КЕЛИН

КЕЛИН

КЕЛИН
КЕЛИН

Ёшлигида туман тугул, чегарадош қўшни вилоятларда ҳам ном таратган, асли касби тандирчилик бўлган Ҳамдам полвоннинг хонумонига ўт тушганига ҳам уч йил бўп қолди. Чол-кампир бир нечта, ёшига ҳам етмасдан нобуд бўлган болаларидан кейин эллик ёшнинг тагига бориб, тилаб олган ёлғиз ўғиллари Тўхтамурод қиш куни шаҳардан йўловчи енгил машинада келаётиб, яхмалак йўлда машина ҳалокатга учраб нобуд бўлганида – ёшгина келини Шоира икки яшар боласи билан бева қолди. Полвон «ўғлимиздан ёдгор неварамиз бор-ку” деб, ҳарчанд далда бўлишга ҳаракат қилмасин, ёлғиз ўғилнинг доғи-ҳасратида адо бўлган кампири ҳам кўп ўтмай вафот қилди. Каттакон ҳовлида Ҳамдам полвон келини ва невараси билан қолди. Қайнота ва келин айниқса, кампирининг вафотидан кейин бир-бирларига жуда суяниб қолишганди. Асли яхши оиладан чиққанлиги, фаҳму-фаросатлилиги, диди, қўл-оёғи чаққонлиги учун чол-кампир унга хонадонларига келин бўлиб тушган кунлариданоқ меҳр қўйиб қолишган эди. Келин дарров қайнонасининг қўлидан ишларини олган, айниқса дастурхон тузаш, ҳар хил аччиқ-чучук, газакларни қойил қиларди… 
Чол – кўнглини ёзиб келсин деб, вақти-вақти билан неварасини қўшиб, келинини ота-онасиникига юборар, ўзи юбориб яна ўзи йўл қараб, кўз тикиб ўтирар эди. Келин ҳам сигир-бузоқ баҳона, аслида қайнотасини кўзи қиймасдан, борган жойида деярли ётиб қолмасди. Шоира қишлоқ амбулаториясида ҳамшира бўлиб ишлар, ишдан ортиб сигир-бузоқ, қўйга (чол ўлиб-нетиб қолсам маъракаларимга ярар деб, сигир-бузоқнинг қаторида бир қўй ҳам сақлар эди), томорқага қарар, бошқа турмуш қилмасдан ҳовлида қолишга қатъий аҳд қилган эди. Қайнотасини ҳам ёш болага қарагандай астойдил парвариш қиларди, ҳамшира эмасми, тоби қочганда ўзи муолажа қилиб турарди. Чол ҳар азон турганида уйининг эшигида илиқ таҳорат суви тайёрланган турар (кампири вафотидан кейин келин буни ҳам одат қилганди), келини сигир соғаётган бўларди.
Лекин келини ҳар қанча парвариш қилмасин, саксонга бориб қолган чолнинг барваста жисмидан шунча кўргиликлардан кейин соат сайин, ҳафта сайин мадор кетиб борар, кейинги пайтларда юраги ҳам тез-тез безовта қиладиган бўлиб қолган эди. 
Қудалари ҳам андишали одамлар чиқишди, йигирма тўрт-йигирма бешга кириб-кирмай, бебахт бўлиб қолган қизларини дарров олиб кетишмади. Лекин орқаваротдан қудалариникига қизларини сўраб одам қўйишаётганлари қулоғига чалинар эди. Шоира бир неча марта отасиникидан авзойи бузилиб келганлигидан, «бошқа қайтиб бормайман”, деб аччиқ қилишидан чол ҳаммасини фаҳмлаб турар эди. Полвоннинг ўзидан ҳам бир неча бор келинини сўратишди. Баъзи харидор бўлган жойларни полвон ўзига маъқул бўлмаганлиги, айримларини эса танимаганлиги учун ҳам рўйхушлик бермади.
Ҳамдам полвон бунақа туриш-турмушга иложи борича тезроқ барҳам бериш, тириклигида келинини бирор-бир маъқул жойга узатиб эгалик қилиш, кейин хотиржам жон бериш илинжида бор азобларга матонат билан бардош бериб келар эди. 
– Полвон бува, уйдамисиз, – деб чақириб келди бир куни эрталаб девор-дармиён, олтмиш ёшлардаги қўшниси уста Расул, – ассалому алайкум, бардаммисиз. – Чолнинг асли ўзи дангал, ўзидек дангал одамларни хушлашини билганлиги учун уста ҳам дарров мақсадга ўтиб қўяқолди:
– Бир қошиқ қонимдан кечсангиз полвон бува, қулчиликка келдим, – полвон маъқул ишорасини қилди. – Ҳув анови Учтут қишлоғидаги холаваччам Адолатни яхши танийсиз, кўп йил ўқитувчилик қилиб нафақага чиққан, раҳматлик эри Абдунаби ҳам ўқитувчи, олим одам эди, – чол тасдиқлаб бош силкиди, – ўғли Абдураҳим ҳам ўқимишли йигит, шаҳарда катта бир корхонада ишлайди, иши яхши. Хабарингиз бор, йил бўп қолди-ёв, шу Адолатнинг келини туғруқ пайти нобуд бўлди, чақалоғиниям сақлаб қолишолмади, олти-етти ёшли бир қизчаси қолган. Келинингизга қанча жойдан харидор чиқди, ҳеч бирига розилик бермадингиз. Эшитишимча, келин бошқа рўзғор қилмасликка қарор қилган эмиш, лекин фаҳмимча, аслида сўратишган жойлар сизга маъқул бўлмаган чоғи, шундайми, полвон бува?

– Топдинг Расулбой, келинни уйда ушлаб туришимни ёлғиз сабабиям шу. Бояқиш, бизнинг уйга тушганиданоқ меҳрим тушиб, ўз қизимдек бўлиб қолган. Дидимга ўтирмаган жойга бериб юборишга кўзим қиймаяпти. Бу ёқда невара ҳам бор Расулбой, невара – орқамиздан қоладиган нишонимиз, Турдимуротдан ёлғиз ёдгор.
– Йўқ демасангиз, ана шу жойга келинни битишсак деб келган эдим, нима дейсиз, полвон бува? Яна билмадим-ку, бундан ортиқроқ яхши жой бўлмас. Домла билан ҳам бир пайтлар қадрдон эдингиз, ўзингиз таниган-билган одамлар.
Қўшниси айтган хонадонни полвон чиндан ҳам яхши билар эди, боиси – деярли олтмиш ёшгача кураш тушганлиги, ундан ҳам кўпроқ тандирчилик касби сабаб, узоқ қишлоқдагиларнинг ҳам кўпчилигини полвон яхши биларди, ўша ҳовлига ҳам уч-тўрт марта тандир қилиб берганди.
– Маъқул, – деди чол бир муддат ўйланиб, – лекин келин бошқа рўзғор қилмайман деб астойдил аҳд қилган, иш пишгунча бир оз муҳлат берасан Расулбой, ҳартугул, охир-оқибат менинг сўзимни икки қилолмас.
Шу битимга келишиб хайрлашишди.
Кечки овқатдан кейин полвон мавридини пойлаб деди:
– Келин, сен билан Азимжонниям бирор ишончли қўлга топширсайдим, кейин бемалол жон берсам ҳам бўларди. – Шоира бу гапни эшитиб ҳушёр тортди, кейин овозини баландлатмасдан, қайнотасининг юзига тик қарамай:
– Бува, мен бошқа эрга тегмайман, сиз ҳам ўлмайсиз, – деди.
– Дунёга устун бўладиган одам борми, мен ҳам оёғимни узатиб, хотиржам омонатини топширайин-да охир-оқибат, келин. – Шоира индамасдан норози қиёфада қошини чимириб, идиш-товоқларни йиғиштириб чиқиб кетди.
Чол шу тахлит кунда-кун оша бир неча марта гап қистирди. Шоира ҳар гал ўша қайсарлик билан бўш келмас, қайнотасининг феълини яхши билганлиги учун бу гапларнинг ортида нимадир борлигини сезиб турар, лекин ўз фикрини ўзгартириш ниятида ҳам эмасди. Беш-ўн кун ўтиб чол масалани узил-кесил ҳал қилишга қарор қилди ва тушки овқатдан кейин яна гап очди, бу сафар масалани анча кескинроқ кўндаланг қўйди.
– Энди келин, гап бундай, гапимни бўлмасдан охиригача эшит, – қайнотасининг даромадларини эшитиб юрган келиннинг юзига қандайдир кўнгилсиз воқеа содир бўлишини сезиб, хавотир соя солди, – пешанамизда шу кўргилик бор экан, кўнмасдан иложимиз қанча. Эшитгансан, ҳув Учтутда қўшнимиз уста Расулнинг Адолат исмли қариндоши бор, холаваччаси. Ўтган йили келини туғруқ пайти вафот этган, мактабга борадиган бир қизчаси қолган. Шулар устани ўртага қўйиб, сени сўратишган. – Чол шу ерда келинига ер остидан қараб, бир муддат жим қолди.
– Тўймаган қорним борми бува, ишлаб турган бўлсам. Неварангизниям ҳеч кимдан кам қилмай боқиб катта қилиб оламан. Бўлди, бошқа бу ҳақда оғиз очманг.
– Ўлганнинг ортидан бир умр аза тутиб яшаб бўлмайди. Эркакми, аёлми, ёлғиз одамнинг кўрган куни қурсин, айниқса аёл кишининг. Азимжонни катта қилгунингча, эҳ-ҳе, биласанми, қанча сув оқиб кетади. Орқангда бир суянчиғинг бўлмаса сенга қийин бўлади, болам. 
Қайнотасининг нияти жиддийлигини фаҳмлаган Шоиранинг кўзларида ғилқ-ғилқ ёш айланди, орқасидан танғиб олган рўмолининг учи билан кўз ёшларини артди-да, пиқиллаб деди:
– Неварангиз билан бирга ўтирибман-да ўғлингизнинг чироғини ёқиб, энди сиз ҳам мени ҳайдаманг, бува. Мен барибир бошқага тегмайман.
«Сиз ҳам ҳайдаманг”. Бу гапнинг маъносини чол тушуниб турар эди. Келини куни-кеча отасиникидан яна қош-қовоғи осилиб, паришон бўлиб қайтган эди, демак у ердаям яна шу масала устида гап-сўз бўлган. Полвоннинг юраги эзилиб кетди, бўғзига тиқилиб келган хўрсиниқни босиш учун сездирмай, чуқур-чуқур нафас олди. «Ҳа-а, бир кам дунё-я, боламнинг ўрнига менинг жонимни олсанг бўлмасмиди худойим, қўшқўллаб топширмасмидим. Шу гўдаккинанинг нима гуноҳи бор эдики, унга шунча кўргиликни раво кўрдинг” деган хаёл кечди кўнглидан. Ажаб, эркак кишининг йиғлаганини ор деб билган полвоннинг шу топда, шу маъсум жувоннинг бошини кўксига босиб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Аммо у кўнглидаги изтиробларини ошкор қилолмас, олдиларида турган ораларидаги муқаррар айрилиқдан ҳар иккисига, айниқса келинига етадиган жароҳат – олдига қўйган мақсадига фақатгина халал беришини у тушуниб турарди. Шунинг учун у келини билан қаттиққўл бўлиши лозим эди.
– Уч йилдан бери ихтиёрни ўзингга қўйиб келдим келин, бирор марта сенга бу ҳақда оғиз ҳам очмадим. Бу хонадонни яхши билганим учун ҳам шу ишга қарор қилдим, улар ҳалол-покиза одамлар, ўқимишли оила. Адолатнинг ўғли Абдураҳим ҳам бамаъни бола.
– Мен бошқа рўзғор қилмайман, сизниям ёлғиз ташлаб кетмайман ҳовлимизни ҳувиллатиб, – деди келин яна ўша оҳангда, аввалгидек қайсарлик билан.
– Нега ёлғиз қолар эканман, уста кенжа ўғли Аброрга келин туширмоқчи, ўртанчаси Асрорқул иморатига энди пойдевор қўяяпти, тўй устида туришипти. Иморатни тўхтатиб, Асрорқулнинг бизникига кўчиб келишини ўзим айтдим. Оқибатли одамлар, ҳовлини обод қилиб туришади. Ўн беш-ўн олти йил ҳадемай ўтиб кетади, Асқаржонни уйлантирсанг, яна ота Ватанига қайтиб келиб, ҳовлига эгалик қилаверади, васиқани ўғлингнинг отига ҳужжатлаштириб қўйганман. – Шу ерда чол бир тин олди-да эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда давом этди. – Мен бир пишган ош бўлсам, «пуф” этиб омонатини топширсам, орқамда сен суянчиқсиз қолсанг, икки кўзим очиқ кетади-ку, бу ёғиниям ўйла-дингми, болам?– Энди келиннинг гап қайтаргудек ҳоли қолмаган, пиқ-пиқ йиғлашда давом этарди, – гап шу келин, сени шу жойга битишамиз, ҳозирлигингни кўр. – Шуни айтиб полвон суҳбат тугаганлиги маъносида оғир гавдасини кўтариб туриб кетмоқчи бўлди, лекин Шоира ҳамма ишнинг аллақачон майда-чуйдасигача ҳал қилиб қўйилганлигидан, энди қаршилик кўрсатишнинг бефойдалигидан ўпкаси тўлиб, бошидан рўмолини юлқиб олди-да, икки қўли билан юз-кўзига босиб ҳўнграганича хонадан чиқиб кетди. 
Оқшом сигир ҳам соғувсиз қолди. Кечки овқатни жимгина ейишди, тўғрироғи, келин қайнотаси ва ўғлига овқат сузиб келди, рўмолини юз-кўзи аралаш боғлаган кўйи, бурнини тортиб, кўз ёшини арта-арта қошиқ билан боласига овқатини едирди-да, ўзи туз ҳам тотмади.
Эртаси куни чол одатича намоз ўқигани турганида, даҳлизда ҳар доимгидек илиқ таҳорат суви тайёр турар, келини оғилхона томонда куймаланар эди. Нонуштага ўтиришганда рўмоли юз-кўзи аралаш боғланган, кўзлари қизариб қовоқлари шишган, чамаси кечаси билан ухламасдан чиққан эди.
Ҳамдам полвон сабр-тоқат билан келинининг ўзига келиб олишини кутар экан, у ҳовлида юрганида ўзининг илгариги шодмон кунлари, ўғли, кампири кўз олдига келар эди…
Турдимурод ҳовлида, томорқада иш қилганида, келин ҳам одмироқ кийимларини кейиб эрининг олдида ишларига кўмаклашар, эр-хотин гангир-сунгир иш қилишиб, экин-тикинга қарашар эди. Турдимурод гоҳида шўхлик қилиб хотинига тегишар, қучоқлаб бағрига тортар, қайнота-қайнонасининг кўриб қолишларидан уялиб келиннинг эсхонаси чиқиб кетгудек бўлар, эридан аччиқлаб-аразлаб, тескари қараб тумшайиб олар, кейин бирпаста яна аввалгидек апоқ-чапоқ бўлиб ишларини қилишаверар, чолу-кампир эса ҳеч нарсани кўрмагандай, атак-чечак невараларини ўрталарига олишиб, эркалаб-суйиб маст бўлишарди… 
Уч-тўрт кун ўтиб келин рўмолини яна аввалгидек сочининг орқасидан танғий бошлади. Рўзғор ишларини ҳалиям аввалгидек ўрнига қўйиб қилар, лекин ҳаракатлари вазминлашган, аввалгидек шаҳд билан иш қилмас, энди кўз қарашларида ҳам қандайдир маъюс сокинлик зоҳир эди. У – қайнотасининг қарорига, тўғрироғи, тақдир ҳукмига бўйин эккан эди. Шоира ўғлини етаклаб ишга кетгач, Ҳамдам полвон қўшниникига кириб ўтди-да, бўлган гаплардан хабардор қилиш учун шаҳарга, қудалариникига йўл олди. 
Келаси шанба ўттиз чоғли эркак-аёл йиғилишиб кичиккина маросим ўтказишди, ош дамлаб Шоирани янги хонадонга кузатишди.
Устанинг кенжа ўғли Аброр чол ётган меҳмонхонанинг ёнидаги уйда ётар, кечаси чолдан хабар олар, чол эса унинг қораси кўриниши билан «ётавер” деб ишора қиларди. Қўшнининг уйидан ҳар қозон қайнаганда чолга ҳам овқат олиб келишар, деярли ҳар куни кечқурун уста чолни ёлғиз қолдирмасдан гурунгга келар, кечки овқатни кўпинча бирга қилишар эди. Уч-тўрт кундан кейин полвон устанинг ўғилларидан келини тушган хонадонга сигир-бузоқни ҳам етаклатиб бериб юборди. Қўйни эса уста ҳовлисига ўтказиб, ўз қўйларига қўшиб қўйди.
Ҳафта-ўн кун чамаси ўтиб Абдураҳим ўзининг енгил машинасида Шоира ва Азимжонни, уларга қўшиб ўзининг қизчасини ҳам олиб келди. Шоира чолнинг елкасига бошини қўйиб бирпас йиғлаб олди, у эса келинининг кифтига енгил қоққанича, буларга қараб кўнгли алланечук бўлиб ўтирган Абдураҳимга қараб туриб: 
– Нимага йиғлайсан, болам, мен тузукман-ку, тузукман, сен тинчмисан ишқилиб,– деди. 
Уста – хотини, келини билан ўтишди, аёллар одатларича аввал кўз ёши қилиб кўришишди, сўнг дастурхонга Шоира тугиб келган чучварани тортишди. Ҳаммалари – эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида яхши ўтиришди. 
Шундан кейин баъзи-баъзида гоҳ биргаликда, гоҳ аввал Шоира болалар билан келиб уйни йиғиштириб овқат солар, Абдураҳим эса кечроқ келиб оқшомлашиб кетишадиган бўлишди.
Уч-тўрт ой шу алфозда ўтди. Ҳамдам полвоннинг тушларига энди тез-тез ўғли Турдимурод ва кампири кириб чиқадиган бўлди. «Фурсат бўлди-ёв, энди омонатини топширсам ҳам бўлар” деб ўйлади чол. Орада бир муддат Абдураҳим билан келинидан ҳам дарак бўлмади. Бир куни эрталаб катта йўлга чиқди-да, йўловчи машина кира қилиб Учтутга борди. 
– Вой, полвон бува, шунча пайтдан бери шу ердаям бир қизим, невараларим бор деб, бир келай ҳам демайсиз-а, – ҳам гина, ҳам ҳурмат-эҳтиром билан чолни қаршилади Адолат. – Ассалому-алайкум, бардаммисиз? Ахир, домла билан эски қадрдон эдингиз, келсангиз келадиган жойингиз. – Сўрашишгач Адолат гапида давом этди. – Домла ҳаётлигида ўзингиз қуриб берган тандирингизгаям ўн йилдан ошипти, ҳали-ҳанузгача бузишга одамнинг кўзи қиймайди, бир қўлтиқ ўтин билан қизаради-қолади. 
– Ҳа, Адолат, ўн йил-а. Бу дунё дегани кўп ғалати экан-да. Турдимуродим шунақа бўп қолганигаям уч йилдан ошди. Домлаям мендан роппа-роса ўн йилга ёш эди. Мен эса мана, ҳалиям тупроқдан ташқарида юрипман. 
– Оллоҳнинг иродаси экан-да, илож қанча. Турдимуроджоннинг умриниям Азимжонимга қўшиб берган бўлсин. Абдураҳим ўғлимниям ўз ўғлингиз қатори кўринг, полвон бува, биз ҳаммамиз – сизнинг дуойи-жонингиздамиз.
Меҳмон келганидан хабар топган Шоира Азимжонни етаклаб келиб қолди.
– Бува, Абдураҳим акам, – бир ийманиб деди Шоира, – Садоқатнинг дадаси хизмат сафарига кетган эдилар, сиздан хабар ҳам ололмадик. 
– Ҳечқиси йўқ қизим, мендан хавотир олманглар, – деди Ҳамдам полвон бобосига келиб ўзини ташлаган неварасини бағрига босганича, – сизлар тинч бўлсанглар бўлди.
Таом тортилди, еб бўлиб гурунглашиб туришган эди, уй эшиги очилиб, мактаб ўқувчилари кийимида Абдураҳимнинг қизчаси кириб келди. Китоб-дафтари солинган жилдни ва яна қандайдир бир қора пакетни пойгак томондаги стол устига қўйиб дастурхон олдига келди, қўлида нимадир солинган салафан халтача ҳам бор эди. 
– Ассаломалайкум, – деб аввал бувисига ўпич берди, чолнинг олдидан ўтаётган эди, полвон ҳам пешанасидан битта ўпди. – Ҳа, Азимжон, яхшимисан, – болалар кулиб «қарс” этиб бир-бирларига дўстона қўл ташлашди. Кейин қизча Шоиранинг олдига чўкди-да, икки қўли билан унинг белидан қучоқлаб олди, Шоира ҳам меҳр билан қизчанинг елкасидан қучиб, ўзига тортди.
– Қўлингдаги нима, қизим?
– Ҳм, буми, ўсма.
– Қаердан олдинг?
– Ҳилоланинг бувиси берди.
– Ахир ўсма ўзимизникидаям бор эди-ку, сен учун атайлаб экканман. Пакетингдаги нима? – пойгак томонга ишора қилиб сўради Шоира.
– Ўрик, униям Ҳилоланинг бувиси сизга бериб юборди.
–Ҳа, жовпазак пишиптими?
– Кейин-чи, ойижон, – қизалоқ жуда муҳим бир гапни айтаётгандек кулгили алфозда кўзларини катта-катта қилиб деди, – Ҳилоланинг бувиси сизни «Умридан барака топсин шу келинчак, жаннати аёл экан” деди. Жаннати нима дегани, ойижон? – қизалоқ шу гапларни айтиб Шоирага қаради. Қизчанинг оғзидан ўз шаънига бировлар томонидан айтилган мақтовдан келин ўнғайсизланди, уни бу аҳволдан Адолат буви кутқарди:
– Жаннати дегани – сенга она бўлгани бўлади, билдингми? Устингни алмаштиргин-да, қўлингни ювиб кел, ойинг овқатингни сузиб беради.
– Ўсмангни-чи, Садоқат, – деди Шоира қизчани қўли билан ўзига қаратиб, – супанинг офтоб тушиб турган жойига ёйиб қўйгин, сўлисин. Овқатингни еб бўлганингдан кейин ўзим сенга қўйиб қўяман, хўпми? – Қизалоқ хушнудлик билан кемшик тишларини кўрсатиб кулиб бош ирғади, кейин дик этиб турди-да, ўйноқлаб эшикка йўналди. – Ҳа, ўригингниям ювиб кел.
Полвон аста келинига назар солди, унинг чеҳрасига соя солган аввалги ажинлари йўқолган, юзлари тўлишиб қизиллик югурган, эҳтимолки, бўйида бўлган бўлса ҳам ажаб эмас эди. Лабларининг бурчида худди аввалги саодатли пайтларидагидек ним кулгига, табассумга мойиллик пайдо бўлган, баъзида чолга тушган нигоҳида эрка қизнинг ўз отасига бўлганидек меҳр, ўзининг бугунги тўкис ҳаёти учун чолга миннатдорчилик белгилари кўринарди. Шунинг билан бирга, қайнотасини ёлғиз ташлаб келгани учун узрми, ўзини гуноҳкордек сезишми, яна нималардир ҳам йўқ эмасди. Шу хонадонга тушганидан бери у енгилгина пардозини канда қилмас, шу енгилгина пардози ҳам унинг кўркам чеҳрасини янада очиб юборган эди.
«Мана, бу оила ҳам бут бўлди, келин ҳам ҳаловат топди. Болаларимдан хотиржам бўлсам ҳам бўлади” деган хаёллар билан полвон Адолатнинг «кечки салқин билан кетасиз” дейишига ҳам қарамасдан, фотиҳага чоғланди.
– Сигирни сотсаларинг ҳам бузоғини йўқотманглар, худди сигирнинг ўзидек говмиш бўлади, Адолат, – деди чол хайрлаша туриб.
– Сигир жониворгинаям кони-хазина экан, оғзи-бурнимиз мой, полвон бува. Келиним ҳам сигирни иккита қиламиз деяпти. 
– Адолат, болаларимни сизларга, сизларни худонинг паноҳига топширдим.
– Хотирингиз жам бўлсин полвон бува, болаларингизни ўзимнинг болаларимдай асрайман. Келин келиб уйимга яна файз кириб қолди, уйдаги бир неварам иккита бўлди, яна насиб бўлса қўша-қўша неваралик бўлармиз. Ҳай полвон бува, жуда узоқлаб кетмай тез-тез келиб туринг, – деб хайр-хушлашди Адолат, – келин, бувангизни кузатиб қўйинг.
Дарвоза олдида қайнота-келин бир муддат жим туришди, кейин полвон энгашиб неварасини ўпди.
– Энди сендан хотиржамман, шу ерда палак ёзгин, келин, – деди-да узоқлашди, беш-ўн қадам юриб, тўхтаб орқасига қайрилиб қаради. Шоира кўзига ёш қалққан кўйи, дуррасининг учи билан кўзёшларини артганча қараб турар, невараси эса нима учун бобоси ҳам булар билан бирга қолиши мумкин эмаслигидан, буни кўзлари ёшлилиги учун ойисидан сўрашга журъат қилолмасдан, ҳайрон нигоҳ билан қараб турарди.
– Яна йиғи-сиғими, бўлди қил, қизим,– койиган бўлди чол, – хайр, омон бўлинглар. – Шундай деб иложи борича ўзини бардам кўрсатишга ҳаракат қилиб тез-тез юриб кетди. Чол муюлишда кўринмай қолгунча Шоира қараб турди-да, қайнотасининг қадди букилиб, жуссаси мунғайиб қолганлигидан кўнгли вайрон бўлиб, боласини етаклаб уйга қайтиб кирди.
Икки кунлар ўтиб, полвоннинг кечаси мазаси бўлмай чиқди. Уста эрталаб хабардор бўлиб, дарҳол қишлоқ амбулаториясининг врачини чақирди, врач обдон текшириб, беморни касалхонага ётқизиш кераклигини айтиб, тез ёрдам чақирди. Лекин Ҳамдам полвон касалхонага боришдан бош тортди, врач буюрган уколларни олишга ҳам аранг унади. «Ўзим айтмагунча келинникига хабар берманглар” деб устага тайинлади. Унинг аҳволи яхшиланмади, ётиб қолди, лекин чол хотиржам кўринарди. Икки кун давомида ҳеч нарса татимади, фақат аҳён-аҳёнда бир қултум сув ичиб, томоғини ҳўлларди холос. Кўзи очиқлигида лаблари овозсиз пичирлаб калима ўгирар, пинакка кетганида эса ўғли ва кампири билан гаплашарди. Уйқуси қочганда «Азизларим, мана ҳадемай мен ҳам сизларнинг олдиларингизга бориб қоламан, оз қолди” деб қўярди. Деразадан қўшнининг ўғиллари шошилинч равишда ҳовлини тартибга келтириб, бўяб-оқлай бошлашганини кўриб устага «маъқул” ишорасини қилди. Учинчи куни эрталаб, келинига хабар беришни ва соч-соқоли ҳали унча ўсмаган бўлса ҳам сартарош чақиришларини сўради. Шоира боласи билан етиб келди, қайнотасининг аҳволидан кўзига ёш олганини кўриб:
– Мен ёшимни яшаб, ошимни ошадим келин, ўлсам ортиқча йиғи-сиғи қилиб ўзингни кўпам уринтирма, – деб тайинлади. Кун оққанда яна пинакка кетди ва шу кўйи кўзини очмасдан, кун ботар-ботмас узилди.
Маъракаларни уста Расул ва Абдураҳим биргаликда ўтказишди. Марҳумнинг йигирмасини ўтказишгач, иморатнинг чол-кампир турган томонига уста Расулнинг ўртанча ўғли Асрорқул оиласи билан кўчиб ўтди.

Хикоялар
КЕЛИН