ҚАМОҚ КЎРГАН «КУЁВ…» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

ҚАМОҚ КЎРГАН «КУЁВ…» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

ҚАМОҚ КЎРГАН «КУЁВ…» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)
ҚАМОҚ КЎРГАН «КУЁВ…» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Каззобликнинг нордон шўрвасини татиб кўрган одамнинг бу йўлдан қайтиши қийин кечади. Бир пайтлар эшитганим ушбу ҳикоя қаҳрамони ҳам узоқ йиллик қамоқ жазосидан-да тегишли хулоса чиқармаган кўринади. Акс ҳолда соф муҳаббатни лойга қориб қўймаган бўларди…

* * *

Тоштемир ёз кунларининг бирида эрта саҳар турма дарвозасидан ташқарига чиқди-ю, сал нарироқ бориб елкасидаги майда-чуйда буюмлар жойланган сумкани ерга қўйди ва обдон керишди. Сўнгра чор атрофни берилиб томоша қила бошлади.

Турма яқинига экилган тераклар бир маромда тебранар, шхдан шохга қўниб учаётган қушларнинг чуғур-чуғури дилга ҳузур бахш этарди.

Тоштемирнинг кўз ўнгида бундан саккиз йил аввалги манзаралар намоён бўлиб юраги ғаш тортди. Ҳа, ўшанда ҳам ёз эди. Тушга яқин уни маҳбуслар вақтинчалик сақланадиган турмадан шу ерга олиб келишганди. Ўшанда ҳам мана шу теракларга суқ билан боққанча соқчилар қуршовида ичкарига чопганча кириб кетганди. Шундан бери бу ерда деярли бемалол туриб озодлик ҳавосидан нафас олмабди. Тўғри-да, хавфли каллакесарни ким ҳам ташқарига чиқариб қўярди.

«Мендан ҳаммаси қўрқади. — кўнглидан ўтказди Тоштемир чўнтагидан сигарет чиқариб тутатаркан. — Бошида аҳмоқ бўлиб мелисалардан қочиб юрган эканман. Аслида турма мендайлар учун гўё меҳмонхонадай гап экан. Тан олиш керак, овқатининг мазаси йўқ. Лекин авторитет бўлсанг, бунинг ҳам иложини топса бўлади. Эҳ, Зарифани севмаганимда-ку, ўлдиришса ҳам бу ердан кетмаган бўлардим. Нима қилиб бўлмасин, баҳона топардим. Майли, барибир Зарифанинг бағрида яшаш завқлироқ. Унинг шириндан ширин кулишлари, нозланишларини соғиндим. Худо хоҳласа, бораман-у, уйига совчи қўяман. Афсус, ота-онам ўлиб кетишди-да! Йўқса, бошқачароқ бўларди. Майли, пешона экан. Бундан баттарларига чидаганман. Ёлғизлиги нима бўпти. Ана, мендан обдон озодликка чиққан акахонлар бор. Ўшалар ёнимда туриб беришса бас. Ҳаммаси яхши бўлади…»

Тоштемир яримлаб қолган сигаретни ерга ташлаб оёғи билан эзғилади-да, дарвоза олдида турган соқчига масхараомуз тиржайиб қўйиб катта йўл томон юрди.

* * *

Ота-онасидан қолган уч хонали квартира эшигига ҳеч ким қўл теккизмаганини пасту баландини босган чанг, ислардан билиб олиш қийин эмасди.

Тоштемир сумкасидан кирлаган чит рўмол олди-да, чангларни артиб эшикни очиш ниятида калитни қўлига олди.

Шу тобда рўпарадаги квартира эшиги очилиб, қўшниси Маржон хола қўлида катта тоғора билан чиқиб қолди. Аёл Тоштемирни кўрди-ю, билинар-билинмас сесканса-да, сездирмасликка тиришиб мажбуран жилмайди.

— Вой, Тоштемирмисан? — сўради Маржон хола шоша-пиша қўлидаги тоғорани ерга қўйиб. — Қ-қачон келдинг, болам?..

— Мана, ҳозир келиб турибман, хола! — деди Тоштемир кўришиш учун елка тутиб. — Ўзингиз-чи? Ясан-тусан қилиб қаерга отландингиз?

— Ие, ҳали эшитмадингми? — негадир ортга тисланди Маржон хола.

— Нимани… Эшитмай ман?..

— Вой, Зарифани эрга беришяпти-ку!.. Бугун… Тўйи… Ўшанга…

— Эрга беришяпти?..

Бу гап Тоштемирнинг миясига босқон каби урилиб беихтиёр қалқиб кетди.

— Ҳ-ҳа… Мен сени…

— Кимга?.. — сўради Тоштемир совуққонлик билан. — Айтинг, кимга беришяпти?..

— Тўртинчи домдаги Шуҳрат деган йигитга… — деди Маржон хола қўрқа-писа. — Университетни… битирган экан.

— Шунақами?.. Университетни тугатган экан… Муллавачча экан денг?..

Тоштемир ортиқ ҳеч нарса демади. Азбаройи асабийлашганидан хайр-мазурни-да унутиб квартираси эшигини очди-да, ичкарига ўзини урди.

* * *

Не-не ширин орзулар билан уйга қайтган Тоштемирнинг қалби бир оғиз сўз туфайли гўёки гўристонга айланиб қолганди.

У икки-уч соатгача нима қилишни билмади. Хоналарни телбаларча айланиб вақт ўтказди.

Бироқ ғурури узоқ сукут сақлашга, куйиб-ёнишга қўймасди.

Собиқ маҳбуснинг хаёлида даҳшатли манзаралар сояси кеза бошлаганди.

— Йўқ, — Дўкондан олиб келган бир шиша ароқни паққос тушириб, кайфи таранг бўлгач, Тоштемир ўзига ўзи сўз берди. — Зарифа фақат меники бўлиши керак. Бундан бошқасига кўнмайман… Тўхта, мен тўйхонага бостириб бораман. Ўша куёвчанинг башарасига тик боқиб кўраман. Агар ҳезимкаш бўлмаса, яккама-якка, эркакчасига гаплашаман…

Мана шу қарор уни йўлга отлантирди.

Ошхонада занг босганча ётган ошпичоқни ювиб, тозалаб, янгитдан қайради-да, чўнтакка урди ва соатига қаради.

Кечки олтидан ошибди.

Демак, тўй бошланишига бир соатча вақт қолган.

Шошилмаса бўлмайди…

* * *

Ҳашаматли, деворларига турли жимжимадор нақшлар дид билан чизиб чиқилган тўйхона меҳмон ва мезбонлар билан гавжум эди. Тоштемирни кимдир пайқади, кимдир пайқамади.

У тўғри ичкарига кириб келин-куёв учун мўлжалланган тўрдаги жойга разм солди. Жой ҳали бўм-бўш эди. Фақат бир четда эгнига зар чопон, бошига зардўз дўппи қўндирган озғин бир йигит жўраси билан нималарнидир ўзаро муҳокама қиларди.

«Шумикан менинг насибамга кўз олайтирган? — ўйлади Тоштемир улар томон яқинроқ бориб. — Наҳотки Тоштемирнинг тарифини эшитмаган бўлса бу пайтавафаҳм?.. Ҳа, эшитмаган. Эшитганда Зарифага оғиз солишга жазм этолмасди. Майли, кўрармиз…»

Алоҳол куёв бўлмишнинг ёнида турган йигит унинг қулоғига нимадир дея пичирлади. Куёв бирдан ҳушёр тортди ва қўлларини мушт қилганча Тоштемир томон хезланиб қўйди. Албатта, жўраси уни билагидан тутиб тинчлантирган бўлди. Тоштемирга эса куёвнинг бу қилиғи эриш туюлиб икковларининг қаршисида ҳозир бўлди.

— Хўш, куёв бола, келин муборак энди! — қўлларини чўнтагига солганча киноя аралаш сўз қотди Тоштемир. — Айтмасангиз ҳам келавердик. Ё таклифномаси йўқларни тўйга киритмайсизми?

— Нега келганингни билсак бўладими? — жавоб ўрнига савол ташлади куёв базўр ўзини босиб. — Муштлашгани келган бўлсанг, билиб қўй…

— Ҳай-ҳай!.. Бу нима деганингиз? — ҳамон сизлашда давом этди Тоштемир. — Сиз бугун энг мартабали одамсиз. Қандай қилиб сизминан муштлашай?.. Қолаверса… Бунга сабаб бўлиши керак-ку!..

— Ўзингни гўлликка солма, Тоштемир! — деди куёв. — Эшитиб қўй, бугун тўйим! Зарифага бир гап бўлса, ўлдим деявер!

Тоштемир йигитнинг оғзидан қадрдон исмни эшитгач, ўзини тутиб тура олмади.

Шартта ёқасидан бўғиб олди.

— Зарифа деган исмни оғзингга олма, қанжиқ! — шивирлади у чор атрофдан ёпирилиб келган эркакларга этибор бермай. — У меники бўлиши керак. Буни билармидинг?.. Ҳа-а, билардинг. Билиб туриб менинг насибамга чанг солдингми ҳали? Тоштемирнинг насибасига-я?..

Бир маҳал куёвнинг яқинлари Тоштемирни ҳар ёқдан тортқилай бошлашди. Бу собиқ маҳбуснинг баттар ғазабини қўзғади.

Энди Тоштемир эпчиллик билан чўнтагидаги ошпичоқни чиқариб куёвнинг томоғига тиради.

— Яқинлашмаларинг! — қичқирди у. — Нари бор ҳамманг! Йўқса, куёвчангдан айрилиб қоласан!.. Йўқол! Ўлдираман!..

Бу ҳайқириқ кимларнидир ортга қайтарди, кимлардир масофадан туриб Тоштемирни инсофга чақирди. Яна кимдир милицияга қўнғироқ қила бошлади.

— Қўйвор! — хириллаб Тоштемирнинг қўлидан халос бўлишга уринарди куёв. — Зарифа аллақачон меники бўлган! Кечикдинг!..

— Нима?.. Ҳали сен… Менинг Зарифамни… Сен-а?..

Аслида куёв никоҳ ўқилганини назарда тутганди. Тоштемир эса бу гапни тескари англаб қутургандан қутурди…

Тишларини ғижирлатганча пичоқ тиғини куёвнинг томоғига тиқиб юборди…

Орадан ўн дақиқача вақт ўтди. Ҳаммаёқ қонга бўялди…

Афсуски, биргина қамоқ кўрган Тоштемирнинг дағдағасидан қўрққан эркаклар ўз вақтида унга ташлана қолмади. «Куёвни ўлдирмаса бас, ўзи мана, мана ҳозир қайтади, инсофга келади» дея хаёл қилишди.

Бу хаёл ҳам Тоштемирнинг шаштини қайтармади.

Пешонасига чимилдиққа кириш битилмаган куёв бир зўравон қўлида жон берди.

Ярим соат деганда, у яна қўллари кишанланган ҳолда милиция бўлимига олиб кетилди.

Хикоялар
ҚАМОҚ КЎРГАН «КУЁВ…» (Воқеа реал ҳаётдан олинган)