Осиёнинг турли шаҳарларида истиқлол учун кураш ҳаракатлари бошланиб кетди. С. Айний амирликка қарши курашгани учун зиндонга ташланди. У Октябрь тўнтариши йилларида ўзбек ва тожик тилларида даъваткор шеърлар, маршлар яратиб, уларни «Инқилоб учқунлари» (1923) тўпламида нашр этди.
Ёзувчи «Бухоро жаллодлари» (1922) қиссасида амир-амалдорларнинг даҳшатли жабр-зулмини, гуноҳсиз кишиларни ўрта аср қийноқлари билан қатл этишларини, «Одина» (1927) қиссасида эса меҳнаткаш халқнинг оғир қисмати ва фожеали ҳаётини жонли тасвирлаб берди.
С. Айнийнинг дастлабки «Қуллар» романи 1934 йилда Тошкентда ўзбек тилида, 1935 йилда эса Душанбеда тожик тилида нашр қилинди.
«Қуллар» романининг бош қаҳрамони тарихни ҳаракатга келтирувчи куч — халқ ва унинг содиқ фарзандларидир, деган хулосага етаклайди.
Тарихнинг маълум бир даврини қамраб олган бу роман халқ тарихини, унинг ҳаёти ва курашини реалистик акс эттирган. Бироқ «Қуллар» романининг сўнгги, бешинчи қисмидаги жамоа хўжалиги қурилиши йиллари тасвирида жиндак тарихдан четга чекиниш ҳам йўқ эмас. Чунки романда даврнинг ижобий томонлари бўрттириб кўрсатилгани ҳолда Шўро ҳукуматининг жамоалаштириш сиёсати хаспўшлаб ўтилган.
С. Айнийнинг «Судхўрнинг ўлими» (1937) қиссасидаги бош қаҳрамон Қори Ишкамба жаҳон адабиётидаги Плюшкин ёки Гобсек каби мумтоз образлар билан бир қаторда туради.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида С. Айний «Марши интиқом», «Муқанна қўзғолони», «Темур Малик» каби ватанпарварлик руҳидаги илмий ва бадиий асарларини яратди. У халқ ижодидан, фольклор асарларидан кенг фойдаланган ҳолда «Етти бошли дев» асарини ҳам яратди.
С. Айнийнинг урушдан кейинги тикланиш йилларида яратган асарлари орасида тўрт жилддик «Эсдаликлар»и (1949 — 1954) алоҳида ажралиб туради.
С. Айнийнинг «Эсдаликлар», «Судхўрнинг ўлими», шунингдек, «Дохунда» ва «Қуллар» романлари болгар, немис, поляк, венгер, хитой, француз, румин, ҳинд, чех ва бошқа тилларга таржима қилинган.
С. Айний ўзбек ва тожик адабиёти тарихи юзасидан катта илмий тадқиқот ишларини олиб борди. Унинг ўрта осиёлик буюк шоир ва олимлар — Рудакий, Саъдий, Ибн Сино, Васфий, Бедил, Алишер Навоий, Аҳмад Дониш каби сиймолар ҳақида ёзган илмий асарлари ниҳоятда қимматли. Унга филология фанлари доктори (1948), профессор (1950) илмий даражаси, Тожикистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1940) унвони берилган. Адиб Ўзбекистон Фанлар Академиясининг фахрий аъзоси (1943) ҳамда Тожикистон Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси ва биринчи президенти (1951—54) қилиб сайланган. Бир неча йиллар давомида Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат дорилфунунининг профессори ва Тожикистон фанлар Академияси ташкил топган кундан бошлабоқ унинг Президенти сифатида хизмат қилган. У 1954 йилнинг 15 июнида Душанбе шаҳрида вафот этган.
Мақолалар
Маънавият юлдузлари: Садриддин Айний (1878-1954)
Ўзбек шеъриятидан: Садриддин Айний (1878-1954)
Тожик шеъриятидан: Садриддин Айний (1878-1954)
Олмос. Айний домланинг нишолдаси (2005)
Садриддин Айний китоблари
Садриддин Айний. Қисқача таржимаи ҳолим. Тошкент, 1960
Садриддин Айний. Асарлар. 8 жилдлик. 2-жилд: Дохунда (роман). Тошкент, 1964
Садриддин Айний. Эски мактаб (қисса). Тошкент, «Ёш гвардия», 1982
Садриддин Айний. Судхўрнинг ўлими (қисса). Тошкент, «Ўқитувчи», 1982
Biografiya
Садриддин Айний (1878-1954)