Мистик ҳикоя: «Еттинчи қаватдаги шарпа»

Мистик ҳикоя: «Еттинчи қаватдаги шарпа»

Мистик ҳикоя: «Еттинчи қаватдаги шарпа»
Мистик ҳикоя: «Еттинчи қаватдаги шарпа»

йиллардан буён бўш еттинчи қаватга кўчиб келган кичик оилага бу жой ёқмади.

— Умуман ёқмади! — деди аёл эрига ўтинч билан қараб. — Илтимос, бошқа уй топайлик…

— Қўйсанг-чи, ахир унчалик ёмон эмас-ку! — гапига ўзи ҳам ишонмаган йигит хотинини овутишга уринди. — Атиги бир-неча ой, холос. Кейин кетамиз.

— Кўнглим шу қадар ғашки, — аёл маюс тортиб, ўтинишда давом этди, — бир кўришдаёқ бу ерлардан қочгим келди.

— Илтимос, одамни қийнама! Биласан-ку, қулоғимгача қарзга ботиб кетганман. Сабр қилайлик…

— Майли розиман, фақат бир неча ойга!

* * *

Шу билан улар янги уйга нарсаларини жойлаштира бошлашди. Ситора хоналарни кузатаркан, деворлардаги қора ёриқлардан, тирналган излардан ҳайратга тушди. Деярли ҳар бир хонада худди тирноқ излари билан тирналгандай чизиқлар, полларда ҳам майда ёриқлар бор эди.

Йигит бир неча йилдан буён тузукроқ ишнинг бошини тутолмас, аммо кунининг асосий қисми доим кўчада ўтарди. Фел-атворидаги масулиятсизлик сабаб фарзандли бўлишга ҳам ўзини тайёр деб билмас, вақти-вақти билан оила ҳам унинг учун оғирлик туғдирарди. Бугун ҳам у ўзини дўстлари иштирокидаги базмга урган, хотини эса ваҳимали уйда ёлғиз. Ситора барчаси жойидалигига ўзини ишонтиришга уриниб, ишларини қилишга тушди. Олиб келган гулларини дераза ёнига тахлади, дарпардаларни илди, чироқларни ёқиб қўйди. Хуллас, уйнинг ваҳимали салобатидан қутулиш учун қўлидан келганича уринди. Аммо уй, барибир, совуқ тароватини йўқотмаган, атроф аллақандай қўрқинчли. Ўзини чалғитишга уринган Ситора эски суратларни томоша қилишга тушди. Гарчи қилиниши керак бўлган ишлари кўплигига қарамай, у «Ўзимни чалғитмасам бўлмайди», деб ҳисоблади.

Суратлар унча эски ҳам эмас. Асосан, ўқиш давридаги суратлар.

— Қандай яхши дамлар эди, — деди қиз ўзига-ўзи гапириб хиёл жилмаяркан.

Ана шу он кулги овози эшитилди. Аёл кишига тегишли овоз. Ситора кимдир хандон отиб кулганини аниқ эшитди ва бирдан ўрнидан сакраб турди. Унинг қўллари, оёқлари титрарди.

— Ким бор? Ким бор  бу ерда?!

Кулги овози тинди. Аммо аёлнинг ҳаяжони тинмади. У «Қулоғимга шунчаки эшитилди», деб ҳисоблади-ю, бироқ қўрқувдан қутулолмади. Малум вақт на ўтиришни, на иш қилишни билмади. У шу алфозда эри келгунигача кутди.

— Жуда ёқимли кулги эди. Шўх ва қувноқ қизнинг кулгиси…

— Хўш, унда нега қўрқдинг? — деди хотинини этиборсиз эшитаётган эр телефонини титкилаб. — Эҳтимол, у қўшни қиздир.

— Еттинчи қаватда фақат биз турамиз-ку!

* * *

Тун бўйи Ситора қўрқиб чиқди. Йигит эса ҳуррак отиб ухларди. Бу бино атрофига ҳатто кўча чироқлари ҳам ўрнатилмаган, уй эгаларининг айтишича, ўрнатилган чироқлар ёки ағанармиш, ёки ўчиб қолаверармиш. Тун зулматига қарамай шифтдаги қора излар ой нури остида яққол кўриниб турарди. Кўзларини юмишга-да қўрқаётган Ситора шамолда очилиб кетган деразани ёпиш учун ўрнидан турди. Шу он кимнингдир йиғлаётганини эшитди. Ҳозир эрини уйғотишдан наф йўқлигини, эри, барибир, унга ишонмаслигини кўнгли сездими ёки эрини уйғотса бу ғайритабиий ҳолатнинг тагига етиш яна ортга чўзилишини ўйладими, қалтираган кўйи қўшни хонага кириб борди.

— Биламан, бу уйда яна кимдир бор ёки сиз руҳмисиз?!

Ситоранинг хуноби ошди, у энди барини эрига айтиши ва бу уйни тарк этиши лозим. Акс ҳолда қўрқув уни тамом қилиши аниқ.

— Кетма!..

Йиғи тиниб, буйруқ оҳангида айтилган сўз қизни турган ерига михлади. Ортига ўгирилди. Ҳеч ким йўқ.

— Сен ҳам мени ташлаб кетасанми? Кетма! Мен сен билан дўст бўламан! Сенга ёмонлик тиламайман. Фақат мен билан бироз гаплаш…  Мени шу ерда ўлдириб кетишган! Анча йиллар аввал… Тунда…

Ситоранинг катта очилган кўзлари ҳамон овоз эгасини қидирарди, вужудини босган титроқ, совуқ терга бардош қилолмаслиги равшан.

— Мен ўша куни жуда хурсанд эдим. Бу уй ниҳоятда чиройли гуллар билан тўла эди. Тўй куним эди у кун! Бирдан эшик қўнғироғи чалинди. Улар кириб келишди.

— Ким эди улар?!

Аёл жим бўлиб қолди. У энди гапирмас, ҳатто йиғламасди. Қиз эса қўрқа-қўрқа аста ортига ўгирилди. Шу пайт сочлари ёйилган, юзи тирналиб қон оқаётган аёлни кўрди-ю, эси чиқаёзди. Бақиришга шайланганди ҳамки, сочлари тўзғиган аёл уни бўғиш учун ёпишди…

— Эй, Худо!

Ситора бақириб уйғонганида ўз каравотида ётар, эри эса унинг ёнида эди.

— Тинчлан, тинчлан! — деди у рафиқасини овутиб. — Сен шунчаки ёмон туш кўрдинг, тинчлан!

— Қасам ичаман, бу уйда қандайдир гап бор! Илтимос қиламан, бу ердан кетайлик, мен жуда қўрқяпман, жуда ҳам қўрқиб кетяпман!..

* * *

Тонг отганда ҳам қиздаги қўрқув камаймаган, у ҳуштак чалиб, бамайлихотир кийинаётган эрига маносиз тикиларди. «Наҳотки мендаги ҳолат шунчаки ваҳима бўлса?!» дея ўйланарди Ситора. Аммо энди у эрига ҳеч нарсани гапирмасликка қарор қилди. Барчасининг тагига ўзи етади. Ҳаммаси жойида эканини айтиб, эрини кузатди-да, жимгина кейинги воқеаларни кутди. Ситоранинг яна нимадир содир бўлишига ишончи комил. Кулги овози яна янграшни бошлади. Яна ўша беғубор кулги.

— Сен жуда чиройли қизсан!

Аёл гапидан сўнг яна кулишда давом этди.

— Шу сабабли мени ўлдирмоқчи бўлдингми? — деди Ситора овоз қаердан келаётганини пайқашга уриниб ён-верига алангларкан.

— Мен сен билан ҳазиллашдим, холос. Истасанг, бу ўйинни яна ўйнаймиз. Сенга вада бераман, ўлмайсан!

Аёл яна кулди. Бу овозлар, суҳбатлар, турли қўрқинчли ҳолатлар қизнинг эсини оғдириб қўйиши аниқ. Бу вазиятдан қутулишнинг ягона йўли уйдан кетиш… Овоз эгаси узоқ гапирди. Ҳаёти, севган йигити, чиройли кунлари ҳақида хандон отиб сўзларди. Қиз эса саволларини берди. Уларнинг суҳбати то кечгача чўзилди.

— Бугун кунинг қандай ўтди? — эртароқ қайтган эр хотинидан ташвишланарди. — Ҳеч нима безовта қилмадими?

— Йўқ, ҳаммаси жойида.

— Аниқми? — деди йигит рафиқасига синчков тикилиб.

— Аниқ.

— Жуда соз, — эри киссасидан пул чиқариб хотинига узатди. — Эртага уй эгаси келади, мана бу ижара ҳақи… бериб қўй.

Ситора индамай пулни олди ва хотиржам ишларини бажаришга тушди. Унинг фикри қатий, бу уйда узоқ турмайди. Фақат бир амаллаб бугунги кечани ўтказиб олса бас. У бугун тунда яна номалум аёл уни чақиришини, суҳбатга тортишини яхши биларди. «Аммо нима бўлган тақдирда ҳам эримдан узоқлашмаслигим керак», деган қарорга келди Ситора.

* * *

Сокин тун. Ташқарида ёмғир овози ўчди. Яна йиғи овози эшитила бошлади. Бу сафар номалум шарпа у ердан бу ерга катта тезлик-да ўтар, йиғи овози ҳам кучлироқ эди.

— Илтимос, менинг ёнимга кел!

«Мен бормайман, барибир, бормайман!»

— Менга раҳминг келсин, келақол, сенга зарарим тегмайди!

Ситора бу аянчли йиғи овозидан ўзини қўярга жой тополмас, ҳам қўрқув,  ҳам ачиниш ҳисси қийнарди уни. Энг қизиғи, эри шовқинни эшитмас, ҳеч нарсадан бехабар ухларди. Тонг шу тариқа отди. Ситора эрини кузатиб, ижарачи келишини интиқ кута бошлади.

— Яхшимисиз? Мен ижара пулини олгани келгандим… — деди тушликка яқин остонада шошилиб турган қарироқ киши.

— Ҳ-ҳа, хўжайиним айтганди, — бироз талмовсираган Ситоранинг қўллари қовушди. — Сиздан бир нарса сўрамоқчи эдим. Ҳалиги… биздан аввал бу уйда ким турган?

— Нега тинчликми? — шубҳа аралаш сўради ижарачи. — Анча йиллардан бери ҳеч кимни ижарага қўймайман. Очиғи, бу ерда бир қизни ўлдириб кетишган!

— Ким?!

— Қандайдир ўғрилар, шекилли, — бепарво бош қашлади уй эгаси. У қўл соатига тез-тез қараб қўярди. — Бечорани тўйи куни ўлдиришган, арзимаган тиллалар учун. Улар жуфтлик эди чоғи…

«Эҳтимол, у мен ва эримни ўша қотиллар дея ўйлагандир!»

— Қотиллар ушланганми?!

— Менга қаранг, ҳозир жуда шошяпман. Кейин айтиб берарман, илтимос, пулни олиб чиқинг, — деди хуноби ошган эркак қовоғини уйиб.

— Пул йўқ, — деди Ситора бамайлихотир. — Кечирасиз, эрим берган эди, мен йўқотиб қўйибман.

— Нима? Сиз устимдан куляпсизми?!

Ситора индамай тураверди. У атай ижарачининг асабига тегарди. Шу тариқа жанжал кўтарилди ва қиз эрини чақиртириб, улар уйни ўша куниёқ тарк этишди.

Ситора машинага ўтириб, сўнгги бор ўша совуқ бинога ва еттинчи қаватдаги синган дерзага қараркан, қачонлардир бу ерда бахтли келинчак кулиб турганини тасаввур қилди.

Хикоялар
Мистик ҳикоя: «Еттинчи қаватдаги шарпа»