ОДАМФУРУШЛАР… (Бўлган воқеа)

ОДАМФУРУШЛАР… (Бўлган воқеа)

ОДАМФУРУШЛАР… (Бўлган воқеа)
ОДАМФУРУШЛАР… (Бўлган воқеа)

Бозорбой кейинги ойларда рўзғор тебратиш қийинлашиб бораётганини ҳис эта бошлаганди. Эски шалдироқ «Жигули»да таксичилик қилиб топгани уловнинг деярли ўзидан ортмас, шундай кунлар бўлардики, тўртта нон олишга ўйланиб, бошини чангаллаганча туриб қоларди. Нима қилсин? Маоши кўпроқ иш топиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Ахир, тузук-қуруқ танишинг бўлмагандан кейин ким сени «бери кел» дерди?!.

Бозорбойнинг дарди ичида эди. Хотини Махфират, уйга кириб келганда мўлтираб тургувчи икки фарзандига ҳам  дардини тўкиб сола олмасди. Шундоқ ҳам улар қийналиб кетишган. Айниқса, мактаб ёшига етиб қолган фарзандлари ўртоқларининг қўлларида қиммат турадиган егуликлар ушлаб туришганини, чет элда ишлаб чиқарилган ялтироқ кийимлар кийишганини кўриб ўксишларини тасаввур этса, юраги эзилиб кетарди.

Шундай кунларнинг бирида Миродил исмли яқин танишини кўриб қолди. Салом-аликдан сўнг Миродил эски машинага ачинган кўйи тикилиб турди-да, Бозорбойнинг елкасига қоқди.

— Сабр-тоқатингга қойилман лекин! — деди у. — Шу шалоқ аравада кун бўйи юриш жонингга тегмадими? Янгироғидан олсанг бўлмайдими?

— Янгисига пул қайда? — деди Бозорбой қовоқ уйиб. — Қорнимизни зўрға тўйдириб юрибмиз-ку! Сен янги машинани айтасан-а!

— Бир зўр гап айтайми? — деди Миродил нимадир ёдига тушгандек ҳушёр тортиб.

— Айт, нима гап?

— Фазилат деган таниш аёл бор. Ўша шаҳардан ишсиз қолган йигитларни тўплаб хорижга жўнатаётган экан. Қурилишда ишларкан борганлар. Хоҳ ишон, хоҳ ишонма, ойига бир ярим минг кўкидан кам маош олишмас экан.

— Ў, зўр топишаётган экан-да!.. Менга қара, менам ўша ёқларга борсам-чи? Бошқалардан нима чатоғим бор?

— Ҳа-а, ана энди ўзингга келдинг! — кулиб юборди Миродил. — Бор, ишла, пул топ! Қачонгача манави шалақ аравангни етаклаб юрасан. Вей, бу кетишда-чи, биринг икки бўлмайди. Бунисига мен кафил, ошна!

— Бўлди, бораман. — деди Бозорбой қатий оҳангда. — Жонимга тегди. Мени тез ўша аёл билан таништир!

— Кетдик, ҳозироқ олиб бораман. Ажабмас, шу баҳонада ишларинг юришиб, кўрмагандай бўлиб кетсанг!

— Ҳа, дўстим, жуда зўр бўларди. Лекин… Олдиндан айтиб қўяй…

— Нимани айтасан? — Бозорбойга ҳайрат аралаш боқиб сўради Миродил.

— Агар буёғи ўхшаб кетса, сени албатта рози қиламан…

— Майли, майли, — гапни кесди Миродил. — юрақол, опани топайлик!..

* * *

«Телбанинг ишини Худо ўнглайди» деганлари рост экан. Бир ҳафта ўтиб-ўтмай Бозорбой хориждаги чекка қишлоқлардан бирига етиб борди. Ёнида яна ўзи тенги икки-уч йигитлар ҳам бор эди.

Уларни Фазилат опанинг ўғли Хурсандбек кутиб олиб, кичик бир вагончага жойлаштирди. Ўзлари билан иссиқ кийимлар олишгани яхши бўлган экан. Чунки бу юрт жуда совуқ экан. Тунда икки қаватдан кўрпача ёпиниб ётишса-да, Бозорбой исимади. Туни билан титраб чиқди. Лекин на илож? Чидаши шарт. Катта пулнинг машаққати ҳам ўзига яраша бўлади. Шуларни ўйларкан, Бозорбой дардини ичига ютди.

Эрталаб нонуштадан сўнг Хурсандбек барчаларининг ҳужжатларини йиғиштириб олди. Унинг айтишига қараганда, вақтинчалик рўйхатга қўймаса бўлмаскан.

— Ана энди, оғайнилар, — деди Хурсандек кафтларини бир-бирига ишқалаб. — мақсадга ўтайлик. Сизларга бир бино қурилиши топширилади. Қанча тез битирсаларинг, шунча тез уйга қайтасизлар. Иш ҳақини ойим айтган. Шундан бир тийин кам ҳам, кўп ҳам бўлмайди. Келишдикми?

Улар бараварига бош ирғаб Хурсандбекнинг сўзини мақуллашди. Шундан сўнг у Бозорбой ва шерикларини эргаштириб қишлоқнинг четроғига бошлаб борди. Катта майдон. Ўртасига қум ва шунга ўхшаш қурилиш материаллари тўкиб ташланибди.

Хурсандек ярим соатча бинонинг тузилиши ва иш шарт-шароитларини тушунтирди. Барчаси аниқлаб бўлингач, хайрлашиб жўнаб кетди…

* * *

… Орадан бир ой вақт ўтди. Бозорбой ўзга юртнинг совуқларига бирмунча кўникди. Энди тунлари титраб чиқмайдиган бўлди. Лекин негадир маошдан дарак йўқ эди. Ахир, қўшнисидан йўлкирага мўмайгина пул қарз олган. «Биринчи маошимдан жўнатаман» дея ишонтирган. Тортина-тортина бўлса-да, Хурсандбекдан сўраб кўрди. У сира кутилмаганда Бозорбойга ўқрайиб қўйди-да, елкасига қўл ташлаб тўнгак устига ўтқазди.

— Намунча тамагирсиз, ака? — дағдаға аралаш сўради Хурсандбек. — Бошида айтилган, ишни тамомлагандан кейин оласиз пулингизни. Минг марталаб такрорлашим керакми? Ё сизга бир-иккита гап камми?

— Тушунмадим, — деди Бозорбой шерикларига маноли боқиб. — бошида ҳар ойда ҳисоб-китоб қиламиз дегандингиз. Бунинг устига ҳужжатларимизни ҳалиям қайтариб бермадингиз. Мақсад нима?..

— Тўғри-да, — орага тушди мардикорлардан бири. — вадани қуюқ бергандинг, ука! Бажаргин-да энди!..

Хурсандбек сездики, уларнинг тоқатлари тоқ бўлиб бораяпти.

Даст ўрнидан турди-да, қўл телефонидан кимгадир қўнғироқ қила бошлади.

— Исён кўтараяпсанларми? — бақирди у жазава ичида. — Қаерда, кимнинг қўлида эканларингни унутиб қўйдиларингми? Хўп, ҳозир Миша келади. Ўзи гаплашади сенлар билан…

* * *

Одам боласи учун бундан ортиқ хўрлик бўлмаса керак. Ўз пешона тери эвазига ишлаб топган пулларини сўраган мардикорлар нақ балога қолишди. Тўрт барзанги уларни тепкилай-тепкилай ертўлага қамаб ташлади.

Ўша кундан бошлаб Бозорбой ва шериклари учун дўзахдан-да баттарроқ ҳаёт бошланди. Иш берувчилар егуликдан қисганлари етмай, мардикорларни вагончада эмас, ертўлада тунашга маҳкум этиб, устига-устак ишни ярим тунгача давом эттиришга мажбурлашарди. Бир сўз билан айтганда, катта пул умидида ватанни ташлаб келган уч мардикорнинг қулдан фарқи қолмаганди.

— Ортиқ бунга чидаб бўлмайди, — дея шерикларига юзланди бир куни Бозорбой. — қаранглар, шундай замонда қул бўлиб ишлаш алам қиларкан одамга. Қаранглар, ҳаммамиз ҳам озиб-тўзиб ётибмиз. Бу туришда яқин орада оғир касал орттириб олишимиз ҳеч гап эмас.

— Нима қилайлик? — сўради шериклардан бири. — Ёнимизда на ҳужжат, на пул бор. Дардимизни ким ҳам эшитарди.

— Қочамиз, — деди Бозорбой. — бундан бошқа йўл йўқ. Бегона юртларда хор бўлиб ўлгандан, қийналсак ҳам қочиб қутулганимиз афзалроқ. Уёғини пешонадан кўраверамиз. Хўш, нима дейсизлар?

Шериклар елка қисганча бир-бирларига қараб олишди-да, бош қашиш билан кифояланишди.

— Намунча қўрқоқ бўлмасаларинг? — тутоқиб кетди Бозорбой. — Ўйчи ўйига етгунча, таваккалчи ишини битиради. Йўлда қолиб кетмасмиз, ахир! Инсофли одамлар учраб қолар!

Бу гапдан кейин шериклар ҳам рози бўлишди. Уччовлон ярим тунда қочиш режасини туза бошлади.

* * *

Қишнинг қаттол совуғида бегона, умуман нотаниш кўчалар бўйлаб пусиб қочиш уччала мардикорнинг тинка-мадорини қуритганди. Айниқса, Бозорбой азбаройи чанқаганидан кўз олди қоронғилаша бораётганини ҳис этар, фақат қуллик азобидан матонатгина қутқаришини билгани боис тишини тишига босарди. Очликни ҳам қулт-қулт ютиниш билан ҳайдаб соларди.

Лекин уларга Худонинг ўзи кўмакчи бўлди. Юртга одам ташийдиган автобус ҳайдовчилари уларнинг сўзларига ишонишди. Йўл-йўлакай егулик, сув беришди.

Мардикорлар бир ҳафта деганда қадрдон шаҳарга етиб келишди…

ЭСЛАТМА:

Воқеа ҳаётдан олинган. Қаҳрамонларнинг исмлари ўзгартирилган.

Фириб қурбонига айланган уч йигит эртаси куниёқ милиция бўлимига мурожаат этишди.

Хурсанбек суд ҳукми билан узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Хикоялар
ОДАМФУРУШЛАР… (Бўлган воқеа)