Турмуш: «Кундошимнинг қотилиман!»
— Турмуш турган-битгани мушт дегани! Яшар экансан, доим курашлар ичра қоласан. Баъзи одамлар қайтиб ўрнидан тура олишмайди ҳам. Қалб жафо, ситам, бевафоликдан тўлганида ҳеч кимга ишончни ҳам туймай қоласан киши. Мен ҳозир айнан қайта тура олмаётган одамлар тоифасига кириб қолганман. Қанча тиришмай, тушкунликдан чиқиб кетиш қўлимдан келмаяпти. Ичимни кемираётган қайғулардан жуда эзилдим. Ёшлигимда катталарнинг «Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ўн беши ёруғ», деган гапларини кўп эшитардим. Назаримда, ўша ёруғ ўн беш ўтиб, зулматларга келиб қолдим. Ҳеч тугамайдиган зулмат қаридаман гўё. Бошимга тушган савдолар ҳақида батафсил айтсам, саҳифалар етмайди. Хиёнатдан олдинлари ҳам кўп жабр чекканим, ўзимни такрор ва такрор назорат қилганим ҳақида ҳам гапирмоқчи эмасман. Мени айнан бугун қийнаётган оғриқ бошқа. Гап виждон азоби ҳақида.
Виждон азоби!.. Ёш қиз пайтларим бу жарангдор сўзни киноларда эшитиб, ҳеч таъсирланмасдим. «Намунча ягона шу нарса атрофида айланиб юраверишади», дердим ўзимга-ўзим. Бежиз эмас экан! Мен кундошимни ўлдирдим! Жиноятга қўл урдим! Гуноҳ билан юзлашдим! Гуноҳ бўлганда ҳам энг катта гуноҳ!
Йигирмага кириб-кирмасимдан мени турмушга узатишди. Тан оламан, бу никоҳга қаршилик билдирмаганман. Чунки эримни жондан ортиқ севар, унга нисбатан қалбимда ҳеч тугамайдиган муҳаббат бор эди. Гапирганда сўзларига, қараганда кўзларига мафтун бўлардим. Мен учун ҳеч қачон ўқиш, ишлаш, ҳаётда нималаргадир эришиш муҳим бўлмаган. Аниқроғи, гўзал оила қуришдан бўлак орзу ва мақсадим йўқ эди. Турмуш қургач эса ўша қарашларим яна-да кучайди. Мен эрини жондан севувчи, болаларини асраб-авайловчи уй хонимига айландим. Ҳар кунги вазифаларим турмуш ўртоғимнинг кўнглини олиш, фарзандларимга ғамхўрлик қилиш, уйдаги муҳитни яшнатиш, ширин таомлар тайёрлаш эди. Йўқ, мен ўзига қарашни билмайдиган, бошдан-оёқ уй иши туфайли қора терга ботган аёл эмасдим. Мен уй хоними эдим. Ҳар кунги ишларимдан асло зерикмас, ўзимнинг кичкинагина дунёмни гуллар ва қушларга тўлдиришдан чарчамасдим. Ишончим комилки, ҳамма менга ҳавас-ла боқарди. Қўшнилар, дугоналар, қариндошлар, хуллас, мен таниган аёлларнинг бари олдида энг хушчақчағи, мамнуни ўзим бўлганман.
— Сен жуда бахтлисан, кулиб юрасан, оиланг ҳам тинч, — деди кунлардан бир кун уйимга келган дугонам ҳавас билан ва чуқур хўрсинди. — Менинг оилам эса пароканда!
— Қўй, сиқилма, пирогдан ейсанми?!
Яна бир нарсани тан оламанки, менга одамларнинг дардини тинглаш ёқмасди. Ўз оламимни шунчалар қаттиқ ҳимоя қилардимки, бошқаларнинг салбий қарашлари сингишидан хавфсирардим. Онамнинг айтишича, характеримда ёшлигимдан худбинлик кучли. Синглимдан фарқли ўлароқ, одамларнинг ғам-ташвишига тупуриб, фақат ўз ҳудудим тинчлиги билан қизиқарканман. «Бу дунёда фақат эринг ва болаларинг эмас, биз ҳам бормиз. Бизни ойлаб кўрмасанг ҳам соғинмайсан!» дея нолиб қўярди онам. Мен эса волидамнинг гапларини эшитаётгандай туюлардим-у, хаёлим уйда қолган яқинларимда бўларди. Уйимга сўнгги пайтлар серқатнов бўлиб қолган дугонамдан ҳам негадир узоқлашишни истаб қолгандим. Аммо дугонам уни хушламаётганимга парво ҳам қилмасди ёки сезса-да, ўша кезлариёқ ҳаммаси унга аҳамиятсиз бўлган.
— Эринг бугун ҳам ишга эрта кетдими?
— Вақт тушликка яқин келяпти, эрта деганинг нимаси? Қолаверса, нега бунга қизиқиб қолдинг?!
Рашк! Бу менинг яна бир энг катта қусурларимдан биттаси. Ўзимга тегишли деб билган кимса ҳам мен учун буюм даражасида эди. Айниқса, эрим ва болаларим… Хуллас, уч-тўрт ойдан сўнг эримнинг хиёнат кўчасига кирганини англадим. Бундай ҳолат ҳаётимда ҳеч қачон кузатилмаган, дея олмайман. Авваллари ўша юзсиз аёлларни йўлимдан олиб ташлашга уринардим ва бунинг уддасидан осонгина чиқардим ҳам. Аммо бу сафарги рақибам ўша дугонам бўлиб чиққач… Унинг бу иши тўғримиди? Менинг ҳеч кимга халақит бермаётган митти дунёмни бузиши, дугонасига хиёнат қилиши, ахир бу ишни оқлаб бўлмайди! Унинг бу иши қайси жиноятчининг айбидан кам?! Қучоқ очиб уйингда кутсанг, меҳмон қилсанг, у бўлса… Мана, яна ўзимни оқлашга тушиб кетибман. Кимнингдир умрига зомин бўлган инсон айбдорни топиш учун эмас, виждонини хотиржам қилмоқ учун ўзини оқлайди. Аммо, барибир, бу адолатдан эмас. Аслида, олдинига у менинг умримга зомин бўлди, шундай эмасми?! Яна ўзимни оқлаяпман! Хуллас, бу сафар барчаси жиддий эди.
Мен эримни кундан-кунга йўқотаётганимни, уйдаги жанжаллар кўпаётгани эвазига болаларим руҳиятининг бузилаётганини яхши англардим. Эрим худди жодулангандай бирданига ўзгарди. Совуқ муносабатларни илиқлатишга, ўртамиздаги ришталарни асрашга кўп уриндим. Жамики маслаҳатларга амал қилдим. Яъни ўзимни бефарқ тутиб ҳам кўрдим, норозилик қилмадим, ўзимни босдим. Бироқ… Ўз оиласини асролмаган бир уятсиз эндиликда менинг бор-йўқ бойлигимни — оиламни тортиб олаётгани фиғонимни фалакка кўтарарди. Ўша кун унинг ёнига бордим. Ҳозир ортга қайтишнинг иложи бўлганида эди, мен ҳеч қачон қадамимни унинг уйи томон босмас эдим. Эримдан кечиш эвазигами? Оиламнинг бузилишига рози бўлармидим?
Эҳ, билмайман, эҳтимол, ҳеч қачон бунга кўна олмасдим. Уни кўрдим-у, ўзимдан ўтган худбиннинг юзини тирнагим келди. Қаршимга гўё афсус-надоматда қолган аёлдай чиқди, ҳеч нарса бўлмагандай уйига таклиф қилди.
— Мен сени огоҳлантиряпман, эримдан узоқроқ юр! — дедим.
— Мени кечир, аммо биз бир-биримизни чиндан севиб қолдик! — деди у тап тортмай.
— Бизнинг тўртта фарзандимиз бор, неча йиллик муҳаббатимиз бор! — ўзимни босишга уринсам-да, кучли асабий зўриқишдан кўзларим учарди. — Ақлингни йиғ, биласан-ку, сен биринчиси эмассан, охиргиси ҳам бўлмайсан.
— Аксинча, — деди у ўзига ишонч билан. — Назаримда, сен ҳам билиб турибсан, бу сафар бари бошқача. У мени яхши кўриб қолган. Ахир ажрашиш таклифини ҳам берди-ку сенга.
Эримнинг бу таклифи жаҳл устида айтилган гап деб эътибор бермагандим. Аммо қаршимда турган аёлдан бу гапни эшитиш… Улар бу ҳақида режалаштириб юрганидан далолат эди.
— С-сен, сен мендан уни тортиб ололмайсан!
Танамдаги қон кўпириб, унинг сочларига ёпишишни истардим.
— Мен сендан кечирим сўрайман, лекин бу ҳаёт. Унда эса кутилмаган вазиятлар…
Дугонамнинг аҳмоқона фалсафасини эшитишга кимда куч қолади, айтинг-чи?! Бўғзига ёпишдим. У мендан анча нозик, жуссаси анча кичик эди. Ўзимни тўхтатиб қололмадим. Унинг қаршилиги эса мутлақ етарли эмасди. Мен анча муддат шу алфозда турганимни, кейин қандай қилиб одамлар ёнимда пайдо бўлгани-ю ўзим панжара ортига тушганимни эслолмайман. Ҳозир бу тўрт девор орасида хат битарканман, элас-элас эслаяпман, хаёлан ўша мудҳиш кунга қайта-қайта боряпман. Ичимда эса минг хил ўй!
Бироз йиғлаб олдим. Ўзимдаги бу ҳолатни тушунтириб беролмайман, қўлимдан келганича пала-партиш қораладим. Ҳозир менга қанча муддат беришлари, олдинги ҳаётимни тиклай олмаслигим ҳақида ўйлаяпман. Аммо энг кўп ичимни кемираётган нарса бу виждон азоби. Бир инсон менинг қўлимда, мен сабабли бу ёруғ оламни тарк этгани, энди у қайтмаслиги, бу гуноҳ юки бутун умр елкамда қолиши… Онам айтгандай, менда худбинлик ҳиси жуда кўпдир, эҳтимол, бироқ мен бутун умидларимни оиламга тиккан эдим. Орзуларим, ниятларим фақат оилам билан боғлиқ эди. Алғов-далғов гапларни ёзаётганимни биламан, аммо бу бир ожизанинг ҳозирги ички руҳияти.
Менга нафрат билан қарашингиз табиий. Аммо инсонлар улардан тортиб олинган нарсалар устида қаттиқ курашади. Бу курашга хўрлик, ёлғизлик доим шерик. Мен ўзимда мавжуд ягона оламни кимдир тортиб олишидан жуда қўрқдим. Бир зум шайтоний васвасаларга асир тушиб, ўзимни йўқотдим. Кўзларимни ғазаб ва нафрат пардаси тўсиб, ҳаракатларимни бошқара олмадим. Энди эса… Болаларимнинг «Менинг онам қотил», дея азоб чекишини ўйласам…
Яна бир томондан эркак зотига кучли муҳаббат увол деган қарорга ҳам келиб бўлдим. Лекин, барибир, мен учун қадрли бўлган ўша ҳаётни бу ерда жуда қўмсаяпман. Ҳар тонг ҳовлимиз боғчасида нонушта тайёрлаб бир оила бўлиб ўтиришимизни нақадар соғинибман! Энди ҳеч қайтмайдиган ўша кунларнинг ҳижрони билан бирга дугонамнинг ўлими кўз олдимдан кетмаяпти. Илтимос, куйган дилимни эзиб, менга таъна-дашномлар берманг. Кўнглим кўтарилиши, турмушнинг туширган муштидан туриб кета олишим учун ёрдам беринг. Кимнингдир дардини буткул ҳис этмай туриб, унга ҳукм ўқиманг…
Хикоялар
Турмуш: «Кундошимнинг қотилиман!»