ФОЛБИН ҲАМ ЎЗИМ…

ФОЛБИН ҲАМ ЎЗИМ…

ФОЛБИН ҲАМ ЎЗИМ…
ФОЛБИН ҲАМ ЎЗИМ…

-Қўй Наима, йиғлаш мутлақо сенга ярашмайди. Синглинг ўзи ёшлигидан олдидан келганини сузиб, орқасидаги одамни тепарди. Иккинчи ё учинчи курсиданоқ эрга бервориш керак эди. Кейин Синглингни милиса ушламаган бўлса, унинг қора дори сотишини қўшнинг қаёқдан билибди?

-Ўртоғи наша чекармиш. Синглимдан олишибди, агар қўлга тушса хонумонимиз куйиб кетади-ку! Ҳаёт синовлари жуда ҳам аччиқ экан. Отам Нурия иккаламизнинг бахтсизлигимизни кўриб, кенжатойини райига қаради. Биласанку,  Нигина жуда ҳам эрка бўлиб ўсган, дадам доимо мени ўғилтойим деб эркалаб, унинг тизгинини ўзининг қўлига ушлатиб қўйганди. Мана оқибати, бугун сотса, эртага ўзи чекади, индинига ўзини сотишдан ҳам тоймайди…

-Э, нафасингни ел учирсин-эй. Шартта Тошкентга бор-да, уни уйга қайтариб олиб келиб, кеч бўлмасидан эрга берворинглар.

-Айтишга осон, неча маротаба бориб, ижарада турган уйидан топа олмадим. Кечаси қаерда ётар экан, ҳайронман. Шундан кейин бу миш-мишларнинг тагида ҳақиқат борлигига ўзим ҳам ишондим. Онам бўлса адойи тамом бўлганлар.  Неча маротаба Нигинага телефон қилсак ҳам, олмайди. Доимо телефони ўчиқ.. Ё бошқа  рақам олган ва бизга айтмаган ё… ишқилиб ўзига бир бало бўлмаганмикан…

Наима ўзининг гапидан ўзи чўчиб, кўкрагига туфлаб қўйди. Шу пайти ёнимизга келган курсдош қизлар бизни даврага тортишди..

Шу воқеадан икки ой ўтиб, Тошкентга ўқитувчиларнинг малака ошириш курсларига ўқишга бордим. Кеч бўлганига қарамай ёз кунлари кеч бўлсада ҳаво исссиқ ва дим эди. Дарахтлардаги бирорта барг қилт ҳам этмайди-я! Иссиқ хонада зерикарли марузани тинглаб, бошим ғувиллаганидан  Миллий боғдаги кўл бўйида бироз ҳордиқ чиқариш ниятида, боққа қараб йўл олдим. Кулнинг салқини одамни оҳанграбо сифатида тортади. Сув бўйига яқинроқ тушиб, куни билан пошнали туфлида толиққан оёқларимни, туфлини еча солиб сувга тиқдим. Оҳ, нақадар мазза. Жоннинг роҳати. Оёқларимдан танам бўйлаб таралаётган ажиб оромбаҳш куч, ниҳоят мени атрофга назар ташлашга ундади. Истироҳат боғида одам анчагина гавжум. Сув бўйида аксарият севишганлар бир-бирларига тикилганича чуғурлашмоқда. Йўлакларда болалар аравачасини  итарган оналар, неварасини етаклаган бобо ва бувилар. Кимдир музқаймоқ ялаган, яна кимдир писта чаққан, кулнинг нариги бетида таралаётган мусиқа, ёш-ялангнинг қийқириғи билан қўшилиб кетаяпти…

Дам олувчиларни кузатар эканман, пойтахтга келганимга ҳали бир хафта бўлмай туриб, уйимни, фарзандларимни, қишлоқдаги мактабимни соғинганимни ҳис қилдим. Бизнинг болалар сал эплаб қаддини тутган кундан бошлаб рўзғорга қараша бошлайдилар. Мактабдан кела солиб кичиклар мол боқади, ўт юлади, катталар чорбоғда ишлайди, қизлар уй юмушларидан ортмайди. Шаҳарнинг болаларига мазза… Шу пайт ҳаёлимни ёнгинамга келиб ўтирган йигит билан қиз бузди. Кўз қирим билан уларга назар солар эканман, юрагимнинг аллақаери жиз этгандай бўлди. Қиз қуйиб қўйгандек Наимага ўхшарди. Фақат ёшроқ.. Агарда ростданам унинг синглиси бўлса, анча улғайибди. Талабалик йилларим Наималарникига меҳмонга борганимда Нигина ҳали ёш қизалоқ эди. Йигит эса ёз бўлишига қарамай костюм-шимда, аммо ўзини тутиши ғалатироқ. Кўз қарашлари бежо. Улар паст овозда  уч дақиқа нималарнидир гаплашгач, қиз сумкачасидан кичик елим қоғозга уроғлиқ нарсани олиб, йигитнинг костюмининг чўнтагига солиб қўйди. Йигит у ёқ бу ёққа аланглагач, уларни кузатиб турганимни сезди шекилли, тезда ўрнидан туриб, қиз билан хайрлашмай жўнаб қолди. Қиз сумкачасидан пулни чиқармай санагач, енгил тин олди. Бирдан ҳаёлимга келган фикрдан ўзим ҳам қувониб кетдим. Юзимга жиддийроқ тус бериб, қизга юзландим.

-Бу иш билан шуғулланманг. Охири вой бўлади. Исмингиз Н. ҳарфига бошланади. Тошкентлик эмассиз. Аслида Қ… ҳарфидан бошланадиган қишлоғидансиз. Бу ерга биринчи мақсадингиз ўқиш учун келгансиз. Бу мақсадга эришгач,  катта пулнинг ҳарорати сизни ўз домига тортган…

-Тўхтанг, тўхтанг. Сиз мени қаёқдан танийсиз. Нигинанинг ранглари оқариб, атрофга қараб қўйди.

-Мен сизни мутлақо танимайман. Истасангиз фол кўриб қўйишим мумкин. Фақат исмингиз ва ёшингизни менга тўлиқ айтишингиз керак.

-Фолбинмисиз… мен бўлсам… Нигина анча енгил тин олиб, мен томон сурилди.- Кўринишдан эса мен сизни ё шифокор ё ўқитувчи, деб ўйлабман.

Ичимда унинг кузатувчанлигига қойил қолсамда, сиртимга чиқармай унинг юзига тикилдим.

-Исмингизни айтасизми?

-Нигина. Ёшим 27 да. Ҳақиқатда Қ… қишлоқида туғилганман. Кўп нарсани тўғри айтдингиз, аммо энди мен бошлаган ишимдан воз кеча олмасам керак, бу мени ипсиз боғлаб қўйган. Бу тўрдан чиқиб кетишга уринсам, мени ўлдришади.

-Сиз истасангиз чиқиб кетасиз. Бунга сизни яхши кўрадиган йигит ёрдам беради. Бу нарса фақат сизнинг истагингизга боғлиқ. Бунинг учун уйга қайтиб, ота-онагиздан кечирим сўраб, уларнинг оёқларига бош уришингиз керак. Сиз янаги йил турмушга чиқасиз ва хўжайинингиз ҳимоясида бўласиз. Кўзимга пагонли одам кўринаяпти….

Яна нима деб гап тўқишимни билмай, ўйлаб олиш учун кўзимни юмдим.

-Ҳа, пагонли одам… Агар зудлик билан уйга қайтмасангиз,  тақдирингиз мутлақо бошқача бўлади. Сиз ўзингиз қора дори истемол қила бошлайсиз ва тобора ана шу ботқоққа чўкасиз. Охирида ОИТС билан зарарланасиз. Қолгани воқеалар худди тумандагидек, менга кўринмаяпти… Қора кўланка бостириб келаяпти.. Бу ажал…

Кўзимни очиб Нигинанинг юзига қарадим. Ранги докадек оқариб кетган эди.

-Ҳозир сиз  ҳаётингиз чорраҳасида турибсиз. Қайси йўлдан боришни танласангиз, тақдирингиз  шундай бўлади. Аро йўлда қолишга ўзингиз сабабчисиз. Ёшликда жуда ҳам эркатой бўлгансиз, ота-онагиз сизни айтганингизни сўзсиз бажаришган, уларнинг бу меҳрибончилигидан усталик билан фойдалангансиз, сиз оилада кенжатой, икки қиздан сўнг учинчи фарзандсиз…

Киприкларим орасидан Нигинага тикиламан, у тахтадек қотиб, менинг оғзимга тикилиб турибди. Наимадан эшитган Нигинанинг фел-атвори, қилиқларини тарифлашда давом этаман…

Гапириб бўлгач, Нигинанинг кўзида ёш кўрдим.  У менга раҳмат айтганича, этирозимга қарамай қўлимга пул тутқазди-да, шошилганича, чопиб кетди.  Бу воқеа  уйга қайтгач ёдимдан кўтарилиб,  ўз ташвишларимга бошим билан шўнғиб кетдим. Орадан уч  ой ўтгач, Наима телефон қилиб қолди. Дугонамнинг овозида қувонч оҳанглари эшитиларди.

-Дугон, яхшимисан. Оҳим худога етибди. Нигина уйга қайтиб келди. Аввалги фел-атворидан асар ҳам йўқ. Ҳозир  бир йигит тинмай совчи қуяяпти. Хотини билан ажрашган экан, ўртада бола бўлмапти. Ўзи ички ишларда ишларкан. Тўйга албатта кел. Нигинанинг айтишича бир фолбин аёл унга тўғри йўл кўрсатибди, яшаш манзилини олиб қолмаганига синглим жуда ҳам афсусда. Бўлмаса мен ҳам ўша фолбинга бориб, бахтимдан фол очирмоқчи эдим…

Дугонамнинг гапи шу ерга келганида, ўзимни аранг кулгидан тийдим. Тўйга албатта боришимни такидлаб, гўшакни қўйдим. Анчадан бери ўзимни бу даражада бахтиёр ҳис қилмаган эдим. Шу топда кайфиятим кўтарилиб,  адашганга тўғри йўл кўрсатганимдан кўзимга олам мунаввар кўринар,  синфдаги болаларнинг чуғур-чуғури ҳам бошимни оғритмай, қулоғимга мойдек ёқаётган эди…

Хикоялар
ФОЛБИН ҲАМ ЎЗИМ…