ХАСТАХОНА ҲАНГОМАЛАРИ…
Кўпчилик касалхона жонлантириш бўлимида фақат даҳшат, қўрқув, азоб ҳукмрон деб ўйлайди. Балки бу тўғридир. Аммо мен шу бўлимларда ётиб, бошқа нарсага гувоҳ бўлдим. Жонлантириш бўлимларида ҳам қизиқ фел-атворли, ҳазил-мутойибага ўч беморлар учраб тураркан.
Эшитиб кўринг-а!..
«Ҳасадгўй»
Касалхона жонлантириш бўлимига ётганимнинг эртаси куни ёнимдаги каравотга ёши етмишдан ошган қарияни ётқизишди. Қария дастлаб қуруқ салом-алик билан чекланди. Суҳбат қуришга ҳоли йўқми, сукут сақлайверди. Орадан бир кун ўтибгина жонланди. Ўшанда ҳамшира менинг қўлимга уч-тўртта дори тутқазган, билагимга иккита укол қилиб, шубҳасиз, қарияга ҳам дорилар бериб, эндигина ташқарига йўналганди, қария даст қаддини кўтарди.
— Ҳай қиз, — деди у лаби учиб. — Нимага бунга шунча дори-укол қиласан-у, менга атиги манавиларни берасан?
— Вой, дода, сизгаям бердим-ку! — кулди ҳамшира. — Қанча керак бўлса, ҳаммасини олдингиз-ку! У кишининг касали бошқа, сизники бошқа! Ахир…
— Э, йў-ўқ, — бўш келмади қария. — Масалан, унга иккита сариқ дори бердинг, менга эса битта. Укол қилмадинг менга. Унга бўлса, иккита укол қилдинг!..
Ҳамшира қариянинг фелини ё тушунмади, ё ҳазиллашиб, тинчлантиргиси келди чоғи, кулимсираб сўз қотди.
— Мунча ҳасадгўйсиз, дода? — деди кулишдан тийила олмай. — Ёмо-он ҳасадгўй экансиз-а!?.
— Ие, ҳали мени ҳасадгўй дедингми? — қария тўсатдан ўрнидан турди. — Қани, катта дўхтирингни чақир буёққа! Нега қаққайиб турибсан? Чақир дедим!
Хуллас, отахон шу куни роса тўполон кўтарди. На илож? Бемор-да! Унинг талаби билан сариқ дорини иккиталаштиришди, билагига ҳам иккита укол қилиб қутулишди.
Қариб қуюлмаган қария
Шифохонада ётган кунларимнинг бирида яна бир қизиқ воқеа содир бўлди. Олтмишни уриб қўйган палатадошим олис қишлоқлик Сарибой оға жуда қайсар чиқиб қолди. Эрталаб тўладан келган ҳамшира қиз билагига осма укол улади. Уёқ-буёғини кўздан кечириб, энди кетмоқчи бўлганди, Сарибой ака тўхтатди.
— Нимага доринг секин оқяпти? — тўнғиллади ҳамширага. — Нима, уззукун шу осма уколингга тикили-иб ётаманми? Тезлат!
Ҳамшира елка қисганча дори тезлигини оширди ва ташқарига йўналди.
— И-и-и-и-и!!! — дафатан ҳамширанинг билагига чанг солди Сарибой оға. — Юрагимни ёмон қип қўйдинг-ку! Менда қасдинг борми? Секинла-ат!
Хуллас калом, ҳақиқий ҳангома шундан кейин бошланди. Сарибой оға ҳамширани сира чиқиб кетишга қўймасди.
— Нимага уколингнинг ичаги нотўғри осилиб турибди? Падар қусур игнанг билакка ботиб кетди-ку, шайтон қиз! Нимага елим қоғоз тукимни юлволай деяпти?..
Ҳамшира нима қилишни билмасди. Қанча ҳаракат қилмасин, кекса беморни тинчлантиришга йўл тополмасди. Бир маҳал Сарибой оға кутилмаганда таклиф киритиб қолди.
— Ҳой қиз, — деди у. — Кафтингни кафтимга бос!
Ҳамшира шундоқ ҳам йиғлаб юборгудек аҳволда қолганди. Шу билан қутуламан деб ўйладими, кафтини Сарибой аканинг қўлига босди.
Билмадим, балки воқеа бошқачароқ тугаши, ҳамшира эмин-эркин бошқа ишларини давом эттириши мумкин эди. Тағин Сарибой оға чиришни бузди.
— Мунча қўлинг исси-иқ? — беўхшов кулиб игна санчилмаган қўлини узатиб, қизнинг кафтига қўйди. — Кампиримнинг қўли музга ўхшайди, ҳи-ҳи-ҳи!!!
— Ҳе башарангиз қурсин, қариб қуюлмаган чол! — Ҳамшира Сарибой аканинг бу муносабатидан сўнг қўлини шартта тортиб олди-ю, зарда билан ташқарига чиқиб кетди. Қария эса ҳануз хунук кулиб бош силкитар, очиғи, бу қилиғи менга ёқиб тушмаган бўлса-да, ўзим сезмаган ҳолда кулгисига жўр бўлардим.
Аския
Яна қайсидир касалхонанинг оғирхонасига олиб келиб, укол-дорилар билан «сийлашгач», ҳийла ўзимга келиб бошимни кўтардим. Юрак оғришдан тўхтамасди. Вей, жон оғрийверса, одам академик бўлиб кетаркан. Бундай пайтда фақат биттагина укол ёрдам бериши мумкин. Аксига олгандек, шу кеча қайсарроқ врач йигит навбатчиликда экан. Айланиб палатага кириб қолганди, таваккал уни чақирдим.
— Ҳўв, укам, оғриқ тўхтамаяпти-ку! Оғриқни қолдирмайсанми?
— Ҳозир ўтиб кетади, — деди врач йигит менга совуқ кўз ташлаб. — Дорилар тасир қилсин!
— Биласан-ку менга нима тасир қилишини! Ўшанингдан бир донасини опкелтирсанг-чи!
— Йўқ, мумкинмас! Аҳволингиз жа унақа оғирмас!
Қарасам, сира кўнадиган эмас. Шу тобда қачонлардир ўзим эшитган аския эсимга тушиб кетди. Шайтоним тутиб, қоронғиликда врачни ёнимга чорладим.
— Ҳай укам, буёққа кел, — шивирладим унга. — Кела қолсанг-чи!
Врач менга яқин келди.
— Қулоқни яқинроқ опкел! Қулоғингни тут дедим!
Врач қулоғини оғзимга яқинлаштирди.
— Ўша уколингдан биттасини опкелтирақол! — яна шивирладим мен. — Охириям бир кунингга яраб қоларман!
— Нима?
— Охириям бир кунингга яраб қоларман!
Врач бу гапимни эшитгач, энсаси қотганча, қаддини тиклади.
— Намунча қўрқитасиз? Прокурормисиз?
— Қулоқни опкел яна, — дедим кулгим қистаб. — Кимлигимни айтаман!
Врач йигит уф тортган кўйи қайтадан қулоғини оғзимга тўғрилади.
— Мен қабристонда гўрков бўлиб ишлайман!..
Шундай дедим-у, бошимни нари олдим.
Ишонинг, аскиянамо гапим шундай қайсар врачга ҳам тасир қилди, ҳа! Аввал жиддий менга қараб турди-ю, бирдан кулиб юборди.
— Ёмонси-из, ока, ёмонси-из! — деганча кўрсаткич бармоғини силкита-силкита палатадан чиқиб кетди. Хайрият, эсимга тушган ўша аския зое кетмабди. Бирпасдан кейин ўша ўзим сўраган дорини ҳамшира олиб кириб билагимга укол қилди.
Хикоялар
ХАСТАХОНА ҲАНГОМАЛАРИ…