Болам қаерда
Бир бор экан, бир йўқ экан, бир кўл атрофида тинч яшайдиган ўрдак оиласи бор экан. Ўрдак ҳар куни ўн нафар боласи билан кўлда сузар экан. Кўлнинг четида чинор дарахти бор экан. Унинг шохлари узун бўлиб, бир қисми кўлнинг ичига қараб ўсган экан. Ўрдак ҳар куни болалари билан бирга шу чинорга қараб сузар экан. У тумшуғини сувга тиқиб олар ва чинор дарахтининг баргларини иштаҳа билан ер экан. Болалари ҳам худди шундай
қилишар экан. Она ўрдак болалари кўлда сузаётганларида томоша қилишни яхши кўрар экан. Қандай чиройли болаларим бор! Улар чиройли сузишади, дер экан. Она ўрдак ҳар куни ўрдакчалар билан сузишга чиққанида учраган ҳар кимга: капалакларга, қушларга, дарахтлар билан саломлашар экан. У суҳбатлашишни жуда яхши кўрар экан. Кўлнинг нариги тарафида оққуш оиласи яшар экан. Она ўрдак оққуш хоним билан қўшни бўлса ҳам, ҳеч кўришмас экан. Чунки ўрдак қўшнисини такаббур оққуш
деб ўйлар экан. Ҳолбуки, оққуш хоним вазмин ва бироз тортинчоқ экан. У кўп гапиришни ёқтирмас экан. Бир куни эрталаб она ўрдак ва болалари кўлда сузишаётган эди. Улар бироз сузганларидан кейин чинор баргларидан ея бошлашибди. Қоринлари тўйгач, одатдагидек, онаси ўрдакчаларини санабди. Қараса, битта бола кам. У атрофига қарабди, аммо боласи йўқ эди. Кейин бошқа болаларига юзланиб: Болаларим, юринглар, укангизни қидирайлик, дебди.
Улар қурбақанинг олдига сузишибди. Қурбақа катта барг устида ўтирган эди. Ўрдак хавотир билан: Менинг кичкина боламни бу ерларда кўрмадингми? — деб сўрабди. Йўқ, кўрмадим, дебди қурбақа. Сўнг бошқа ўрдакчаларга қараб: Сен яхшиси, буларни шу ерда қолдириб, тезроқ йўқолган болангни топ. Мен уларга қараб тураман, дебди. Ўрдак рози бўлибди ва сузиб кетибди. У соҳилга борибди. Гул ва баргларнинг орасини қидирибди, лекин ўрдакча йўқ эди.
Она ўрдак ғамгин оҳангда: Мен энди нима қиламан? — дебди. Шунда чинор дарахти: Оққуш яшайдиган томонни қарадингми? — деб сўрабди.
Тўғри айтасан. Ўша ерни қараб кўрай, дебди ва тез сузиб кетибди. У оққушнинг олдига боришни хоҳламас, аммо бошқа иложи ҳам йўқ эди. Ўрдак оққушнинг олдига борганида нимани кўрибди денг? Кичкина ўрдакча
оққушнинг олдида экан! У дарҳол боласининг олдига сузибди. Оққуш секингина: У моғорга ёпишиб қолганди, ҳаракат қилолмай қолди. Жуда ҳолдан тойган ва қўрқиб кетганди. Уни бироз дам олсин, ўзига келиб олсин деб уйимга олиб келдим, — дебди. Она ўрдак оққушга миннатдорчилик билдирибди. Оққуш у ўйлагандек такаббур эмаслигини билибди. Сўнг қурбақанинг олдига сузиб бориб, болаларини олиб, уйига қайтиб кетибди. Шу кундан бошлаб ўрдак билан оққуш иноқ дўст бўлишибди.
Эртаклар
Болам қаерда