Фаришта

Фаришта

Фаришта
Фаришта

Фарғонанинг чекка бир қишлоғида, эр-хотин тўйдан кеч қайтишаётган эди. Теракзорлар адоғида, чакалакзор бошланган жойда кўриб қолишди уни. Кичкинагина экан. Оёқчалари ҳам миттигина. Тупроқни чангаллаб олибди, елкасида иккита қанотчаси ҳам бор, учидаги парлари шундоққина лойга беланиб, шалвираб тушибди. Бир қаноти ғайриоддий қайрилган, хуллас, ғужанак бўлиб ётар эди.
Боягина ёмғир ёғиб ўтган, томчилари ҳозир теракларнинг, буталарнинг баргларида туриб қолган эди. Ерлар лой, мана шу лою балчиқ аро, теграсида турли ўт-ўланлар ўсган тупроқ йўлнинг қоқ ўртасида ночоргина ётар эди бояқиш.
– Вой, анавини қаранг! – деди хотин, уни кўриб. Бир нималарни ўзича тўнғиллаб келаётган эр «Бор-э» деди, кейин барибирам хотинининг гапига кириб, у кўрсатган томонга қаради-да «Ия» деб юборди кўзларига ишонмасдан. Ҳали мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатиб, қишлоқ аҳлини лол қолдиришни хаёл қилиб кетаётган бу кишининг ўйларию хаёллари зумда капалаклардай тўзғиб кетди, яқин боришга журъат қилолмай тўхтади-да, кўзларини катта-катта очиб, ачинарли аҳволда ётган мана шу митти оқиш вужудга тикилиб қолди.
Сал нарида эса катта бир кучук буларга хўмрайиб қараб турарди. Қайдан келгани ҳам номаълум эди, теваракда бунақа кучук йўқ эди.
«Тавба, кўзи ғалати эканми?» деган ўй келди эркакнинг хаёлига.
– Вой ўлай, дадаси, нима бу? – деди хотин, юрагига ваҳима аралаш ҳайиқиш ўрмалаб.
– Жим турсанг-чи, – деб уни жеркиб берди эр, кейин нима учунлигини ўзиям билмасдан, калима қайтара-қайтара, тиззалари қалтираганича эҳтиёткорона қадам ташлаб, бироз яқинлашди. Шунда билагини бир нима қаттиқ сиқа бошлади, буни юзи музлаб, вужудидан ғалати титроқ ўрмалаб ўтаётганига йўйди, кейин янада оғрий бошлаганида қараса – хотини экан, маҳкам чангаллаб олибди.

У янада яқинроқ борди.
Ҳа, ерда лойга беланиб ётган кичкина шу оқиш вужуд ростдан ҳам фаришта эди!
Э тавба, деди ҳайрон бўлиб, хаёлида турли-туман ўйлар ниҳоясига етмасдан чирпирак бўлиб айланаркан. Фариштанинг ҳам боласи бўлар экан-да? Ҳали мўрт, суяги қотмапти-ку. Кичкиналигини қара! Вой бечора… Қушдай учиб кетаётган экан, йиқилиб тушганга ўхшайди. Мана, қанақа бўлар экан фаришта деганлари… Э тавба-а, худони қудратини қара-я.
Нима бўлди экан? Учиб кетаётиб нимадир рўй бергану йиқилиб тушгандир? Тавба, фаришталар ҳам ўлар экан-да. Нега ўлмасин? Балки ёмғирда қанотчалари ивиб қолгандир? Нима юмуш билан учиб кетаётган бўлиши мумкин шу ёмғирли кечада? Гоҳо сабабсиз йиқилиб тушиб, ерда кўзлари олайиб потирлаб ётган қушларни кўргансан-ку? Ёпирай, худди олам боласига ўхшар экан. Оёқчаларини кичкиналигини қара. Бизлар тўйда еб-ичиб, маишат қилиб ўтирганимизда, бу шўрлик нима учун, қаёққа учишни қасд қилган экан? Вой бечора…
Унинг кўнгли шу тоб яхшиликларга лиммо-лим тўлиб кетгандай туюла бошлади. Ўзининг бирданига жуда яхши одам бўлиб қолганини ҳис қилди, бу жуда ёқимли ва тиниқ туйғу, ҳатто сармаст ҳам қиларди. Фариштанинг ўлиги-ки одамнинг кўнглини шунақа ўзгартирса, тириги қанақа бўлар экан, демоқчи бўлди хотинига. Ахир, юрагим ёруғликка тўлиб боряпти. Кўп жавраганинг билан сен ҳам яхши хотинсан, ке, қўлингни берақол. Шу мурғак вужуднинг мана шу ётиши нимагадир кўзимда ёш пайдо қилмоқда. Бир-биримизга меҳр-оқибатлироқ бўлайлик, қара, ажал деган нарса фаришталарни ҳам омон қўймас экан-ку?
Булар ғалати ўйлар эди, эркакнинг юрагини юмшатиб, ростдан ҳам кўзида ёш пайдо қилди, томчиси юзида муздай из қолдириб, соқоллари олинмаган иягига оқиб тушди.
– Дадаси, мен қўрқиб кетяпман, – деб зорланди хотини.
Э, аҳмоқ, фариштадан ҳам қўрқадими одам? Ким билсин, йиқилиб қаноти синмаганида, қанчадан-қанча одамнинг дуосига омин деган бўлармиди? Ёки бу бошқача фариштамикин? Экинларнинг қулоғидан тортиб чиқарадиган ризқ фаришталари бўлади. Ёмғирни ҳайдаб келадиган ҳайбат фаришталари ҳам бор. Ёмғир фаришталари жуда улкан, баҳайбат бўлса керак, ҳар ҳолда бу ризқ фариштасининг боласига ўхшаяпти.

Эркак яна бир қадам қўйган эди, ҳалиги кучук тўсатдан ириллади. Эркак ҳайиқди, ерда ётган бир чўпни олиб «Кет, кет!» деб кучукка отган эди, кучук илиб олди-да, ғажиб, майда-майда қилиб ташлади, кейин бўлакларни панжалари билан босиб, яна таҳдидли ириллади.
– Дайди, илиққан итга ўхшайди, – деди эркак. – Қопиб олмасин тағин?
У мана шу икки қадам нарида ётган тиниқ, гўзал вужудни қўлига олгиси, кўтариб бағрига босгиси, ўзиям билмайдиган ширин сўзларни айтгиси келди. Бу мавжудотлар умрлари мобайнида сираям гуноҳ қилмайдилар, дегиси келди хотинига, ҳозир неки гапирса ҳам хотини қулоқ солишини ва тасдиқлашини кўнгли сезиб турарди. Бутун қилар ишлари худои таолонинг амрларини қулоқ қоқмай бажаришдан иборат. Ким билсин, сен билан биз тош қотиб ухлаб ётганимизда осмонда яна нималар рўй берар экан? Айтишларича, уйдаги гилос бор-ку, мевасини сотмаймиз деб кеча мен билан хархаша қилиб уришганинг қора гилос, ўшанинг нечта гул очиб, нечтаси тўкилишигачаю нечтаси мева тугишигача билармиш фаришталар. Сену мен кўрмасак-да, оғочлару экинлар устида гир-гир айланиб, ҳосил етишишини таъминлармишлар. Бу бечора ҳам сену менга ўхшаган ғофил мардум учун нимадир қилишни кўзлаб учгани аниқ, ахир унинг емиш-ичиш, рўзғор деган дарди йўқ-ку? Чақмоқ чаққанини кўрдинг-ку, балки учиб кетаётганида чақмоқ ургандир шўрликни? Э, хотин, агар бирор одам боласи сену мени деб нимадир ишга уринсаю шу ҳолида бир нима бўпқолса, умримизни охиригача уни бошимизда кўтариб эъзозлаб юрсак керак. Бу бечорагина шунга ўхшаш бирор юмуш билан кетаётгану фалокат юз берибди-да…
Эркак қатъий қарорга келди-да, яна олдинга қадам ташлади. Шунда кучук яна бир ириллаб, ерда ётган ўша масъум вужудни тишлаб кўтарди-да, бирданига ортига ўгирилиб, чакалакзорлар томон олиб қочди.
– Тўхта! – деб бақириб юборди эркак, дарду дунёси қоронғи бўлиб, худди бу сўзни кучук тушунадигану тўхтайдигандай, бор кучини овозига бериб. – Тўхта, ҳой ярамас!
Кейин шоша-пиша кучукнинг ортидан чопди. Вой-войлаб ортидан хотини ҳам чопиб келар эди. Кучук бирпасда чакалаклар орасида кўздан ғойиб бўлди. Эркак салдан кейин у йўқолган жойга етиб бориб, бироз ичкари кирди ҳам. Эски буталар шитирлар, япроқлар жиққа ҳўл эди. Оёғи лойга ботди, тўхтаб, ҳансираганича бирпас теваракка қулоқ солди.
Афсуски, кучук кўринмас, саси ҳам эшитилмас эди.
– Кўзи… кўзи ғалати эди у кучукни… – деди атрофига аланглар экан. – Қани, қайга кетди?
Теракларнинг қорамтир қиёфалари ортида улкан ой осилиб турар, бу ёғдуда буталардаги томчилар хиёл жилваланарди. Эркак шу ерда ётган ярми чириган, пўстлоқлари палахса-палахса бўлиб кўчган эски ходага ўтириб қолди. Юрагини қоронғи ва эзувчи бир афсус қоплаб келди.
– Дадаси… – деди хотини, бўлиб ўтган шу ғалати ҳодиса ҳалиям унинг ақлига етиб бормаган эди. – Ҳалиги… ростданам фаришта эдими?
Эркак индамади.
– Эҳ, хотин… – деди анчадан кейин, хўрсиниб. – Бўлмади-ку?
– Нима, дадаси? – деб сўради хотини, унинг ёнига қиялаброқ ўтирар экан. Ҳалиям маҳкам тутиб олган дастурхонидан мато ва ёғда пиширилган қатлама иси келарди.
– Болалар нима қилишяптийкин? – деб овоз чиқариб ўйланди эркак, ўзига келгандай бўлиб, пешанаси тиришиб.
– Ўтиришгандир…
– Ҳа-а… – деди эркак яна, бошини қуйи эгиб. – Бўлмади-я, ҳай аттанг!
Кап-катта бу эркак ҳозир ёш болага ўхшаб қолган эди.
– Одамга фаришта дуч келганини сира эшитганмисан? – деди кейин, ҳасратли овозда. – Ахир, ёруғ дунёда сен билан менгагина дуч келувди-я. Қанийди қўлимга олсайдим, қанотчаларини силаб бағримга боссайдим…
Хўрсинди:
– Болалигимда орзуларим роса кўп бўларди. Ота-онамнинг рўзғор дея уриниб-беринишларига қараб туриб, у орзуларимга етолмаслигимниям билардим. Ўшанда ҳаётимда бир фаришта учраб қолсаю истакларим рўёбга чиқсайди деб хаёл суриб юрардим. Қара, умр ўтиб кетяпти, қирққа кирган бўлсам-да, меҳнатдан бошим чиқмай яшаб юрибман, шу бандам фароғат нималигини билсин деб, меҳрибон худойим фариштасини юборди. Юборгандаям кўмакка зор қилиб юборди… Қанотчаларини кўрдингми, қанақа кичкина, мулойим эди? Ёнига яқинлашганимда, ичу ташим нурга тўлди. Ҳозир мурғаккина бўлиб, лойга қоришиб ётганини кўз олдимга келтирсам, ўпкам тўлиб кетяпти. Худди ўзим ҳам… йиқилиб тушганману умрим бўйи лойга қоришиб кетгандайман…
– Ҳой дадаси, – деди хотин, ташвишланиб. – Қўйинг энди, йиғламанг, уят бўлади.
– Э, қўйсанг-чи, – деди эркак, овози бўғиқ эди. – Ичу ташим нурга тўлди деяпман-ку? Бундан буёғига ҳаётим ҳам нурга тўлади дебман-а…
Хотин нима деярини билмас эди. Шу алфозда анча ўтириб қолдилар. Осмонда юлдузлар кам, узоқ-узоқлардан нималарнингдир саси келар, аҳён-аҳёнда буталар орасида бир нима шитирлар, гоҳ томчи узилиб ерга тушар… шу овоз ҳам эшитилар эди.
– Найлайин, осмон узоқ, ер қаттиқ экан, – деди ниҳоят эркак, тақдирига тан бериб. – Тур, уйимизга кетақолайлик.
Хотин итоат билан бўйсунди. Бирданига қалбида, букчайиб қолгандай кўринаётган эрига раҳм уйғонди, унга қанақадир ширин сўз айтиб, кўнглини кўтаргиси келди.
– Қўйинг, дадаси, – деди. – Худога шукр, ҳаётимиздан нолийдиган жойимиз йўқ, эл қатори, бировдан ортиқ, бировдан кам яшаб юрибмиз. Орзу ҳавасларингизнинг ҳаммаси олдинда, қўша-қўша тўйлар турибди ҳали.
– Ҳа-а… – деди эркак, ўша алфозда одимларкан, хаёлчан, хотинига қарамасдан. – Тўғри айтасан, олдинда ҳали тўйлар ҳам бор…
Шу тарз икковлон мўъжиза рўй берган чакалакзордан узоқлашиб кетишди. Қиёфалари тунги осмон тоқида қорайиб кўринарди – сўлим водийнинг чекка бир қишлоғида, тунги ёмғирдан кейинги лой йўлдан уйларига қайтаётган шу жуфт, шу орзуманд эру хотин…

Хикоялар
Фаришта