Қорағордаги ов

Қорағордаги ов

Қорағордаги ов
Қорағордаги ов

Катталар менга шарт қўйишди. Уларнинг сафига кириш учун узун сув илонини тутиб, Қулмат оқсоқнинг бўйнига илишим керак. Бу унчалик қийин эмас. Қулмат оқсоқ жуда ювош чол. Бировга қаттиқ гапирмайди. Кўзлари хиралашганидан катта кўзойнагини тақиб, кулбаси атрофини айланиб юради. Орқасидан соядай эргашиб кетаверсанг ҳам сезмайди. Ёки сезса ҳам, эътибор бермайди. Шунинг учун унинг бўйнига илон илиш менга чўт эмас. Аммо илонни тутиш керак-да. Тўғри, сув илони чақмайди. Лекин чақадими, чақмайдими, барибир, у илон-ку, турқи совуқ, кўзим тушиши билан этим жунжикиб кетади. Анҳорга тикилиб ўйланиб қолдим. Агар шу ишни эплолсам, манави кўм-кўк, тип-тиниқ сувда катталар билан бирга чўмилиш менга насиб этади.
— Қўрқяпсанми, йигит? — деди қўлидаги балиқни оловга тутаётган Раҳим ака иржайиб. — Сени қара-ю, бизга қўшилишинг учун оддийгина шарт қўйгандим. Уялтириб қўйдинг-ку. Ҳалиям Қора ғорга кириб чиқасан демаганимга шукур қил.
Қора ғор сўзини эшитиб, юрагим орқага тортиб кетди. Қора ғор, аслида, ғор эмас, анҳорнинг катта йўл тагидан ўтган қисми. Йўл жуда кенг бўлганидан, туннел ҳам шунга яраша узун. Узоқдан ичи қоп-қоронғи кўринганидан, биз уни Қора ғор деб атаймиз. У ерга ҳеч ким атайлабдан кирмайди. Тасодифан оқиб кетганларнинг ҳеч бири эса тирик чиқмаган. Туннелга кираверишдаги сув шиддат билан лойқаланиб, кўпикланиб оқади. Худди ўпқонга ўхшайди. Бор сувни ичига ютиб кетаётгандек. Аммо ажабланарлиси, туннелнинг нариги томонидан чиқаётган сув тиниқ ва сокингина оқади. Бундай жойга киришнинг ўзи ўлим билан тенг. Қора ғорга катта болалардан ҳали ҳеч ким кира олмаган. Ҳатто туннел оғзига яқинроқ жойларда ҳам бирор бола чўмилмайди. Лекин, катталарнинг айтишича, Раҳим ака туннел оғзигача сузиб боришга тайёрланаётган экан ва у сўзининг устидан, албатта, чиқар эмиш. Бунга ҳеч биримиз ҳайрон қолмадик. Чунки катта болалар ичида энг кучлиси Раҳим ака. Унинг сувда қандай чўмилишини кўрганман. Сув остига шўнғиб, бир-икки дақиқа у ерда тура олади. Балиқларни эса оёқлари орасида қисиб ушлайди. Илонни ушлаб, чирпирак қилиб айлантиришини ҳайратланиб томоша қилганман. Хуллас, Раҳим акага ҳаммамизнинг ҳавасимиз келади.
— Қўрқма, Қора ғорга кир, демайман. У ерга биринчи ўзим кирмоқчиман. Кел, олдин балиғимиздан татиб кўр, кейин илон қувлайсан.
Раҳим аканинг гапидан сўнг барча болалар кулиб юборишди. У киши эса мени изза қилишни хоҳламай, уларга жим ишорасини қилиб, қўл силкиб, мени ёнига имлади. Алоҳида эътиборидан хурсанд бўлиб, болалар орасига бориб ўтирдим. Биринчи кундан овқатга таклиф қилинганимга бошқалар кўзларини ола қилиб қарашди. Менга ҳасадлари келаётганига аниқ ишонч ҳосил қилгач, мамнунлигимни билдирмай, яхшироқ жойлашиб олдим. Қўлимдаги охирги балиқ оловда қизаргач, Раҳим ака Отажонга деди:
— Бор, аввал пишганларини олиб кел, овқатланамиз.
Отажон Қулмат оқсоқнинг ёлғизгина набираси. Саккиз ёшли, қотмадан келган, озғин, хунуккина бола. Гўдаклигида отаси ўлган, онаси эса уни бобосига ташлаб, бошқа киши билан турмуш қуриб кетган экан. Шундан буён анҳорнинг нариги томонида даштликка туташиб кетган жойда, тўкилиб тушай деб турган уйда бобоси билан ёлғиз яшайди.

Қишлоғимиз катта. Бу анҳор эса унинг бир чеккасидан оқиб ўтади. Анҳорнинг бир соҳилида қишлоқ, иккинчи соҳилидан эса чексизликка уланиб кетган даштлик бошланади. Анҳор жуда кенг ва чуқур бўлганидан унда фақат иккитагина чўмиладиган жой бор. Бири анча кенг, саёзлик, унда кичкина болалар чўмилади. Энг яхши иккинчи жойи эса катта болаларники. Катта болаларга қўшилиш қийин. Мана, мен ўзим, неча кундан бери уларнинг олдига келишга журъат этолмай, ниҳоят, бир амаллаб келиб қўшилдим. Отажон-чи, ҳали ёш бола бўлса ҳам, бир неча йилдан бери катталар билан бирга. Катталар ҳам унга «кет” дейишмайди. Тўғри, у фақат қирғоқда чўмилади, бошқалар каби анҳорнинг ўртасига кирмайди. Фақат катта болаларнинг майда-чуйда ишларини қилиб юради. Бироқ шунинг ўзи ҳам катта гап. Тўртинчи синфга кўчган бўлсам-да, ҳали ҳам уларга қўшилолмаганимдан Отажонга ҳасад билан қарардим. Атрофдагилар бир-бирига ҳазил қилиб, Отажонга эътибор бермай туришганда, мен кўзларим ости билан уни кузатдим. У биздан етти-саккиз метр наридаги пишган балиқлар ёнига боргач, негадир ўша ерда куймаланиб қолди. Вой писмиқ, у энг катта балиқлардан бирини соҳилдаги қумлоқ тупроқ остига кўмарди. Отажон бизга тескари ўтиргани учун худди балиқларни тахлаётганга ўхшарди. У бу ўғриликни шунчалик чаққон бажарганидан пайқаш қийин эди. Балиқни кўмиб бўлгач, қолганларини кўтариб, ёнимизга келди.
— Ука, бу ёқдан ўтир.
Раҳим аканинг Отажонга ўз ёнидан жой бергани менга қаттиқ алам қилди.
«Нимага энди бу ўғрини ардоқлашлари керак экан? Ҳозир ҳамманинг олдида айбини айтсам, болалар ундан хафа бўлади, менга бўлса ишонч­лари ортади. Балки, сафларига кириш учун қўйган шартларини енгиллатишар”, деб ўйладим.
— Отажон катта бир балиқни ўғирлади. Ҳозиргина ўзим кўрдим.
Ҳамма ялт этиб менга қаради. Раҳим ака ҳам. Уларнинг эътиборини торта олдим.
— Ҳа, қумнинг остига кўмиб келди, — дедим ва Отажоннинг аҳволини томоша қилиш учун унга қарадим.
Отажон гўшт чайнашдан тўхтаган, кўзлари пириллаб турарди. Қўрққанидан ранги ўзгариб, лаби ҳам билинар-билинмас титраб кетди. Кўзларини катта-катта очиб жавдираганча, ўзига еб қўйгудек қараб турган болаларга термилди.
— Ростми шу, балиқ ўғирладингми? Олдинги одатинг яна бошландими? Эсингдан чиқдими, яна ўғирласанг яхшилик кутма деганим?
Раҳим аканинг жиддий ва жаҳл билан берган саволидан Отажон чўчиб тушди. Оғзидаги гўштни зўрға ютиб, «йўқ” деган ишорада бошини секин-секин қимирлатди.
— Алдаяпти, Раҳим ака. У сизга ёлғон гапирди. Балиқни кўмганини ўзим кўрдим, — дея гапимни исботлаш учун ўрнимдан турдим-да, бориб қум остидан балиқни олдим. Обдон тупроққа беланган, қум зарралари ёпишиб қолган каттагина балиқни келтириб, болалар олдига ташладим ва ғалабамдан гердайиб тик турдим.
Раҳим ака истеҳзо билан лабининг бир чеккасини чўзиб кулди ва тўсатдан, зарб билан Отажоннинг юзига мушт туширди. Кутилмаган зарбадан гангиб қолган болакай ўзини йўқотиб, ерга ағанаб кетди. Ҳамма қотиб қолди. Отажонни ўрнидан турғазишга эса ҳеч кимнинг журъати етмасди. Бошида қилган ишимдан қувонаётган бўлсам, энди афсуслана бошладим. Чунки Отажонга раҳмим келаётган эди.
Ерда ётган болакай бироз ингради-ю, яна амаллаб ўрнидан туриб, қонаган бурни ва лабларига ёпишиб қолган қумни қоқа бошлади.
— Нимага ўғрилик қилдинг? – Раҳим ака ғазабланганича унинг қулоғидан чўзиб сўради.
Отажон ҳеч нарса демади. Фақат гўдакларча тиниқ кўзига ёш келди.
— Сендан сўраяпман, нимага ўғрилик қилганингни, гадойвачча?
Раҳим ака баттар асабийлашиб бақирди.
— Уйимизга келган доктор амаки: «Бобонгнинг аҳволи чатоқ, кўзлари хиралашиб боряпти, кўпроқ балиқ ейиши керак”, деган эди. Ўзим балиқ тутолмадим.
Отажон ингичка овозда йиғлаб юборди.
— Бизга қўшилганингдан бери ўғрилик қиласан-а?
Раҳим ака унинг билагидан сиқиб, ўзига яқин тортиб сўради. Қўрқиб кетган Отажон эса кўзларини ерга қадаб, тасдиқ ишорасини қилди.
— Ўзингдан кўр, ҳароми, нонкўр.
Раҳим ака бор кучи билан уни улоқтирди. Болакай бир-бир ярим метр нарига учиб бориб, чалқанчасига йиқилди. Бечорага ҳамма ачиниб кетди. Мен эса қилган ишимдан ич-этимни ер эдим. Аммо кеч бўлган, чорасизгина кузатишдан бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмас эди.
— Менга қара, — Раҳим ака ерда ётган Отажоннинг сочларидан ғижимлаб, бошини кўтарди.
— Эси паст бобонгга балиқ едирмоқчи бўлсанг, бундан кийин ўзинг тут. Агар яна шу ерда қорангни кўрадиган бўлсам, Қулмат оқсоқдан олдин ўзинг жаҳаннамга жўнайсан. Тушундингми?
Раҳим аканинг таҳдидидан сўнг Отажон индамай кета бошлади.
— Тўхта…
У тўхтаб, ортига қаради. Раҳим ака тупроққа беланган балиқни олиб силкитди.
— Буни олиб кет. Берсанг, бобонг кўзойнаксиз ҳам кўрадиган бўлиб қолади.
Отажон орқасига қайтди. Кир қўллари билан кўз ёшларини артиб, балиқни олди. У шунисига ҳам хурсанд эди.
— Ҳа, айтганча Қора ғорда катта балиқ яшайди. Жудаям катта. Агар уни тутиб бобонгга едирсанг, у аввалгидан ҳам яхши кўрадиган бўлиб қолади, — деди Раҳим ака.
— Ростдан ҳам шунақа балиқ яшайдими? Қора ғорда-я? — Отажон Раҳим акага ҳайратланиб қаради. Унинг мўлтираб турган кўзларида ишонч пайдо бўлганди.
Боланинг бунчалик ишонувчанлигидан Раҳим ака ҳам сездирмай кулиб қўйди.
— Ҳа, рост, бориб ўшани тут.
Отажоннинг қадам олиши дадиллашиб, балиқни олиб, уйи томон чопқиллаб кетди.
Ўша куни шартни бажаришга улгурмадим. Кеч тушиб қолди. Кечга яқин уйга қайтиб, туни билан ўйладим, иккиландим. Чунки мен улар айтган шартни бажара олмасдим. Илондан қўрқаман, қўрқмаган тақдирда ҳам уни тута олмайман. Демак, катталарга қўшилишимга ҳали вақт бор. Эртасига улар ёнига эмас, ўзимнинг ҳар доимги жойимга бордим.
Яна ўша-ўша манзара. Келганимдан бери сувдан чиққаним йўқ. Лекин ҳалигача мириқиб чўмила олмадим. Чунки тиззадан келадиган сувда мириқиб чўмилиш қаёқда? Фақат сувни шалоплатиб, кечиб юриш мумкин. Бунинг устига, бир кечиб келсанг, лойқаланганидан таги кўринмай қолади. Аммо, энг ёмони, ўзи уч-тўрт метр келадиган ерга болаларнинг энди оёғи чиққанидан тортиб, тўртинчи синфгача бўлганларнинг ҳаммаси келиб олади. Бундай пайтда тикка турсанг, сиғмайдиган кўлмакда бор-йўғи кечиб юрасан. Тушгача бир мартагина сувга тушиб келиб, бошқа вақтимни соҳилдаги тупроқда чўзилиб ўтказдим. Иссиқ элитиб, уйқуга кетдим. Бехос уйқумни бир неча боланинг бақириб йиғлаган овози бузди. Қарасам, уч ёшлардаги икки боланинг бири нариги томонга қараб «Ойижон!”, иккинчиси унга тескари қараб «Дадажон!” деб йиғларди. Атрофда эса қип-яланғоч болалар ўзларича уларни овутиш билан овора. Доим шундай, бу ер ёш болаларники бўлгани учун ҳаммаси яланғоч чўмилишади. Уларга «Жим бўл!» дейиш бефойда. Қайтага баттар қилишади. Қулоқларимни беркитиб, эътибор бермасликка уриндим. Ўн иккига кирган бўлсам ҳам, ҳалигача шу чурвақалар билан ўралашиб юрганим алам қилди. Аммо Раҳим аканинг Отажонга қилган муомаласини эслаганим сайин катталар олдига боришга иккиланардим. Нима қилиш керак? Юрагим уларга тортарди. Ахир Раҳим акадан калтак ейишга Отажоннинг ўзи сабабчи-ку. Ўғрилик қилиб юрган экан. Мен бундай қилмайман. Демак, борсам бўлади. Ўйлаб-ўйлаб, ахийри катта болаларнинг олдига йўл олдим.
— Ие, ие, келдингми? Сени илондан қўрқиб, қуённинг расмини чизди, деб ўйловдим.
Раҳим аканинг гапидан ҳамма гуриллаб кулиб юборди. Қизариб кетганимни сездирмаслик учун ерга қарадим. Раҳим ака ўнинчи синфни тамомлаган бўлса ҳам, ўзидан катта болалар ундан қўрқади. Шунинг учун бирор нотўғри гап айтиб қўймаслик учун жим юрдим.
— Майли, илон ушлаб, оқсоқнинг бўйнига иламан, — дедим юрагимни ҳовучлаб.
— Йўқ, шарт ўзгарди. Энди илон қувлашингга ҳожат йўқ.
Мен ҳайрон бўлиб қарадим. Лекин Раҳим ака ҳазиллашмаётган эди. Унинг юзи жиддий, бамайлихотир сигаретини тутатарди. Тўсатдан қўлидаги гугуртни менга узатди.
— Қулмат оқсоқнинг уйи ёнидаги янтоқ ғарамини ёқасан. Боғига мева ейишга тушганимизда, оёққа киряпти. Қўрқма, набираси уйда эмас, ҳеч ким кўрмайди.
«Ахир менга ёмонлик қилмаган одам бўлса, оқсоқ бўлса, нима қилибди? Урушда ўқ теккан-да. Катталар бунақа шартларни қаёққдан топишар экан-а?” деб ўйланиб турганимда, Раҳим ака беҳафсала қўл силтади:
— Ўзи қушдек юрагинг бор экан, бизга қўшиламан деб нима қилардинг?
Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди. Қўлидан гугуртни юлиб олдим ва чолнинг уйига қараб юрдим. Мен алам ва шиддат билан борардим. Анҳорнинг саёз ва ахлат тўпланиб қолган жойида Отажонни кўрдим. У балиқ тутишга уриниб ётарди. Ҳолдан тойгани, чарчаганидан терлаб кетаётгани шундоқ билиниб турибди. Аммо қирғоқдаги кичкина пақирчада икки-учта кўрсаткич бармоқдай келадиган балиқчалардан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Унга раҳмим келди. Бундай бўлишига мен айбдорман. У мени кўрмади. Фақат хаёлимда ундан кечиришини сўрадим.
— Озгина сабр қил, мен катталарга қўшилиб олай. Ҳар куни бобонгга ўзим балиқ тутиб бераман. Кўп есалар, кўзлари яхши кўради, — дея пичирладим ўзимга-ўзим.
Кун жуда иссиқ, қуёш бошимни аёвсиз куйдирарди. Секин юриб, Қулмат оқсоқнинг чолдевор уйига яқинлашдим. Уй атрофига, боққа синчиклаб қарадим. Чол кўринмади. Паналаб янтоқ уюми орқасига ўтдим. Гугурт чақиб, секин туташтирдим. Лекин олов кутганимдан тезроқ ёнди. Офтобда тиканлар ич-ичигача қуриб кетганидан фақат битта учқунни кутиб турганга ўхшарди. Орадан кўп ўтгани йўқ. Бутун тўдани олов қамраб кетди. Ёнида туриб терга пишиб кетганимдан нарироққа, дарахтлар соясига ўтдим. Негадир оловнинг чарс-чурси, гуриллаган овози баланд эшитилса ҳам, чолдан дарак йўқ эди. Иш силлиқ бўлганидан хурсанд бўлиб, ортимга қайта бошладим. Катта гулхандан анча узоқлашиб кетдим. Аммо олов пасайиши ўрнига баттар алангаланганини сездим. Чунки ортимда кучли чарсиллаш ва иссиқ тафтини ҳис қилдим. Юрагимни ҳовучлаб ортимга қарадим.
Бўлиши мумкин эмас. Ёнаётган янтоқ уюмининг олови чолнинг уйига ҳам туташган экан. Томи, эшик-деразаларининг роми қуриб қолганидан уй бир зумда олов ичида қолди. Мен нима қилишимни билмасдим.
«Чол уйида бўлса-я?..” деган даҳшатли фикр хаёлимдан ўтди. Ҳатто олов комига кириб, уни қутқармоқчи ҳам бўлдим. Бироқ тутуни кўкка ўрлаб ёнаётган уйини кўрган чол боғнинг ичидан югуриб чиқди. Менга кафтини пешонасига соя қилиб қаради-да, уйи томонга юриб кетди. Мен қўрққанимдан ортимга қарамай югурдим. Чол эса челак кўтарганча ортимдан мункиллаб югурди. Ҳеч қачон қариядан бунчалик қўрқмаган эдим. Кўприккача улгуролмадим. Анҳордан сузиб ўтишга тўғри келди. Жуда шошиб сузардим. Қўрққанимдан анҳорнинг чуқур жойига кирганимни билмабман. Сув оқизиб кета бошлади. Қанча ҳаракат қилмайин, ўзимни ўнглай олмадим. Оқим бутунлай измига солиб олганди. Фақат сув бетига бир қалқиб нафас олганимни эслайман. Кейин сув остида қолдим. Ҳушимга келганимда, кимдир мени оқим ичидан тортиб олиб чиқарди. Бу Қулмат бобо эди. У киши қари бўлишига қарамай, мени қутқариш учун сувга сакраган экан. Қўлларимдан тортиб соҳилгача қийналиб сузди. Мен ўшанда анҳорнинг бу ердаги шиддатли тўлқинларини енгган одамни биринчи марта кўрганман. Қулмат оқсоқ мени соҳилга олиб чиқиб, орқамга қоқди. Ютган сувларимни чиқариб ташлашга мажбур қилди. Ўзимга келганимни билгач, ҳолсизланиб ерга чўзилди.
— Болам, нега мендан қўрқиб қочасан? Мен сенга нима ёмонлик қиламан? Сенинг изингданмас, анҳордан сув олгани бораётган эдим. Эҳтиёт бўлмайсанми? Яхшиям, вақтида бориб қолдим, — деди у беҳол пичирлаб.
У шунчалар самимий гапирдики, ўша пайтда нималарни ҳис қилганимни айтиб беролмайман. Чол туртиниб-суртиниб уйи томонга қараб юрди. Мен ҳам эргашдим. Қулмат бобо сувга тушган пайтда кўзойнагини йўқотган экан, уйидан эса оловдан қорайиб, сўппайган деворлар қолганди.
Бу воқеадан кейин Қулмат бобо ётиб қолди. Яқин қариндошларидан бири уни олиб кетди. Қишлоқдагилардан эшитишимча, бобонинг кўзлари умуман кўрмай қолган эмиш. Ҳозир унинг боғи эгасиз, ўт-ўланлар босиб кетган. Уйи­нинг вайроналари узоқдан қарғиш урган, хунук култепаларга ўхшаб кўринади. У ерга ҳар қараганимда, бу менинг гуноҳим эканини билиб, ич-ичимдан эзилиб ўтаман.
Отажоннинг ҳар кун анҳорнинг саёз жойида балиқ тутиб юрганини кўраман. Унга кўпинча ёрдамлашаман. Аммо иккаламиз ҳам нўноқ балиқчимиз. Кунига тўрт-бешта майда-чуйда балиқчалардан бошқа ҳеч вақо тутолмаймиз. Бечора бола, бобоси кўпроқ балиқ еса тузалиб, кўзлари кўра бошлашига ишонади. Ҳали гўдак-да. Унга раҳмим келиб, ҳақиқатни айтай дейман-у, лекин унинг ҳаётдаги биргина илинжи, ёлғиз ишончидан ҳам айиргим келмади. Вақти келиб, тушуниб олар.
Эрталаб уйдан онам шошилиб чиқиб кетаётган экан. Мен қаерга бораётганини сўрадим.
— Азага кетяпман. Қулмат бобонинг набираси ўлиб қолибди.
Бошим тарс ёрилиб кетгандай бўлди.
— А-а?! — дедим онамнинг қўлларидан силкиб. — Нега, нимага ўлади?!
Онам менга ҳайрон бўлиб қараб қўйди.
— Жин чалдими сени, болам? Туннелга чўмилгани кирганмиш. Шукурки, тириги бўлмасаям, ўлиги чиқибди ўша ердан. Тавба, одамларга ҳам ҳайрон қоласан. Ёш бола анҳорда сандироқлаб нима қилади? Ўзи эси сал кирди-чиқдироқ эди шу бола. Бобосига ўхшаган-да.
Онам ўзига-ўзи ғудраниб, кўчага чиқиб кетди. Мен бошимни чангаллаб, ерга чўккаладим. Ич-ичимдан чидаб бўлмас даражада изтиробли оғриқ туйдим. Чунки фақатгина мен биламан Отажоннинг нега Қора ғорга кирганини. У энг катта балиқни тутиб, бобосини даволамоқчи эди.

Хикоялар
Қорағордаги ов