Бухорийнинг онаси

Бухорийнинг онаси

Бухорийнинг онаси

Бухорийнинг онаси

Фарзандларини еру кўкка ишонмай юрган Фотимани Аллоҳнинг яна бир имтиҳони кутарди. Бир куни гўдак ўғли Муҳаммад атак-чечак қилаётиб, йиқилди. Шунда ерда ётган бир шохча унинг кўзига заха етказди. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, она фарзандининг кўрмаётганини пайқаб қолди. Фотима дунёни унутди. Аллоҳга нола қилди. Шу топда у ўғлининг кўра олиши эвазига ҳамма нарсасини беришга тайёр эди. Катта ўғли билан бирга бухоролик машҳур табибникига жўнади.

Қартайган, кўзлари қисиқ, титроқ қўлли табиб ўғлини обдон синчиклаб кўриб, даволашга ожиз эканини айтди. “Шифо ёлғиз Аллоҳдан!” деб таскин ҳам берди. Фотима табиб ҳузуридан бўшашиб, оёққўли ҳолсиз қайтди.

Фотима саросимага тушмади. У тунлари тоатибодатда бедор, кундузлари рўзадор бўлиб, Аллоҳга илтижо қилиб ёлворди, чин ихлос ва умид билан фарзандининг касалига шифо сўради.

Кунларнинг бирида жуда толиқиб, озроқ ухлаган эди, туш кўрди. Ҳасса тутган баланд бўйли, юзи нурли, кўркам соқолли бир қария тушига кирди. Кейин билса, бу зот Иброҳим Халилуллоҳ алайҳиссалом эканлар. У киши Фотиманинг қаршисига келиб, унга хурсанд ҳолда: “Эй аёл, Аллоҳга кўп ёлвориб йиғлаганинг, тинмай дуолар қилганинг самарасиз кетмади. Меҳрибон Аллоҳ ўғлингга кўзларини қайтариб берди”, дедилар.

Уйқудан юраги ҳапқириб уйғонди. Шошилинч ўғли ётган хонага чопди. Кириб қараса, кўзи яна ҳаммаёқни кўра бошлаган ўғли ўрнида жилмайиб ётарди. Аёл умид-илтижоси мукофотига берилган бу яхшиликдан чексиз севинди. Аллоҳга ҳисобсиз шукрлар айтди, ҳамду санолар йўллади.

Онаси суйиб-ардоқлаб ўстирган бу бола кейинчалик ҳадис илмининг султони, улуғ муҳаддис Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (Имом Бухорий) бўлиб етишди.

Хикоялар
Бухорийнинг онаси