Тунги суҳбат
Ҳатто зиёли кишилар ҳам уни кўчада учратиб қолсалар, ортидан ҳавас билан қараб қолишар, гўё саҳро сайёҳининг кўзига муздек зилол булоқ кўрингани каби нигоҳини узишга куч тополмас эди. Унинг эри тасбеҳ, тамаки ва гул каби майда-чуйдалар сотиш билан шуғулланарди. Турмуш ўртоғи вафот этганида Умму Аббос ҳали қирққаям кирмаган эди: ҳузурли ёш, қўшниларнинг фикрича, аёл бенуқсонлик чўққисини забт этган, унинг вужуди, нафис терисидан кишини мафтун этадиган ўзига хос ифор анқиб туради… Бунинг устига Умму Аббосга мол-мулк мерос қолди, эридан сўнг у уй-жой соҳибасига айланди. Тўғри, уй бир оз нураб қолган, аммо тўрт қаватли, пастки қаватда эса учта дўконча жойлашган. Бу маҳалла кишиларининг кўпчилиги қашшоқ эди, шунинг учун тул қолган Умму Аббос уларнинг кўзига тотли ширинлик бўлакчасидек кўринар, аксар эркаклар уни ўз аёли сифатида кўришни хоҳлашарди. Аммо тақдир бошқачароқ фармойиш берди: Умму Аббоснинг хаёлини банд қилган одам ҳеч кимнинг диққатини тортмайдиган Ҳусайн аравакаш бўлиб чиқди, уям майлику-я, Ҳусайн ҳатто аравачаниям ижарага олган эди. У ўттиз ёшлардаги давангирдай одам эди. Ўзининг қўпол ва муштумзўрлиги билан донг таратган Ҳусайн баҳона топилиши билан, базан эса ҳеч бир важ-корсонсиз муштлашишга ҳамиша тайёр турарди. Маҳаллада ёшу қари ундан қўрқишар, ҳеч ким бу одамга рўпара бўлишни истамасди. Шундай соҳибжамол қандай қилиб унинг тузоғига илинганига ҳеч ким тушунмади. Қўшнилар аёлдан ранжидилар, ғийбатини қилдилар ва унинг тутган йўлини нотўғри деб баҳоладилар. Сўнг оғир хўрсинганларича:
– Шўрлик аёл! Бечорагина ўғли Аббос!.. – дедилар ачиниб.
Аббос аёлнинг биринчи эридан бўлган фарзанди. У йигирма ёшлардаги ўта самимий, аммо тентакнамо фелли ўспирин бўлиб, дудоғидан доимо болаларча табассум аримайди. Хаёлчан кўзларида эса сирли ифода балқиб туради. Ҳали ёш эканига қарамай соқол-мўйлов қўйган, уларни эринмай парваришлаб ўстирарди. У талим олиш учун бошланғич синфга борганида алифбонинг бирорта ҳам ҳарфини эслаб қололмаган. Натижа малум, бутунлай саводсиз эди. Отаси ўғли ҳаётда йўлини топишига кўмаклашиш мақсадида уйнинг биринчи қаватида ширинликлар, нўхат ва писта сотадиган дўконча очиб берган. Тўғри, Аббос ширинликларни оз-моз сотиб ҳам турарди, бироқ аксариятини болаларга текин тарқатарди. Онаси Ҳусайн аравакашга турмушга чиққанида у бир неча кун қаергадир йўқолиб қолди. Қайтганида эса қўшнилар ундан аҳвол сўрасалар, тана аралаш бош чайқаб:
– Бошқа одамни отамнинг ўрнида кўролмайман, онамнинг бу иши яхшимас, – деди.
Тентаклиги тутиб қолганида бўлса юқорига — онасининг деразасига қараб баланд овозда қичқирарди:
– Оллоҳ гуноҳингизни афв этсин, Умму Аббос !
Илгарилари кеч тушиши билан у ўзининг галабейини ечиб, оч кўк рангли костюмини кияр, соқол ва мўйловини ҳафсала билан силлиқлаб тарар, бошига попукли ҳожидўпписини қўндириб, қўлига ҳассасини оларди-да, дўкончани қулфлаб, сайр қилиб келгани жўнарди. У йўлида учраган ҳар бир одам билан қуюқ сўрашарди. Оғзига қанд бўлагини солиб олиб, деярли бутун кеча давомида беҳад бахтиёр кўринишда тентиб юрарди. Онаси турмушга чиққанидан кейин ҳам бу одатини ўзгартирмади, аммо дўкончага бутунлай кўчиб ўтди. Онаси ўғлининг ўжарлигини билгани учун бунга қаршилик қилмади. Тунги саёҳатлари пайтида ўғли бирон нохушликка дучор бўлиши мумкинлигидан Умму Аббос қўрқмасди, ҳамиша фаришталар ўғлимни асрайди, дея такидларди.
Ҳусайн кунларнинг бирида дўкончага кириб келди. Аббос кутилмаган меҳмонга тик боқиб, овозини кўтариб очиқчасига деди:
– Чиқиб кет, сени кўришни истамайман!
– Ахир мен ўгай бўлса ҳам сенинг отангман-ку! – деди Ҳусайн ғазаби қайнаб тутаққанича.
Одамлар жанжал авж олиб кетмасидан уларни ажратишга ошиқишди. Ҳусайнни тинчлантиришга уриниб, ўспиринни ҳимоя қилишди. Умму Аббос бу ҳолдан жуда ранжиди, оҳу кўзларида ёш ялтиради. Чунки Аббос унинг ягона фарзанди эди. Шу билан бирга Аббоснинг чиройли юзи онасига жуда ўхшаб кетарди. Онаси эса уни ҳаддан ортиқ яхши кўрарди.
Ҳусайн уйланганидан сўнг янада қўпол ва жаҳлдор бўлиб қолди. У улфатларини тез-тез меҳмонга чорлаб турар, улар билан хурмачасидан тошгунича ичарди. Оёғида зўрға тик туриб, хунук овозини баралла қўйиб қўшиқ айтарди.
Аббос уни бундай ёввойи ҳолатда кўриб, дўконидан кўчага чиқар, тепага, онасининг деразасига қарата баланд овозда ҳар доимгидай қичқирарди:
– Оллоҳ гуноҳларингизни афв этсин, Умму Аббос!
Бир куни гарчанд Умму Аббоснинг деразаси ёпиқ бўлса-да, унинг хонасидан кўчага шовқин-сурон ва хириллаган қичқириқлар эшитилди:
– Бу уйда мен хўжайинман, ҳамма нарса менга тегишли!
Илгарилари ҳамма фақат ҳурмат ва муҳаббат билан қараган аёлга ҳақорат ва пўписалар довули ёғилаётганини эшитган қўшнилар бир-биридан:
– Нима гап? – деб сўрадилар.
– Ҳусайн бунчалар ғазабда эканининг сабаби пулга бориб тақалади, – жавоб берди шу ерда яшовчилардан бири. – Ахир уларнинг ягона даромади — бино ижарасидан йиғиладиган пуллар. Уй эса аёлга тегишли.
Олдинлари Умму Аббос оқ рангли узун ёпинчиғини елкасига ташлаб кўча айланишга чиқар, теваракдаги одамларга виқор тўла нигоҳлари билан боқиб ўтарди. Бироқ у энди ҳатто қўшнилар билан сўрашгани ҳам уйдан чиқмай қўйди.
Ҳусайн дўқ-пўписа билан хотинидан пул ундиришда давом этарди, аммо у бунга қаноатланмасдан бир куни маст ҳолда Аббоснинг дўконига тушди. Овозини кўтариб, бад фелини намойиш қила бошлади:
– Ҳой, етимча! Ўлиб кетган отангдан сенга ҳеч бўлмаса бирон чақа мерос қолгандир-а? Яхшиликча айт, пулларинг қаерда?
Аббос унга ҳатто ўгирилиб ҳам қарамади, гўёки ён-верида кимса йўқдай. Ҳамиша дўконча олдида ўйнаб юрадиган болакайлар бўлса тумтарақай бўлиб қочиб қолишди.
– Ё сен ҳам барча шу уйда яшовчи кишилар сингари ижара пули тўла ёки бу ердан қорангни ўчир! – йигитга бақира бошлади Ҳусайн.
Шунда сут сотувчи Байюми уни тинчлантириш учун ёрдамга ошиқди. Худо асрасин-у, тағин бу одам жаҳл устида бирон гуноҳ иш қилиб қўймасин. Шу сабаб унга яхши гапириб дўкондан олиб чиқиб кетди. Аммо Ҳусайн ҳалиям тили тутилганича Байюмининг юзига сўлак сачратиб, дўконга қараб бақиришда давом этарди:
– Тентак, ярамас, ҳароми!
Кечки пайт Аббос юзидаги ҳеч ўзгармайдиган беозор ифода билан ўзи учун одатга айланган сайрга йўл олди. Йўлида учраганларга ёқимли жилмайиб, илиқ сўзлар билан сўрашиб ўтарди. Ҳусайн тағин хотинига пўписа қилишга жон-жаҳди билан киришди. У хотинидан уй ва дўконларни ўз номига ўтказишни талаб қилаётганди. Низо борган сари аланга олар, жанжал бутун маҳаллага овоза бўлганди. Базилар аёлга манан кўмакка интилдилар. Умму Аббос қўшниларга аччиқ қисматидан нолиб йиғлади. Раҳмдил кишилар Ҳусайн билан ўртасига тушмоқчи ҳам бўлдилар, бироқ эр-хотиннинг ўртасига эсини еган тушади деб ўйладиларми, ҳар қалай ниятларини амалга оширмадилар — Ҳусайннинг қаҳридан қўрқишди. Ахир у яқиндагина қўшниси Кармаллнинг адабини берганди. Чунки у Умму Аббос берган пулларни ўғлига етказишга кўмаклашган эди. Аббосга пул бергани учун ярим тунда бахтиқаро аёлга калтак ёғилди, энг беадаб сўкишлар билан ҳақоратланди. Бечора йиғлай-йиғлай бундай яшашда давом этиш мумкин эмас, деган қарорга келди…
Тонготар сукунатини даҳшатли чинқириқ овози тилка-пора қилди. Ширин уйқуда ётган одамлар қичқириқ қаердан келганини билиш учун дераза тавақаларини ланг очдилар. Кўплар ўша жойга боришга отландилар. Тунчироқ ёруғида бангихона олдида қўрқувдан қалтираб турган сут сотувчи Байюмини кўрдилар. У маҳаллада ҳаммадан олдин уйғонар, ҳали тонг ёришмасидан идишини кўтариб сутга чиқарди. Бу одам нега бунчалар қўрқди экан? Қарасалар, ундан сал нарида Ҳусайн ётарди. Бошининг остида қон ҳалқоб бўлиб тўпланиб қолганди. Танаси худди қопдай чўзилиб ҳаракатсиз думалаб ётарди.
Бутун маҳалла ғалаёнга келди. Дарҳол полициячилар етиб келишиб, тергов бошладилар. Терговчилар ишни синчиклаб ўрганишар, ҳар бир гумонни текширишарди. Биринчи бўлиб Кармаллни чақиришди. Чунки у Ҳусайннинг ҳақоратлари қурбони бўлган охирги одам эди. Кейин марҳумнинг ўнга яқин дўст-улфатлари, сўнг адоватда бўлган кишилари, Умму Аббос, ижарада турганлар, сутчи Байюмининг ўзини ҳам сўроқ қилдилар. Аммо уларнинг ҳаммаси бутунлай айбсиз эканликларини исботлашнинг уддасидан чиқишди. Ҳатто Аббосни ҳам терговга чақиришди. Йигит жиноят юз берган вақтда қаерда бўлгани ҳақидаги саволга гўллик билан жилмайиб, жавоб берди:
– Хизр билан.
Терговчи Хизр кимлиги билан қизиқиб қолди.
– Наҳотки йўлини йўқотганларнинг ҳомийси бўлган ҳазрати Хизр ҳақида эшитмагансиз?! – деди у ғоят аҳмоқона илжайиб.
Одамлар Аббоснинг тунги сайрлари ҳақида билишарди, у одатда сандироқлайдиган жойлар, унинг бир оз тентаклиги хусусида гувоҳлик бердилар. Шунинг учун ҳам уни қотиллик алоқадор деб бўлмайди.
Иш боши берк кўчага кириб қолди, жиноят очилмади. Битта хулоса аниқ бўлди: Ҳусайннинг боши қандайдир ўткир буюм билан ёрилган, натижа эса ўлим билан тугаган. Тўғрисини айтганда, марҳумга ҳеч ким ачинмади, фақат одамлар бир-биридан қотил кимлигини суриштиришди. Бу ҳодиса анча вақтгача қўшниларнинг суҳбатларида асосий мавзулигича қолди.
Олдинига Аббос энди онасининг уйига қайтади деб ўйлашаётганди, аммо бундай бўлмади. Аёл қаттиқ қайғуга ботиб, ҳасрат чекди. Шунча кўргиликларига қарамасдан гўзаллиги олдинги шукуҳини сақлаб қолди. Умму Аббос тағин мағрур ва мафтункор нигоҳ ташлаб кўчаларда юрадиган бўлди.
Бу ўз самарасини бериб, қўлини сўровчи талабгор ҳам топилди. Ёш эркак, ҳали ўттизга ҳам кирмаган, қассоблик билан кун кечирадиган камбағал бир киши соҳибжамолнинг юрагини забт этди. Уни Абду дейишарди. Келишган, мўмин-қобил, ҳалол йигит. Одамлар ҳайрон бўлдилар: «Наҳотки Умму Аббос ўзининг аччиқ кечмишини унутган бўлса?” Кўз очиб юмадиган фурсат ўтмасидан Абду унинг эрига айланди. Шунга нима бўлибди, балки Яратган уни ўтмишдаги уқубатлари учун яхшилик билан тақдирламоқчидир. Бироқ турли гумон ва мишмишлар тарқай бошлади: Ҳусайннинг сирли ўлими Абду билан алоқадор эмасмикин?
Аббос яна олдинги гапини такрорлади:
– Отамнинг ўрнида бошқа кишининг бўлиши яхши эмас.
У яна кўчага чиқиб, тепага қараб баланд овозда қичқирадиган бўлди:
– Оллоҳ гуноҳларингизни афв этсин, Умму Аббос!
Ваҳимали мишмишлар полицияга қадар етиб борди. Натижада яна тергов иши очилди. Умму Аббос ва унинг янги эрини сўроқ қилишди, аммо ҳеч нима ойдинлашмади. Жумбоқ ечимсиз қолди.
Абдунинг табиати тилла эди — хотинига ҳурмат билан муносабатда бўларди, ундан меҳр-муҳаббатини дариғ тутмасди. Даставвал Аббосга хайрихоҳлигини намоён қилди, бироқ йигит унинг бу истагини қатий рад этди.
– Мени ўз ҳолимга қўй, – деди у чўрт кесиб.
Шунга қарамасдан ўгай отаси у ҳақда қайғуриш ва ташвишланишда давом этди. У Умму Аббос ўғлини яшаш учун зарур воситалар билан таминлаяптими-йўқми, назорат қилиб турарди. Бу орада Абду амалда анча журатли ва мулоҳазакор эканлигини кўрсатди. У рафиқаси, яни уй бекасига бинонинг эски ҳовлисини сотишни таклиф қилди. Унинг пулига эса уйни тамирлаш ва яна бир қават қуриш мумкинлиги таклифини киритди. Умму Аббос унга бутунлай ишонадиган бўлди. Эрининг маслаҳатларига қулоқ тутарди. Ижарадан келадиган даромад анчагина кўпайди. Одамлар Абдунинг уддабурон эканлигига қойил қолдилар: «Буни ҳақиқий инсон деса бўлади!” Ҳатто бир куни Аббос кечки сайрдан олдин енгил тамадди қилиш учун сут-қатиқ дўконига кирганида Байюми унга деди:
– Сенинг қалбинг фаришталарники каби топ-тоза, Аббос! Лекин нимага Абдудек олийжаноб инсондан ўзингни олиб қочасан?
Аббос гўё саволни эшитмаган каби янги ивитилган қатиқни лаззатланиб ичишда давом этди. Жавоб бермади.
– Нима, сен кўнгилчан ва яхши одамларни ёқтирмайсанми? – қайтадан гап бошлади Байюми.
Аббос шошмасдан Байюмига бўшаган косани узатди ва кўзига хотиржам тикилиб такидлади:
– Баттол у. Қассобхонасида гўштни қандай нимталашини кўрганингизда эди.
Бир қанча вақт ўтди. Абду нафақат хотини ва ўгай ўғлига ҳиммат кўрсатар, балки ўзининг оила азоларига ҳам яхшилик қилишдан чарчамасди. Умму Аббоснинг уйида биронта хона бўшаши билан қариндошларидан кимнидир ижарага қўярди. Агар қариндоши камбағалроқ бўлса, хотинидан рухсат олиб ижара ҳақини туширарди. Онаси ва синглисини бу хонадонга бошлаб келгунига қадар ҳаммаси яхши эди. Навбатдаги ижарачи чиқиб кетганидан сўнг ўша уйга онаси ва синглисини кўчириб келди. Қўшнилар бу ҳақда ҳатто мақол тўқий бошладилар: дарахт ковагидан олган қўлингдаги асал ширин албатта, бироқ арилар устингга қора булутдек ёпирилиши ҳам бор. Гапнинг нафсиламрини айтганда, кутилмаганда уйига қайнанасининг кўчиб келиши Умму Аббосга шавқ олиб келмади, аммо ҳеч нима қилолмади ҳам. Унга бир нарса равшан эди: бошқарув жилови энди қўлидан чиқиб кетди, ортиқ бу ерда бекалик қила олмайди. Чунки қайнанаси ҳаммасини ўз қўлига олганди. Бечора аёл ўзини бутунлай кераксиздек ҳис қилди.
Бир куни у уйнинг пастки қаватидаги учта дўкондан иккитасининг девори нураб дарз кетганини пайқаб қолди. Иккита дўкончани тамирлаб, битта катта магазинга айлантирдилар. Пештахта ойналари остида бузоқ ва қўйларнинг нимталанмаган гўштлари пайдо бўлди. Абду бу ерга қўшни маҳалладаги бечораҳол қассобхонаси кўчириб келганди. Магазин очилиши муносабати билан дуо ўқиб, баланд овозда Оллоҳга шукрона айтди. Ахир Парвардигор унга қонуний бойлик ато қилди.
Қўшниларнинг суҳбатларига яна миш-миш оралади:
– Бу одам ҳалоллик ва олийҳимматлилик тимсоли, – такидлади биттаси.
– Йўқ, у иккинчи Ҳусайн, фақат бу виждонсизлигини юмшоқлик билан амалга оширади, худди уйқусираган одамни аллалаган каби, – этироз билдирди бошқаси.
Кимдир унинг олийжаноблигидан шубҳаланди, кимдир эса ҳасаддан ич-этини еди.
Абду сезиларли даражада ўзгарди, кўзларидаги беозорлик ўрнини ўзига ишонч эгаллади. Одатий мулойимлик чекиниб, қатийлик ва дадиллик пайдо бўлди. У молиявий муваффақиятга эришди, йирик дўкондорга айланди. Бу қатийлик ва дадиллик савдо ишларидагина акс этмади, у уйда ҳам ўзини шундай тутадиган бўлди. Умму Аббос қайнанаси ва қайнсинглиси билан низога борса, кескин туриб аёлнинг ақлини киритиб қўярди. Аёл унинг қаҳридан қаттиқ қўрқарди, чунки у Абдунинг латиф ва юмшоқ муомаласига ўрганиб қолганди. Умму Аббос чуқур изтиробга тушди. Оилавий муносабатлари тоқат қилиб бўлмайдиган даражада ёмон аҳволга келиб қолди. Ниҳоят у йўқотган ҳуқуқларини ўзига қайтаришга уриниб кўришга аҳд қилди.
– Мен ўз уйимда бегоналарсиз бемалол яшашни истайман, – деб малумлади у эрига.
– Истаётган бўлсанг, кетавер, тўрт томонинг қибла! – ўйлаб ўтирмасдан жавоб берди Абду овозини кўтариб.
Умму Аббос қулоқларига ишонмади.
– Бу менинг уйим, – овози ўзгариб айюҳаннос сола бошлади у, – аксинча, уруғ-аймоғинг бу ердан қорасини ўчиришсин!
Жанжал бошланиб, аёллар тўсатдан ёқалашиб кетдилар. Абду онасини хафа қилишни истамасди. Шу сабаб хотинига ташланди, уни уриб-калтаклаб, итариб-итариб уйдан чиқариб юборди. Умму Аббос сўппайганича кўчада қолди. Яхшиям унга бечораҳол бир оила бошпана берди, булар биринчи эрининг узоқ қариндошлари эди. Бу можаро ҳаммага ёмон тасир қилди. Аббос онасининг янги манзилгоҳига бориб, баланд овозда қичқирди:
– Оллоҳ гуноҳларингизни афв этсин, Умму Аббос !
Қўшнилар нима қилишни билишмасди. Улар бошларига ташвиш орттиришдан қўрқиб, пичирлаб гаплашишарди. Ахир Абду обрўли инсон, унинг ғазаби билан ўйин қилиб бўлмайди. Кимдир судга мурожаат қилиш таклифини киритди, аммо ҳамма ўзининг тинчи бузилишидан хавфсирарди. Фақат Аббосгина Абдуга очиқчасига ҳазар қилиб қарарди. Оқибат унинг бу қарашлари Абдунинг жонига тегиб, кун кўриши учун Аббосга пул беришни тўхтатди.
– Эси пастнинг қўлига пул бериш бефойда, – деди у ҳаммага эшиттириб. – Исталган бирингиз, – давом этди у можаронинг холис кузатувчиларига юзланиб, – мана бу овсардан кўра пулларга кўпроқ ҳақлисиз.
Одамлар бўлса, эчки ва қўйнинг нимталанмаган гўштлари тўла пешойнага тикилиб қолишди. Ичларида: «Бу фаровонлик ва дабдабага ким туфайли эришганини унутиб қўйди чоғи?” деган саволга тўхталардилар.
Аббос унинг гапларига этиборсиз эди, ҳатто илгаридагидан-да бахтли ва эркинроқ кўринарди. Бугун ҳам одатдагидек кечки сайрга отланди. Ўзини бутун бошли қиролликнинг ягона вориси каби тутарди. Одамлар Умму Аббоснинг хосиятсиз аёл эканлигини гапиришарди, фелидаги нуқсонлик туфайли аёл доим кулфатга дучор бўлаверади. Умму Аббос эрининг ночор қариндошлариникида яшаб турган пайтда Абду янада бойиб кетди. Энди у шаҳарнинг молиявий ишларида қатнашадиган ғайратли ишбилармонга айланганди. Яхши одамлар орага тушиб, рафиқаси билан яраштиришди. Умму Аббос уйига қайтди, аммо қалби синиқ, муносиб ҳаёт кечиришга умид қилмаган ҳолда эди. Абду унга Аббоснинг кун кечириши учун маблағ бериб туришига яна йўл қўймади. У бошқачароқ йўл тутмоқчи эканлигини, дўкончани қариндошларидан бирига сотадиган бўлганини, у одам Аббосдан кўра тежамли ва режали иш юритишини айтди.
Абду аллақачон фаровон ҳаётга одатланганди. Янги бошлаган тинчгина турмуши унга мақул тушганди. Калласига ҳашамдор салла ўраб, елкасига туя терисидан пўстин ташлаб, бежирим этик кийиб олганди. Қўлларига Хон ал-Халил2нинг тилла бозоридан олган йирик узукларни тақиб кўчага чиққанида ундан ўткир мушк иси келиб турарди.
2. Хон ал-Халил — Қоҳирадаги маҳаллий ҳунармандларнинг олтиндан ишланган буюмлари ва бошқа маҳсулотлар сотиладиган қадимий бозор.
Атрофдагилар уни пичирлаган куйи кузатиб қолишарди:
– Илоҳо, умрингиз узун бўлсин…
Кунларнинг бирида тунги сукунатни яна ваҳимали чинқириқ бузди. Қўрқиб кетган одамлар дераза тавақаларини ланг очдилар. Бу гал ҳам бангихонанинг олдида сут-қатиқчи Байюми қўрқувдан қалтираб турарди. У тўпланганларга ерда худди қоп каби чўзилиб ётган одамни кўрсатди. Бу хожа Абду эди. Унинг ёрилган бошидан қон ҳалқоб бўлиб тушганди. Маҳаллада худди зилзила юз бергандек эди. Полиция, терговчилар, гувоҳлар… Кўпчиликни сўроқ қилишди, лекин ҳеч кимга кичик бир гумон ҳам тушмади. Ҳамма Абдунинг ўлими ҳам худди Ҳусайнники каби жумбоқлигича қолиши тўғрисида гапирарди.
– Жуда ғаройиб воқеалар бўляпти! – гапиришарди қўшнилар қўлларини бир-бирига ишқаб. – Энди Умму Аббоснинг навбатдаги турмуш ўртоғи ким бўлар экан-а?
Аббос одатий кечки сайрдан олдин тамадди учун Байюмининг дўконига кирди. У қатиқ ичиб ўтирар экан, дўкон соҳиби вазмин кўринишда, аммо ажабланганича уни кузатиб ўтирарди.
– Қанчалар қўрқинчли одамсан-а, Аббос! – деб юборди Байюми бироз иккиланишдан сўнг.
Йигит унга қараб дўстона табассум қилди.
– Мен бангихона олдида учратганимда Абду ҳали тирик эди, – ахийри пичирлади Байюми, – у жони чиқишидан олдин қотилнинг исмини менга айтди.
Аббос мўйловини силаб текислаган бўлди, кейин қошиғини яна қатиққа тўлдирди-да, хотиржам кўринишда оғзига олиб борди.
– Абду айтган одам Ҳусайнни ҳам ўлдирганига ишончим комил, – давом этди Байюми.
Аббоснинг юзи худди аллақачонлар унутилган тимсолни хотирига олиб қийналган одам мисоли бир онгина таранглашди. Кейин у яна қатиқ ичиш билан андармон бўлди.
– Аммо мен тергов вақтида қотил ҳақида унутдим. Оллоҳнинг иродаси билан шундай бўлган деган қарорга келдим! – деди Байюми.
Аббос косани бўшатди ва дўкондан чиқиб кетишга тараддудланди.
– Кимсан ўзи, Аббос? – саволдан ўзини тиёлмади Байюми. – Ҳар кеча ҳазрати Хизр сен билан нимани гаплашади?
Хикоялар
Тунги суҳбат