Малик Қаюмов (1912-2010) to’liq malumot oling

Малик Қаюмов (1912-2010) to’liq malumot oling

Малик Қаюмов (1912-2010)

Малик Қаюмов (1912.22.4, Тошкент – 2010.29.4, Москва) — кинорежиссер, кинооператор. Ўзбекистон халқ артисти (1948), СССР Халқ артисти (1967). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1946). Меҳнат Қаҳрамони (1981).

Бутуниттифоқ кинематография институти (ВГИК)ни тугатган (1932). Фаолиятини Тошкент «Шарқ юлдузи» кинофабрикасида кино артисти ҳамда кинооператор ёрдамчиси сифатида бошлаган (1929—31). Дастлаб «Бағдодда «америкон пахтаси»» (1931), «Қумликдаги воҳа» (1932), «Ўлим қудуғи» (1939) каби фильмларда роллар ўйнаган. Тошкент кинохроника студиясида оператор, айни пайтда «Союзкинохроника»нинг Ўрта Осиё мухбири (1932— 40). Ҳужжатли фильмлар марказий студиясининг 2-жаҳон уруши фронтларидаги ҳарбий кинооператори. Тошкент бадиий ва ҳужжатли хроникал фильмлар студиясида кинооператор, режиссер, хроника директори, бадиий раҳбари (1946—60). Ўзбекистон илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар студиясининг директори, бадиий раҳбари (1961-75). 1976-93 йиллар Ўзбекистон кинематография ходимлари союзи правлениесининг биринчи котиби.

Малик Қаюмов ижодий фаолияти давомида 200 дан ортиқ ҳужжатли ва илмий-оммабоп фильмлар яратди. У ўз фильмларида Ўрта Осиё ҳаётига оид воқеалар, унинг табиати, фани ва хўжалик ҳаётини акс эттирган. Тошкент Фарғона канали қурилишига бағишланган «Қудратли оқим» (ҳамкорликда яратилган), «Тошкент тўқимачилик комбинати», «Ўзбекистон географияси», «Она диёр», «Тўрт дарвозали шаҳар», «Фарҳод чироқлари», «Ҳиндистон тонги», «Ўзбекистонимизга келинг», «Инсониятнинг беш қўли», «Вьетнам — менинг мамлакатим», «Баҳордан баҳоргача», «13 қалдирғоч», «Тошкент, Зилзила», «Гўзалликнинг уч сири», «Самарқанд ҳамиша мен билан», «Санъатга бахшида умр», «Олтин Бенгалия», «Ўзбек атласи»,, «Паранжи», «Шарқда шундай шаҳар бор» (ёки «Тошкент билан учрашув»), «Брюссель» ва бошқалар қисқа, тўла метражли фильмлари ўзбек ҳужжатли киноси ривожида муҳим аҳамият касб этди.

Малик Қаюмов нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон ҳужжатли киноси ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди ва бу ўз вақтида Нью-Йорк, Венеция ва Лейпциг халқаро кинофестивалларининг катта олтин медаллари ва «Олтин Кабутар» мукофоти билан, жаҳон ҳужжатли киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун махсус диплом билан тақдирланган.

Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1964). «Эл-юрт ҳурмати» ордени (1999) ва «Жасорат» медали билан мукофотланган (1995).

Biografiya
Малик Қаюмов (1912-2010)