Абдулвоҳид Бурҳонов – Мунзим (1875-1934)
Маърифатпарвар шоир, давлат ва жамоат арбоби Мирзо Абдулвоҳид Бурҳонов 1875 йили Бухорода таваллуд топади. Дастлабки таълимни эски мактабда олади. ХIХ асрнинг 90-йилларидан Абдулвоҳид Бурҳонов Мунзим тахаллуси билан маърифий шеърлар ёза бошлайди, кейинчалик эса амалий фаолиятида ҳам маърифатпарварлик билан шуғулланади. ХХ асрнинг биринчи ўн йиллигида Мунзим янги усулдаги мактаб очиш учун ҳаракат қила бошлайди. Бухородаги дастлабки жадид мактабининг очилиши ҳам унинг номи билан боғлиқ. У 1908 йили Самарқандга бориб, жадид мактабларидаги ўқитиш услубини Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Абдуқодир Шукурийдан ўрганади ва шу йили ўз ҳовлисида жадид мактаби, 1909 йилда эса катта ёшдагилар учун кечки мактаб ташкил этади. Бухорода 1909 йилдан шаклланган жадидлар ташкилоти аввал маърифатпарварлик ишларини олиб борди. Мунзим бу ташкилот ишига фаол қатнашиб, шу йили Мукаммил Бурҳонов, Садриддин Айний билан биргаликда билан «Тарбияйи атфол» («Болалар тарбияси») махфий жамиятини тузишда иштирок этди. Бу жамият бухоролик маърифатпарварлар ва ҳур фикрли зиёлилар ўртасида илғор демократик ғояларни тарғиб этиб, халқнинг сиёсий онгини уйғотишда катта аҳамият касб этди. 1917 йил феврал инқилобидан сўнг Бухоро жадидлари А.Бурҳонов бошлиқ эски жадидларга, Ф.Хўжаев ва А.Фитрат бошлиқ янги жадидларга бўлинади. Биринчи гуруҳнинг асосий фаолияти маърифарпарварлик бўлса, иккинчи гуруҳ кенг ислоҳотлар тарафдори эди. Кейинчалик бу икки гуруҳнинг бирлашуви натижасида «Ёш бухороликлар» партияси тузилиб, Мунзим унга раис этиб сайланади. 1918 йилдан 1920 йилнинг сентябригача Мунзим Тошкентда яшайди. Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгач, у аввал Марказий ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, кейинчалик Халқ маорифи нозири, Соғлиқни сақлаш нозири лавозимларида ишлайди. Халқ маорифи нозири лавозимида ишлаган Мунзим 1922 йил июнида миллий кадрлар, хусусан, муҳандислар тайёрлаш мақсадида бир гуруҳ бухоролик ёшларни Германияга юбориш тўғрисидаги БХСР ҳукумати қарорининг қабул қилинишига катта ҳисса қўшади. Шу қарорга асосан, у мазкур ишни ташкил этиш бўйича комиссия раиси этиб тайинланган эди. 1922 йилнинг ёзида Мунзимнинг шахсан ўзи бухоролик 44 кишини Германияга олиб бориб, Берлиндаги ўқув юртларига жойлаштиради. 1920 йилларнинг ўрталаридан бошлаб Мунзим ўзини тамоман ижодий ва публицистик фаолиятга бахшида этади. 30-й. бошида «Тожикистони сурх» газетасида ишлади. Абдулвоҳид Мунзим 1934 йилда узоқ давом этмаган касалликдан сўнг Душанбеда вафот этади.Абдулвоҳид Бурҳонов – Мунзим (1875-1934)
DO`STLARGA ULASHING:
Абдулвоҳид Бурҳонов – Мунзим (1875-1934)