Яҳё Ғуломов (1908-1977) to’liq malumot oling
Ғуломов Яҳё Ғуломович (1908.1.5 — Тошкент — 1977.10.1) — тарихчи-археолог олим. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги (1966), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1958), тарих фанлари доктори (1950), профессор (1955).
Тошкентдаги Ўзбекистон эрлар билим юрти (инпрос)ни (1926), Самарқанддаги Ўзбекистон Педагогика академиясини (1930) тугатган. Тошкент педагогика техникумида ўқитувчи (1931—32).
Илмий фаолияти 1933 йилдан бошланган. Ўзбекистоннинг қад. ва санъат ёдгорликларини муҳофаза қилиш комитети (Узкомстарис)да илмий ходим, илмий котиб (1933—40). СССР Фанлар академияси Ўзбекистон филиали, Тарих, тил ва адабиёт институти археология бўлими мудири (1940—43). 1943 йилдан Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих ва археология институти қадимий ва ўрта асрлар тарихи бўлими мудири, айни вақтда институт директори вазифасини бажарувчи (1956—59). Шунингдек, у Тошкент педаго-гика институтида «Ўзбекистон тарихи ва археологияси»дан махсус маърузалар ўқиган, 1936 йилдан бир неча археологик экспедициялар (Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва бошқа) га раҳбарлик қилган. 1938—50 йилларда Хоразм археология-этнография экспедиция бошлиғининг ўринбосари сифатида қатнашиб, Хоразмнинг суғорилиш, деҳқончилик ва шаҳар маданиятининг шаклланиши ҳамда ривожланиш тарихи бўйича илмий текширув ишлари олиб борган.
Яҳё Ғуломов Ўзбекистонда тарих ва археология соҳалари бўйича ўзига хос байналмилал илмий мактаб яратган. Унинг Зарафшон ва Фарғона водийларида, шунингдек, Тошкент воҳасида олиб борган ишлари Ўзбекистонда, тош, энеолит ва жез даври, унинг моддий-маданият ёдгорликларини ўрганишга катта ҳисса бўлди. У, айниқса, Тошкент тарихи ва унинг ёдгорликларини тадқиқ этишга алоҳида аҳамият берган. Тошкент канали бўйлаб, Тўйтепада махсус археологик тадқиқотлар ўтказган. 1966 йилдаги Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатиш бўйича шаҳарда бошланган улкан қурилишлар муносабати билан Тошкентнинг археологик обидаларини қайд этиш ва ўрганиш мақсадида махсус Тошкент археология экспедициясини ташкил этган.
«Хива шаҳрининг ёдгорликлари» (рус тилида, 1941 йил), «Қуйи Зарафшон водийсида ибтидоий маданият ва суғорма деҳқончиликнинг пайдо бўлиши» (рус тилида) каби асарлар ёзган. «Ўзбекистон тарихи» (4 жилдли), «Самарқанд тарихи» (2 жилдли), «Бухоро тарихи»нинг асосий муаллифларидан.
Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2002). Республикада Яҳё Ғуломов хотирасига бағишланган «Академик Яҳё Ғуломов ўқишлари»ни ўтказиш илмий анъанага айланган. Тошкентдаги кўчалардан бири ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институтига Яҳё Ғуломов номи қўйилган.
Biografiya
Яҳё Ғуломов (1908-1977)