СУРАТ
Бу бола кейинги пайтларда мутлақо ўзгариб кетди. Дарсга ҳам, йўқлаб келган жўралари-ю, уй юмушларига ҳам эътибор бермайди. Шодибой ўғлидаги ўзгаришни пайқаса ҳам, у ҳозир шунақа ўтиш ёшида, деган ўй билан бепарвороқ тутди ўзини. Аммо бир куни кўчада юзлашиб қолган ўғлининг домласи масалага ойдинлик киритди-қўйди:
– Ўғлингизда ўқишга умуман хуш йўқ. Дарс вақтида ҳам, танаффусда ҳам қандайдир расмга тикилиб ўтиради. Ўқитувчи у ёқда турсин, ўртоқлари билан ҳам гаплашгиси келмайди.
Оббо, бола тушмагур-ей, гап бу ёқда экан-да! Мактабни тамомламай… Шу бугун ўғлининг қўйнига қўл солиб кўради. Албатта, бунақа нозик масалада жаҳлдорлик жоиз эмас. Шундоқ ҳам Шавкатнинг ранги бемор одамдек кундан кунга сарғайиб бораяпти. Хонасида тонггача чироқ ёниқ туришининг сабаби ҳам аён бўлди энди. Наҳотки у шунча вақт бир суратга термулиб ўтирса?!
Оқшом маҳали кечки овқатдан сўнг анча тараддудланган ота барибир ўғлига сўз қотишга ботинолмади. Рости, боласидаги қиёфа чўчитди уни. Шавкат борлиқ учун ёт одамга айланган гўё. Ҳа, бу ҳазилакам дард эмас. Шодибой анча олдин бошидан кечирган бу савдони. Дунё гўзал эди ўшанда. Ошиқ наздида наинки қайғу-ҳасрат, балки ўлимнинг ўзи ҳам йўқдек эди бу дунёда. Лекин ўлим бор экан…
Шавкат эса болалигидан ўйинқароқ, битирувчи синфга кўчганида ҳам иродаси мустаҳкам бола эди. Ундан фақат қўрс жавоб эшитган синфдош қизлари Шавкат каби йигитнинг кимгадир кўнгил қўйиши мумкинлигига ўлақолса ишонмасди. Фақат унинг номаълум қиз суратига соатлаб термулиб ўтиришини билиш, ўша қиз ким бўлиши мумкинлиги ҳақидаги ўй эса барининг ичига ўт ёқар эди. Бироқ журъат қаёқда бу хусусда сўраш учун? Ёки йигитнинг ўзига яқинлашиб, қўлидаги суратга бир мартагина қараш учун ҳам отнинг калласидек юрак керак. Чунки Шавкат нафақат хомуш, балки асабий ҳам бўлиб қолганди. Шу ҳолатида битта-ярим жиғига теккан қизни қулочкашлаб тушириб юборишдан ҳам тоймайди у. Кимга ёқади калтак ейиш?
Шодибой фақат хотинига ёрилди.
– Ўзингиз гаплашиб кўринг, – деди она. – Фақат мулойимроқ бўлинг. Мен ҳам унинг аҳволини кўриб, кечалари уйқум келмайди. Агар сизга ҳеч нарса айтмаса, кейин ўзим уриниб кўраман.
Шодибой тағин бир кун тадорик кўрди. Гапни нимадан бошлаб, қаерда тугатиш тахминигача чамалади. Лекин ота бўлиб, бардоши етмади бунга барибир. Охири пайт пойлаб, бир оқшом ўғли уйда йўқлигида унинг хонасига кирди. Шундоққина столи устида турган, бир томони йиртилган расмга кўзи тушди-ю, «олиб кетмабди» деган ўй кечди кўнглидан. Суратни қўлига олиб қараши билан эса таниш қиёфа рўпарасида юраги тўхтаб қолгандек туюлди. Қора сочлари елкаси билан битта бўлиб ётган, ўзи беғубор жилмайиб турган қиз бир парча қоғоздан маъсум боқарди. Қоғоз эмас эди бу аслида, бир бўлак ўт! Ўзи қўлни, таъсири дилни куйдириб кул қилувчи ўт. Шунчалар ширин ва аччиқ эдики бу ўт, Шодибой кулимсираб йиғлай бошлади.
Худди шу пайт эшикдан шаҳд билан кирган Шавкат аввалига нима қиларини билмасдан бир муддат қотиб турди. Сўнг отасининг қўлидаги расмни олмоқчи бўлиб қўл узатди-ю, қўли муаллақ ҳолда тағин аввалги ҳолатига қайтди. Айни дам унга отаси телба бўлиб кўринди.
– Қаердан олдинг буни? – деди Шодибой секин, бўғиқ товушда.
– Йиғлаяпсизми, дада?
– Қаердан олдинг деяпман! – бу сафар овози бир парда кўтарилди.
– Топиб олдим, – ўғил бошини эгди.
– Танийсанми уни?
– Йўқ.
– Эҳ… жинни бола! – зўраки кулди ота. – Танимасанг, нега унга бунча боғландинг?
– Мен уни топаман, – деди Шавкат ўша ҳолатда.
Шодибой кўз ёшини артиб, чап қўлини ўғлининг елкасига қўйди.
– Тополмайсан, болам. Лекин мен уни танийман.
Ўғли «ялт» этиб қаради унга. Рости, шу он афсус пайдо бўлди кўнглида. Кўнгли ҳамма нарсадан совиб, сирини отаси билан баҳам кўрмагани учун. Ахир, мана, отаси у қизни таниркан!
– Ким у, дада? – сал илтижоли оҳангда сўради.
Шодибой оғир ўйланди Бурнини тортиб қўйди. Ва ниҳоят ўғлига қарамай гапирди:
– Биласанми, йигирма йил бўлди бу расмни йўқотганимга. Лекин у тирик бўлганида, мен онангга уйланмас эдим.
Хикоялар
СУРАТ