ЭТАКДАГИ КУЛБА
Жимжит қишлоққа сукунатни бузиб ўхшовсиз бир девона оралади. У бир маром ва бир оҳангда нималардир деб жар солар, ора-чора жинкўчанинг икки томонидаги пастқам уйларга ва ундан ҳам пастқам эшикларга кўз ташлаб, гўё ўз жарига жавоб кутар эди.
Ер юзида пайдо бўлганидан бери қишлоқ бунақа девоналарни, ҳар турли келган-кетганни кўп кўрган. Бирда: «Қайчи-пичоқ ўткирлайма-а-ан! Ўроқ-кетмон эговлайма-а-ан!” деб чархчи жар солиб ўтади. Қишлоқда нима кўп, ўтмас пичоғу тўмтоқ кетмон кўп – бир зумда ҳаммаси шақир-шуқур қилиб чархчининг олдига тўпланади. Гоҳо чегачи келиб қолади: «Синган чойнак-пиёла чегалайма-а-ан!” Қишлоқликлар болаларининг қўлларига чақа бериб, синган чойнак-пиёла ва коса-лаганларини кўчага чиқаришади. Яна: «Жун олама-ан!” дегани қанча, «Увада титама-ан!” дегани-чи! Бошқа кунлари қишлоқ қиш бўлса, қорасовуқдан дийдираб, ёз бўлса саратондан жизғинаги чиқиб ётаверади. Баҳорда бир нафас олади, кузда бир нафас чиқаради. Зерикарли.
Бунақаларни кўравериб Қишлоқ кўникиб кетган, ҳар кунги ҳол деб қарайди. Девонага ҳам парво қилмаслиги мумкин эди, лекин унинг сўзлари бу гал сал бўлакчароқ туюлди. Девона одамлардан қотган нон эмас, эски кийим-бош эмас, нимадир бошқа нарса сўраётган эди:
– Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Қишлоқ сергак тортди, шубҳаланди. Зерикарли ва туссиз ҳаётига сал бўлса-да, ўзгача бир ҳаво киритиши мумкин бўлган бу ишдан негадир қувонмади, аксинча, бир оз қўрқинч босди қишлоқни.
ўалати товуш ва ундан ҳам ғалати сўзлар эгасини кўришга қизиққан бола-бақрага ота-оналар ўшқириб беришди:
– Ҳа, қаёққа?! Қайт орқангга!
– Эшикни тамбала! Уйда тек ўтир!
Диққинафас кўчада ҳали ҳам Девонанинг товуши кезар, жимжитлик шовқинидан том битган қулоқларга унинг товуши аллақандай ёқимли бир эпкин бўлиб кирар, ҳатто ширали эшитилар эди:
– Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Минг тийилмасин, барибир мароқ устун келди: қаттиқ тамбаланган, зулфинланган ва камига яна ичдан қулфланган эшиклар орқасига Қишлоқ аста-секин ва ихтиёрсиз равишда сурилиб келди, тирқишлардан кўчага мўралай бошлади.
Ким бўлди бу одам? Нега бирдан бунақа нарсаларни сўроқлаб қолди? Уста бўлиб устага ўхшамайди, куйган уйларни бутлаб берай деса? Бой бўлиб бойга ўхшамайди, моли куйганларга суянчиқ бўлса? Ким бўлди, ахир?.. ўирт девона! Сўзи туришига, туриши сўзига уйғун келмайдиган тентак!
Жинкўчалар узра момақалдироқдек туйқус янграган бу товуш, албатта, шубҳали ва қўрқинчли эди. Ахир, момақалдироқ ҳам баҳорга ярашади, куздаям майли дейлик, аммо ёзнинг қоқ ўртасида гулдираши…
– Нима деяпти? – деб сўрайди қизиқувчан хотинлар.
– Ишинг бўлмасин! – деб жеркийди эҳтиёткор эрлар.
Ичкариларда ҳол бу экан, ташқарида Девона ҳайрон эди. Ўликми бу қишлоқ, деб ўйлайди. Узун умри ичида не-не юртларни кезди, не-не одамларни кўрди, аммо бунақа гунг қишлоққа энди йўлиқиши. Бирон-бир офатдан аҳолиси қирилиб, кимсасиз шўппайиб қолган шаҳару қишлоқлар ўтмишда кўп бўлган, албатта. Бу қишлоққаям яқин орада бирон офат келдимикан ё? Ундай деса, кўринишидан жуда унақа ташландиқ маконга ўхшамайди: дарахтлар, мол-ҳол, томорқа-тош…
Лекин жимжитлик, худди ўлик дейсиз. Шунга қарамай, Девона қандайдир бир ички сезги билан, қишлоқда биронта тирик жонзот қолган бўлиши керак-ку ахир, деган умидда жар солишдан тўхтамасди:
– Уйи куйган ким бор?.. Моли куйган ким бор?.. Бағри куйган ким бор?..
Шу палла… этакдаги бир эшик ғийқиллади. Бунақа сўровга жавобан биронта эшикнинг очилишини сира кутмаган қишлоқ сапчиб тушди, гўё. Шу дамгача жимжит кечаётган турмушини безовта қилган бу ғийқиллаш товуши гулдира-гулдира осмон тоқиларига зарб билан урилиб, ўша заҳоти қайтиб тушаркан, шундоқ тепасида осқидай осилиб қолди ва назарида, яна жуда узоқ замон боши узра қўрқинч солиб янграб тургандай бўлди. Эшикларни қия очиб, ҳадик-хавотирда, товуш чиққан томонга мўралади.
Этакдаги кулбада эски замонлардан бери бу қишлоққа бегона бир одам яшарди. Қаердан келиб қолган, ота-онаси ким, қариндошлари борми, нима иш қилади – қишлоқ аҳли буни билмас, уни танимас эди. Кейинги пайтлар ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетиб, бегона баттар кўзга чалинмай қолганидан, ўлдига ҳам чиқариб қўйганди.
Бор киши ўлса, қишлоқ билмасми, одамлар тўпланиб кўммасми?!.
Ҳа, одам тўпланмаса ҳам, ўлган кишини кўммаса ҳам, кимнингдир ўлганини қишлоқ билмай қолса ҳам, бўлавераркан!
Йўқ, ундай эмас экан. Ёғсираган эшиги овоз берди. Жимжитликни бузиб, бу пастқам эшик бу улкан оламга жар солди:
– ўий-й-йиқ!..
Кейин остонада бегонанинг ўзи ҳам кўринди. Бўйнини чўзиб, пича теваракни синчиклади, ниҳоят, кўнгли тинчландими, аста кўчага оёқ қўйди.
Девона тўхтади. Кўчада туйқус пайдо бўлган бу одамга ажабсиниб қаради.
Уйдан чиққан одам девонага яқинроқ келиб, тўхтади. Оғзини хиёл очди, орада у ёқ-бу ёққа олазарак боқди, ҳайиқдими, гапирмади, аммо нималардир дегиси келаётгани йилтираб турган кўзларидан билгили эди. Девона узоқ кутди, ҳадеганда ундан сас чиқавермагач, ўзи бир нималар дегандай бўлди.
Қишлоқ унинг гапини эшитмади, лекин кўчага чиқишга, бу Девона билан бу бегонага яқинлашишга, гапларига қулоқ солишга юраги бетламади ҳам.
Девона кутганига эришавермагач, охири бегонанинг ис босган қулоғига оғзини қўйди ва…
…бир ўкирди!..
Бу ўкириқдан бегона титраб кетди, бошию қўлларини ихтиёрсиз қимирлатиб юборди.
Атрофдаги дарахту ёзги уйларга осилган ўргимчак тўрларидан айримлари чирт узилди. Кейин… Девона кетди. Жар ҳам солмай қўйди, орқасига ҳам қарамади, Қишлоқда қандай тўсатдан ва сездирмай пайдо бўлган бўлса, шундай тўсатдан йўқолди.
Бегона яна эшигини ғийқиллатиб… кулбасига кириб кетди. Қишлоқ тағин жимжитликка чўкди. Бу сирли-жумбоқли манзара кўзлардан тез ўчгани сингари эслардан ҳам тез ўчди. Худди аслида бўлмагандай…
Хикоялар
ЭТАКДАГИ КУЛБА