Ажойиб десерт: «Малика» торти
Ушбу торт швед қандолатчилари томонидан ўйлаб топилган бўлиб, уни Швециядаги исталган ширинликлар дўконидан топишингиз мумкин. Бир неча қаватли бисквит, мазали мураббо ҳамда ванилли крем кўпиртирилган қаймоқ билан қопланади, унинг устидан эса юпқа ва ширин марсипиан қатлами илова қилинади. Торт илк марта 1920 йилда Енни Окерстрё томонидан тайёрлаб кўрилган.
Бу аёл қирол Густав В нинг укаси бўлмиш шаҳзода Карл Бернедоттнинг қизлари — маликалар Маргарита, Марта ва Астридга муаллималик қилган. Қизлар тортни жуда яхши кўрганлари туфайли ширинликка «Малика» номи берилган. Ўз вақтида ушбу десертни «Принсесстåрта», яъни «Маликалар торти» деб ҳам аташган. Сентябр ойининг учинчи ҳафтасида эса тортни пишириш учун махсус байрамлар уюштирилган. Айни вақтда Швецияда ушбу торт йилнинг тўрт фаслида ҳам тайёрланади. Тортнинг устки қопламаси ранги эса нафақат яшил, балки пушти, сариқ, қизил, тўқ сариқ ва оқ бўлиши ҳам мумкин.
Энергетик қуввати
- Калория: 842 ккал
- Оқсиллар: 12,4 грамм
- Ёғлар: 51,4 грамм
- Углеводлар: 86,6 грамм
Керакли масаллиқлар:
- 3 дона тайёр бисквит
- 150 гр малина мураббоси
- 1,5 чойқошиқ желатин
- 500 мл қаймоқ
- 50 гр қанд упаси
- 250 мл сут
- 4 дона тухум сариғи
- 2 ошқошиқ картошка крахмали
- 3 ошқошиқ шакар
- 1 дона ванил таёқчаси
- 500 гр марсипиан
- 80 гр сариёғ
Тайёрланиши:
1. Тухум сариғи шакар, крахмал ва ванил уруғлари билан бирга кўпиртирилади. Сут қиздириб олинади, аста-секинлик билан тухум сариғи устидан қуйилади. Аралашма олов устига қайтарилгач, ичига сариёғ солиб, аралаштирган ҳолатда масса қуюқлашгунига қадар қайнатиб турилади. Крем тоза идиш ичига солинади, усти плёнка билан ёпилади ва совутгич ичига жойлаб қўйилади.
2. Желатин икки ошқошиқ иссиқ сувга солиб ивитилади ва шу ҳолатда тўлиқ эригунча қолдирилади. Кўпиртирилган қаймоқ қанд упаси билан аралаштирилади. Икки ошқошиқ масса эритилган желатин ичига солинади ва яхшилаб аралаштирилади. Ҳосил бўлган масса аста-секинлик билан кўпиртирилган қаймоқнинг қолган қисми ичига қуйилгач, кўпиртириш давом эттирилади.
3. Биринчи корж устига мураббо ва қаймоқ юпқа қилиб суртилади. Устидан иккинчи корж ёпилади. Унинг юза қисмига эса ванилли крем ҳамда кўпиртирилган қаймоқ суртиб чиқилади.
4. Қаймоққа гумбаз шакли берилади. Устидан юпқа корж жойлаштирилгач, торт думалоқ шаклга келтирилади. Четларига қаймоқ суртилади, бисквитнинг ҳар бир қисми қаймоқ билан тўлиқ қопланган бўлиши лозим. Ана шунда марсипиан ҳам яхши ёпишади.
5. Тайёр торт яшил марсиапиан билан қоплангач, устки қисми атиргуллар билан безатилади ва қанд упаси сепиб қўйилади.
Ёқимли иштаҳа!
Пазандалик, Ширинликлар
Ажойиб десерт: «Малика» торти