Гул кўтарган аёл
У ўттиз беш-ўттиз олти ёшлардаги гўзал аёл. Келишган, бўлиқ. Лаблари қалин, қошлари ингичка терилган, кўзлари кулиб туради. Сўзлари мулойим, самимий. Соч турмаги, билинар-билинмас қилинган пардози, либослари ўзига ярашиб, гўзаллик ва жозибада бир-бирини тўлдиради — кўзга яқин, дилбар. Бир қарашда бойвучча хонимлардек таассурот қолдиради. Ҳаёти тўкисдек. Оппоқ машина миниб юради. Ишга машинасида қатнайди.
Банкдаги ҳамкасб эркаклар унга зимдан суқланиб-суқланиб боқишади, аммо иш юзасидан ташқари, юрак ютиб гапира олишмайди. Яқинда ишга келган, икки ойдан бери бир хонада ўтираётган Равшан охири тиш ёриб:
— Лазиза опа, поччага ҳавасим келади-да, — деди.
— Нега? — синовчан қаради у.
— Сиздай гўзал аёлга уйланган…
Лазиза бирдан жим бўлиб қолди. Ҳали уйланмаган йигитнинг лутфи мақсадини англаб-англамай хаёлга чўмиб, беихтиёр олдидаги қоғозларни йиғиштира бошлади. Йигит эса ҳаддимдан ошдим, хафа қилиб қўйдим, деб ўйлади ва бирдан олдини олди.
— Кечирасиз, опа. Нотўғри тушунманг. Сиздай қизга уйланишни орзу қиламан… У ҳам доим сиздай гўзал бўлиб юришини хаёл қиламан. Шунга… орзуларимни айтдим-да, кечирасиз…
— Орзуга айб йўқ. Аммо… — Лазиза яна жим бўлиб қолди. — Майли, мен кредит бўлимига бориб келай…
У бўлимда анча қолиб кетди. Келса, Равшан чиқиб кетган экан. Қўнғироқ қилди.
— Равшанжон, бунча эрта чиқиб кетибсиз?
— Опа, сизни кутдим, келавермаганингизга эртароқ чиққандим. Эртага ҳайит-ку. Қишлоққа боришим керак. Ота-онамнинг қабрини зиёрат қилишга.
— Ҳа… Майли, яхши бориб келинг.
Лазиза гўшакни қўйди-ю, чуқур хўрсинди…
У атрофга шом пардаси ёйила бошлаган бир пайтда ишдан чиқиб, аввал гул бозорига кирди ва кичик гулдаста харид қилди. Сўнгра бозорга тушиб, ота-онасига ҳайитлик олди. Уйга борди. Ўғли билан қизи кийиниб, тайёр туришган экан, уларни машинага миндириб, қишлоққа йўл олди.
Қизи бешинчи, ўғли учинчи синфда ўқийди. Лазиза уларни эрталаб мактабга кузатиб, кейин ишга кетади. Тушда аввал ўғли, кейин қизи ўқишдан келади ва онаси эрталаб тайёрлаб қўйган овқатни иситиб ейишади. Сўнг кечгача — то Лазиза ишдан келгунича ўзлари овуниб ўтиришади — дарс қилишади, телевизор кўришади, бино олдига чиқиб, қўшни болалар билан ўйнашади.
«Аллоҳим, болаларим ўзингга омонат», — дейди Лазиза ҳар куни уларни мактабга кузатиб қўйганда. Уй билан мактаб ораси узоқ эмас, бир километр ҳам чиқмайди, аммо ўртада иккита катта кўча бор. Икки ёш бола, шаҳар, серқатнов кўчалар, уйда ёлғизлик… газ, электр, сув… Бахтига қизи чаққон, сергак. Рўзғорни ҳам, укасини ҳам эплайди. Лазиза эрталаб овқат қилишга улгурмаган кунларда укасига тухум қовуриб беради ёки мактаб ошхонасида овқатланишади. Уйда нимадир етишмаса, дўконга ёки маҳаллага яқин бозорчага ҳам чиқиб келаверади. Бундай пайтларда Лазиза уни — қош-кўзлари ўзига худди қуйиб қўйгандек ўхшайдиган қизини алқаб, эркалаб қўяди.
— Қизим, даданг бўлганида бу ишларингни кўриб, қанчалар хурсанд бўларди-я… Менинг шундай ақлли қизим бор, деб ҳаммага мақтарди. Кундалигингни кўриб, қанча қувонарди.
Қизча онасининг армон ва меҳр қоришиқ сўзларидан эриб кетади-да, секин онасига суяниб олади.
— Жоним менинг… — Лазиза қизининг сочларини силайди, пешанасидан ўпиб қўяди. — Шукрки, бахтимга икковларинг бор экансизлар… — Сал нарида дарсини қилиб ўтирган ўғлига қарайди. — Икковларинг менинг икки қанотим!
Ўғли онасига бир қараб қўяди-да, яна дарсга шўнғийди. Лазиза бозорга ёки бирор жойга боргудек бўлса, ўғли билан кетади. Ҳам эга, ҳам дастёр. Ўрганади, дейди. Аммо ўғли ёш — эркалик қилгиси келади. Ҳозир ҳам уй вазифаларини қилиб бўлгач, сирғалиб онасининг ёнига келиб олди.
— Ая, кеча Сардорнинг дадаси велосипед олиб берибди. Бугун мактабда ҳаммага мақтанди. Менгаям олиб беринг…
Бундай пайтларда аёлнинг ич-ичидан, юрагининг туб-тубидан нималардир япроқдек чирт-чирт узилгандек бўлади, тўлиб кетади, бўғзига тиқилган ғусса қароқларини эзади, аммо у тишини тишига босади.
— Албатта, олиб бераман, ўғлим. Аммо йигитлар олган нарсалари билан мақтанмайдида. Улар кучи, билими билан фахрланишлари керак. — У жигарбандини бағрига босади. — Сен кимнинг полвони?
— Сизнинг…
— Жоним менинг… Тезроқ катта бўлсанг, сенга машинамни бераман. Ҳамма жойга миниб борасан. Хоҳласанг, мактабгаям миниб бор. Сенга ҳамманинг ҳаваси келади. Уу, машинаси бор экан, дейди.
— Машинангни ким олиб берди, деса нима дейман, ая!
— Дадам берган, дейсан…
— Менинг дадам йўқ-ку, ая?
— Бор! Ана, сурати турибди-ку! Сенга ўхшаган чиройли йигит. Солдат! Айтасан-да, дадам аямга машина совға қилган. Аям энди уни менга берди, дейсан.
— Ҳа… — бола мийиғида жилмаяди. — Лекин ая, мен машинани ҳайдолмайман-ку, оёғим етмайдида.
— Унгача катта бўласанда, ўғлим!
— Бу-ундайми? — бола жойидан туриб кетади ва қулочини кенг ёзиб кўрсатади.
— Ҳа, шундай… — она синиққина жилмаяди. — Қани, қани, менинг ўғлим бобосига ўхшаб бир раис бўп юрсин қани?
Болакай қўлини орқага қилиб, қорнини олдинга чиқариб, кенг-кенг қадам ташлаб уй ичида юра бошлайди.
— Юришларингга ўлайда… — Онанинг кўзларига ёш келади. — Болам, агар даданг бўлганида, сенинг бундай раис буваларга ўхшаб, гердайиб юришларингдан шунчалар хурсанд бўларди…
— Ая, мен лекин дадамга ўхшаган аскар бўлмайман.
— Нега? — онани ток ургандай бўлади.
— Мениям урушда портлатиб юборишса-чи?
— Болам… — Она чидаб туролмади, ўғлини бағрига босиб, йиғлаб юборди. — Ундай дема, болам. Ҳеч ундай дема. Аскарлик шараф! Ватан ҳимояси шараф-ку, болам. Даданг қуролдошлари билан бирга ватанимизни террорчилардан ҳимоя қиламан деб жанг қилган-ку!
— Билама-ан… Лекин менига бир нима бўлса, сизга ким қарайди?
Онанинг азои бадани титраб, тили айланмай қолди.
— Тавба дегин, болам. Юртимиз тинч, ҳеч қачон уруш бўлмасин.
— Шунинг учун мен бобомга ўхшаб, раис бўлмоқчиман. Кейин ҳамма менинг айтганимни қилади. Сизниям биров хафа қилолмайди.
— Оҳ, болам-а… — Лазиза ўғлининг пешанасидан ўпди. Патила сочларини силади. — Мен дадангдай мард, жасур ҳарбий бўлишингни орзу қиламан. Майли, болам, ким бўлсанг ҳам бошинг омон бўлсин. Жуда дадангга ўхшайсан, илоҳим умринг ўхшамасин…
Кечагина уйда бўлган бу гапларни эслаб, йўлда хаёлга берилган Лазиза гўё турмуш ўртоғи қаршисида пайдо бўлгандек илкис тормоз босиб юборди. Машина ғилдираклари чийиллаб кетди.
— Ҳа, ая?.. — қизи қўрқиб кетди. Ўғли эса қийқириб юборди.
— Ая, яна шундай тормоз беринг. Зўр чийилладида-а!
— Сенга шунақа жинниликлар бўлса-а, ўғлим… — Лазиза сир бой бермади. Эҳтиёткорлик билан йўл танобини тортиб кетаверди.
…Эрталаб ўғли билан қизини етаклаб, гулдаста кўтариб, қайнотаси, қайнонаси билан бирга қабристонга борди. Лазиза етти йилдан бери бу ерга — мангу сукунат масканига гул кўтариб келади: турмуш ўртоғининг туғилган кунида, дунёдан кўз юмган кунида, хотира кунида ва икки ҳайитда… Ҳар гал болаларини ҳам олиб келади. Кўрсин, билсин, кўниксин, англасин ва Ватан учун жон фидо қилган отаси борлигини ҳис этсин.
У қабр бошида узоқ қолиб кетди. Доим шундай. Қайнота-қайнонаси ҳам бунга кўниккан. «Майли, бир енгил тортсин…» деб индашмайди ва невараларини олиб, ташқарида кутиб туришади. Бугун ҳам шундай бўлди.
Лазиза марҳумнинг ҳаққига тиловат қилиб, кўнглида неки бор, Яратгандан сўраб, ич-ичидан йиғлаб ўтирганида кимдир «Лазиза опа» деди. Ўгирилиб қараса, ҳамкасби, ҳамхонаси Равшан. Кўзлар тўқнашди. Равшан ҳайрон, Лазизанинг эса дунёси зимистон…
— Опа, сизнинг қаерлик эканлигингизни сўрашга ҳеч ҳаддим сиғмаганди. Шаҳарлик бўлса керак деб ўйлардим, шу тумандан экансиз-да?
Лазиза бош ирғаб қўйди ва рўмоли учи билан ёноқларидаги ёшни артди.
— Кечирасиз, опа, хўжайинингиз дунёдан ўтганми?
Лазиза «Нима ишинг бор?» дегандек ялт этиб қаради, аммо Равшан кутмаган сўзни айтди.
— Йўқ, у тирик!
Лазиза шундай деди-да, ўрнидан туриб, уни кутаётган қайнота-қайнонаси ва фарзандлари томон дадил юриб кетди. Равшан эса йигирма тўққиз йилгина яшаган аскар йигит қабртошига ўйчан тикилиб қолди…
Ўша куни болалари билан қайнота уйида қолгани учун Лазиза эртасига ишга кечикди. Борса, Равшан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ташлаб кетибди… Ҳарбий бўлмоқчи экан, хизматга кетармиш…
Хикоялар
Гул кўтарган аёл