Турмуш: «Ўгай болаларимга оналик қилишни хоҳламайман!»

Турмуш: «Ўгай болаларимга оналик қилишни хоҳламайман!»

Турмуш: «Ўгай болаларимга оналик қилишни хоҳламайман!»
Турмуш: «Ўгай болаларимга оналик қилишни хоҳламайман!»

— Билиб тегдим. Барчасига кўниб, чидайман деб, таваккал қилиб тегдим. Начора қисмат экан!.. Инсон тақдири жуда ажиб ва мукаммал яратилган. Ёзилганидан ўзгаси бўлармиди? Ёзилганидан қочиб бўлармиди? Бувим доим «Сен қанча талпинма, банданинг минг югургани, Худонинг бир буюргани бўлади», дерди. Ўша ўйлар билан катта бўлганим учунми, мен учун тақдир ҳукмидан ортиқ нарса йўқ…

Мен турмушга чиққан инсон яқин қариндошимизнинг дўсти. Илк учрашувларимизда мен ҳам, оила азоларим ҳам турмуш ўртоғимнинг фарзандлари борлигини билмаганмиз. Бу гапдан хабар топгач, барчамиз ҳайратдан ёқа ушладик.

— Мен қизимни оиласидан ажрашган одамга берарканманми? Тағин иккита боласи бор эмиш?! Асло рози бўлмайман!..

Ўша пайт дадамнинг ғазаби бутун уйни тутгани эсимда. Ўзим ҳам ҳайратда қолиб, ўйланиб ўтирар, менга ёқиб қолишга улгурган йигитнинг аввал хотини бўлгани миямни ғувиллатарди.

— Тоға, агар у яхши одам бўлмаганида, мен сизга, жиянимга уни раво кўрармидим? — деди аммамнинг ўғли.

— Аслида, мен сендан хафаман жиян! — бир коса сувни тўхтамай ичиб олган дадам чуқур хўрсинди. — Ахир синглинг ҳали оила қурмаган бўлса, мана шу йигит унга мосми, ўзинг айт?!

— Ким кимга муносиб эканини фақат Худо билади, — гапга аралашган бувим дадамга қаради. — Қизингни уйланмаган, тўй кўрмаган йигитга бердинг ҳам дейлик, лекин бир инсоннинг яхши-ёмонлиги фақат шулар билан ўлчанадими? Эртага ўша сен  муносиб деб билган йигит қизингга нолойиқ бўлса-чи?!

Бувим ўша пайт нима учун эрим тараф бўлгани ёдимда. Эрим бувим билан ҳам келиб гаплашган, унинг розилигини олиб, энг аввало, ҳақиқатни унга айтган эди. Хуллас, анча талашиб-тортишишлардан сўнг ота-онам мени у йигитга беришга кўнишди. Ҳаётимиз жуда гўзал бошланди. Эримнинг қатиятлилиги, зиёли, мард, меҳрибон эканлиги мени ҳалигача жуда хурсанд қилади. Атрофдаги аёлларнинг эри ҳақида эшитсам, бахтимга ич-ичимдан шукр қилиб, хурсанд бўлиб кетаман. Оиласини боқа олмаётган, хотинига меҳр беролмаётган, ҳеч нарса қўлидан келмайдиган эркаклар орамизда жуда кўп. Айнан шундайлар туфайли ҳам бечора аёллар рўзғор юкини бўйнига олиб, эрларига гап бермайдиган «хотин ака»ларга айланиб бўлишган. Менинг турмуш ўртоғим эса тамомила бошқа дунё. У доим кўнглимга қараб, эҳтиёжларимни оғринмай қондиради. Ўртамиздаги ҳурмат, меҳр-муҳаббатдан базида жуда қувонаман. Аммо айтишганларидай, бу дунё бир кам дунё…

Турмуш ўртоғим аёли билан хиёнат туфайли ажрашган. Бир йил давомида малум сабабларга кўра чет давлатда қолиб кетган хўжайиним. Уйга қайтгач аёлининг хиёнатини билган. У ўзини оқлашга-да уринмай, уйдан қочиб кетгач, эримнинг ягона дарди фарзандларини ундан олиш бўлган эди. Биз турмуш қураётган пайтимизда эрим менга фарзандларисиз яшолмаслигини, уларни ўзи катта қилмоқчилигини айтди. Тан оламан, аввал бошиданоқ мен бу нарса ҳақида билдим ва рози эканимни билдирдим. Бироқ…  Бироқ ҳозир чидай олмаяпман. Не-не орзулари бор  қиз бирданига онага айланди. Очиғини айтсам, эрим болаларини хотинидан ололмаса керак, деб ўйлагандим. Аммо эрим айтганини қилди, болалар ҳозир биз билан яшашади. Уларга қараш, оналик қилиш эса табиийки менинг бўйнимда. Эрим билан ўртамиздаги муносабатлар, яна қайтараман, ҳавас қилгулик даражада. Аммо икки болага қараш, уларнинг кўнглига йўл топиб, инжиқликларига сабр қилиш менга малол келяпти. Қиз бола қанчалик эрка бўлмасин, ўзи фарзанд кўргач, оналик масулиятини ҳис қилади. Боласининг митти қўллари, ширин ифори, қиқир-қиқир кулишларига маст бўлиб, оналик мақомидан лаззатлана бошлайди. Лекин дабдурустдан олти-етти ёшли болаларга оналик қилиш, бу бошқа масала…  Уларга овқат тайёрлаш,      кийимларини ювиш, ортларидан йиғиб-териш…  Буларнинг бари бир сўз билан айтганда, қийин! Илтимос, менга «Сен ўзинг аввалдан билгансан, энди сабр қил», деманг. Инсон олдинда уни кутаётган   қийинчиликлар юкини билмайди! Ҳозир ўйлаб қоламан: агар мен мана шу қийинчиликларни аввалдан танимда ҳис қилиб кўра олганимда бу никоҳга розилик берармидим? Эрим учун розилик берардим. Чунки эрим мард, чин манода яхши инсон. Ҳамма гап менда! Мен унинг болаларига оналик қилишни истамаяпман. Шунчаки уларга меҳр бериш қўлимдан келмаяпти. Атрофимда югуриб юришлари, умуман улар билан бир том остида яшаш менга оғирлик қилмоқда. Базан уларнинг кўзларига қараб, раҳмим келиб кетади. Аммо, қандай тушунтирсам экан, мен уларни қабул қилишим имконсиз нарсага ўхшайди. Мана шу вазият ҳақида ўйлайверганим учун ҳам турмуш ўртоғим билан сўнгги пайтлар тортишиб қоляпман. Ўзимча, болаларни онасига қайтаришга эримни кўндиришни ҳам ўйладим. Лекин эрим бунга кўнмаса керак. У болаларини жондан ортиқ яхши кўради. Мен ўзимдаги бу чорасиз ҳолатни қандай енгиб ўтишни билмай қийналиб кетдим. Нима қилсам, тутган йўлим тўғри бўлади? Болаларни онасига бериб юборишга кўндиришим, эримга шарт қўйишим тўғри бўладими?..

САДОҚАТ

Тошкент вилояти

Сайёра АЗЛАРОВА, «Insight» амалий маркази психологи:

— Сизнинг дардингизни    тинглаб, аввало, шуни айтмоқчиман: ҳамма ҳам сиз кўрсатган мардликни қила олмайди. Яни фарзандлари бор одамга турмушга чиқмайди. Сизнинг бу ишингиз мақташга арзигулик сифатларингиздан бири. Иккинчи мақташга лойиқ сифатингиз эса эрингизга берган тарифларингиз. Сабаби, жуда кўп аёллар эрига бундай тариф бериб, улардан мамнун бўлмайди, бир умр яхши инсон билан яшаб унинг қадрига етмайди. Вазиятга келадиган бўлсак, энг катта ютуғингиз эрингиз сиз орзу қилгандак инсон!

Дастлаб бир нарсани тушунинг. Муаммо ҳозир турмуш ўртоғингизда ёки ҳатто унинг болаларида ҳам эмас, муаммо сизда. Қизлар кўпинча ўсмирлик босқичига ўтаётган пайтда ўз онаси билан келишмовчиликларни бошдан кечиришади ва ўша даврдан қолган асорат кейинчалик юзага чиқади. Эҳтимол, ҳозир айнан ўша муаммо юзага чиққандир. Агар қўлингиздан келса, эпласангиз, болалик пайтингизни таҳлил қилинг. Ичингизда она қандай бўлиши кераклигини, бошқаларга, аниқроғи, болаларга меҳр кўрсатиш эҳтиёжи борлигини тушунишингизни маслаҳат берардим.

Тасодифлар тасодифан бўлмайди. Аввало, сизнинг бундай инсонга турмушга чиқишингизга олиб келган нарса ҳам сизнинг қайсидир эҳтиёжларингиз ҳисобланади. Аммо энди, «Мен бу йўлга келиб адашдим, чидай олмаяпман, воз кечаман», дейишингиз ноўрин.   Айтганингиздек, турмуш ўртоғингиз меҳнат қилишингизга, курашишингизга арзийдиган инсон. Агар ўзингизни-ўзингиз таҳлил қилиш, ўсмирлигингизни эслаш қўлингиздан келмаса, психологга боришни тавсия қилган бўлардим. Биз атрофимиздаги одамларнинг хатти-ҳаракати, гап-сўзларидан қониқмасак, уларнинг ўзини тутиши бизга ёқмаса, онг остимизда ўзимиз англамаган ҳолда болалигимиздаги ечилмаган муаммолар билан юзлашамиз. Болалигимизда бизни норози қилган одамлар, ота ёки она билан низо қилаётган бўламиз, аслида.

Сиз чиройли келажакни, яқинлар орасидаги ҳавас қилгулик мартабани истасангиз, эрингизга лойиқлигингизни исботланг. Бу учун энг яхши йўл — болалар. Қийин жиҳат «Мен бу болаларни ўзим туғмаганман», деган нарса. Тўғри, сиз уларни тўққиз ой қорнингизда кўтариб юриб, кичкина қўл-оёқчаларини тутмай туриб онага айландингиз. Аммо бу сиз айтган нарсалар бари иккинчи даражали! Аслида, аёлларнинг барчаси то ёшлигидан бошлаб оналик инстинктига эга. Сизда оналик ҳисси туғма. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, сиз кўчадаги бегона болага ҳам оналик қила оласиз! Чунки биз аёлларда кўчадаги йиғлаётган болани кўрсак ҳам уларни конфет бериб бўлса ҳам овутишга ҳаракат бўлади. Сабаби, бизнинг оналик ҳиссимиз туғма.

Фақат сўнгги даврларда тараққиёт, аёлларнинг эркаклар билан тенглашиб феменистик қарашларнинг ортиши туфайли туғма инстинктимиз бироз ортга чекинган. Лекин, барибир, оналик ҳисси бизда сақланиб келинмоқда. Сизга Аҳмад Лутфи Қозончининг «Ўгай она» ва Абдулла Қаҳҳорнинг «Болалик» китобларини ўқишни тавсия қилган бўлардим. Агар шундан кейин ҳам сиз руҳий ҳолатингиздан қониқмасангиз, психолог ҳузурига боринг. Аммо ёдингиздан чиқарманг «Боланинг бегонаси бўлмайди!»

Хикоялар
Турмуш: «Ўгай болаларимга оналик қилишни хоҳламайман!»