Падаркуш

Падаркуш

Падаркуш
Падаркуш

У ўғлининг ўқишига пул тўлаш учун олис ўлкаларга бориб ишлади. Совуқ, зах конда оғир меҳнат қилди. Ўғли институтни тамомлаб, шаҳарда қолди. Ота ишни давом эттиришга мажбур бўлди. Унинг топган пулларига ўғил уй сотиб олди.
Ота қишлоққа қайтганида соғлиғидан анча путур кетган эди. Юзи рангпар тус олган, ўпкаси қаттиқ шамоллаган эди. Узоқ даволанса-да, кор қилмади: совуқ ва зах ишини қилиб қўйган экан. Қишлоқдаги шифокорлар, шаҳарга бориб даволанинг, дейишди. Бироқ кекса беморнинг шаҳарда шифо топиши ҳам қийин бўлди. Унинг нафас олиши тобора оғирлашар, тез-тез чарчаб қоларди.

Ўғил каттароқ ишга ўтган эди. Отасининг саломатлигидан кўра вақтни ўйлаб сиқиларди у. Бечора қария навбатдаги врач ҳузуридан чиққанида ўғил қўл телефонида асабийлашиб гаплашаётганди. Ота кўзлари жавдираб кутиб турди. Ўғил гаплашиб бўлиб, қовоғини уйиб қаради. Ота даволаш учун катта пул кераклигини айтганида, у тутақиб кетди. Қаттиқ сўкинди. Кимни ҳақорат қилгани номалум, аммо отасининг кўзларига қараб ҳақорат қилган эди у.

Отани йўтал тутди. Аслида кўз ёшларини яшириш учун ёлғондан йўтала бошлаган эди. Кечга бориб, унинг жони узилди. Агар ўлимига касаллик сабабчи дейилса, у ҳали бироз яшаши керак эди.

Муаллиф: Анвар Намозов 1970 йил Сурхондарё вилоятида туғилган. 1993 йилда Самарқанд Давлат университетининг ўзбек филологияси факултетини тамомлаган. Талабалик давридаёқ ижод намуналари «Ўзбекистон адабиёти ва санати”, «Оила ва жамият” газеталарида чоп этилган. Университетни тамомлагач, «Зарафшон”, «Даракчи” газеталарида ишлаган. Бир талай мақолалари ва бадиий ижод намуналари «Ҳуррият”, «Моҳият”, «Бекажон”, «7х7”, «Парвона” ва бошқа вақтли матбуот нашларида ҳам элон қилинган.

Анвар Намозов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиси ҳам бўлган. «Янги китоб” нашриётида фаолият кўрсатган. «Мен – кўринмас одам”, «Онаси ўпмаган йигит», «Жумбоқ», «Қиёфа ўғриси» ва «Нотаниш” китоблари муаллифи.

Хикоялар
Падаркуш