Алмаий (1851/52-1894/95) haqida to’liq ma’lumot oling

Алмаий (1851/52-1894/95) haqida to’liq ma’lumot oling

DO`STLARGA ULASHING:

Алмаий (тахаллуси; асл исми Фазлуллоҳ Миржалол ўғли) (1851/52 — Тошкент — 1894/95) — ўзбек шоири, таржимон, арабшунос ва хаттот. Тошкентдаги «Муйи Муборак»ва Бухородаги мадрасаларда таҳсил кўрган (1866—67).

Турк, форс, араб тилларини ва адабиётини, фалсафа, мантиқ, ҳуқуқ, мусиқа, тиб, хаттотлик илмини ўрганган. Тошкентга қайтгач, Шукурхон мадрасасида мударрислик қилган. Эркин фикрлаши, айрим руҳонийлар билан ихтилофлари туфайли мадрасадан кетишга мажбур бўлган. Умри муҳтожлик ва қашшоқликда кечган. Алмаий асарлари ўша даврда тузилган баёзларда учрайди. Уларда жамиятдаги адолатсизликка қарши нафрат ифодаланган, вафо, садоқат, ҳалоллик каби фазилатлар улуғланган («Ҳаёт», «Этти», «Келсангчи», «Ярашур» ва б.).  Шоир инсон баркамоллиги унинг илм-маърифатли бўлишида, ундан ўзгаларни ҳам баҳраманд қилишда деб билган.

«Калила ва Димна» ни форсчадан ўзбекчага таржима қилган. Таржиманинг ҳар бир ҳикояти мундарижасига мос фард, маснавий, қитъа, рубоийлар ёзиб киритган ва ўзи настаълиқда кўчирган. Китоб Тошкентда нашр қилинган (1898, 1901, 1913). Арабча «Шарҳи Мулло» (1879—80) га кирган «Авзон ул-жумуъ» («Вазнлар жамъи») манзумаси араб шеъриятида қофия санъатини ва айрим грамматик қоидаларни ўрганишда муҳим қўлланма ҳисобланган. Баъзи араб мамлакатларида ҳам ундан дарслик сифатида фойдаланилган. Китобнинг Алмаий кўчирган қўлёзмаси Ўзбекистон Шарқшунослик институтида сақланмоқда. Тошкентнинг Бешёғоч даҳасида маҳаллий болалар учун очилган намуна иш мактабига Алмаий номи берилган.

Бегали Қосимов.

Malumotlar
Алмаий (1851/52-1894/95)