Намоз вакти
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
Kitob tumani namoz vaqti
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил тушиб менга имом бўлди. Бас, у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, сўнгра у билан намоз ўқидим, деб бармоқлари билан бешта намозни ҳисоб қилдилар». Бошқа бир ривоятда: «Сўнгра мана шунга амр қилиндим», дедилар» деган зиёда бор». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Ҳадиснинг ровийcи Абу Масъуд розияллоҳу анҳу билан олдин ўтган бир ҳадисда яқиндан танишиб олганмиз. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг фарз қилган намозлари беш вақт эканини, ҳаммасининг алоҳида-алоҳида вақти бор эканини таъкидламоқдалар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга имом бўлиб, қандоқ намоз ўқишни ўргатганлари. 2. Янги намоз ўқувчига биладиган одам бирга ўқиб кўрсатиши афзаллиги. 3. Ҳар намоз ўз вақтида алоҳида ўқилиши. 4. Намозни ўз вақтида ўқиш Аллоҳнинг амри экани.
Бу ҳадисдан ҳар бир намознинг вақти алоҳида эканлиги умумий равишда айтиб ўтилмоқда. Бундан бир вақтда бир неча намозни ёки бир намознинг вақтида бошқасини ўқиб бўлмаслиги ҳам чиқади. Келаси ҳадисда эса ҳар намознинг вақти батафсил баён қилинади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаброил алайҳиссалом менга байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди. Бас, улардан биринчисида Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди. Сўнгра Асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда ўқиди. Сўнгра Шомни қуёш ботиб, рўзадор ифтор қиладиган пайтда ўқиди. Сўнгра Хуфтонни шафақ ғоиб бўлганда ўқиди. Сўнгра Бомдодни фажр ярақлаб рўзадорга таом ҳаром бўладиган вақтда ўқиди. Иккинчи мартада Пешинни ҳар бир нарсанинг сояси ўз мислича бўлганда, кечаги Аср вақтида ўқиди. Сўнгра Асрни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганда ўқиди. Сўнгра Шомни биринчи ўқиган вақтида ўқиди. Сўнгра Хуфтонни кечанинг учдан бири кетганда ўқиди. Сўнгра Бомдодни ер ёришиб кўринганда ўқиди. Сўнгра Жаброил менга ўгирилиб қаради-да: «Эй Муҳаммад, мана шу, сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди», дедилар».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ҳадисдаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жаброил алайҳиссалом менга Байтнинг (Байтуллоҳнинг) олдида икки марта имомлик қилди», деганлари, Байтуллоҳнинг олдида икки кун беш вақтдан намозга имомлик қилди, деганларидир. Буни ҳадиси шарифда келган кейинги жумлалардан фаҳмлаб олиш қийин эмас. «Пешинни соя кавушнинг тасмасича бўлганда ўқиди» деганлари, қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси туша бошлаганда ўқиди, деганларидир. Маълумки, қоқ туш пайти бўлиб қуёш тик бўлганда, соя энг қисқарган пайти бўлади. Қуёш оға бошлаганда эса соя узайиши бошланади. Арабистондаги кавушлар ўзига хос бўлиб, тасмалари устида ингичка қайиши бўлади. Демак, нарсаларнинг сояси ўша қайиш тасмача бўлганда, яъни энди узайишни бошлаганда Пешин намозининг аввалги вақти кирган бўлади. Ҳадиси шарифдан тушунилишича, Жаброил алайҳиссалом биринчи куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беш вақт намозни ҳаммасини энг аввалги пайтида ўқиб берганлар. Иккинчи куни эса энг охирги вақтида ўқиб берганлар. Сўнгра: «Эй Муҳаммад, мана шу, сендан олдинги анбиёларнинг вақтидир. Вақт ушбу икки вақтнинг ўртасидир», деди»
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Пешин намозининг вақти қуёш заволга кетиб, ҳар бир нарсанинг сояси узая бошлагандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйи мислича бўлгунча. Бу икки вақтдан ташқарида Пешин намози вақти бўлиши мумкин эмас. 2. Аср намозининг вақти ҳар бир нарсанинг сояси ўз бўйи мислича бўлгандан бошлаб, то ҳар бир нарсанинг сояси ўзининг бўйига икки баробар бўлгунча бўлади. Бу вақтдан, яъни ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки мисл бўлгандан кейин Асрнинг вақти чиқмайди. Балки Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунча давом этади. Ушбу ҳадисда Жаброил алайҳиссалом Асрнинг афзал вақтини кўрсатиб берганлар. Бошқа ҳадисларда Асрнинг вақти Шомнинг вақти киргунча давом этиши очиқ-ойдин баён қилинган. 3. Шом намозининг вақти қуёш ботгандан бошланади ва Хуфтон вақти киргунча давом этади. Аммо Жаброил алайҳиссалом икки кунда ҳам бир хил вақтда, қуёш ботганда ўқиб берганлари, энг афзал вақт шу эканига далолат қилади. 4. Хуфтон намозининг вақти шафақ ғойиб бўлгандан бошлаб, тонг отгунча. Лекин бу ҳадисда кечанинг учдан бири ўтганда ўқилиши энг афзал вақт эканлигини кўрсатади. 5. Бомдод намозининг вақти тонг отгандан бошлаб қуёш чиқишни бошлагунча. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ҳадиси шарифда ҳар бир намознинг вақти энг аввалги билан охирги вақтининг энг афзали кўсатилган. Аслида эса Бомдоддан бошқа намозларнинг вақти бир-бирига улашиб кетади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозларнинг вақти ҳақида сўралди. Бас, у Зот: «Бомдод намозининг вақти қуёшнинг аввалги шохи чиқмагунча, Пешин намозининг вақти, қуёш осмон қорнидан заволга кетгандан, Асрнинг вақти киргунча, Аср намозининг вақти, қуёш сарғайиб аввалги шохи ботгунча, Шом намозининг вақти қуёш ғойиб бўлганда шафақ тушгунча, Хуфтон намозининг вақти кечанинг ярмигача», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Шарҳ: Очиқ ойдин кўриниб турибдики, бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам асосан, ҳар бир намознинг охирги вақтини баён қилмоқдалар. Эҳтимол, савол намозларнинг охирги вақти ҳақида бўлган бўлса керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни баён қилиб, Шомнинг охирги вақти шафақ ғойиб бўлгунча бўлса ҳам, олдинги вақтида ўқиш яхшилигини баён қилган бўлишлари мумкин. Хуфтоннинг охирги вақти ушбу ҳадисда айтилган пайтда кечанинг яримигача, деб баён қилинган бўлса ҳам, кейинчалик тонг отгунча экани айтилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари (вақти) ҳақида сўралди. Бас, У киши: «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешинни қуёш қиздирган пайтда, Асрни қуёш тирик турганда, Шомни қуёш ботганда, Хуфтонни одамлар кўп бўлса, эртароқ, оз бўлса, кечроқ, Бомдодни тонг қоронғусида ўқир эдилар», деди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзларининг бу жавобларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ўзлари мулоҳаза қилган тажрибани баён қилмоқдалар. У кишининг айтишларича, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам одатда Пешин намозини заволдан кейин қуёш қиздирган пайтда ўқир эканлар. Арабларда бу вақтни «Ҳожира» дейилади. Бунда ҳижрат маъноси бўлиб, ҳаво исиб кетгани учун ҳамма ишини ташлаб уйига қараб ҳижрат қиладиган-қочадиган вақти бўлади. «Асрни қуёш тирик турганда» ўқир эканлар. Бу қуёшни ранги ҳам, иссиқлиги ҳам ўзгармай турганда, яъни ботишига яқинлашмай туриб, деганидир. Кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин каби Аср намозини ҳам олдинги вақтида ўқиган эканлар. «Шомни қуёш ботганда» ўқир эканлар. Бу ҳам бошқа намозлар каби биринчи-дастлабки вақтида ўқишдир. «Хуфтонни одамлар кўп бўлса эртароқ, оз бўлса кечроқ» ўқир эканлар. Хуфтонда вақт бемалол бўлгани, иш ёки дам олишга шошилиш йўқ бўлгани мулоҳаза қилинар экан. Жамоат етарли бўлса, эртароқ, бўлмаса, одам кўпайишини кутиб, кечроқ ўқилар экан. «Бомдодни тонг қоронғусида ўқир эдилар». Тонг отгандан кейинги қоронғули даври ҳам Бомдод намозининг олдинги вақти ҳисобланади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Беш вақт намозини вақтларини билиш. 2. Намозни вақти кириши билан ўқишга шошилиш кераклиги. Бошқа ривоятларда Пешинни бир оз ҳаво совуганда, Бомдодни ёруғлик яхши тарқаганда ўқиш ҳам зикр этилган. 3. Жамоатни кўпайтиришни кутиб туриш жоизлиги. 4. Олим кишилардан савол сўраб туриши кераклиги. 5. Сўралган нарсанинг ўзига жавоб бериш жоизлиги
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини ўқиганларидан кейин, аёллар муртларига ўралиб чиқиб кетишар, қоронғуликдан танилмас эдилар».
Бешовлари ривоят қилган. Шарҳ: «Мурт» жундан бўлган аёлларга хос кийим. Бу ривоятда ҳам Бомдод намозини олдинги вақтда ўқиш одати борлиги айтилмоқда. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида жамоат намозига аёллар ҳам қатнашганликлари зикр қилинмоқда. Бу масала, иншааллоҳ, кейинроқ батафсил ўрганилади. Ҳадиси шарифда яна жамоат намозига келган аёллар эркаклардан олдин чиқиб кетиб, ўзларини танитмасликлари зикр қилинмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган ҳолда бўлганида ўқир эдилар. Унда олтмиш олтидан юз оятгача қироат қилар эдилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. «Сунан» эгалари қилган ривоятда: «Бомдодни ёруғлик яхши тарқалганда ўқинг. Бас, ўшанинг ажри улуғдир», деганлар». Шарҳ: Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг бу ривоятларини ўша вақт воқеълигидан келиб чиқиб тушунилади. У вақтларда масжидда чироқлар бўлмаган. Шунинг учун Бомдод вақтида масжидда ўтириб ёнидаги одамни таниб оладиган бўлишини, тонгнинг отганидан қанчалик ўтганидан кейин Бомдод ўқилишига ўлчов қилинмоқда. Шу билан бирга, жуда ортга суриб қуёш чиқишига яқинлаштириб юбормаслигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоздаги қироатлари олтмиш оятдан юз оятгача миқдорда бўлишини ҳам зикр қилиб қўймоқдалар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шошилмай дона-дона қилиб, ҳар оятнинг охирида тўхтаб, қироат қилар эдилар. Сунан китоблари эгалари томонидан ривоят қилинган зиёдада эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдодни тонг яхши ёришганда ўқишнинг ажри улуғлигини зикр қилмоқдалар. Ҳанафий мазҳабида мана шу ривоятда амал қилинади. Шунинг учун аввал ўтган ҳадислардан бирини ўқиб олиб, дарҳол Ҳанафийларни сўкишга шошилмаслик керак. Шунингдек, бошқалар ўз мазҳаби бўйича олдинги вақтда ўқисалар, уларни ҳам хатода айбламаслик керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳарорат шиддатли бўлган пайтда намозни совутиб ўқинглар. Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир. Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди. Бас унга икки нафасга изн берди. Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга, сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозини ҳаво бир оз совуганда ўқишни тавсия қилмоқдалар. Қуёш тик туриб, ҳаво роса қизиган пайтда масжидга бориб, умуман, қаерда бўлса ҳам, намоз ўқишда, маълум қийинчиликлар бўлади. Ана ўшаларни енгиллаштириш учун ҳавонинг шашти бир оз қайтганда намоз ўқиш ҳам осон, ҳам енгил бўлади. Бу ҳам Ислом динининг кишиларга осонлик туғдиришига далилдир. Кейин эса нима учун намозни совутиб ўқиш тавсия қилингани баён қилинмоқда. «Албатта, ҳароратнинг шиддати жаҳаннамнинг қайнаб чиққан иссиғидандир». Уламоларимиз ҳадисдаги бу ва бундан кейинги жумлалар «ҳақиқатми ёки мажозми?» деган масалада турли фикрлар айтганлар. Баъзилари, бу ҳақиқатдир, ҳавонинг шиддатли исиб кетишига жаҳаннамдан қайнаб чиққан иссиқлик сабаб бўлади, деганлар. Лекин кўпчилик уламолар, бу ҳақиқат эмас, мажоздир. Араб тилида мажоз кўп ишлатилади. Бир нарсани ифодали қилиб тушунтириш учун бошқа нарсага тааллуқли кўчма маъно ишлатилади, дейдилар. Дарҳақиқат, араб тилидан бошқа тилларда ҳам бу маъно бор. Баъзи вақтда, бирор пайт ёки жойда иссиқ ҳаддан ташқари бўлиб кетганини ифода этиш учун, «ўзиям дўзах бўлиб кетди-да!» дейилади. Бу ўша вақт ва жойни дўзахга айланиб қолганини эмас, қаттиқ исиб кетганини билдиради. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам худди ана шу маъно ишлатилмоқда. Ҳаво шиддатли исиганда, жаҳаннамнинг иссиғидан тарқалдек бўлиб кетади. Бу иссиқда намоз ўқишга ҳаракат қилган одам қийналиб кетади, дейилмоқда. «Дўзах ўз Роббисига шикоят қилиб: «Эй, Роббим, менинг баъзим баъзимни еб юборди», деди». Яъни, дўзахдаги иссиқнинг кучлигидан дўзахнинг ўзи ҳам шикоят қиладиган даражага етди. Бу ҳам мажоз орқали дўзах нақадар иссиқ эканини баён қилишдир. «Бас унга икки нафасга изн берди». Яъни, Аллоҳ таоло дўзахга икки марта нафас олиб чиқаришига рухсат берди. «Қишда бир нафасга, ёзда бир нафасга, сиз дуч келадиган энг шиддатли иссиқ ва энг шиддатли совуқ ана ўшандандир», дедилар». Яъни, ёзда ҳам, қишда ҳам ҳавонинг ўзгариб қийинчилик туғдириб туриши бор, деганидир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Шиддатли иссиқ пайтида Пешин намозини бир оз кечиктириб ўқиш яхшилиги. Чунки ҳадисда гап Пешин намози ҳақида кетмоқда. 2. Жаҳаннамнинг ҳозирда мавжудлиги. 3. Бир нарсани тушунтириш учун мажозни ишлатиш мумкинлиги. 4. Намозга белгиланган муддат чегарасида об-ҳаво шароитини ҳисобга олиш жоизлиги. 5. Ислом динининг енгиллик дини эканлиги.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намознинг миқдори ёзда уч қадамдан беш қадамгача, қишда беш қадамдан етти қадамгача бўлар эди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган. Шарҳ: Бу ҳадисда ҳам Пешин намозининг бошлаш вақти ҳақида сўз кетмоқда. Ёзда соя уч ёки беш қадам миқдорича, қишда беш ёки етти қадам миқдорича бўлганда Пешин намозининг ўқиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари экан. Албатта, бу – Мадинаи Мунавварага тегишли гап. Чунки минтақанинг экватор чизиғига яқин ёки узоқлигига қараб соялар ҳар хил бўлади. Бу ҳадисни яхшилаб ўрганган уламоларнинг айтишларича, унда зикр қилинган миқдорлардан ёзда Пешинга ажратилган вақтни яримида, қишда аввалида ўқилгани келиб чиқади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Асрни ўқиганимиздан кейин биздан бир киши Қубога юриб борса, у ерга қуёш кўтарилиб турганда етиб борар эди».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. Шарҳ: «Қубо» – Мадинаи Мунавварадан тўрт мил узоқдаги маълум ва машҳур жой. Бу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида Аср намозини олдинги вақтида ўқилиши одат эканлиги чиқади.
Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини (қуёш) парда ортига беркинганда ўқир эдик». Тўртовлари ривоят қилишган. Уччовлари қилган ривоятда: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Шом намозини ўқиб қайтган биримиз, ўзининг камонининг ўқи тушадиган жойни кўрадиган бўлар эди», дейилган. Шарҳ: Олдин ҳадиснинг ровийcи Салама розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Салама ибн Амр ибн Сино ал-Акваъ ал-Асламий, кунялари Абу Муслим, икки марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дарахт остида, ўлимга ва урушдан қочмасликка байъат қилганлардан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 7 та ғазотда иштирок этган, «Зув-ҳард» номли ғазотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни, душманлар зарбасидан сақлаб қолган. Усмон ибн Аффоннинг халифалик даврларида, Африка ғазотларида иштирок этган, шижоатли, камончи, чиройли хулқли, олижаноб саҳобалардан эдилар. Ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 77 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу кишидан Мадина аҳлидан кўп жамоатлар, ўғли Иёс, қули Язид ибн Аби Убайд ва бошқалар ривоят қилишди. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Кучлиларимиз ичида энг яхшиси Салама ибн Акваъдир», деб марҳамат қилганлар. Ўғиллари Илёс:«Отам ҳеч ёлғон гапирмас эдилар», деб айтадилар. Бу зот Мадинада истиқомат қилдилар. Кейин Мадинадан уч мил узоқликда бўлган «Рабза» номли қишлоққа кўчиб ўтдилар. Ҳижратнинг 74 санасида 80 ёшларида ана шу ерда вафот этдилар. Бу икки ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобалар Шом намозини олдинги вақтда ўқишлари ҳақида сўз кетмоқда. «(Қуёш) парда ортига беркинганда ўқир эдик» дегани «Қуёш ботиши билан ўқир эдик», деганидир. Намозни жамоат билан ўқиб чиққан одам ўз камонидан отган ўқни қаерга тушишини кўра оладиган бўлиши ҳам Шомни қуёш ботиши биланоқ ўқилишига далолат қилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг яримигача суриб туриб ўқидилар. Сўнгра: «Батаҳқиқ, одамлар намозни ўқиб, ухладилар. Аммо сизлар, модомики намозга интизор бўлиб турдингизми, намоздадирсизлар», дедилар». Бошқа ривоятда: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, шундоқ қилиб ўқишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар». Уччовлари ривоят қилишган. Термизий ривоятида: «Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларга Хуфтонни кечанинг учдан биригача ёки яримигача орқага суришни амр қилган бўлар эдим», деганлар». Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Гоҳида Хуфтонни ярим кечада жамоат билан ўқиш мумкинлиги. 2. Намозга интизор бўлиб турган одам намозда тургандек экани. 3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига машаққатни хоҳламаганлари. 4. Имкони бўлганда Хуфтонни ярим кечада ёки кечанинг учдан бири қолганда ўқиш афзал экани.
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан олдин ухлашни ва ундан кейин гаплашишни хуш кўрмас эдилар».
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Шарҳ: Аввало, ҳадиснинг ровийcи Абу Барза розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик: Абу Барза куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг асл исмлари, Назла ибн Убайддир. Басрада таваллуд топдилар. Исломга кирганларидан кейин Хайбар, Ҳунайн, Маккани фатҳ этилишида иштирок этдилар. Сиффин ва Наҳавон урушларида Али розияллоҳу анҳу билан иштирок этдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаммаси бўлиб 46 та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Ҳасан ал-Басрий, Абу Усмон ан-Наҳдий, Абдуллоҳ ибн Бурайда ва бошқалар ривоят қилишди. Абу Барза 65 ҳижрий санада Язид ибн Муовиянинг бошлиқлик даврида вафот этдилар. Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хуфтон намозига тааллуқли икки одатлари ҳақида сўз кетмоқда. 1. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан олдин ухлашни хуш кўрмас эканлар. Чунки, ухлаб қолиб намоз вақти ўтиб кетиш хавфи бор. 2. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришни хуш кўрмас эканлар. Чунки ҳар кунни яхши амал билан тамомлаш имкони зое бўлади. Шунинг учун ҳам аҳли солиҳ кишилар уйқудан олдин витр намозини ўқишга уринадилар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига: «Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл, тенгини топганда», дедилар». Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга қилган ушбу насиҳат-кўрсатмаларида уч нарсани вақти келиши билан дарҳол бажариш афзал экани баён этилмоқда. 1 – «Намозни вақти кирганда». Намозни вақти кириши билан ўқиб олиш афзал экани. Ушбу фаслдаги ҳадисларнинг кўпида зикр қилинганини ўргандик. 2 – «Жанозани ҳозир бўлганда». Мусулмон инсон вафот этса, уни тезда ювиб-тараб тупроққа бериш зарур. Бу ўша ўлган одамнинг ҳурмати бўлади. Бу масала, Аллоҳ хоҳласа, ўз жойида алоҳида, батафсил ўрганилади. 3 – «Эрсиз аёл, тенгини топганда». Бу ишни ҳам ҳеч орқага суриб бўлмайди. Қанчалик тез бўлса, шунчалик яхши. Бу масала ҳам ўз ўрнида Аллоҳ хоҳласа, батафсил ўрганилади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг авфидир», дедилар».
Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Демак, Аллоҳнинг розилигини топаман, деган одам намозни аввалги вақтида ўқиши керак. Охирги вақтида ўқиса, ноилож қолганда афв тарийқасидаги рухсатдир.
ХУЛОСА
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила намознинг вақтлари ҳақидаги ҳадиси шарифларнинг бир қисмини ўрганиб чиқдик. Ушбу ҳадисларни ўрганиш давомида қуйидаги умумий хулосаларга эга бўлдик, десак хато бўлмас:
1. Беш вақт намознинг ҳар бири – ўз вақтида фарз. 2. Ҳар бир намознинг аввалги ва охирги вақти бўлган ўша маълум чегараланган вақтда ўқиган одамгина ўша намознинг фарзини адо этган бўлади. 3. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибонлигидан намозларнинг вақтини бемалол қилиб қўйибди. 4. Намозларнинг вақти табиий омиллар, яъни тонг отиши, қуёшнинг чиқиши, қиёмдан оғиши ёки ботишига қараб белгиланганлиги. 5. Намозларнинг вақтини чегарадан чиқмай турли ҳадисларда турлича айтилиши шароитга қараб, турлича ижтиҳод қилишга йўл очганлиги. 6. Бир мавзу бўйича ҳамма ҳадисларни яхшилаб ўрганиб чиқмасдан туриб, бир ҳукмни чиқариш дуруст эмаслиги.
Ушбу ҳадислардан битта, иккита ёки учтасини ўрганиб туриб, шу ҳақиқат, бошқаси нотўғри, дейишимиз мутлақо хато бўлар эди. Шунинг учун ҳар бир нарсада ҳам бир ёки икки-уч дона ҳадисни ўқиб олиб, ҳукм чиқаришга шошилмаслик керак. Уни Қуръон оятларига, бошқа ҳадисларга солиштириш, бошқа сабабларини атрофлича ўрганиш керак бўлади. Уламоларимиз бу нарсаларнинг ҳаммасини чуқур ва атрофлича ўрганиб қўйганлар. Ўшандан фойдалансак, ўзимизга осон бўлади.
Намоз вакти
Бандаларини ибодат учун яратган ва уларга Ўз ибодати таълимини ваҳий қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
Бандаларга Аллоҳга ибодат қилишни амалда кўрсатиб берган Муҳаммад Мустафога салавотлар бўлсин!Аллоҳга шукрлар бўлсинки, Юртимиз – биз яшаб турган минтақа ер юзининг энг мўътадил минтақаларидандир. Қишу ёзи, куну туни меъёрида. Бу, албатта, ибодатлари кун ва ойга боғлиқ бўлган бандалар, яъни сизу биз мусулмонлар учун энг қулай шароитдир. Маълумки, Исломнинг рукни бўлмиш намоз ибодати кунда беш маҳал фарз қилингандир. Ҳар бир намознинг муайян вақти бўлиб, бу вақтнинг кириш ва чиқиш пайтлари белгилаб қўйилган. Бинобарин, мазкур намоз вақтлари диёримизда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси масъуллари томонидан ўрганилиб, кунлик намоз вақтлари кўрсатилган тақвимлар тақдим қилинган. Бироқ, баъзи намозларнинг вақти хусусида айрим кишиларда иккиланиш юз бермоқда. Биз бу ўринда айнан шом вақти ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Кўпчиликдан эшитганимиз ва ўзимиз гувоҳи бўлганимиз бир гап шуки, айрим азизларимиз шомнинг тақвимда ёзилган вақтига қаноат ҳосил қилмайдилар. Улар осмонни бироз қоронғилик босмагунча шом вақти кирган деб билмайдилар. Ушбу ҳолат рўзани очишда яна ҳам кўпроқ кўзга ташланади. Бу эса мазкур азизларимизнинг ибодатга бўлган эҳтиёткорликлари, тақволаридан даракдир. Шу билан бирга, ҳар қандай амал шариат ҳукми билан белгиланиши лозимлиги ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилган ҳақиқатдир. Бу ҳақиқатни амалда кўрсатишда тақводор кишилар барчадан олдинда турадилар. Зотан, тақво айнан шариатни ҳакам қилишдир. Шу боис ушбу масалага бироз ойдинлик киритиб қўйишни, шом намозининг вақтини шариатимиз, хусусан, ҳанафий мазҳабимиз асосида содда ва аниқ баён қилиб қўйишни лозим топдикки, ибодатларда шубҳа ёки халал бўлмасин.
Шом намозининг вақти қачон?
Шом намозининг вақти кун ботиши билан киришига уламолар жумҳури иттифоқ қилган. Юртимизда машҳур бўлган фиқҳий манба – «Мухтасар»да шундай дейилади:
«Асрнинг вақти ўшандан ботишгача, шомники эса бундан шафақ йўқолгунча».
Демак, асрнинг вақти пешин вақти чиққанидан бошлаб қуёш ботгунча, шомнинг вақти эса қуёш ботганидан шафақ ғойиб бўлгунча.
Шом намозининг «мағриб» деб аталиши ҳам айнан қуёш ботишидан – «ғуруб» сўзидан олинган. Шомнинг вақти қуёшнинг ботиши эканида ҳеч бир мазҳабда ихтилоф йўқ. Шунинг учун ҳам ҳанафий мазҳабининг мўътабар асарларида – «Ҳидоя», «Нуқоя», «Мухатасари Қудурий», Сарахсийнинг «Мабсут»и, «Муҳити Бурҳоний», «Фатовойи Ҳиндийя» ва бошқа барча манбаларда шомнинг вақти кун ботиши билан кириши таъкидланган.
Шу ўринда «кун ботиши» деганда қуёшнинг айнан қайси ҳолати назарда тутилганига ҳам алоҳида эътибор қаратиш керак. Ибн Манзур ўзининг «Лисанул-ъароб» асарида араб тилида «ғуруб» деганда нима тушунилишини шундай баён қилади:
«Кун ботиши – қуёшнинг ғойиб бўлишидир».
Кун ботиши осмондан ёруғликнинг мутлақ йўқолиши ёки осмоннинг қоронғилашиши эмас, балки қуёш гардишининг ердаги инсоннинг кўзидан ғойиб бўлишидир.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ «Фатҳу баабил-ъинаайа» асарида «Мухтасар»нинг «ғуруб» (қуёш ботиши) калимасини: «Қуёшнинг буткул ғойиб бўлиши» деб изоҳлаган ва кетидан «Шомнинг вақти қуёш сарғайган пайти – ботиш олдидаги нурсизланганда, яъни қуёш доирасининг пастки қирғоғи ерга етганда бошланади», деган фикр олинмаслигини таъкидлаган. Бундан шом намозининг вақти қуёш доираси тўлалигича ғойиб бўлиши билан кириши тушунилади.
Имом Бурҳонуддин Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ «Ҳидоя»да шундай дейди:
«Шомнинг аввалги вақти қуёш ботгандадир. Унинг охирги вақти эса шафақ ғойиб бўлгунчадир».
Марғилоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу матннинг кетидан Имом Шофеъийнинг наздида шомнинг вақти шом ўқигунча муддат эканини айтар экан, у киши Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир кун намозларни кириш вақтида, иккинчи куни эса чиқиш вақтида ўқиб берганда шомни иккала кунда ҳам бир вақтда, яъни кун ботиши билан ўқиб берганини далил қилганларини айтади ва ортидан «У киши қилган ривоят макруҳликдан сақланиш юзасидан, дея йўйилади», дейди.
Ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳ ушбу матннинг шарҳида: «Шу боис биз шомни кечга суриш мутлақ макруҳдир», деймиз», деган.
Демак, шом намози қуёшнинг ер юзидан ғойиб бўлиши билан кирар экан.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Жомиъ»ида «Шомнинг вақти» деган алоҳида боб очиб, унда қуйидаги ҳадисларни келтиради:
«Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Шом намозини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у (қуёш) тўсиқ ортига яширинганда ўқир эдик», яъни қуёш ер билан тўсилган пайтда.
«Рофеъ ибн Хадиж розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шом намозини ўқир эканмиз, қайтаётганимизда камонининг ўқи тушадиган жойларни кўра олар эдик».
Ҳанафий уламоларнинг энг катта намояндаларидан бири Бадруддин Айний раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Саҳиҳи Бухорий»га ёзган шарҳи «Умдатул-қорий»да ушбу ҳадиснинг изоҳида шундай дейди:
«Мазкур ҳадис у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шомни кун ботиши билан ўқишларига, ўқиб бўлганларида теварак-атроф ҳали ёруғ бўладиган даражада басуръат ўқишларига далолат қилади. Жумҳурнинг мазҳаби шудир».
Кейин Айний раҳматуллоҳи алайҳ ҳадиснинг бошқа матнларини ҳам зикр қилади. Уларнинг орасида, жумладан, шундай матнлар келади:
«Кейин биз Бану Саламанинг уйларига киргунча ўқ отишардик. Ёруғ бўлгани учун ўқларнинг тушган жойларини кўрардик».
«Улар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шомни ўқиб, кейин Мадинанинг чеккасидаги уйларига қайтишарди. Кейин ўқ отишса, ўқлари тушган жойларни кўра олишарди».
Айний раҳматуллоҳи алайҳ шом намози азбаройи ёруғ пайтда ўқилганидан ҳаттоки салафи солиҳлар даврида «солатул-басор» (кўрув намози) деб аталганини ҳам зикр қилади.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан шомни ўқиб бўлган саҳобалар шаҳарнинг чеккасидаги уйларига бориб, камон ва ўқларини олиб, ўқ отишар экан ва осмон ёруғлигидан ҳатто ўша узоқларга отилган ўқларнинг тушган ери ҳам аниқ қўриниб турар экан. Юқоридаги бир матнда «Бану Саламанинг уйлари» деб таъкидланиши ҳам бежиз эмас. Бану Саламанинг ери Масжиди Набавийдан тақрибан 2 километр узоқликда бўлган. Бу таъкид вақт тасаввури учундир, яъни шомнинг вақтини англаш учун шомни ўқиб, масжиддан чиқиб, 2 километр масофага пиёда юриб бориб, уйдан камон ва ўқни олиб чиқиб, кейин ўқ узганда ўқнинг тушган жойлари кўриниб турганини бир тасаввур қилишнинг ўзи кифоя.
Ҳанафий мазҳабидаги энг мўътабар манбалардан ҳисобланган «Ал-Жавҳаротун-наййироҳ» асарида Абу Бакр Забийдий: «Ботадиган нарсалар учтадир: қуёш ва икки шафақ», дейди, яъни «ғуруб» (ботиш) уч нарсада кўринади: қуёшнинг ботиши, қизил шафақнинг ботиши, оқ шафақнинг ботиши. Қуёшнинг йўқолиши билан шом киради, қизил шафақ йўқолиши билан хуфтоннинг биринчи вақти, оқ шафақ йўқолиши билан хуфтоннинг иккинчи вақти киради. Туннинг кириши айнан кун чиқишининг аксидир. Бомдод намози осмонда оқлик тарқалганда бошланиб, қуёш доираси ер ортидан кўрингунча давом этганидек, шомнинг вақти қуёшнинг доираси ғойиб бўлганидан уфқдаги оқ шафақ йўқолгунчадир.
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ «Мишкот»га ёзган шарҳи «Мирқот»да «Мавоқит» (Вақтлар) бобидаги ҳадиснинг «Шомнинг вақти шафақ ғойиб бўлгунчадир» деган жумласини изоҳлар экан, шундай дейди:
«У Имом Шофеъий, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимнинг наздида қуёш ботганидан кейин бунинг кетидан келадиган қизилликдир. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида қизилликдан кейинги оқликдир ва бу Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу, Ибн Абдулазиз ҳамда Авзоъий раҳматуллоҳи алайҳимодан ҳам ривоят қилинган. Бу эса шом вақтининг шафақ ғойиб бўлгунча давом этишига далолат қилади. Унинг (шафақнинг) бир қисми кетгани билан хуфтон вақти ҳали кирмайди. Худди қурснинг (қуёшнинг) бир қисми ботиши билан шом вақти кирмаганидек… Унинг вақти қуёш ботиши билан киришига иттифоқ қилинган… Бунинг шиаларга хилоф бўлиши инобатга олинмайди. «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам шомни юлдузлар гавжумлашганда ўқидилар», деган хабар ботилдир. Аксинча, саҳиҳ собит бўлганки, «Умматим шомни юлдузлар гавжумлашгунча кечиктирмас экан, фитратда бўладилар», деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уни кечиктиришлари ҳақидаги саҳиҳ ҳадислар бунинг жоизлигини кўрсатиш учундир. Имом Термизий уламолардан уни аввалги вақтидан кечиктириш макруҳ эканини нақл қилган».
«Қурс» – қуёш кулчаси, қуёшнинг айланасидир. Демак, қуёшнинг доираси тўлиқ ботиши билан шом вақти киради. Шунингдек, шомни мана шу аввалги вақтида ўқиш лозимдир, уни кечга суриш жумҳур уламоларнинг наздида макруҳдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айрим ҳолларда шомни кечиктирганлари унинг чиқиш вақтини кўрсатиб бериш ва узрли ҳоллардаги рухсатни баён қилиш учун бўлган.
Эҳтиёт юзасидан шомни кечиктириб ўқиш жоизми?
Ҳа, аммо фақат булутли кунларда. Бу ҳақда «Мухтасар»да шундай дейилган: «Булутли кунда аср ва хуфтон тезлаштирилади, қолганлари кечиктирилади».
Мулла Алий Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бу сўзга: «… токи пешин ва шом вақтидан олдин бўлиб қолмасин», дея изоҳ беради. Аммо ҳозирги даврда соат бор. Булутли кунларда соатга қараб ўқилаверади.
Бироқ, бундан бошқа пайтларда шомни кечиктириш макруҳдир. Буни фуқаҳолар, хусусан, ҳанафий мазҳабимиз уламолари таъкидлаган.
«Ҳидоя»нинг намознинг мустаҳаб вақтларига доир фаслида шундай дейилади:
«Шомни тезлаштириш мустаҳабдир. Зеро, уни кечиктириш макруҳдир, чунки бунда яҳудийларга ўхшашлик бор. Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим шомни тезлаштириб, хуфтонни кечга сурар эканлар, яхшиликдадирлар», деганлар». Бир ривоятда «фитратда бўладилар» дейилган.
Демак, шомни кечиктиришда яҳудийларга ўхшаб қолиш борлиги учун бу иш макруҳдир.
«Фатовойи Ҳиндийя»нинг «Намоз китоби», биринчи боб, иккинчи фаслида шундай дейилади: «Барча вақтларда шомни дарҳол ўқиш маҳбуб саналади».
Ваҳба Зуҳайлий раҳматуллоҳи алайҳ «Ал-фиқҳул-исламиййу ва адиллатуҳу» асарида: «Шомни тезлаштириш мутлақ маҳбуб саналади. Азон билан иқоманинг ўртаси ҳам фақат уч оят миқдорича ёки бир енгил ўтириш билан ажратилади. Зотан, уни кечиктириш макруҳдир, чунки бунда яҳудийларга ўхшашлик бор», деган.
«Бадаиъус-сонааиъ» китобида Косоний раҳматуллоҳи алайҳ шундай дейди:
«Шомга келсак, қишин-ёзин уни тезлатиш маҳбуб саналмишдир. Уни юлдузлар гавжумлашгунча кечиктириш макруҳдир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Умматим шомни тезлаштириб, хуфтонни кечга сурар эканлар, яхшиликдадирлар», деганлари ривоят қилинмишдир. Шу билан бирга, тезлатиш жамоатнинг кўпайишига, кечиктириш эса камайишига сабаб бўлади. Чунки одамлар кечкиликка ва дам олишга киришиб кетадилар. Бинобарин, тезлатиш афзалдир. Шунингдек, бу яхшиликка шошилиш жумласидандир, демак, шу авлодир».
Зафар Аҳмад Усмоний ўзининг ҳанафий мазҳабининг далилларига бағишланган «Иълааус-сунан» асарида «Шомни тезлаштириш» бобида қуйидаги ҳадисларни келтиради:
«Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан, у Ҳаммоддан, у Иброҳимдан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бирор нарсада бомдодни ёруғда ўқиш ва шомни тезлатишдагидек жамланмаганлар».
Демак, буюк тобеин Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ саҳобаи киромларнинг шомни энг аввалги вақтида ўқиш лозимлигига иттифоқ бўлганларини, бу ишда бошқа масалаларда учрамайдиган даражада якдил ижмоъ қилганларини таъкидлаганлар. Бу ривоятни айнан мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўз «Муснад»ларида ривоят қилган эканлар.
Сунобиҳийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики умматим яҳудийларга ўхшаб шомни юлдузлар гавжумлашгунча кутмас, насронийларга ўхшаб бомдодни кечиктирмас экан, динидан асари сақланиб туради», дедилар».
Демак, агар мусулмонлар яҳудийларга ўхшаб шомни кечиктириб, насронийлар сингари бомдодни кун чиқай дегунча кечга суриб ўқийдиган бўлиб қолса, динидан асар ҳам қолмагандек бўлади.
Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ «Саҳиҳи Муслим»га ёзган шарҳида: «Шомни қуёш ботган заҳоти ўқишга ижмоъ қилинган. Бу тўғрида шиалардан бир нималар ҳикоя қилинган. Унга қаралмайди ва унинг таги йўқ», дейди.
Демак, шомни кечга суришда яҳудийларга ўхшаб қолиш билан бирга билиббилмаган ҳолда шиаларга тақлид қилиб қўйиш ҳам бор экан.
Имом Сарахсий раҳматуллоҳи алайҳ мазҳаб имомларининг меросларини жамлаган китоби «Мабсут»да шундай дейди:
«Шом намозининг вақти бизнинг наздимизда қуёш ботганидан шафақ ғойиб бўлгунчадир. Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ, Жаброил алайҳиссаломнинг ҳадисига кўра, шомнинг вақти фақат бита – уни ўтагудек вақтдир, бинобарин, қуёш ботганидан кейин уч ракъат ўқигудек вақт ўтса, шомнинг вақти чиқади, дейди. Чунки у (Жаброил алайҳиссалом) шомни иккала кун ҳам бир вақтда ўқиган. Бизнинг далил эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шомнинг аввалги вақти қуёш ғойиб бўлган пайтдир, охири эса шафақ ғойиб бўлган пайтдир», деганлар. Жаброил алайҳиссаломнинг имом бўлгани ҳақидаги ҳадиснинг таъвилига келсак, у адонинг маҳбуб вақтини баён қилмоқчи бўлган. Шунга биноан, биз шомни қуёш ботганидан сўнг қуёшнинг ботганини аниқлаш миқдоридан бошқа кечиктиришни макруҳ деймиз. Буни Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилган. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматим шомни дарҳол ўқиб, хуфтонни кечга сурар эканлар, яхшиликдадирлар», деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу бир куни шомни юлдуз кўрингунча кечга суриб қўйганлар ва бунинг каффоратига бир қул озод қилганлар. Умар розияллоҳу анҳу эса шомни ўқимасларидан олдин иккита юлдузнинг чиққанини кўриб, иккита қул озод қилганлар. Бу эса кечиктиришнинг макруҳлигига далолат қилади. Аммо намозни топиш имкони шафақ ғойиб бўлгунча давом этади».
Умар розияллоҳу анҳу ва Ибн Умар розияллоҳу анҳу шомни бироз кечроққа қолиб ўқиганларининг каффоратига қул озод қилган эканлар. Демак, саҳобаи киромлар бу ишни шу даражада катта хато санаганларки, ҳатто каффоратига қул озод қилганлар. Бу ўринда шуни ҳам таъкидлаб қўйиш керакки, ривоятларда келган юлдузларнинг кўриниши ўша даврга хос бўлган, ерда ҳозиргидек сунъий ёритгичлар бўлмаган, очиқ жойларда кузатилган.
Булутли кунда шомни кечга суриш ҳам қуёш ботганига аниқ ишонч ҳосил қиладиган даражада бўлади. Ибн Моза раҳматуллоҳи алайҳ ўзинин машҳур «Муҳити Бурҳоний» асарида «Шомни қуёш ботганидан кейин кечга суриш макруҳдир», дейди ва булутли кундаги кечиктириш ҳақида: «Қуёшнинг ботганига ишонч ҳосил қилгунча миқдордир», деб айтади. Аммо қуёш ғойиб бўлганини билгандан кейин ҳам вақт ўтказиш васваса ҳисобланади ва жоиз бўлмайди.
Шунингдек, мазҳабимизда шомдан олдин нафл ўқиш макруҳлиги ҳам вақт жиҳатидан эмас, балки шомнинг кечикиб кетиши юзасидан экани эътиборга моликдир. «Ҳидоя»да: «Қуёш ботгандан кейин фарздан олдин нафл ўқилмайди, чунки бунда шомни кечиктириш бор», дейилган.
Демак, узрсиз равишда шомни икки ракъат намоз ўқигудек даражада кечиктириш ҳам кареҳ саналган. Шунинг учун Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ Зоҳирур-ривоя асарларидан бўлмиш «Асл»даги «Намоз вақтлари» бобида шундай дейди:
«Айтинг-чи, шом қачон?» дедим. «Қуёш ботган пайтдан шафақ ғойиб бўлгунча», деди. «Шафақ ғойиб бўлгунча кечиктиришни макруҳ санайсизми?» дедим. «Ҳа. Шафақ Абу Ҳанифанинг сўзларида уфққа ёйилган оқликдир, Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг сўзида эса қизилликдир…. Айтинг-чи, шомни қуёш ботганидан кейин бироз кечиктирса бўладими?» дедим. «Қуёш ботган бўлса, кечиктиришни макруҳ санайман, қишда ҳам, ёзда ҳам», деди».
Маълумки, Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида савол-жавоб услубини ишлатганлар. Бу ердаги савол ва жавобнинг эгаси ҳам ўзларидир. Демак, мазҳаб имомларининг наздида нафақат юлдузлар гавжумлашгунча, балки қуёш ботганидан кейин бироз кечиктириш ҳам макруҳдир.
Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир амалнинг, хусусан, ибодат масаласидаги ишларнинг меъёри шариат бўлиши керак. Бу борада тахмин, ваҳм ва васвасалар ўтмайди. Шомни кун ботганидан кейин 10-15 дақиқа кечиктириб ўқиётган намозхонларимиз «кун ботиши» деганда қуёш гардишининг ердан ғойиб бўлишини эмас, балки ёруғлиги ҳам кетишини тушуниб қолишган. Бу эса хатодир. Ушбу кечиктириш агарчи «эҳтиёткорлик» кўринса-да, аслида ваҳмдир. Агар шомни кечиктираётган ўша кишига қуёш ғойиб бўлганидан кейин, ҳали осмон ёруғ турган пайтда «Мен ҳали аср ўқимаган эдим, ҳозир ўқисам, вақтида ўқиган бўламанми? Адо деб ўқийверайми?» десангиз, «ҳа», дея олмайди. Чунки бу вақт асрнинг вақти эканига ўзи ҳам ишонмайди. Ҳолбуки, аср билан шомнинг орасида аросат вақт йўқ. Фатволардан маълумки, қуёш тўлиқ ботиб кетмагунча асрнинг бир қисмини ўқиб олган киши қолганини қуёш ботгандан кейин ўқиб тугатса ҳам, ўша куннинг асрига улгурган ҳисобланади. Бинобарин, айта оламизки, қуёш ботганидан кейин ҳам шомни кечга суриш ё одатда кеч ўқиб ўрганиб қолган одамнинг ўз кўникмасидан кеча олмаслигидан, ё васвасадан бўлади. Боз устига, айрим кишиларнинг, масжидларда шом ўз вақтидан олдин ўқиляпти, деган гумон асосида, унинг одатидек кечга сурилмаётганидан кўнгли тўлмай, шомни уйда ўқиётгани макруҳ устига тарки суннат ҳамдир. Ундан ҳам хатарлиси, айрим шомни кечиктирадиганлар жамоатнинг шомни ўқиб олишини кутиб турар, жамоат чиқиб кетгач, ўзлари кириб ўқишар экан. Бу ҳам етмагандек, бошқаларни ҳам шундай қилишга буюрар экан. Бу эҳтиёткорлик эмас, балки макруҳ, тарки суннат ҳамда тафриқани ўзига жамлаган хатарли ва энг ачинарлиси, васваса устига қурилган ишдир. Шу ўринда асосий жамоат ўқиб бўлганидан кейин масжидда иккинчи жамоат ташкил қилиш макруҳ эканини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Мазкур кишиларнинг масжиддаги жамоатнинг шомни тақвимда кўрсатилган вақтда ўқишидан кўнгли тўлмаслигига сабаб шуки, улар шом намозининг вақтини кеч тасаввур қилиб олиб, атроф қоронғилашмай туриб ўқиб қўйилса, намоз намоз бўлмайди, деган маънода эҳтиёткорлик қилмоқчи бўладилар. Ҳолбуки, тақвимда кўрсатилган қуёш ботиш вақти деярли тўғри. Тақвимга аниқлик киритиш мақсадида шахсан ўзим пойтахтнинг юқори тарафидан шаҳар ташқарисига чиқиб, қуёшнинг ботишини кузатдим. 2015 йил 14-декабр, тақвим бўйича, Рабиъул-аввал ойининг учинчи куни эди. Тақвимда бу куннинг шом вақти 16:56 кўрсатилган. Аммо қуёш 16:54 да ботиб бўлди. Демак, тақвимда шом вақти 2 дақиқа эҳтиёти билан кўрсатилган. Шунингдек, қуёшнинг ботиш вақти Тошкентдан бошқа шаҳарларда ҳам ишончли вакиллар воситасида кузатилди. Масалан, Андижонда қуёш Тошкент учун кўрсатилган вақтдан 12 дақиқа илгари ботиши анқиланди. Ҳолбуки, тақвимда фарқ 10 дақиқа деб белгиланган. Аслида бу фарқ тўғри кўрсатилган. Бироқ, қуёш Тошкентда тақвимда белгиланган вақтдан 2 дақиқа олдин ботгани учун фарқ 12 дақиқа бўлиб қолган. Бинобарин, Андижон учун кўрсталиган шом вақтининг ҳам 2 дақиқа захираси бор. Шу билан бирга, бошқа шаҳарлардаги кузатувлар натижаси тақвимдаги айрим шаҳарлар бўйича Тошкентга нисбатан кўрсатилган фарқлар юз фоиз дақиқ эмаслигини кўрсатди. Масалан, Нукусда қуёш ўша куни 17:34 да ботган. Ҳолбуки, тақвимда Нукус Тошкентдан 42 дақиқа кейин деб кўрсатилган. Унга кўра Нукусда шом вақти 17:38 да ботиши керак эди. Демак, у ерда қуёш тақвимда кўрсатилганидан 4 дақиқа олдин ботган. Бухородаги кузатувга кўра қуёш тақвимда кўрсатилган вақтдан 3 дақиқа кейин ботган. Шаҳрисабз, Самарқанд, Сурхондарёнинг Узун тумани каби минтақаларда ҳам қуёш тақвимда кўрсатилган вақтдан 3-4 дақиқа кеч ботгани кузатилган. Шунинг учун диний идора томонидан қайтадан махсус ҳайъат тузилиб, бутун мамлакат бўйлаб намоз вақтларини бирма бир ўрганиб чиқиш лозим, деб ўйлаймиз. Бу кузатув йилнинг тўртала фаслида ҳам олиб борилиши керак. Субҳнинг киришидан тортиб, қуёш ботгандан кейинги оқ шафақ ботгунича бўлган барча намоз вақтлари аниқ, дақиқама дақиқа дақиқ кўрсатилиши матлубдир. Бинобарин, тавсия шуки, шомни кун ботмай туриб ўқиб олишдан қўрқиб юрган кишилар, тақвим вақтида иккилансалар, ибодатни шубҳа ва ваҳм асосида қилиб юрмай, марҳамат қилиб, бир кун ярим соат вақт ажратиб, қуёшнинг ботишини кузатсинлар. Агар қуёшнинг гардиши тақвимда кўрсатилган вақтда уфқ чизиғидан ғойиб бўлса, демак, тақвимдаги вақт тўғри кўрсатилган, деб хулоса қилишлари, ёки аксинча, агар тафовут бўлса, қанча тафовут борлигини аниқлаб олишлари мумкин. Бу масалада ҳам, бошқа диний масалаларда бўлганидек, диёр уламолари масъулдирлар.
Кун ботиш вақти масаласи ифтор пайтини белгилашда ҳам муҳимдир. Шомни кечиктирадиган кишилар одатда оғиз очишни ундан ҳам кечиктирадилар. Натижада оғиз очиб, сўнг шомни ўқишаркан, мутлақо макруҳ пайтда адо этадилар. Айниқса, бамайли хотир еб-ичиб, сўнг шомга турадиганлар шомнинг биринчи асл вақти чиқа ёзганда ўқишлари ҳам мумкин. Баъзилари «таъжилул-ифтор», яъни оғиз очишни тезлаштириш суннатини «шошиб ейиш» деб таъвил қилишгача борадилар. Бу эса ақлга ҳам, нақлга ҳам зиддир. Ўзини илмли санаган айрим кишиларнинг шом вақти билан ифтор вақтини ажратиш ҳақидаги баҳс ва мақолалари ҳам бор. Улар бунга Бақара сурасидаги «Кейин рўзани тунгача тугал қилинглар» оятини далил қилиб, «Шом намози қуёш ботиши билан ўқилади, аммо рўза қоронғи тушганда очилади», дейишади. Бу эса суннатга, салафи солиҳларнинг ижмоъсига, жумҳур уламоларнинг фатвосига зид бир қарашдир, холос. Ифторга шошилиш масаласи ҳам алоҳида бир мавзу.Ушбу мўъжаз изланишдан қуйидаги хулосаларни олиш мумкин:
1. Шомнинг вақти осмон қоронғилашиши билан эмас, қуёш гардишининг ер ортига ўтиб, кўринмай қолиши билан киради.
2. Шомни фақат булутли кунлардагина кун ботгани аниқ бўлгунча кечиктириш мумкин. Аммо бу фатво соат ва тақвимлар мавжуд бўлган бугунги шароитга тегишли эмас.
3. Шомни қуёш ботганидан кейин бироз кечга суриш ҳам макруҳ. Буни хусусан, ҳанафий мазҳаби имомлари таъкидлаганлар.
4. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган тақвимлардан қаноат ҳосил қилмаган кишилар намоз вақтини бевосита кузатишлари ва ибодатларида аниқлик киритиб олишлари керак бўлади. Турли электрон жиҳозлар учун чиқарилган дастурларга келсак, улар ҳам шу асосда текширилиши мумкин.
5. Рўза шом вақти кириши билан очилади.
6. Ибодатда ваҳмга асосланиб бўлмайди.
7. Халқнинг ибодат масалаларини баён қилиб бериш илм аҳлининг ҳаққи ва бурчидир.
Аллоҳ таоло барча мусулмонларнинг ибодатларини қабул айласин, камчиликларини Ўзи кечирсин ва мукаммал ибодат қилишга муваффақ қилсин!
Meg S
Qiziqarli malumotlar
Намоз вакти