Ёдгор

Ёдгор

Ёдгор
Ёдгор

Эрта тонг. Саболар ҳали хазон ранг ёпинчиғини эгнига илмаган дарахтлар баргини у ёқдан бу ёққа тортқилайди. Қушлар чуғури тонг отмай туриб ер-у кўкни тутган. Гўё, бугунги кунни ҳаммадан илгари улар байрам қилишга шайлангандек. 
Райҳон ҳиди тутган ҳовлида одатий кун юмушларига кўмилиб, аҳён-аҳёнда айвон томон юриб, деворга илинган соатга кўз ташлаб қўяман. Олтинга тенг вақтимни ўғирлашга бекор уринган ташвишларни йўқликка маҳкум қилиб бўлгач, оҳиста қадамлар ила уйга кириб, кичкинтойимнинг ётоғига тикилиб тураман. 
Шунчалар ширин ухлаяпти-ки… Бунчалар сизга ўхшамаса?! Қуйиб қўйгандек ўзингиз… Уйғотишга кўзим қиймайди. Унинг тепасида ҳаёл суриб турарканман, кўнглим бузилиб, кўзларимга ёш келади. Кўзларимдаги ёшни яширмасам, ҳозир у уйғониб, кўриб қоладигандек, ортимга ўгириламан. 

Сезгиларим алдамайди. Ортимга ўгирилишим билан, унинг ёқимли овози эшитилади:
— Ойижон, байрамга кеч қолмадимми?
— Йўқ, ўғлим, энди сени уйғотгани келгандим. Турақол. Нонушта қилиб олганингдан сўнг, байрамга айлангани чиқамиз…
— Хўп, ойижон, – у енгил ҳаракатлар билан ўрнидан шошиб туради, бориб муздек сувда юз-қўлини ювиб олади. 
Ўтган куни фотосуратлар солинган албомни олиб, суратларингизни томоша қилиб тургандим. Ўртоқлари билан кўчада ўйнаб чарчаганми, бироз хорғин кайфиятда қайтиб келди. Мен тескари томонга қараб ўтирган бўлсам-да, унинг келганини ҳис қилдим. Оҳистагина юриб келиб, бўйнимга осилди, «ойижон, сизни жуда яхши кўраман!” – деди. Шу чоғда унинг меҳр тўла кўзлари, болаларча покиза, тафтли қалби ҳаёлларимни яна сизга олиб кетди. Келинлик пайтимда анчагина арзанда эдингиз, сизнинг ҳазилларингиз менинг эркаликларимдан-да ошиб тушарди. Ўғлим ҳам сизга ўхшайди. Сездирмай келиб, елкамдан қучиб олишларигача…
Ўтган йили худди шу байрам арафасида уни кўчага – сайрга олиб чиққандим. Болалар кийимлари дўкони олдидан ўтаётганимизда, ҳарбий кийимни кўриб қолиб, олиб берасиз, деб туриб олди. Уйдаги кийимларингизни кўриб, ҳаваси келган-да…
Эртасига у айтган кийимни олиб бердим. Байрамга совға бўлгани учунми, шунчалик қувондики… Айни шу чоғда ойим меҳмонга келиб қолдилар. Мен унча яхши танимайдиган аёл билан. Муддаолари аниқ эди. «Мени ойим десангиз, умрингизни хазон қилмайсиз…” 
Кошкийди, ойижоним сизга бўлган муҳаббатим олови кўзларимдан учқунлар сачратиб турганини кўрмаганларида, билмаганларида… Оёқларига йиқилдим, ялиниб-ёлвордим, мени қийнаманг, ойижон, дея… Ойим қатий туриб олдилар. 
— Рад этсангиз, сизни қизим демайман…
— Унинг кўзларига қандай қарайман ахир?!
— Уни ўзим катта қиламан!
— Йўқ, асло! – мен югуриб ичкарига кириб кетдим. Неча йиллик қадрдон сирдошим, тун-у кун дилдошим бўлган, бедор тунларимда мен айтган аллаларни ўғлим билан бирга тинглаган сизнинг ўша ҳарбий кийимларингизни олиб чиқиб, ойимнинг оёқлари остига ташладим. 
— Агар… Шу ҳарбий кийимларнинг, уни кийган инсоннинг сиз учун заррача ҳурмати бўлса, мени дўзах оловига ташламанг, ойижон! Уларнинг ҳаёлисиз ўтган куним – ўлган куним бўлади… 
— Қизим…
— Агар уларнинг юзларига оёқ босиб кетолсам… Бугунги байрам меники бўлмай қолади…
Ойим индамай уйимизни тарк этдилар. Ерда ётган ҳарбий кийимларингизни қучарканман, кўзларимга ёш тўлиб қетди. Аламми ё шукроналик – буни англаб етолмасдим…
Кетган кунингиз ҳамон эсимда. 
— Бизни навбатдаги ҳарбий топшириқ билан юборишяпти. Эртага кетамиз. 
— Кўнглим ғаш, кетманг илтимос…
— Бу менинг касбим. Бу менинг бурчим. Ғурурим, ориятим, қадриятим…
— Биз-чи…? – юзларимни яшириб, йиғлаб юбордим.
— Биз, деганинг ким?
— … – йиғидан тўхтадим. Бошимни кўтариб, кўзингизга бир қарадим-у… яна ерга томон эгилдим.
Сиз ҳаммасини англагандингиз ўшанда. Кета туриб, «Ўзингни иккингиз учун ҳам, мен учун ҳам эҳтиёт қил!” дедингиз…
Ҳаёлга чўмиб қолибман. Ўғлим аллақачон нонушта қилиб, хонасига кириб кетибди. Ҳойнаҳой, бугунги байрамга тайёрланаётгандир. Эртага мактабга чиқишини билганида ҳам шунақа суюнгандики…
Дастурхонни йиғиштириб, оҳиста уни чорладим:
— Ёдгор!
Ҳозир ичкаридан ҳарбий кийимда сизнинг табассумингиз билан у чиқиб келади-ю, бўйнимга осилиб олади…

Хикоялар
Ёдгор