Қуруқ меваларнинг фойдали ҳусусиятлари
Дунёнинг етакчи мутаҳассис ва олимлари қуруқ меваларни витаминлар кони, деб аташади. Бундай мевалар бемалол рафинадланган шакар ўрнини боса олади. Улар таркибидаги клетчатка эса ошқозон учун жуда фойдали.
Олхўри қоқи- клетчатка, сахароза ва пектинларга бой саналади. У овқат ҳазм қилиш жараёнини тезлаштиради. Сафро ҳайдашни кучайтиради ва ошқозон суюқлиги секресиясини фаоллаштиради.
Туршак- калий, магний ва темир каби моддаларни ўз ичига олади. Туршакни юрак ҳасталиклари, гипертония, анемия, диабет ва ҳаттоки ортиқча вазн муаммосига дуч келганларга тавсия этилади.
Майиз- ушбу қуруқ меванинг 70 фоизини углеводлар ташкил этади. Шуниндек таркибида кўп миқдорда темир ва калий мавжудлиги учун ушбу қуруқ мева юрак ҳасталикларини даволайди, асаб тизимини мустахкамлайди. Аммо диабет касалига чалинган ва ортиқча вазндан азият чекадиганларга майиз ейиш тавсия этилмайди.
Қуритилган анжир- бу мева фруктоза ва глюкозага бой ҳисобланади. Ундан тайёрланган мураббо гастрит касаллигига даво. Қайнатмаси нафас йўллари касалликларида қўлланади, қуритилган анжирнинг ўзи эса қонни кўпайтирувчи энг яхши восита саналади. Билсангиз, Японияда саратон касаллигининг олдини олиш учун кўпроқ анжир тановул қилишни тавсия этишади.
Хурмо қоқи- бу қуруқ меванинг таркибида кўпгина озиқали бирикмалар бўлганлиги сабаб хурмо қоқини кўп миқдорда истеъмол қилиш ошқозон ҳамда ичак фаолиятига салбит таъсир кўрсатиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам хурмо қоқи диабетга чалинган беморларга тақиқланади. Аммо буқуруқ мева чарчоқни чиқаради. Шунингдек, ўпка шамоллашида ажойиб дори воситаси ҳисобланади.
Қуруқ меваларни истеъмол қилишдан олдин албатта, тозалаб ювиб, 10- 15 дақиқадан сўнг тановул қилишни маслахат берамиз. У қанчалик тоза жойда сақланмасин, ўзига чангни ва микробларни тез олади. Шу сабабли ейишдан олдин уларни ювиш лозим.
Қуруқ мевадан компот
Керакли масаллиқлар: 5-6 дона қуритилган олма, 100 г шакар, 2 дона қуритилган нок, бир ҳовуч қуритилган олча, туршак, майиз ва олхўри қоқи.
Тайёрлаш усули: идишга сув солиб қайнатилади,қайнаётганда сувга шакар қўшиб, яхшилаб аралаштирилади ва сироп тайёрланади. Сироп 5 дақиқа қайнагач идишга бирин-кетин ювилган қуруқ мевалар солинади. Биринчи бўлиб идишга қуритилган нок солиниб, у ҳам бир неча дақиқа қайнатилади. Олма ва нок қайнагач, идишга қуритилган олча ва бошқа қуритилган мевалар солиниб пиширилади. Компот тайёр бўлгач, уни бир неча соатга олиб қўйилади ва сўнгра истеъмол қилишингиз мумкин.
Кизикарли маълумотлар
Қуруқ меваларнинг фойдали ҳусусиятлари