Эркаклар кийимларини тоғри дазмоллашдаги кичик қоидалар
Кийимни дазмоллаш осон деб ўйласангиз, билингки, ҳамма ҳам бунинг уддасидан чиқавермайди. Қуйида дазмол қилиш чоғида керакли бўлган қоидалар билан таништирамиз.
Ёқали кўйлак
Ювилиши. Биламизки, классик услубдаги кўйлаклар алоҳида ювилади. Бунда кўйлак ёқаси ва енгларини чотка билан ишқалаб тозалаш керак. Борди-ю кўйлак ишқалаб ювилса, ёқа ва енг матоси букилиб кўринишини йўқотади. Ювилган кўйлак илгакка илинган ҳолатда қуритилиши керак.
Дазмоллаш.
Кўйлакни тўлиқ қуримасидан дазмоллаган маъқул. Ёқасини аввал ташқи тарафдан дазмоллаш керак. Сўнг ичкари томони дазмолланади. Кўйлак ёқаси букланиб чизиғи бўйлаб дазмолланмайди.
Кўйлакнинг енги узун бўлса, аввал манжетини дазмоллаш керак. Ҳудди ёқасини дазмоллагандек аввал ташқарисидан сўнг ичкарисидан дазмолланади. Тугма тикилган қисми кўйлак кийилгандек кўринишга келтирилиб, устидан енгил дазмолланади.
Олд қисмини. Ўнг тарафининг пастки қисмидан бошлаб юқорига қарата дазмолланг. Бунда матонинг қалин ёки юпқалигига кўра ташқари ва ичкарисидан дазмол босилади. Тугмали жойининг орасига кўпроқ аҳамият қаратинг. Сўнг чап тарафини ҳам пасдан юқорига қараб дазмолланг.
Орқа қисми. Кўйлак орқа қисми кенг бичимда бўлгани боис дазмоллаш учун қулай. Бунда ишни чап тарафдаги чок туширилган қисмидан ўнг тараф бўйлаб ҳаракатлантирилади. Дазмол ҳаракатини кўйлак қисмлари бирлаштирилган чоклар усти бўйлаб юргизинг.
Классик услубдаги шим
Ювилиши. Классик услубдаги шимни ивитиб ювиш тавсия этилмайди. Бунда матонинг асл кўринишига зарар етиб, ўз шаклини йўқотиши мумкин. Чизиқ туширилган шимларни намланган чўтка ёрдамида тозалаган маъқул. Матосининг қалин ёки юпқалигига аҳамият беринг. Чунки юпқа матода сув доғлари сақланиб қолади. Шу боис уни орқа тарафдан тозалаш лозим.
Шимни қуритиш учун илгичдан фойдаланинг. Шимнинг чизиғини текислаб илгичга илинг-да, қуритинг. Матосини очиб кир осадиган арқонга ёйманг.
Дазмоллаш
Классик услубдаги шимларга ўта эҳтиёткорлик билан дазмол босиш керак. Айниқса юпқа матолисини аввал ички тарафдан дазмоллаб, сўнг паст босимда усти дазмолланади.
— Шим чизигини тўғирлаб, дазмол столига узунасига қўйинг;
— Агар тизза қисмида матодан букламлар бўлса, дастлаб ўша қисмига дазмол босинг.
— Дазмолни шимнинг пастки қисмидан бошлаб, юқорига қарата юргизинг. Аввал бир тарафининг уст қисмини дазмоллаб,сўнг букланган иккинчи тарафини дазмолланг. Шу тартибда шимни бошқа тарафга ўгириб ишни бажаринг.
— Ўртасидаги чизиғи текис чиқиши учун орқа тарафдан билинтирмай совун билан чизиқ чизиш мумкин. Чизилган чизиқ билан аввал тескари тарафдан, сўнг олд томонидан дазмолланади. Дазмолланган шим ўз кўринишини йўқотмаслиги учун илгичга осинг.
Мавсумий костюмлар
Тозалаш. Илиқ сувга чоткани намлаб, костюм матосининг устки қисмидан юргизилади. Агар бирор ерида доғ бўлса, юмшоқ рангсиз матони илиқ сувда намлаб, доғ қисми артилади.
Нам шўткада тозалаганингиздан сўнг, албатта, илгакка илиб очиқ жойда қуритинг. Тозалагач, дархол кийим жавонига қўйсангиз, матоси яхши қуримай нам ҳиди ўрнашиб қолади.
Дазмоллаш. Костюм матоси юпқа бўлса, уни аввал ички тарафдан дазмолланг. Қалин матоли костюмлар эса осилган ҳолатда тозалаб қуритилади.
Шунингдек:
-костюмни ўрта босимда орқа қисмнинг ички тарафини дазмоллашдан бошланг. Асосий эътибор костюмнинг пастки соҳасига қаратилади.
-олд қисмини дазмоллашда ҳам юқоридаги усулдан фойдаланиш мумкин. Бунда олди қисмининг ёқаси билан туташган соҳасига диққат қилинг. Айнан мана шу қисмида матодан майда бурмалар ҳосил бўлади.
Енгларини дазмоллаш учун маҳсус тиргакни енгичига жойлаб сўнг дазмол босинг. Шунда матога чизиқ тушурмай текис дазмолланади.
Бўйинбоғ
Тозалаш. Бўйинбоғ матосида доғ қолишини ҳисобгаолиб, сувда ювиш тавсия этилмайди. Яхшиси бўйинбоғнинг доғ текканқисминигина намланган мато билан артибқуритиш керак.
Дазмоллаш:
— Агар галстук матоси ғижимланган бўлса, боғлам қисмини ичкарига қаратиб ўранг ва йиғилган думалоқ ўрам шаклига келтиринг. Шу кўринишда 15-20 дақиқа қолдиринг.
— Галстукни дазмоллашдан аввал тагига қаттиқроқ қоғозни қўйиб, устига намланган докани ёпинг ва дазмоллашни бошлашингиз мумкин.
Джинси шимлар
Тозалаш: жинси матосининг ҳам турли кўринишлари мавжуд. Баъзиларининг ранги чиқади, баъзиларига эса сувнинг таъсири билинмайди. Жинси матосидан ишланган шимларни ювишда алоҳида идишга сув тўлдириб, илиқ сувда ивитилади. Кимдир сувга озроқ туз солиб ранги чиқишидан ҳимояланса, яна кимлардир фақатгина чўтка ёрдамида ишқалайди.
Шимни қуритиш учун шаклига таъсир этмайдиган кўринишда илинишига аҳамият беринг.
Дазмоллаш. Жинси матосини дазмоллашда шимнинг тескарисини ўгиринг.
Дазмол столига шимнинг бир тарафини текис ёйиб чокларини тўғирланг. Дазмолни шимнинг пастки қисмидан бошлаб, юқорига қарата юргизинг. Агар тизза қисмида матонинг тортилиши ёки кенгайиши бўлса, ўша қимига кўпроқ дазмол ишлатинг.
Иккала тарафини дазмоллагач, чўнтакларини ички тарафидан текисланг. Энди шимнинг ўнгини ўғириб, устидан аввалги ҳаракатларингизни такрорланг.
Джинси матоси дағал бўлгани билан дазмол ҳароратида куйиб, ранги ўзгариши мумкин. Шу боис ҳароратни ўртача бўлишига эътибор қаратинг.
Кизикарли маълумотлар
Эркаклар кийимларини тоғри дазмоллашдаги кичик қоидалар