Етти кунлик бахтим, етти йиллик армоним…
«Ҳар гал сизга хат ёзаман-у, ўзим ўқиб, ўзим йиртиб ташлайвераман. Жўнатишни истамайман. Чунки уларнинг ҳар бирига кўз ёшларим қоришиқ. Сиз эса йиғлаганларни ёмон кўрасиз. Бир марта «Йиғлаганингни кўрмай, йиғлаганларни ёмон кўраман», дегандингиз. Билмайсизки, кўз ёш билан инсон қалби бўшаб, енгил тортади. Оилада ёлғиз ўғил бўлганингиз учун ҳам камчилик кўрмай ўсгансиз, йиғи нималигидан хабарингиз йўқ, нимага йиғлаш кераклигини ҳам билмассиз, балки. Бизнесмен ота-онангиз ҳеч нимадан кам қилмай ўстиришган, сизни. «Ўртоқларим ичида биринчи бўлиб мен машина минганман», дегандингиз менга.
Илк учрашувимиз эсингиздами? Балки аллақачон унутгандирсиз, лекин менинг ёдимда.
Онамдан тошкентлик йигит билан учрашишим кераклигини эшитганимда ҳушим бошимдан учганди.
— Тошкентда менга нима бор? — сўраган илк саволим шу бўлди.
Ақлимга сиғдиролмасдим. Қандай қилиб Фарғонадан Тошкентга келин бўлиш мумкин?! Ҳамма қизлардек мен ҳам оппоқ либосда турмушга чиқишни орзу қилардим, албатта. Аммо Тошкентга эмас.
Балки севганинг бўлгандир, дерсиз. Йўқ, ҳеч кимни ёниб-куйиб севмаганман. Шундай севишни орзу қилардим… Тўғри, кўнглимда бир синфдошимга илиқлик пайдо бўлгану унинг бошқасини яхши кўришини билгач, кўнгил узиб қўя қолганман. «Суймаганга суйкалма» дейишган-ку. Бу гапларни ўқиб ҳайрон бўларсиз. Шунақа, сиздан сир яширишни истамайман. Мен ҳақимда ҳамма нарсани билишингизни истайман. Онам «Эр аёлнинг ярми. Демак, эр у ҳақдаги ҳамма нарсани билиши керак», дерди. Биламан, айтсам ҳам, айтмасам ҳам ўтмишим сиз учун қизиқмас…
Хуллас, ўшанда уйдагилар учрашувга чиқишга аранг кўндиришганди, мени.
— Куёв бўлмиш дадангнинг тошкентлик амакиларига невара экан. Борди-келди йўқ бўлмасин, дейишибди. Отанг рози, — онамнинг бу гаплари мени баттар қайғуга солди.
— Билмаган, синалмаган одам бўлса… дадамнинг қариндоши экан деб тегиб кетавераманми? Нега, мен унга турмушга чиқишим керак, — кўз ёшларим юзимни ювганча онамга жавоб қайтардим. Қолаверса, ўшанда энди ўн еттига киргандим. Мактабни тугатганимга ҳам ҳеч қанча бўлмаганди.
Йиғлаб-йиғлаб учрашувга чиқдим. Бироқ сизни кўрдиму (ўша куни атиги бир марта қарадим) юрагимда олов ёнгандек бўлди. Ҳар қандай қизни мафтун эта оладиган кўркам, хушсурат йигит эдингиз.
Бу сафар кўнглим мени алдади. Ташқи кўринишингизни кўриб, уйдагиларга розилигимни билдирдим. Учрашувда фақат ота-онангизнинг мол-дунёсини мақтаганингиз ҳам кўзимга кўринмади. Ақл билан эмас, кўнгил билан хулоса қилдим. «Кўрганда юрагинг жиз этдими?» деб сўради аммам. Сизни кўрганимда юрагим ўзгача урганини ҳис қилдим. Балки шуни жиз этди, дейишар…
Отам хурсанд, онам шод. Дугоналарим менга ҳавас қилаётганидан қувонаман.
Шу учрашувдан сўнг қайта кўришмадик. То тўй кунигача. Тўғри, Фарғона билан Тошкент оралиғи анча масофа. Барибир ҳеч бўлмаса бир бор қўнғироқ қилсангиз ҳам бўларди-ку… Тана қиляпти деб ўйламанг, асло ундай эмас. Ўша пайтда ҳеч кимга сездирмасам-да,қўнғироғингизни интиқиб кутганман.
Тўй куни ҳамма етиб келди. Унгача… минг ҳаяжон, ҳадикда оқ либосни кийдим.
— Қизим бир кун олдин кетамиз, — деди онам. — Чунки эртаси куни йўлга чиқсак етиб боролмаслигимиз мумкин.
— Вой, тўй бўлмай туриб куёвникига кираманми? — савол бердим онамга.
— Йўқ, қариндошлариникига борамиз. Куёв тарафдагиларнинг ўзлари келиб бу ердан олиб кетишади, — деди онам.
Сезиб турардим: қизи олисга кетаётгани учун онам шўрлик хавотирда эди. Ойда, йилда бир кўришга зор бўлиб яшайди энди. Начора, тақдир…
Уйда отам билан хайрлашдим, кўз ёшларимни тўхтолмадим. Энди бу уйга қайтиб келмайдигандекман. Ота ҳовлимдан чиқишим ҳамон юрагим тўхтаб қолгандек бўлди. Ота-онам, опа-укаларимдан олислаб кетяпман. Тақдир ҳукмига топширдим ўзимни.
Базан ўйлаб қоламан, агар яқинларимдан узоқда яшамаганимда бугунгидек қайғуга чўкиб қолмасмидим. Улар ёрдам берган бўлишармиди? Ҳарҳолда ҳозиргидек икки оғиз далдаю бир чимдим меҳрга зор бўлмасдим-да…
Уйдан йиғлаб чиққан бўлсам, Тошкентга келиб йиғиларим унут бўлди. Эртага бўладиган тўйнинг ширин ҳаяжони бутун хаёлимни эгаллади.
Тўйимиз жуда яхши ўтди. Элнинг энг машҳур санаткорлари хизматда бўлишди. Ўшанда ўзимни эртак қаҳрамонидек ҳис қилгандим. Шоҳниниг қасрига тушиб қолган қиз! Кулгили-а!
Тақдирим нима бўлишини аввалдан билганимдами, отам мендан кечса ҳам сизга турмушга чиқмасдим. Бу сўзларни ўқиб жаҳлингиз чиқаётгандир. Эркатой ўғиллар ҳамиша жаҳлдор бўлишади. Аччиқ гапларни кўтаришолмайди. Аслида, сизда ҳам айб йўқ. Мени келин қиламан деган бобонгизни ҳам айбдор санаманг. Қисматимиз шу экан.
Сиз билан бахтсиз бўлдим деёлмайман. Тўйимиздан кейинги бир ҳафта мен учун бир умрга татийди. Ҳа, ўшанда чинданам бахтиёр эдим. Онангиз ва сингилларингизниг меҳр-муҳаббати, «қизимжоним», «келинойижон» дейишлари мени кўкларга олиб чиқиб қўйди. Лекин ортиқча қувониб юборган эканман. Шодлигимни Худойим кўп кўрди.
Роппа-роса бир ҳафтадан кейин сизни олиб кетишди. Уйдагилар аввалига менга сездиришмади. «Ўғлим бугун келолмайди. Савдо ишлари билан бошқа шаҳарга кетди», деган онангизга ҳайрон бўлиб тикилдим. Ахир, бир ҳафталик келинчак бўлсам. Қолаверса, ўзингиз ҳам келомайман, демадингиз…
Сизни эртага келади деб мени ўн кунча алдаб юришди. Тунда ёлғиз қўрқманг деб, синглингизни ҳамхона қилишди.
Келавермагингиздан сўнг онангиз йиғлаб-йиғлаб ҳақиқатни айтдилар.
— Ўғлимни қамаб қўйишди. Унга туҳмат қилишибди.
Ҳушим бошимдан учди. Бу қандай кўргулик? Рўпарамда йиғлаб турган онангизга таскин-тасалли беришга ожиз эдим. Нима ҳам дей?
Сингилларингизнинг айтишича, айбингиз… йўқ эмиш. Сизни ноҳақ қамашибди. Ҳаммаси оилангизни кўролмайдиганларнинг қилмиши экан…
Орадан анча вақт ўтиб қўшни келинлардан эшитганларим мени баттар довдиратиб қўйди: «Бир қизни деб машинада одам уриб кетган. Ўша киши ўлгани учун унинг қариндошлари эрингизни судга беришган». Мен учун яна бир кутилмаган хабар эди, бу. Бир қизни деб?! Тўғри, менга уйланишингиздан аввал қизлар билан кўнгилхушлик қилгандирсиз, кимгадир ошиқ ҳам бўлгандирсиз, этирозим йўқ. Аммо нима қилай, юрагим жизғанак бўлиб ёнса!
Орадан роппа-роса бир ой ўтиб ҳомиладорлигимни билдим. Қайнонам ҳам, қайнсингилларим ҳам «Кўп куйинаверманг, болага зарар бўлади», деб мени овутишарди. Ўзингиз айтинг, сиқилмай бўладими? Ота-онамга ҳам бу хабар етиб борган куни келиб мени кўриб кетишди. Дадангиз пул билан чиқариб олишини айтиб, уларнинг кўнглини хотиржам қилди. Аммо сизга пулнинг кучи ҳам ёрдам беролмади.
Орадан икки ой ўтиб уйга келдингиз. Бироқ яна бир ҳафта турмай… Жиноий иш ёпилмаган экан. Пулни олганлар ишни тугатишмапти… Сизни яна олиб кетишди.
Аламдан хонамга яшириниб додладим, йиғладим. Ўшанда фарзандли бўлишингизни эшитиб, қувонгандингиз. Бироқ қувончимиз бу гал ҳам узоққа чўзилмади. Қисмат яна устимдан кулди. Кўп сиқилганим, асабийлашганим учун боламдан ҳам ажралдим. Сизга бир куйсам, боламга минг куйдим. Сизга… етти йил беришди.
Ота-онамникига қайтиб кетишга ор қилдим. Ахир, қариндошлар, қўни-қўшни эшитса, нима деган одам бўламан? «Бир ҳафтадан кейин эрим қамалди» дейманми? Йўқ, ундан кўра шу ерда яшаган мақул. Аммо бу ерда яшашим ҳам малол бўлиб қолди.
Кейинги пайтда онангиз ҳам, сингилларингиз ҳам менга тескари муносабатда бўлиб қолишган. Ҳеч бир эркак онасини ёмон дейишларини истамайди, кўтаролмайди, биламан. Лекин айтмасам бўлмайди. Кимгадир ёрилишим керак-ку, мен ҳам. Яқинларим олисда бўлса. Онангизнинг ҳар икки қадамда «Келиннинг оёғи оғир келди. Хайри йўқ экан», дейишлари жонимдан ўтиб кетди. Айтинг, мен шундай бўлсин деб бу хонадонга келин бўлганмидим? Қайси аёл эрининг қамалишини истайди? Сингилларингизнинг пичинг-кесатиқлари ҳам бутун танимни тешиб юборгудек бўляпти. Фақат отангизгина менга меҳрибон. Фақат у кишигина мени тушунади.
Бувим «Эр пир, унинг айтганини қилишинг шарт», дердилар. Айтинг, сизнинг гапингизни қиламан: бу уйдан кетайми ёки…
Хикоялар
етти йиллик армоним…, Етти кунлик бахтим