Рўзғорда асқотувчи 7 тавсия
Ҳар бир аёлнинг уй тозалиги борасида ўз сир асрорлари бор. Аммо бундай “маҳорат”га эга эмаслар ҳам бор. Қуйидаги тавсияларимиз сизга уй саришталигида қўл келишига аминмиз.
Аввало уй йиғиштуришда, хоҳ чангютгичдан фойдаланасизми ёки супургидан, гилам устини нам латта билан артишга одатланинг. Ортиқча чанг- ғубордан ҳалос бўласиз. Мабодо шунда ҳам гилам туклари бир-бирига ёпишгандек кўринса, бундай қилинг: челакка илиқ сув тўлдириб, озроқ шампундан қўшинг. Сўнг дағал тишли чўткани сувда намланг-да, гилам юзасини ишқаланг. Тукларининг намиққанлигидан фойдаланиб, керакциз санчқида уларни аста таранг. Аҳамият беринг, гилам қуримагунича усти босилмаслиги керак.
Овқатни кўп аралаштириш керакми?
Аслида бу нотоғри. Суюқ таом пишираётганда ҳар замон тагига олмаслиги учун қозон ковлаб турилса бас. Йўқса маҳсулотлар яхши аралашмай, майдаланиб кетади. Қарабсизки овқатингиз бўтқа ҳолига келади.
Янги газ печини ҳарид қилдингиз дейлик. Ҳар таом тайёрлагандан сўнг плитани тозалашга эринсангиз ёки вақтингиз тиғиз бўлса, зарқоғоздан фойдаланинг. Бунинг учун плита устига ўлчамига мослаб қоғоз соласиз. Икки-уч ҳафтда зарқоғозни алиштириб турсангиз етарли, ҳам вақтингиз тежалади ҳам идиш ювиш воситаси иқтисод бўлади.
Хамирни қоргач, узоқ муштлаш керак деган фикр нотоғри. Узоқ муштланган ҳамирда ортиқча ёпишқоқлик юзага келади ва у керагидан ташқари қаттиқлашади. Хамирни бир ҳил аралашма ҳолига келгунига қадар муштланг. Унни элаб ишлатинг, бу хамирнинг юмшоқ бўлишида ёрдам беради.
Оддийгина тиш чўткаси
Унинг ёрдамида раковина, ҳожатхона ва ваннахонадаги тозалаш қийин бўлган кичик бурчакларни озода кўринишга келтириш мумкин. Мисол учун, ҳожатхона унитазининг ички тарафини олсак, одатдаги чўтка ичкарига қайрилган қисмига сиғмайди, натижада бактерия ва микроблар шу ҳолича қолиб кетаверади. Фойдаланилмайдиган тиш чўткаси эса, катта чўткалар эплолмайдиган вазифани аъло даражада уддалаб, ишингизни енгиллаштиради. Фақат тозалаш ишларидан сўнгтиш чўткасини бир четга олиб қўйишни унутманг.
Кафел артиш жараёнида
Намланган латтани тўртга буклаб олинг. Ишингиз анчайин осонлашади. Латтанинг бир тарафини ишлатгач, қолган уч қисмидан бемалол фойдаланасиз. Кафел тозалашда совун ёки кир ювиш кукунидан фойдаланманг. Улар таркибидаги ишқор кафел юзасида доғ пайдо қилади, сўнг ҳар қанча тоза сувда чайилса ҳам хиралиги кетмайди. Яхшиси, истеъмол содасини озроқ сувда эритингда, уни кафел бойлаб тарқатинг. Кейин юмшоқ мочалка билан ишқалаб олсангиз етарли.
Това тозалаш
Қуймоқ пиширгандан сўнг, това совишини кутинг. Иссиқлигида сув тагига олиб борсангиз, бир неча маротаба фойдалангандан кейин таги оладиган кўринишга келади. Яна бир гап тованинг ички қисмини “чистол” кукунида ишқаламанг. Юзаси қирилади.
Гўштни қовуришдан олдин ювиш керак, аммо ундан сўнг ликопча ёки косага солиб қўйиш ҳато. Негаки гўштдан ажралган суюқликда микроб ва бактериялар бор. Сиз гўштни чайиб, ундаги ёпишқоқликни кетказгандек бўласиз, аммо у ўзидан ажралган суюқликда туриб қоларкан, ичак таёқчаларини келтириб чиқариши мумкин бўлган зарарли микроорганизмларга тўйинади. Гўштни чайдингизми, қоғоз салфетка устига қўйиб қуритинг.
Кизикарли маълумотлар
Рўзғорда асқотувчи 7 тавсия