КАСОФАТ… (Бўлган воқеа)

КАСОФАТ… (Бўлган воқеа)

КАСОФАТ… (Бўлган воқеа)
КАСОФАТ… (Бўлган воқеа)

Жўрахон буви тиши чиққандан бери шаҳардаги Гузармаҳалла марказида писта, қурут сотади. Бу соҳанинг сувини ичиб юборган дейишса, ишонаверинг! Бир кило писта ёки бир қути нос неча дона чиқиши, бир кило қурутдан қанча фойда қолишини шундоқ халтага қараб айтиб бера олади.
Ёши олтмишга яқинлаб қолган бўлса-да, тил, жағ масаласида унча-мунча даллолдан қолишмайди. Астойдил киришса, дўконга кириб кетган харидорни бир қичқириқ билан ортга қайтариб, ўзи сотаётган сигарет ёки гугуртни олдиради.

Жўрахон буви ана шундай жадал, кескир, шаккок, аммо меҳрибон бозорчи. Афсуски, бувининг тилини фақат маҳалладагиларгина тушунади. Улар атайин Жўрахон бувининг кўнглини юмшатадиган сўзлардан топиб, қалбида ачиниш ҳиссини уйғотиб бўлса-да, кези келганда писта-қурутдан текинга сиқимлаб кетишади. Жўрахон буви маҳалладагиларга миқ этмайди. Чунки билади. Бир кунмас бир кун улар ҳам пулига нимадир сотиб олади. Ўшанда ўтган галги текин писта-қурутнинг ҳақини уриб қолади. Кўрибсизки, сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Тарозининг палласи тенглашади.

Аммо бугунги иш Жўрахон бувининг ғашини келтирди. Қаердандир башанг кийинган, қўлига билакузукми-ей, алламбало осиб олган жингалаксоч йигит келди-да, бир дона сигарет тутатиб, яна бир донасини киссасига урди-кетди. Йўл-йўлакай «ҳақини кейин оласиз» дегандек жуфтакни ростлади. Жўрахон буви бу йигитни ҳеч қачон маҳалласида кўрмаганди. Умрида бегона одамга текин сигарет улашмаган бозорчи ҳайратдан қотиб қолди. Бир-икки ҳай-ҳайлаган бўлди-ю, «ҳали қайтиб ўтасан-ку, уятсиз!» деганча қўл силтаб қўя қолди.

Қарангки, йигит ҳақиқатан қайтиб ўтди. Лекин Жўрахон буви ўтирган ерга етмай дўкон томонга бурилди. Буви яна шайтонга ҳай берди. Кўзи тўрт бўлиб йигитнинг дўкондан чиқишини кута бошлади. Ахир, қайси бозорчига ёқади бунақа иш? Ҳар бир учраганга бир донадан текин сигарет улашаверса, Жўрахон буви уйини қандай топиб олади?..

Жизғанаги чиқиб ўтирганди, қаердандир келини Холниса пайдо бўлди. Жўрахон буви уни кўрди-ю, қовоқ-тумшуғи осилиб, юзини терс буриб олди.

Холниса бир ой олдин ўғли Наби таксичи билан қўйди-чиқди бўлган. Кетаётиб Жўрахон бувини ер билан битта қилганди. Ўша ҳақоратлари ёдига тушди-ю, бувининг эти тиришди. Қалб тубига чўкай деб қолган аламлар кўпик каби юзага чиқа бошлади. Ўнг қабоғи безовта учиб-учиб қўйди.

«Яшшамагур, қисир сигир, тағин нимага келдийкин пешонамга? — кўнглидан ўтказди Жўрахон буви ҳануз юзини терс ўгирган кўйи. — Пишириб қўйибдими менинг рўпарамда? Кетиб ҳам қўймасакан-да ўз ҳолимга бу жодугар!..»

— Яхшимисиз, Ойи? — деди чимирилиб ҳеч нарса бўлмагандек Холниса озғин жуссасини олдинга эгган ҳолда ўнг қўлини биқинига тираб.

Жўрахон буви ялт этиб унга боқди-ю, қайтадан терс бурилди.

— Ҳа-а, яна нима керак? — сўради шу ҳолатда зардали оҳангда. — Ойингга ўхшатвордингми нима бало? Мен ойингмасман.

— Биламан, — деди Холниса лаби учиб. — Ўлибман-да энди бегона хотинни ойимга ўхшатиб?.. Ўғлингиз дадамдан беш юз минг сўм қарз экан. Ўшани… Берворасизми деб келувдим…

— Нима? Қарз? — Жўрахон бувининг сал қурса капалаги учаёзди. Беш юз мингнинг дарагини эшитди-ю, қандай ўрнидан туриб кетганини билмай қолди. — Нима дединг? Қанақа қарз? Қанақа беш юз минг? Энди бу йўлга ўтдингми? Ўғлим қўйворганига чидолмай шармандалик қилишга ўтдингми, ноинсоф?

— Оғзим боракан деб жаврайверманг, кампир! — бўш келмади Холниса ҳам. — Вақтида дадам жарақ-жарақ пулларни санаб бериб қўйган ўша ношуд ўғлингизга. Нима, «оларда кирар жоним, берарда чиқар жоним» экан-да-а?

— Ўла, ўла, бермайман, бермайман! Мен пенсанерман, билдингми, пенсанер!? Нима қиласан-а? Урасанми? Ур, ур!

Жўрахон буви бир неча сония ичида буткул ўзгариб, гезарганча икки қўли билан тиззасига шапатилай-шапатилай, собиқ келинига қараб шанғилларди. — Ҳа-а, нега қараб турибсан? Урмайсанми, қисир сигир?

— Ўзинг қисир сигирсан, билдингми?! — дея овозини Жўрахон бувининг товушидан-да баландроқ кўтарди Холниса. — Тилим боракан деб гапираверма!

— Мен-чи, иккита болани қаторлаштириб туғиб қўйганман! Сен-чи? Туғдингми? Қани? Ўғлим шўрликнинг беш йил умрини хазон қилдинг-ку, қирчинингдан қийилгур!

Шу орада атрофдагилар, ўткинчилар текин томоша топилганидан мамнун бўлибми, собиқ қайнона-келинларни ўраб олишди. Бу эса икковларини янада жўштириб юборди.

— Ҳали дадам келсин, бутингни йирттирмасамми сен сассиқ кампирнинг! — бақирди Холниса титраб. — Ҳали мени билмасакансан! Туғилганингга пушаймон едираман ҳали!

— Шунақами? — Жўрахон буви азбаройи жаҳли чиққанидан алам ичида тоғорачадаги пистадан бир сиқим олди-да, Холнисанинг юзига сепди. — Ўла, манжалақи! Ўли-иб кетгин!

— Ҳали менга қўл кўтарадиган бўлдингми? — Холниса гезарганча дўкон тарафга аланглади. Шундоқ остонада Жўрахон бувидан сигарет олиб пулини тўламай кетган йигит турарди.

— Ҳой, Темир ака! Тез келинг буёққа! — қичқирди Холниса. — Манави пистафуруш мени бир тийин қилди ҳамманинг олдида! Нега қараб турибсиз? Келмайсизми?

Йигит дўконда тўйиб пиво ичган эканми, юз-кўзлари қизариб уларнинг рўпарасида ҳозир бўлди.

— Нима гап? — сўради у Жўрахон бувига менсимайгина назар солиб. — Нима бўлди ўзи?

— Ие, ҳали ўйнашам орттирволганмидинг сен қанжиқ? — баттар тутоқиб кетди Жўрахон буви. — Одамла-ар! Кўрдиларингми? Бу шарманданинг ўйнаши боракан!

— Вей, кампир, оғзизга қараб гапиринг! — ширакайф йигит кампирнинг ҳайқириғига жавобан пўписа қилган бўлди. — Бу ер сизнинг пистапоянгизмас!

— Пишт-э, — қўл силтади Жўрахон буви йигитга жирканганнамо қараб қўйиб. — Ким бўпсан менга пўписа қиласан?

— Ўв, бабуля, — йигит бу сафар қочирим аралаш сўз қотиб Жўрахон бувининг кўзларига ўрта бармоғини яқинлаштирди. — Нега манга нариватса қивотсиз? Ҳозир бор-у, бир уриб…

— Ур, ур, ҳезалак! — янада қаттиқроқ қичқирди Жўрахон буви. — Кучинг хотин кишига етдими? Ур!

Кампирнинг ҳақорати ширакайф йигитнинг нафсониятига тегди. У орага тушишга чоғланган Холнисани нари сурди-да, кутилмаганда Жўрахон бувининг томоғига чанг солди ва куч билан орқароқдаги чинор дарахтига тиради. — Кампир, ким ҳезалак-а? Ким?

Ўткинчилар, шу атрофдаги эркаклар йигитнинг қўлидан пистафуруш кампирни айириб олмоқчи бўлди. Аммо йигит чўнтагидан пичоқ чиқарди-да, яқин келганга ўқталаверди. — Яқинлашмаларинг! Сўяман! Ҳаммангни тиғдан ўтказаман!..

Одамлар унинг важоҳатини кўргандан сўнг айириб олиш ниятидан қайтди. Кимлардир қўл телефонини чиқариб милицияга хабар бериш ҳаракатига тушди.

Паймона тўлса шайтон бандасининг елкасига миниб, минг силтаган билан тушмаскан.

Йигит Жўрахон бувининг томоғидан ҳадеганда қўлини ола қолмади. Тахминан уч дақиқача вақт ўтгач, кампир кўпчиликнинг кўз ўнгида шилқ этиб йиқилди…

ХОТИМА ЎРНИДА

Қинғир йўл, қайсарлик, нафрат, ўзбошимчалик, калтафаҳмлик Жўрахон бувидек шаддод кампирга ҳам зўрлик қилди. Собиқ келинининг бир оғиз гапи, бир маротаба қош учириши шеркелбат йигитни қотилликка ундади. Оқибати эса барчага малум. Суд Холнисани ўйнаши билан қўшиб узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди. Бундан ташқари улар марҳуманинг оила азоларига катта миқдорда товон пули тўлашга мажбур этилди.

Хикоялар
КАСОФАТ… (Бўлган воқеа)