3D printerlar
3D printerlar
DO`STLARGA ULASHING:
Кўпинча бу ҳақда гап кетганида кўпчилик 3D-кўзойнакларни эслай бошлайди. Аммо хозирги пайтда 3D-сканер, 3D-аудио, 3D-видео, 3D-шутер, 3D-товуш, 3D-расм ёки тасвир ва 3D-принтер деган тушунчалар ҳам шиддат билан ҳаётимизга кириб келди. 3D атамаси инглизча 3D – three dimensional (уч ўлчамли) маъносини англатади. 3D-принтерларнинг ишлаш тамойили исталган предметнинг нусхасини бирор бир материалдан фойдаланган холда қаватма-қават усулда принтерда яратишни (ясашни) англатади. Яъни, 3D-принтернинг ишлаши натижасида бирор бир объектнинг физик нусхаси пайдо бўлади ва уни ушлаб кўриш ёки ундан қандайдир мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлади.
Уч ўлчамли печат ғояси олдинги асрнинг 80-йилларида айтилиб, бу йўналишдаги биринчи натижалар 90-йилларнинг охирларида олинган эди. Биринчи 3D-принтер АҚШ нинг Массачусетс технология институтида ишлаб чиқилган бўлиб, хозирги пайтда унинг жуда кўп турлари ва моделларининг уй шароитида ишлатиладиган иҳчам турлари ҳам мавжуд. Нархлари ҳам қандай турга мансублигига қараб, 600 доллардан 20 миллион долларгача боради. Уларни интернетдан заказ қилиб олиш имкониятлари ҳам бир талай. 3D-принтерда печатлаш принципи ҳам жуда оддий: объект яратилиши учун керакли бўлган хомашё (масалан, АБС-пластик ёки гипс) печат қиладиган каллакдан (катридждан) ўтади ва керакли даражагача иситилиб, объект ясаладиган платформага объектнинг 3D-информацион моделига мос равишда қаватма-қават компьютер бошқарувида солинади. Объектнинг 3D-информацион модели эса глобал интернет тармоғидан олиниши ёки рақамли 3D-сканерлар воситасида осонгина хосил қилиниши мумкин. Демак, бу иш амалга ошиши учун ҳар қандай печат қилинадиган объектни 3D-принтер унинг информацион модели ва дастурий таъминот (масалан, 3D МАХ дастури) ёрдамида бир қанча қаватларга бўлиб чиқади. Ҳисоб-китобдан сўнг, 3D-принтер мониторида объектнинг оғирлиги қанча бўлишини, пеҳчат қанча вақт давом этишини ва объектнинг кўриниши қандай бўлишини билиш ҳамда унинг 3D кўринишдаги расмини олиш мумкин бўлади. 3D-принтер ишга тушгандан сўнг, бироз вақт ўтгач, унинг платформасида объектнинг айнан физик нусхасини олиш мумкин бўлади. Биз учун энг зарур юмуш – принтерда ясалиши керак бўлган объектнинг информацион моделини олишдир ёки уни керакли дастурий таъминотдан фойдаландан холда тузишдир. Қолган барча ишни 3D-принтенинг ўзи автоном равишда бажаради. 3D-печат учун керакли бўлган информацион моделларни интернетдан топиб, юклаб олиш ёки махсус 3D-дастурлар ёрдамида уларни яратиш мумкин. Рақамли 3D-принтерларнинг тобора оммабоп бўлиб кетишига сабаблар қуйидагилар:
Хомашё материалларни топиш осонлиги;
Принтерларни ишлатиш нисбатан қулайлиги;
Ишончлилик ва яратилаётган объектларнинг мустаҳкамлиги;
Бажарилаётган ишнинг экологик талабларга жавоб бериши;
Физик модел яратиш жараёнинг нархи унчалик қиммат эмаслиги.
Худди шунинг учун ҳам 3D-принтерларда ясаладиган объектларнинг нархи бошқа усулларга нисбатан бир қанча баробар арзон бўлади. Шу туфайли 3D-принтерлар қуйидаги йўналишларда тобора кенг миқёсда қўлланилаяптилар:
Машинасозликда ва объектларнинг прототипларини яратишда;
Архитектура юмушларида ва дизайнлаштиришда;
Моделлаштиришда ҳамда турли хилдаги машина ва агрегатларни лойиҳалашда;
Тиббиётда ва стоматологияда турли хил органларни яратиш ва уларни синаб кўришда;
Муҳандислик ишларида турли хилдаги ускуна ва объектларнинг нусхаларини ҳосил қилишда;
Қурилишда ва унинг учун керакли бўлган турли интеръерлар ҳамда эхтеръерларни яратишда;
Кино ва мулътфилмлар ишлаб чиқаришда персонажлар яратиш ва уларни суратга олишда;
Автомобилсозлик, самолётсозлик ва космик саноатда турли хил заҳира қисмларни ишлаб чиқиш ва уларни синаб кўришда;
Турли хилдаги ва кўринишдаги заргарлик буюмлари ишлаб чиқаришда;
Болалар учун турли ўйинчоқлар ишлаб чиқаришда.
3D-принтернинг ишлаш жараёни эса қуйида тасвирланган:
3D-принтернинг хомашёлари тасвири эса қуйидагича:
3D-файлнинг экрандаги кўринишига мисол:
3D-принтерларнинг ишлаши учун керакли бўлган объектларнинг 3D-моделларини тезда хосил қилиш учун турли хилдаги ва моделлардаги 3D-сканерлардан фойдаланиш мумкин.
Юқорида айтилганлардан келиб чиққан холда шуни таъкидлаш мумкинки, Ўзбекистон Республикасиниг рақамли инновацион ривожланишида 3D-технологияларнинг аҳамияти жуда ҳам салмоқли бўлиб, бу амал жуда катта иқтисодий фойда келтириши мумкин. Бу эса касб-хунар коллежлари ва техника олий ўқув юртлари ҳамда университетларида 3D-технологияларга бағишланган фанлар киритиш ва бу йўналишда кадрлар тайёрлашни жадаллаштириш зарурлигини тақозо қилади. Бу йўналиш бўйича илмий-амалий ишларни кенгайтиришни ва оммалаштиришни эса инновацион ривожланиш вазирлиги, лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари зиммасига юклаш талаб этилади.
3D printerlar