Шуҳрат (1918-1995)
Шўро даври ўзбек адабиётининг таниқли намояндаларидан бири шоир, носир ва драматург Шуҳрат (Ғулом Алимов) 1918 йил 19 апрелда Тошкентнинг Ҳазрати Имом (Хастимом) маҳалласида ҳунарманд оиласида туғилди. Эскича ва янгича мактабда таҳсил олгач, транспорт техникумида ўқийди. Бу ерда Юнус Латиф таъсирида шеърлар ёза бошлайди. Сўнг Тошкент Давлат педагогика институтида таҳсил олади (1936—1940). Аммо Шуҳратнинг ҳаёти ва фаолияти анча серташвиш ва нотекис кечади. 1937 йилнинг мудҳиш шамоли ёш Шуҳратни ҳам четлаб ўтмайди. Уни: «Отангиз савдогарлик қилган экан. Ўзингиз косибдан чиқмаган экансиз, хотинингиз эскича, жиякли лозим билан атлас кўйлак кийиб юраркан, болангиз эса бешикда ётибди. Яқинда хатна қилар экансиз, туриш-турмушингиз эскича. Бу нарса шеърларингизда ҳам акс этиб турибди»,— деб Ёзувчилар уюшмасидан ҳайдашди. Иккинчи бор 50- йиллар бошида «Усмон Носирнинг пропагандисти, Абдулла Қодирий билан Чўлпон китобларини ўқиган ва тарғиб қилган»ликда айбланиб, беш йил Сибиру Шимолий Қозоғистондаги қамоқхоналарда ўтириб келади. «Жаннат қидирганлар» романи нашр этилгач (1968), айрим кимсалар уни миллатчиликда айблашга уринадилар. Яна ташвиш устига ташвиш келади. Устози Абдулла Қаҳҳор туфайли эса яна бир бор туртки ейди. Шуларнинг ҳаммаси унинг соғлиғига путур етказади. Шоир Ёзувчилар уюшмасининг маслаҳат бюросида, нашриётда муҳаррир бўлиб ишлайди. Ўз ижодини 1935 йилда шеър ёзиш билан бошлаган Шуҳратнинг «Орзу ва қалб» достони ҳамда «Меҳри» достон-эртаги 1940 йили босилди. Шу йили ҳарбий хизматга чақирилган Шуҳрат Иккинчи жаҳон уруши жангларида офицер лавозимида иштирок этади. У урушдан кейин республика газета ва журналларида адабий ходим бўлиб ишлайди. Шу йилларда унинг «Ҳаёт нафаси» (1947), «Қардошлар» (1950) шеърий тўпламлари нашр этилади. У умрининг сўнгги йилларида ҳарбий мавзуда «Фарзанд», «Сўлмас чечаклар», «Оқибатли кишилар» каби ранг-баранг жанрларда асарлар яратди. Ёш авлоднинг ахлоқ-одобини, меҳнатсеварлигини, жанговар жасоратини, озодлик ва тинчлик учун курашган ота-боболарга муносиб ворислар бўлиб етишганини ифтихор билан тасвирловчи «Бизнинг кўча», «Балоғат» (1957—1958), «Қудуқ» (1973) асарлари яратилди. Адибнинг «Сенинг севгинг» (1961), «Ишқингда ёниб» (1964) лирик китоблари, «Кавказ дафтари», «Қиз табассуми», «Буюк муҳаббат» каби шеърий туркумлари, балладаларида ватан ва инсон, севги ва муҳаббат, қадр ва қиммат, меҳнат ва меҳнатсеварлик улуғланади. Ҳаётий воқеаларни кенг кўламда тасвирлаш эҳтиёжи ижодкорни роман жанрига ундайди. Иккинчи жаҳон уруши фронтларида орттирган катта ҳаётий тажрибаси асосида халқимизнинг жанговар ҳаёти, қаҳрамонлиги, ватанпарварлиги, қийинчиликларга бардошлилиги, келажакка умиди ҳақида ҳикоя қилувчи «Шинелли йиллар» (1947—1957) асарини яратади. Шуҳратнинг «Олтин зангламас» (1967) асарида маърифат соҳиби — ўқитувчи деган шарафли касб улуғланса, «Жаннат қидирганлар» (1968) романида ватангадолик фожеалари ўз бадиий ифодасини топган. Шоирнинг ҳаёт ҳақидаги фалсафий мулоҳазалари ифодаланган шеър ва тўртликлардан иборат «Лирика» (1973) тўплами, «Беш кунлик куёв», «Қўша қаринглар» комедиялари санъаткорнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган муносиб ҳиссаси бўлди. Унинг кўпгина асарлари қардош халқлар ва хорижий тилларга таржима қилинган. У Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1986). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (1978)дир. Г. Гейне, А.С. Пушкин, М.Ю. Лермонтов, А.Митскевич, Т. Шевченко, М.Воқиф асарларини, шунингдек, япон ва ветнам, озарбайжон шоирларининг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Шуҳрат 1995 йил 23 июнда 76 ёшида вафот этган.Шуҳрат (1918-1995)
DO`STLARGA ULASHING:
Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2003).
Шуҳрат (1918-1995)