Liderlar kitobi

Liderlar kitobi

Унутмаслик лозимки, бу каби тадқиқотлар Ғарб жамияти ва субъектив нуқтаи назардан ёзилган бўлиб, уларнинг айнан биттасига тўлиқ амал қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шу нуқтаи назардан уларнинг барчасини мукаммал ўрганиш ва миллий менталитетимизга мос бўлганларидан самарали фойдаланиш масаланинг ижобий ечими бўлади, дейиш мумкин. Хулоса ва таклифлар. Хулоса қилиб айтганда, лидернинг қандай хусусиятларга эга бўлиши лозимлиги барча даврларда долзарб аҳамият касб этиб келган. Шу сабабли бу борада антик даврларданоқ илмий изланишлар олиб борилган. Бундан изланиш ва қарашлар макон ва, айниқса, замон талабидан келиб чиққан ҳолда шаклланган. Шу нуқтаи назардан давр ўтиши билан ундан олдин яратилган назариялар янада мукаммалаштириб борилган. Ҳозирги давр ҳам олдингиларидан мустасно эмас. Ҳозирги кунда ҳам ўтган даврларга ўхшаб лидерлар борасида янгича қарашлар шаклланиб боряптики, юқорида кузатилганидек, уларнинг аксарияти илм-фан ва ахборот-коммуникацион соҳалардаги ривожланишлар билан боғлиқ бўлмоқда. Шунингдек, етакчи (раҳбар) ва ходим ўртасидаги муносабатлар ҳам аввалгилардан кўра эҳтиёткорлик ва ўзаро тушунишга асосланиши лозимлиги ҳам муҳим омилга айланиб улгурган. Таҳлилий тадқиқотлардан келиб чиқиб, қуйидагича таклиф ва тавсиялар бериш мумкин: Биринчидан, тадқиқотчи олимлар томонидан лидерларга оид халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва улар асосида замонавий талабларга мос равишда қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган “Истиқболли лидерлар миллий дастури”ни ишлаб чиқиш. Иккинчидан, юқорида таклиф этилган дастур асосида прогноз-таҳлилга асосланган “Истиқболли лидер” фанини жорий қилиш ва уни олий ўқув юртининг битирувчи бакалавр ва магистрларига ҳамда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиларига ўқитиш. Учинчидан, “Истиқболли лидерлар миллий дастури” ва “Истиқболли лидер” фанини замон талабига мос равишда белгиланган муддатда (масалан, ҳар беш йилда) янгилаб бориш. Тўртинчидан, мазкур йўналишда фаолият юритадиган “ақлий марказ” кўринишидаги тадқиқот марказини ташкил этиш ёки хусусий соҳада бундай марказларни ташкил этилишига юридик ва моддий-техник база жиҳатидан кўмаклашиш ҳамда уларнинг тадқиқотларидан амалий фаолиятда фойдаланиш. Мухтасар қилиб айтганда, фақатгина бугунги кун талабига эмас, балки эртанги куннинг кутилмаган талаб­ларига тайёр турувчи лидер етиштириш борасида тарихий, миллий ва хорижий тажрибани ўзида бирлаштирадиган низом ёки миллий дастурни жорий этиш ва уни амалда қўллашни бошлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Президентимиз айтганидек, келажакда бизга кўплаб мукаммал бўлган лидер- раҳбарлар керак бўлади. Мақолани лидерлар канали аъзоси Раҳимов Дилмуроджон Ғуломович тайёрлади. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: ____________________________ ________________________________________________________________________________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ ____ Хулоса:_______________________________________________

LIDERLAR

УЎК 001 КВК 72 X 31 Хасанов, Отабек. Лидерлар китоби [Матн] / О.Хасанов. – Тошкент: Muharrir nashriyoti, 2020. – 340 бет. ISBN 978-9943-6288-2-3 Ушбу нашрда жуда кўп янги ғоялар, ҳаётга теран назар билан қараш, ғолибликка интилиш, саодат ва комиллик учун дадил қадам ташлаш, жасурлик ва мардлик каби инсоний фазилатларни ўзида шакллантириш, Ватан ривожига, унинг иқтисодини юксалтиришга астойдил киришиш, ақл-заковатни, илмни ҳар қандай ишдан устун қўйиш каби ҳолатлар мужассам бўлган. Унутманг, Лидер дегани, аввало, доимо ўз устида ишлайдиган ва ўзгаларга ёрдам қўлини чўзадиган инсондир. Ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинаётган ушбу китоб давлат хизматчилари, хусусий сектор вакиллари, ёш олимлар, талаба ва бўлажак Лидерлар ҳаёт йўлида кўмакчи бўлади, деб ўйлаймиз. УЎК 001 КВК 72 Масъул муҳаррир: Ўткир Абдукаримов Тақризчилар: Назрулла Жўраев, сиёсий фанлари доктори, профессор; Абдурашид Ҳасанов, техника фанлари доктори, профессор; Мансур Бекмуродов, социология фанлари доктори, профессор. Китобга тегишли барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Муаллиф ёзма рухсатисиз уни чоп этиш ман қилинади. ISBN 978-9943-6288-2-3 © О.Ҳасанов. © “Muharrir nashriyoti”, Тошкент, 2020.

“ЛИДЕРЛАР” ЖАМОАСИНИНГ МАҚСАД ВА ҒОЯЛАРИ БИЗНИНГ ЯНГИЧА ҚАРАШ ВА ЁНДАШУВЛАРИМИЗГА ҲАМОҲАНГ! Тан олишимиз ва таъкидлашимиз жоиз, янги Ўзбекистонни замонавий билим ва янгича дунёқараш­га эга, креатив фикрловчи ёшлар барпо этади. Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда ёшлар сиёсатини қўллаб-қувватлаш тизимини мутлақ янги босқичга олиб чиқмоқда. Албатта, бу бежизга эмас. Президент Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистонимизнинг ҳар бир ёш йигит-қизининг муваффақиятини ўз ютуқларидек қабул қиладилар, ғурурланадилар. Президентимиз ёшлар билан учрашувда: “Ёшлар орасида “Мен Сизнинг ёнингизда туриб, камарбаста бўламан!” деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман. Етакчиликнинг, ўз ортидан эргаштиришнинг энг тўғри йўли шахсий ўрнак ва намуна бўлишдир”, деб алоҳида таъкидлаб ўтганлар. Уларнинг ташаббуси билан Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилиб, 30 июнь – Ёшлар куни деб эълон қилинди. Албатта, юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор бизларни қувонтириши билан бирга зиммамизга жуда катта масъулият юклаяпти. Бу масъулият – бугун турли тадбирбозлик ва қарсакбозликлардан воз кечиб, аниқ ва натижали ишга ўтишни, рақамлардаги асосли ва асоссиз ҳисоботлар, қоғозларда акс этган ютуқларга маст бўлмасдан, амалда муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўришни, мамлакатдаги ҳар бир ёшни, айниқса, чекка ҳудудлардаги истеъдоди ва орзулари чангда қолиб кетаётган ёшларни излаб топиш ва уларнинг ҳаёти, истиқболи билан қизиқиш, орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришга амалий ёрдам беришдир. Умуман олганда, жамиятда биз эътибор қарати­ши­миз ва ҳал қилишга ҳаракат қилишимиз керак бўлган масалалар бир талай. Энди савол туғилади: бу масала ва муаммоларнинг ечими билан ким шуғулланади? Ким бизларга янги-янги таклифлар ва креатив фикрлар беради? Ким бизларга олис ҳудудлардаги ёшларимизнинг ҳаёти ва турмуш даражасини яхшилаш йўлида ҳамроҳ ва ҳамкор бўлади? Албатта, биз ўзимиз. Биз – фаол ва фидойи, билимли ёшлар жамоаси, барчамиз биргаликда ҳамма масалалар ва ечимлар устида бош қотирувчи ва ҳаракат қилувчилармиз, тўғрими? Ўзимиздан бошқа ким ҳам бўлиши мумкин?! Ахир муаммомиз нимада ва қаерда эканини ким ҳам биздан яхшироқ билади?! Мен “Лидерлар” каналини кузатиб бориб, бу ерда айнан бизнинг мақсад ва ғояларимизнинг акс этганини кўрдим. Биз излаётган, интилаётган, ҳаракат қилаётган энг асосий мақсадларимиздан бири бу – илму маърифатли, китобни, ҳаётни, оиласини, Ватани ва халқини севадиган фаол, етакчи, замонавий фикрловчи ёшлар сафини кенгайтириш ва уларнинг кўмагида жамиятда ёшлар ҳаёти ва фаолиятига оид барча масалаларнинг туб-тубигача кириб бориш. “Лидерлар” канали эса бизнинг ишимизни енгил­лаштириб, айнан мана шундай ёшларни бир жамоага тўплаб, улар билан креатив мулоқот ва ҳамкорликни бошлаб юборишибди. Қувонарлиси, бу каналда берилаётган ҳар бир мавзу айнан ёшлар ҳаётида ижобий акс-садо бериш, онги ва тафаккурини ўзгартиришга йўналтирилган. Ўзим ва оила аъзоларим билан берилиб, қизиқиб, таъсирланиб кўрганларим, тинглаганларим – “Фар­зандимга мактуб”, “Ракеш”, “Миядаги кинотеатр”, айниқса, беқиёс тарбиявий аҳамиятга эга. Умуман олганда, бугун жамият мутлақо сифатли ва самарали тарғиботга муҳтож. Ёшлар онги ва тафаккурида ғоявий иммунитетни шакллантириш, уларни фидойи, ватанпарвар, халқини севадиган Инсонлар бўлиб етишиши учун бор куч-ғайратимизни

сафарбар этишимиз керак. Жамиятимизнинг ҳар бир муваффақиятида ҳар бир ёшнинг ўрни ва иштироки борлигига ишонтиришимиз керак. “Лидерлар” китобидаги ҳар бир мавзу эса ёшларимизда мана шу энг муҳим бўлган мотивацион хусусиятларни – ишонч ва умид, куч-ғайрат, шижоат, ватанпарварликни уйғотади. Мен Ўзбекистонда, айниқса, ёш кадрлар ҳаётига Лидерлик атамасини киритган, ҳар бир ёш мутахассисда лидерлик фазилати шаклланишида зўр туртки бўлаётган “Лидерлар китоби”нинг ижодий жамоасига улкан муваффақиятлар тилайман ҳамда барча фаол ва изланувчан ёшлар номидан чексиз миннатдорлик билдираман. Алишер Саъдуллаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи раиси, Сенатор ИННОВАЦИЯ – ЛИДЕРНИ УНИНГ ОРТИДАН ЭРГАШУВЧИЛАРДАН АЖРАТИБ ТУРАДИ Дунёнинг машҳур инсонларидан бири Стив Жобс айнан ушбу фикри билан лидерликнинг асосий хусусиятларидан бири инновацияга йўналганлик ёки инновацион ғоя ва ташаббуслар эканини исботлайди. Ҳақиқатдан ҳам, инновация, бу янги ғоя ва ташаббусларни самарали амалга татбиқ этиш санъатидир. Инновация, бу ҳаётга, фаолиятга янгича қараш ва янгича ёндашув, демакдир. Бугун жамиятимизда ҳар бир соҳада юз бераётган жадал ислоҳотларга инновацион ёндашув талаб этилмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қуроллантириш, иқтисодиётни рақамлаштириш, “хавфсиз шаҳар” концепциясини амалга татбиқ этиш, қишлоқ хўжалигига янги технологияларни татбиқ этиш, аҳолига қулай ва хавфсиз хизматларни тақдим этиш ва бошқа йўналишларни ривожлантиришнинг барча-барчасининг замирида муваффақиятли инновацион лойиҳалар ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш масаласи турибди. Биз бугун айнан инновацион ғоя ва лойиҳалар ташаббускори бўлган, замонавий билимга эга кадр­ларга муҳтожмиз. Бундай кадрлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, албатта, таълим, тарбия ва самарали тарғибот уйғунлигида малакали мутахассисларни тайёрлашимиз, уларни кашф қилишимиз мумкин. Мен “Лидерлар” каналини кузатиб борар эканман, айнан ушбу канал ижодий жамоаси кадрларнинг лидерлик хусусиятларини ривожлантириш, замонавий билимларини ошириш, ўз-ўзига ишонч ва талабчанликни кучайтириш орқали инновацион ғоялар ташаббускорига айлантиришдек энг олий мақсадни амалга ошира оляпти, деб ишонч билан айта оламан. Агар биз ёшларга мотивация бера олсак, уларнинг истеъдодини, нимага қодир эканлигини ўз вақтида аниқлай олсак ва бундан фойдалансак, инновацияни четдан излашимизга ҳожат қолмайди. Чунки мен аниқ ишонч билан айта оламан, ҳар бир ўзбек йигит-қизининг томирида буюк алломаларимиз қони жўш урмоқда. Бизда Улуғбекнинг зукколиги, Ибн Синонинг донолиги, Берунийнинг даҳолиги, Темурнинг шижоати, Навоийнинг оқиллиги, Хоразмийнинг олимлиги мужассам! Албатта, аждодларимиз илмий мероси бизни хайрли ташаббуслар сари руҳлантиради. Мен эзгу ва энг ҳайрли ишларнинг бошида турган, Ўзбекистонимизда ҳақиқий лидерлар сафини кенгайтиришдек улуғ мақсадни муваффақиятли амалга оширишни

бошлаган “Лидерлар” канали админи Отабек Хасанов ва ижодий жамоага улкан зафарлар тилайман. Ушбу хайрли ташаббус бизга ҳам инновацион ғоя ва мақсадларимизни рўёбга чиқаришда, лидер ёшларни топиш ва ҳамкорликни кучайтириш имконини беради. Ўзбекистон ёшларини, барчамизни янги марралар сари руҳлантирувчи, лидерликка йўналтирувчи янги нашр – “Лидерлар китоби” барчага муборак бўлсин! Мен бу китобни ёшларимиз учун лидерлик қоби­лиятини шаклланишига ва келажакда жамиятда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилишига ишонч билдираман. Олимжон Тўйчиев, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари

СЎЗ БОШИ Ҳурматли бўлажак Лидерлар! Агар сиз бу ёзганларимизни ўқиётган бўлсангиз, демак, келажагингизга бефарқ эмассиз. Ушбу китоб айнан лидер сифатида оиласида, карьерасида ва жамиятда юксак муваффақиятларга эришмоқчи бўлганлар учун. Шунинг учун ҳам қўлингиздаги китобнинг номини “ЛИДЕРЛАР китоби” дея номладик. Унинг мутолаасига киришган бўлсангиз, демак, сиз ҳам бугундан Лидерлар аъзоси бўлдингиз. Китобда телеграммдаги “Liderlar1” каналимизда бериб борилган маълумотларимиздан фойдаландик. Китобни нашр этишга илҳомлантирган энг асосий омил каналимиз аъзоларидан келган таклифлар бўлди. Қолаверса, кўпгина мухлисларимиз бизни доимий кузатиб бориб, ўзлаштирган янги билимлари туфайли ҳаётларини яхши томонга ўзгартиргани ҳам каналимиздаги маълумотларни кенгроқ ёйишга ундади. Ушбу нашрнинг дунё юзини кўришига беминнат ҳисса қўшган барча дўстларимга, “Liderlar1” телеграмм каналининг ажойиб жамоасига чексиз ташаккуримни изҳор этаман. Ва, айниқса, китобнинг шаклланишига катта меҳ­нати сингган отам, илк устозим Абдурашид Ҳасановга ҳамда менга каналдаги ижодий фаолиятимда энг яқин кўмакчи бўлаётган Ўткир Абдукаримовга алоҳида миннатдорлик билдираман. Шунингдек, мазмунли ҳикояларни жамлашда фаол­лик кўрсатган К.Умаралиева, Ш.Сатторов, М.Ҳакимова ва Н.Асқа­ров­ларга, фаолиятимизни қўл­лаб-қувватлаб келаётган барча-барча дўстлар ва ҳамкорларимизга ташаккур айтаман. Сизлар билан биргаликда кўплаб хайрли ишларни амалга оширишимизга, бундан- да юқори марраларни забт этишимизга ишонаман, азизларим!

ЁШЛАРГА МАСЛАҲАТ Турли анжуманларда, конференция ва мулоқотлар­да, қолаверса, маърузаларимда иштирок этувчилар кў­пинча бир хил савол йўллашади: Сизнинг шу даражага эришишингизга асосий сабаб нима? Менда бу саволга қисқагина жавоб бор: “Ёшликда олинган билим – тошга ўйилган нақш”, деб бежизга айтишмаган. Болаликдан ота-онам, устозларимнинг талаб ва насиҳатларига амал қилиб, ўқиб- ўрганганларим, изланиб-интилганларим бугун самарасини бермоқда. Бугун кўпчилик учун мураккаб ва машаққатли туюлган илм йўли мен учун ўта жозибали ва ўзига оҳанрабодек тортаверади. Бунинг сабаби эса битта – ёшлигимдан китобни севганим, илм ўрганишга интилганим. Ҳаётий тажрибамдан келиб чиқиб, мен қалблари бир олам орзу- истакларга тўла ёшларга бир маслаҳат бермоқчиман: ўқишдан, изланишдан тўхтаманг, зеро, бахтли келажакка эришишнинг фақатгина бир йўли бор, у ҳам бўлса, илм-у маърифат, қолгани бекор. Падари бузрукворим менга доимо шундай насиҳат қилади: “Ўғлим, мансаб ва бойлик – ўткинчи, уни сендан тортиб олишлари мумкин, лекин билимингни ҳеч ким ҳеч қачон тортиб ололмайди – у доимо сен билан бирга бўлади ва сени муваффақиятларга ундайди. Шуни ёдингда тут!” Қолаверса, илмни эзгулик йўлида сарфлашнинг ўзи ҳам улуғ ишдир. Олган билимимизни азиз Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг фаровон турмуши йўлида ҳалоллик ва фидойилик билан меҳнат қилиб сарф этиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз ва инсоний бурчимиздир. Азиз ёшлар! Ушбу китобга киритилган мақола, ҳикоя ва мулоҳазаларимиз билан танишиш асносида Сиз ўзин­гиз учун фойдали маслаҳат, ҳаётингиз ҳамда фаолиятингизда асқотувчи фикр ва хулосалар оласиз, деган умиддаман. Ҳурмат билан Отабек Хасанов

БИРИНЧИ БЎЛИМ БИРИНЧИ МАҚОЛА ҲАММА ЎҚИШИ ШАРТ Ҳурматли китобхон, барчангизга “Гарсияга мак­туб”ни ўқишни тавсия этаман. Ўзим ўқиб беҳад таъсирланганим учун ҳам вилоятлар бўйлаб давлат хизматчилари, раҳбар ва ҳокимлар учун ўтказилган тренингларда бу мақолага кўп тўхталдим ва уни барчага ўқишни тавсия этдим. Бугунги кунда бизга ушбу мақола қаҳрамони бўлган Роуэн каби раҳбарлар, ходимлар ва, энг муҳими, ёшлар жуда керак. Бундай инсонлар жамиятимизда бор. Фақат уларни излаб топишимиз ва юзага чиқариш керак. Хўш, биз жуда муҳим санаётганимиз бу мактуб қанақа мактуб бўлди? Ушбу очерк илк бор 1899 йилнинг март ойида “Philistine” журналида нашр этилди. Муаллифи Эл- берт Хаббарддир. Ўша даврда Нью-Йорк марказий темир йўл станциясида унинг 1,5 млн.га яқин нус­- хаси тарқатилган. Бу кичиккина, лекин салмоқли, улкан маъно-мазмунга эга битик ўзбек тилидан бошқа деярли барча тилларга таржима қилинган. Очерк 2018 йил 11 июнь куни илк бор Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида Маънавият ва маърифат кафедраси мудири, сиёсий фанлар номзоди Н.Умарова томонидан ўзбек тилига таржима қилинди. ХХ аср бошидаги Россия-Япония уруши вақтида ҳар бир рус солдатига “Гарсияга мактуб”нинг нусхаси берилган ва аскар қийин вазиятга тушган вақтида уни қайта- қайта ўқиш тавсия этилган. Асирга тушган ҳар бир рус аскарининг ёнидан ушбу мақола топилавергач, японлар олдида жумбоқ пайдо бўлди. Унда қандай сир борлигига қизиқиб қолишди ва япон тилига таржима қилишди. Бугунги кунда Япония императорининг талабига биноан давлат ишига, ҳарбий соҳага кираётган ҳар бир ходимга ушбу мақола тақдим этилади. “Гарсияга мактуб” дунё бўйича жами 40 млн.дан ортиқ нусхада чоп этилган. Келинг, гапни кўпайтирмай, мақолани эътиборингизга ҳавола этаман. Фақат Сиздан илтимос, агар уни ўқиб, нимадир олган бўлсангиз, энг муҳими, мазмунини тушунган бўлсангиз, қолган дўстларингизга ҳам илининг ва улашинг. Сабаби, юртимизда шундай фидойи раҳбарлар ва ходимлар кўпайса, ўйлайманки, давлатимиздаги улкан ислоҳотлар янада тезроқ ва сифатлироқ амалга ошган бўларди. Энг муҳими, Ватанимиз тинчлиги ва тараққиёти, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш йўлида жон куйдирувчи собитқадам, фидойи инсонлар сафи янада кенгаярди. Ўқиганингиз учун раҳмат. Гарсияга мактуб Кубадаги 1898 йилдаги ташвишлар билан боғлиқ бир киши ёдимда қолган. Юлдузли осмонда Марс қандай ажралиб турса, у одам ҳам бошқалардан шундай ажралиб турарди. Испания билан АҚШ ўртасида уруш бошланганида исёнчилар етакчиси билан тезкор алоқа ўрнатишга ўткир эҳтиёж пайдо бўлди. Генерал Гарсия Кубанинг бепоён тоғларида жойлашган бўлиб, унинг аниқ қаерда қўним топгани ҳақида ҳеч ким тасаввурга эга эмас эди. У билан на поч­та орқали боғланиш мумкин эди, на телеграф орқали. Президент унинг АҚШга тарафдорлиги ҳақидаги ваъдасини олиши ва буни зудлик билан амалга ошириши зарур эди. Нима қилмоқ керак? Кимдир Президентга “Роуэн деган бир одам бор, у нима бўлса ҳам, Гарсияни топа олади”, деб айтади. Роуэнни чақириб, унга мактубни тутқаздилар. Роуэн мактубни қандай олгани, сув ўтмаслиги учун бир бўлак терининг ичига жойлаштиргани,

мактубни ип билан қай тарзда кўкрагига боғлагани, тўрт кундан сўнг кечаси қайиқда Кубага етиб келгани, чангалзорларда қандай яширингани ва уч ҳафтадан сўнг душман мамлакатини яёв кезиб, оролнинг бошқа тарафида пайдо бўлгани, Гарсияга мактубни қай тарзда етказгани – ҳозир булар ҳақда гапириб ўтирмоқчи эмасман. Лекин бир нарсани таъкидламоқчиман: Президент Мак-Кинли Гарсияга битилган мактубни берганида, Роуэн буйруқни адо этишга йўл олар экан, ҳатто “Гарсияни қаердан топсам бўлади?” деб ҳам савол бермаган экан. Бу одамга бронзадан ҳайкал ясаб, уни бутун дунёдаги барча мактаб ва коллежларга жойлаштириш керак. Ёшларга китоблардан таълим бериш керак эмас, йўл-йўриқ кўрсатиш керак эмас, балки тишни-тишга қўйиб, фидокорона ва садоқат билан ишлаш, уддабуронлик билан ҳаракат қилиш, ўзининг бор куч-қувватини тўплаб, вазифани бажариш – “Гарсияга мактубни етказиш руҳи”да тарбия­лаш керак. Генерал Гарсия ҳам, жасур Роуэн ҳам вафот этиб кетишган, ҳозир улар йўқ. Лекин бошқа Гарсия, Роуэнлар бор-ку! Афсус, орамизда бирор инсон йўқки, кўпчилик билан биргаликда бирор ишга киришгач, баъзан ўртамиёна одамнинг нотавонлиги ва уқувсизлигидан даҳшатга тушмаган, бошланган ишни охирига етказишга шаҳд ва хоҳишнинг йўқлигидан лол қолмаган бўлса. Нари-бери ёрдам кўрсатиш, эътиборсизлик, пала-партишлик, лоқайдлик, “ярим куч билан” ишлаш, ишига жон-жаҳди билан киришмаслик ҳаёт мезонига айланиб қолди, шекилли. Бугунги кунда ҳеч ким бошқа одамнинг бўғзига пичоқ тақамаса, муваффақият қозонолмаяпти; ёки ёрдам олиш учун пора беряпти; айрим ҳолларда эса, Аллоҳ таоло томонидан мўъжиза содир бўлишига, осмондан ёрдамга фаришта тушишига ишоняпти. Сиз, китобхон, менинг сўзларимни оддийгина текшириб кўришингиз мумкин. Тасаввур қилинг, сиз ишхонангизда ўтирибсиз, олтита ходимингиз бор. Улардан истаганингизни чақиринг-да: “Илтимос, қомусдан (энциклопедиядан) қараб, Коррежио ҳаёти ҳақида қисқача маълумот тайёрла”, деган топшириқни беринг. Ходимингиз астагина “хўп бўлади” деб қўйилган вазифани бажаришга отланадими? Аминманки, бундай бўлмайди. У сизга нурсиз кўзлари билан қарайди-да, қуйидаги саволлардан бирини беради: – У ўзи ким? – Қайси қомусдан қарай? – Ўша қомусни қаердан оламан? – Мени шундай ишлар учун ёллаганмидингиз? – Сиз Бисмаркни назарда тутдингизми? – Нима, шу ишни Чарлига буюрсангиз бўлмайдими? – Ўша Коррежио тирикми ёки ўлган? – Бу ишни шунчалик тез бажариш керакми? – Балки китобни олиб келсам, ўзингиз қараб оларсиз? – Сизга бу нима учун керак? Ишончим комилки, сиз унинг барча саволларига жавоб бериб, қомусни қаердан топишни айтиб, бу ахборот сизга нима учун кераклигини тушунтирганингиздан кейин ҳам ходимингиз Коррежиони топиш учун ўзига яна бир кишини ёрдамга олади-да, қайтиб келиб, бундай одам умуман бўлмаганини айтади. Балки гаров ўйнасам ютқазиб қўярман, лекин эҳтимоли жуда кам. Агар етарлича фаросатли бўлсангиз, ходимингизга Коррежиони “Кар”дан эмас, “Кор”дан бошлаб қидиришни тушунтириб ўтирмайсиз, сиз бор-йўғи ёқимли жилмайиб, “Ҳа, майли” дейсиз ва бориб, ўзингизни қизиқтирган маълумотни излаб топасиз. Бу – мустақил ҳаракат қилишга нўноқлик, уқувсизлик эмас, бу – тентаклик, иродасизлик, арқонни иштиёқ билан маҳкам ушлаб, юкни тортишни истамасликдир. Айнан шу нарсалар социализмни анча кучсизлантириб қўйди. Одамлар ўзи учун ҳаракат қилишни истамаганда, бошқалар учун ҳаракат қилармиди?

Эҳтимол, қаттиққўл ўринбосардан ҳайиқиб ёки шанба оқшомида кўчада қолиш каби нохуш ҳолат айрим хизматчиларни иш жойида ушлаб турар, лекин сизга стенографист кераклиги ҳақида эълон беринг, ўнта даъвогардан тўққизтаси саводсиз бўлади, гарчи улар ёзишни билишлари ва вергулларни тўғри қўйишларига қатъий ишонсалар ҳам. Шундай одам Гарсияга мактуб элтиб беришга қодирмикан? – Анави ҳисобчини кўряпсанми? – деб сўради мендан катта заводдаги цех бошлиғи. – Хўш, нима қилибди? – Гап шундаки, у ҳисобчи сифатида ёмон эмас, лекин уни бирор арзимаган топшириқ билан шаҳарга юборсам, гарчи вазифани бажарса ҳам, йўлда тўртта майхонага киради ва айтилган кўчага етганида, уни нимага юборганликларини эсидан чиқариб қўяди. Бундай одамга Гарсияга мактуб элтишни ишониб топшириб бўладими? Охирги вақтларда биз “хароб кулбаларда яшовчи жабрдийдалар”, “муносиб иш ахтараётган бошпанасиз мазлумлар”га нисбатан ҳамдард бўлишга чақириқларни ҳамда ҳокимият эгалари номига ҳақоратларни кўп эшитяпмиз. Лекин негадир айнан шулардан ўзларига юклатилган ишни озгина фаросат билан бажаришларини талаб қилиш каби беҳуда уринишлар туфайли кексайиб қолаётган иш берувчилар ҳақида ҳеч ким гапирмайди. Раҳбар йўқлигида иш вақтини ялқовлик билан ўтказадиган ўша ходимлардан бирор ёрдам олиш умидида иш берувчиларнинг узоқ сабр қилиши ҳақида нега лом-мим дейилмайди? Ҳар бир устахонада ва ҳар бир корхонада доимий саралаш жараёни кечади. Иш берувчи умумий иш йўлида ҳаракат қилишга қодир бўлмаган ходимларининг жавобини бериб, янги одамларни ёллайди. Ишлар қандай кетаётгани муҳим эмас – танлов доимий тарзда давом этади. Эҳтимол, ишлар яхши кетганида, бу танлов бироз юмшоқроқ амалга оширилар. Лекин барибир билимсиз ва нолойиқ кишилар сиқиб чиқарилади ва ишдан кетишга мажбур бўлади. Қўлидан иш келадиган инсонларнинг омон қолиши учун шу нарса юз беради. Шахсий манфаати туфайли ҳар бир иш берувчи ўзида энг яхшиларни – Гарсияга мактубни етказиб беришга қодир инсонларни сақлаб қолишга интилади. Мен бир инсонни биламан, у ажойиб қобилият эгаси, лекин ишларни мустақил уддалай олмайди ва бирорта одам уни “керак” деб билмайди, унга эҳтиёж сезмайди. Чунки “иш берувчи менга зулм қиляпти ёки зулм қилиш нияти бор” деган аҳмоқона ғоя унинг миясига маҳкам ўрнашиб олган. У буйруқ беришни билмайди ва унга буюришларини ҳам истамайди. Агар унга Гарсияга мактубни элтиб беришни буюрганларида, эҳтимол, у “Ўзингиз элтинг!” дея жавоб берган бўлар эди. Бугун шу одам иш излаб, кўча кезмоқда ва унинг йиртиқ жулдур кийимлари шамол тўзғиб юрибди. Бирорта одам уни ишга олишни хаёлига келтирмайди, чунки у донг таратган бузғунчи. Соғлом ақлга чақиришлар унга таъсир қилмайди, ундан қолиши мумкин бўлган ягона из – бу қирқ бешинчи ўлчамдаги пойабзалнинг тагчармидир. Албатта, бундай маънавий ожиз инсонга майиб-мажруҳ одамга қарагандек, ачиниш билан муносабатда бўлиш керак. Лекин унга раҳм-шафқат қилиш баробарида бирор буюк иш қилишга интилаётган инсонлар, иш соати “қўнғироқдан қўнғироққача” бўлган вақт билан чегараланмайдиган инсонлар, пала-партишлик, тартибсизлик, наридан бери иш қилиш, бефарқлик, фаросатсизлик, ночорлик, нотавонлик ва яхшиликни билмаслик билан доимий кураш олиб бориши оқибатида сочи барвақт оқараётган инсонлар, зиммасидаги бурч ва вазифани виждонан тўлақонли адо этиш йўлида очликка ҳам, бошпанасиз қолишга ҳам тайёр инсонлар учун ҳам кўз ёши тўкайлик. Балки мулоҳазаларимни ўта кескин баён этгандирман. Бўлиши мумкин. Лекин бизнинг давримизда, дунё шунчалик ботиб кетаётган пайтда, мен муваффақият қозонаётганлар ҳақида бироз гапириб қўймоқчиман. Шунча қаршиликка қарамай, бошқа одамларнинг кучини тўғри ўзанга йўналтираётган одамлар, муваффақиятга эришгач, буни оддий нарсадек қабул қиладиганлар ҳақида гапирмоқчиман. Мен ўзим бир вақтлар тушлик ташиганман, югурдак бўлиб ишлаганман, кейинчалик иш берувчи бўлиб, одамларни ёллаганман, шунинг учун мен ҳаётнинг иккала тарафини ҳам

биламан. Баҳслашмайман – қашшоқликнинг яхши тарафи йўқ, йиртиқ-ямоқларга ҳеч кимнинг ҳаваси келмайди. Лекин тан олинг: ҳамма иш берувчилар ҳам очофат, таловчи ва золим эмас, шунга ўхшаш – ҳамма фақирлар ҳам фазилатли фаришта эмас. Мен раҳбари тепасида турмаганида ҳам, ёки раҳбари уйда эканида ҳам ўз ишини бажарадиганларга таҳсин айтаман. Шунингдек, Гарсия учун мактубни қўлига тутқазганларида, уни хотиржамлик билан олиб, ҳеч қандай савол бермасдан, бирор бир тарзда норозилигини кўрсатмай, яқин атрофдаги ариққа мактубни ташлаб юборишни ният қилмаган ҳолда, ундан талаб қилинаётган вазифани бажарадиган, яъни мактубни эгасига элтадиган одамларга қойил қоламан. Мен ишдан бўшатилмайдиган инсонлар ва маошни ошириш мақсадида иш ташлашга бормайдиган одамлар тарафдориман. Тараққиёт – ана шундай одамларни ахтаришнинг давомли ва машаққатли жараёни. Бундай одамлар нимаики истасалар, шунга эришадилар. Бундай одамлар ҳар бир шаҳарда, ҳар бир қишлоқда, ҳар бир ишхонада, ҳар бир устахонада, ҳар бир дўконда, ҳар бир корхонада бўлиши керак. Бундай одамлар дунёга керак. Гарсияга мактубни элтиб беришга қодир одамлар жуда керак. Қайдлар учун (албатта, ўзингиз учун қайдлар киритиб боринг. Сабаби маълум муддат ўтиб ёзганла­рингизни ўқиганингизда сиз барча маълумотларни ёдга оласиз). Мен нимани тушундим: ___________________________________________________ Менга ёқди: ____________________________________________________________________________ Хулоса:_______________________________________________ ________________________________________________________________________________ __________________________________________ ИККИНЧИ МАҚОЛА Биринчи мақолада сизлар билан “Гарсияга мак­туб”ни етказиб бериши мумкин бўлган Роуэн ва бу ишни қилишдан олдин 10 та савол бериб, охирида барибир ўзингиз бажаришга мажбур қиладиган ходимлар ҳақида гаплашгандик. Каналимизда кўпчиликнинг қизиққанини ва ўқиб чиққанларнинг сонини кўриб, хурсанд бўлдик. Инсон ўзи олган фойдали маълумотларни ўзгаларга ҳам илиниши керак, деб ўйлайман. Маънавият ва маърифат фақатгина кутубхонада сақланиши керак эмас. У қўлдан-қўлга, одамлардан-одамларга ўтиши, инсонлар ўртасида тарқалиши, доимо ҳаракатланиши лозим. Бир давлатда мингта кутубхона бўлиши мумкин, лекин ундан самарали фойдаланилмаса, аҳолисининг дунёқараши ва маънавияти паст, аксинча, кутубхонаси кўп бўлмаса-да, фуқаролари ундан унумли фойдаланиб, маънавиятли ва маърифатли бўлиши мумкин. Бугун сизларга тақдим этадиган ҳикоямиз номи “Элчи”, муаллифи – Умар Сайфиддин. Уни ўзбек тилига Жаҳонгир таржима қилган. 1995 йилда “Тафаккур” журналида чоп этилган. Асарни бир нафасда ўқиб ва уқиб чиқдим. Демак, ҳикояни тақдим этаман. Ўйлайманки, уни ўқиб тугатганингиздан сўнг ўзингизга камида бешта савол берасиз. Агар маъқул келса, дўстларингизга илининг. Таржимон ва муаллифдан узр сўраган ҳолда баъзи жойларини қисқартирдим. ЭЛЧИ Умар Сайфиддин Улкан гумбазли вазирлар саройининг салқин ва нимқоронғи мажлис толори одатдагидан сокин. Ташқарида баҳорий нафас. Бўзранг офтоб нурлари кошинларнинг яшил нақшларида товланади.

Парқу ўриндиқларга чўккан ҳорғин вазирлар оёқлари остида ял-ял ёнган гиламнинг турфа нақшларини томоша қилиш билан банд, мадорсиз қўли узун оппоқ соқолини тутамлаган шайхулаъзамнинг нурсиз кўзлари, гўё жуда олис ҳам тушунарсиз нарсалар ҳақида ўй сураётгандек, бўшлиққа қадалган. – Пошолар, биз жасур бир инсонга муҳтожмиз, – деди у. – Эрон шоҳининг олтину олмос, зар либосларга бурканган элчиси подшоҳимизнинг қўлини ўпишга мушарраф бўлолмай, ул зоти олийларининг тиззасини ўпди, холос. Шубҳа йўқки, Эрон шоҳи ҳам бизнинг элчимизга худди шу йўсинда муносабатда бўлғай. Вазирлар маъқуллади: – Албатта. – Турган гaп. – Шак-шубҳасиз. Гумонлари вазирларнинг фикри билан ҳамоҳанг эканидан дадиллашган шайхулаъзам энди сўзларини очиқроқ изоҳлашга ўтди: – Алалхусус, элчилик қилгучи одам ўта жасур бўлмоғи, керак бўлса, ўлимга ҳам тик бормоғи шарт. У давлатимиз шаънига оғир ботгучи ҳар бир хатти-ҳаракатга қарши чиқмоғи, ўлим таҳдид солиб турганда ҳам ҳақоратларга бўйин эгмаслиги лозим. Барча унинг гапига қўшилди: – Ҳа, ҳа! – Ҳақ гап! – Тўғри! Шайхулаъзам соқол тутамлашни қўйиб қўлларини тиззаларига тиради, бошларида шукуҳли тожлар солланиб турган вазирларга бир-бир қараб чиқди-да, сўзида давом этди: – Бале, шундай экан, жасур бирини топинг. Мен бундай эрни на амалдорлар, на сарой ва на ҳатто мажлис аҳли ичинда учратдим. Сиз ҳам фикр қилинг. Тақводор, тинчликсевар, беозор подшоҳ ҳукмдорлик қилаётган улкан давлатнинг кичик мияси ҳисобланмиш мажлис аҳли сукутга чўмган эди. Элчини етти йилдан сўнг кўпдан-кўп қабиҳликлари учун турк султони Ёвуз томонидан оғир жазоланган Эрон шоҳи Исмоил Сафавий (Шоҳ Исмоил 1502-24 йиллар Эронда ҳукмдорлик қилган) ҳузурига жўнатиш лозим эди. Қулаб, кули кўкка совурилган Оққўйлилар салтанати харобаларида шоҳ Исмоил қароқчи давлат қуришга муваффақ бўлди. Йўлидаги биронта дарахтни ҳам айланиб ўтмаган бу зулмкор шоҳ ота-боболари қасосини олгани учун ҳам кибру манманликни касб этган эди. У мислсиз ваҳшийликлари билан дунёга донг таратган; бир гал паноҳ истаб келган тарафдорларини базмга чақириб, базм сўнгида уларни дошқозонда тирик­лайин қайнатган, мағлуб бўлган ўзбек султонининг бош чаноғида май ичиб кўнгилхушлик қилган эди. Дарҳақиқат, дунё ҳали бундайин золимни кўрмаган эди. Боязиднинг тинчликсевар, тақводор вазирлари шоҳнинг бу ваҳшийликларини титроқ билан эслашарди. Куни келиб бу ёвуз турк чегараларига ҳам ҳужум қилиб, шарқий вилоятларни босиб олиши мумкинлиги барчага аён эди. Ўтган йили у Зулқадрия (қадим Онадўлининг жануби-шарқидаги кичик давлат) ҳокими Алауддавланинг қизини танмаҳрамликка сўради. Сўради-ю, Алауддавладан рад жавобини олди. Жаҳолатга минган Исмоил қўшин тортди. У турк салтанати ҳудудларидан ўтиб, ҳимоясиз Зулқадрия чегараларига ҳужум қилди, Диёрбакир, Харпут қалъаларини эгаллаб, Алауддавланинг ўғли ва икки набирасини асир олди. (Алауддавланинг ўзи киши етмас тоғларга қочиб жон сақлади.) Шоҳ Исмоил бандиларни сихга тортиб кабоб қилишни буюрди, сўнг ҳеч тап тортмай ундан тановул қилди. Шарқда бундай даҳшатли воқеани илк бор эшитишлари эди. Уруш қилиш ниятидан йироқ подшоҳ Анқарага Яҳё пошо бошчилигида қўшин юбориш билан чекланди. Лекин шоҳ қонхўрлигига яраша айёр ҳам эди. У Усмонли ерларидан бесўроқ ўтгани учун афв истаб, Истанбулга тез-тез элчи юбориб турди. Ўша замонлар Тирабзон ҳокими

бўлган валиаҳд Ёвуз отасидек сабрли эмасди: у Табриз чегарасидан ўтиб, Бойбурт ва Эрзинжонга қадар бўлган ерларнинг кулини кўкка совурди, ҳатто шоҳ Исмоилнинг укасини асир ҳам олди. Исмоил элчиси энди бу ҳужумдан норозилигини билдирмоқда, Усмонли тупроқларига қилинган тажовуз умуман турк салтанатига эмас, фақат Алауддавлага қарши қаратилганини исботлашга уринмоқда эди. Бу кун мажлис аҳли маккор ва қонхўр Эрон шоҳи ҳузурига кимни элчи қилиб жўнатишни билмай танг қолган эди. Чунки ўзини Усмонли султонига тенг қўйган, ҳатто Шарқда улкан салтанат қуришга муваффақ бўлган бу кибрли шоҳ элчини турли йўллар билан камситишга ҳаракат қилиши, қаршилик кўрсатгудек бўлса, қозиққа ўтқазиши, тириклайин терисини шилиб олиши, хуллас, ваҳшийларча ўлдириши мумкинлиги ҳар кимга кундек равшан эди. Шайхулаъзамнинг ўнг томонида қабр тошидек қимир этмай турган қизил тожли кавук (султонлик амалдорларининг эски бош кийими) ҳаракатга келиб, аста шайхулаъзам тарафга бурилди. – Бундай масъулиятли ишнинг уддасидан чиқадиган кишини биламан, – деди кавук кийган уламо. – Отаси қадрдон дўстим эди. Лекин у давлат хизматига киришдан қатъий бош тортган. – Ким экан у? – Муҳсин Чалабий. Шайхулаъзам бу исмни илк бор эшитиб тургани учун ҳам сўради: – Шу яқин атрофда яшайдими? – Худди шундай. – Касб-кори нима? – У анча ўзига тўқ, деярли ҳар вақт китоб мутолааси билан машғул. Танимаслигингизга асос бор, афандим. Ном чиқарган хонадонларга асло қадамранжида этмас. Шуҳрат кетидан қувмайдиганлар тоифасидан ул. – Боиси не? – Билмадим. Балки, юксалиш муқаррар суратда қулаш билан интиҳо топишини англаб етганидандир. – Ажаб. – Лекин у жасур инсон. Ҳақ ишга жонини ҳам аямайди. Кўп бор ҳарб сафарларида қатнашган. Юзидаги чандиқлар шу сафарлардан ёдгор. – Бундай ишга розилик беришига аминмисиз? – Айтиш қийин. – У билан кўришсак, алҳамдулиллаҳ, рози бўлғу­сидир. – Чақиртирсангиз, ҳузурингизга келмасми, деган истиҳолам бор. – Бу деганингиз не? – Келмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Бу дунёдан этак силтаган у. Унинг учун шоҳу гадо баробар. – Ҳеч қурса, ватанини севар? – Шак-шубҳа йўқ. – Ундоқ бўлса, бу ерга уни ўз номимиздан эмас, Ватан номи ила даъват этурмиз. – Уриниб кўрмоққа ижозат бергайсиз, афандим. Шу оқшом шайхулаъзам ишбошисининг қўлига мактуб тутқазиб, Муҳсин Чалабийнинг Истанбулнинг Осиё қисми – Ускудордаги уйига жўнатди. Номада давлат миқёсидаги зарур маслаҳат юзасидан шайхулаъзам ҳузурига келиш илтимоси битилган эди. Муҳсин Чалабий келганини билдирганларида шайхулаъзам бомдод намозидан сўнг қасрининг эрлар тарафидаги ҳинд матосидан тикилган оғир пардали, мўъжазгина нимқоронғи ҳужрасида котиби қолдирган арзномаларни ўқиш билан банд эди. – Буюринг, кирсин, – деди у. Эҳтиром, хушомад ва қуллуқларига ўрганиб кетган шайхулаъзам бир муддат бу одамнинг тавозе ила оёқлари остига бош қўйишини кутиб турди. У четлари залворли

зардўзлик билан безалган нафармон мато қопланган ўриндиқда соф олтиндан қуйилган ҳайкалдек қотиб ўтирар, келгиндига таажжуб-ла бошдан-оёқ разм солиб сукут сақлар – қаршисида кўксини кериб, бошини тик тутиб турган одамни умрида илк бор кўриши эди. Ноқулай жимликни Муҳсин Чалабий бузди: – Чақирган экансиз, афандим. – Биласанми. – Қулоғим сизда, афандим. – Яқинроқ ўтир, ўғлим. Муҳсин Чалабий ҳайиқмай, қўрқмай шайхулаъзам ёнига келиб ўтирди. Шайхулаъзам эса ҳамон қўлидаги қоғозларни кўздан кечираётгандек бўлиб, “Ким экан ўзи бу? Телбамикин ё?” деган ўйни хаёлидан ўтказарди. Бироқ Муҳсин Чалабийнинг ақли расо, қолаверса, ҳеч кимга муте бўлмай яшаш учун етарли давлати ҳам бор эди. Унинг каттагина қўтони, Чамлижа ўрмони ортидаги ери манаман деган бойнинг мулкидан қолишмасди. У ҳалол яшар, ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмас, камбағалу бечорага, касалманд-у бошпанасизларга ёрдам бериб келар эди. Хонадонидан меҳмон аримасди. У художуй, аммо асло мутаассиб эмасди. Муҳсин Чалабий она юртини ҳаддан зиёд севар, ватанини Каъбадек муқаддас билар эди. Эътиқоди Оллоҳдан ўзгасига сажда қилмаслик, бандасига сиғинмасликдан иборат эди. Унинг фазилату илмига ҳайрон эдилар. Замондоши, таниқли олим Ибн Камол у ҳақда “Менинг устозим шу!” деган эди. Муҳсин Чалабий биронта қасида ёзмаган ва ҳатто ўқимаган бўлса ҳам, қалбан шоир эди. У қирқлардан ошган, аммо қаршисида намоён бўлган шон-шуҳратга элтувчи ҳеч бир йўлни танламаган эди. У олтиндан жилоланган, ҳаворанг анвойи гуллар сочилган порлоқ бу йўлларнинг сўнгида инсонни аянчли ўлим кутажагини яхши биларди. Инсон – Оллоҳнинг ердаги халифаси, олий ва қудратли мавжудот, деб ҳисобларди у. Оллоҳ инсонни ўз фазилатлари билан сийлаган. Инсон ҳар нарсадан юксак. Лаганбардорлик, хушомад қилиш асл инсоннинг иши эмас! Муҳсин Чалабий барча ҳақоратларга чидаб, эгилиб-букилиб шуҳрат чўққисига эмаклаётган кибрли масхарабозлардан, ер юзида илондек судралиб юрган ғурурсиз бандалардан нафратини яширмасди. У бундай разолатни кўрмаслик учун ҳам инсонлардан узоқлашган, фақат уруш бўлгандагина камбағаллардан ташкил топган қўшинга раҳбарлик қилиш учун узлатни тарк этмоғи мумкин эди. Муҳсин Чалабийнинг ўзини эркин тутиши шайхул­аъзамни анча таажжубга солди, бироқ ғазабини келтирмади. – Биз Табризга элчи жўнатмоқ ниятидамиз. Боришга розимисан? – Менми? – Ҳа. – Нима учун айнан мени танладингиз? – Сендан ўзга муносиб одам тополмадик. – Шу чоққа қадар давлат хизматига кирган эмасман. – Сабаб? Бир оз сукутда қолган Муҳсин Чалабий жилмайди: – Чунки мен бўйин эголмайман, қўлни, этакларини ўпишга одатланмаганман. Бугунги мансабдорлар ўз мавқеига эгилиб-букилиб, иккиюзламачилик ва хушомадлар ила қўл ва этакни, ҳатто оёқларни ўпиб эришганлар. Уларнинг арзандаю яқинлари, улар ҳомийлигида кун кечираётган кимки бор – бари тубан иккиюзламачи, ахлоқсиз хушомадгўй, виждонсиз лўттибоз, жирканч текинхўрлардир. Атрофларида довюрак,

қадр-қимматини билувчи ҳалол инсонни кўрсалар борми, қутуриб, хусуматга тўлиб- тошиб, уни йўқ қилиш пайига тушадилар. Шайхулаъзамнинг тишлари жипслашди, кўзлари қисилди, қўлидаги қоғоз ғижимланди. Жаҳлга эрк берадиган аҳволда бўлмаса ҳам, ғазабнинг зўридан ёноқлари учиб-учиб туша бошлади. Ҳали шайхулаъзамлик рутбасига кўтарилмаган, бор-йўғи вилоят ҳокими бўлиб юрган кезларида ҳам ҳеч ким у билан бу тарзда очиқ гаплашишга журъат этмаган эди. “Ғирт телбанинг ўзи-ку бу. Акси бўлса-чи? Бетгачопарлигини қаранг! Ахир, бу гаплар дунёнинг мавжуд тартиботи, қонун-қоидасига зид эмасми?” деган фикрлар хаёлидан кечди. Шайхулаъзам кўзлари янада қисилиб, соқчиларни чақириш тараддудига тушганда бехосдан кўнглининг аллақайси тубида мудраб ётган виждон сасини туйди: “Мана, ўзинг ҳам хушомад, иккиюзламачилик, лаганбардорлик йўли билан юксалганлар каби эркин, дангал гапларни кўтаролмайсан. Қаршингда жасур инсонни эмас, оёғингни ялашга тайёр итни, шармандаларча етти букилган масхарабозни, пасткашни кўрмоқ истайсан”. Шайхулаъзам қисиқ кўзларини очди, қўлида ғижим­лаб турган қоғозни четга қўйиб, Муҳсин Чалабийга қаради. Қилич изидан қолган чандиқ ялтираб турган дўнг пешона, оташин ёноқлар, бақувват бўйин, йирик ўркач­ли бурун, бежирим салла. “Шоҳнома” саҳифаларида учрайдиган қадим паҳлавонларга ўхшаб кетади. Дарҳақиқат, чинакам паҳлавон бу. Пешонасида қилич чуқур из қолдирган бўлса ҳам, у тирик – қаршисида турибди. Шайхулаъзамга адолат ҳисси бегона эмас эди. Ғурури виждон овозига қарши чиқа олмади. “Ҳа, – хаёлидан ўтди унинг, – кўнглимиздаги одам мана шу бўлади. Бундай довюрак зот ватанига, халқига қилинган ҳақоратни кўтармайди, ўлимдан қўрқиб бош эгмайди”. Шайхулаъзам сўзида давом этди: – Табризга элчи бўлиб борасан. – Шунча ишончли котибу хўжаларингиз бўлатуриб, нега мени юбормоқчисиз? – Шоҳ Исмоилнинг қабиҳликларидан бохабардирсан? – Ҳа. – Ватанингни севасанми? – Севаман. Қудратли шайхулаъзам қомат ростлади. – Жуда соз! Эрон шоҳи элчига озор йўқ, деган қоидага амал қилмайди. У бизнинг душманимиз. Жанг майдонида бизни мағлуб эта олмаслигини билатуриб, элчимиз билан ҳисоб-китоб қилиш пайида бўлади. Оллоҳ ғазабидан қўрқмаган бу нобакор элчини азоблаб ўлдиришдан ҳам тоймайди. Магар шундай бўладиган бўлса, элчимизга қилинган ҳақоратни давлатимизга нисбатан ҳақорат деб билгаймиз. Ҳар не бўлмасин, ўлимга тик борадиган инсон керак. У Эрон шоҳидай ярамас махлуққа яраша жавоб бера олмоғи даркор. Агар чиндан ҳам ватанингни суйсанг, ўзингни қурбон қилишга рози бўласан. – Розиман, афандим. Фақат бир шартим бор. – Шартинг не? – Қурбонликка ҳақ тўланмайди, у кўнгилдан чиқади. Акс ҳолда, у қурбонлик эмас, шахсий манфаатга эришиш илинжига айланади. Шу боис мен на ҳақ, на мансаб ва на нафақадан умидворман. – Бу нима деганинг, ўғлим? Шоҳнинг элчиси зар либосларга бурканиб келди. Отларию хизматкорлари ҳам салобатли эди. Элчимизнинг отлари, хизматкорлари, кийим-кечаклари ундан-да салобатли, ундан-да шоҳона бўлмоғи даркор. Бу чиқимлар учун сенга хазинадан бир қанча минг олтин ажратурмиз. Муҳсин Чалабий унга ўгирилиб, иягини олдинга чиқарди. – Йўқ, хазинадан ҳеч нарса олмайман. Отлару хизматкорлар ташвишини менга қўйиб берурсиз. Илтифотингизга қуллуқ. Шайхулаъзамнинг кўзлари ҳайратдан чақнади.

– Ўзим эса шундай шоҳона либос кияйки, шоҳ Исмоилнинг тушига ҳам кирмаган бўлсин! – Ундай кийимни қайдан оласан? – Зардўз Тур ўғлидан ҳинд матосига гавҳар қадаб, венецианча уқалар билан безалган ҳирқа сотиб оламан. – Шунча пулни қайдан топасан, ўғлим? – дея таажжуб­ланиб сўради шайхулаъзам. Унинг таажжубида жон бор. Бир ой муқаддам тикиб бўлинған бу ҳирқа Истанбул аҳли орасида достон эди. Ноёб пушти гавҳар билан безалган бу мўъжиза ҳирқани вазиру вузаро подшоҳга инъом этиш учун сотиб олишга ҳаракат қилгани сари Тур ўғли унинг нархини оширгани оширган эди. Муҳсин Чалабий қимматбаҳо ҳирқани қандай сотиб олишини тушунтирди: – Ерни, қўтонни, уйимни ҳам гаровга қўйиб, тужжорлардан ўн минг олтин қарз кўтараман. Икки мингини от-улов ва хизматкорларға сарфлаб, қолган саккиз мингига ўша ҳирқани сотиб оламан. Шайхулаъзам унинг режасини ақлсизликка йўйди. – Қайтиб келганингда, – деди у, – ҳирқага ҳожат ҳам қолмайди. Бу либос фақат тантанали маросимларга ярашади. Уни сотиб олсанг, давлатингдан айрилиб, муҳтожликка гирифтор бўласан-ку! – Асло. Саккиз минглик ҳирқани Тур ўғли етти мингга қайтиб олишга рози бўлади. Бу пулга еримни қайтариб олишим мумкин. Агар қолган қарзларни тўлай олмасам, на илож, отамдан мерос қўтонни сотишга тўғри келади. Ахир, ҳадеб давлатдан олавериш инсофдан эмас, ниманидир фидо этиш керак-ку! Муҳсин Чалабийнинг сўзларини эшитгани сари шайхулаъзамнинг ҳайрати ортиб борарди. Кўнгли тас­кин топарди. Ҳукмдорликка нолойиқ золимнинг таъзирини бериб қўядиган муносиб одамни Худонинг ўзи етказиб турибди. Шайхулаъзам оғир кавугини силкитиб жилмаярди. Ў, бу қўрқоқ, эҳтиёткор маслаҳатчилар-ей. Ҳаётларию давлатларидан ажраб қолишдан чўчиб нақадар титраб-қақшадилар-а! Агар элчиликни шулардан бирига топширса, давлатдан кўра кўпроқ ўз манфаатини ўйлар, инъом илинжида барча ҳақоратларга бардош берар эди. Шайхулаъзам тушликка таклиф қилганига қарамай, Муҳсин Чалабий изн истади. Шайхулаъзам уни эшикка қадар кузатиб чиқди. Кейинги олти ой ичида Муҳсин Чалабий катта ери, қўтони, уйи, дўконлари, боғи, полизини гаровга қўйиб, тужжорлардан ўзига керакли маблағни йиғди. Унинг оту хизматкорлари ҳақиқатан ҳам шоҳона эди. Тур ўғлидан тилларда достон бўлган ўша ҳирқани сафардан қайтганида етти мингга қайтариш шарти билан сотиб олди. Ёш хотини, икки боласини қариндошининг уйи­га қўйиб, йўқлигида харажатлар учун рўзғорга етарли пул қолдирди. Сўнг подшоҳнинг ёрлиғини ёнига солиб, йўлга тушди. Йўл юргани сайин янги элчининг ҳашамати-ю кўрки, айниқса, пушти гавҳар безак берилган ҳирқа ҳақидаги овозалар ортиб борди. Бу овоза бутун Онадўлига ёйилиб, Эронга ҳам етди. Ниҳоят, Муҳсин Чалабий тантана билан Табриз қалъасига кириб борди. Бу кичик пойтахтнинг ясан-тусану дабдабага, ялтироқлигу турфа безакларга ўлгудек ўч аҳолиси истанбуллик элчининг ҳирқасини кўриб лол қолди. Шaҳарда, саройда, базмларда ҳам асосий мавзу элчининг ҳирқаси эди. Шоҳ Исмоилнинг ўзи пушти гавҳар ҳирқа ҳақида эшитган-у, сира кўрмаган эди. Шунданми, кўнглида турк элчисига нисбатан кек оловланди. Негадир ундан ўч олгиси келди. Муҳсин Чалабийни қабул қилишдан олдин тахт ортига жаллодларни қўйди, тахт олдидаги кимхоб тўшаклару ипак гиламларни олиб ташлашни буюрди. Шоҳнинг ўнг тарафида вазирлар, чап тарафида сарбозлар саф тортган эди. Муҳсин Чалабий равоқ остидаги эшикдан эркин, дадил қадамлар билан кириб келди. Одатдагидек боши тик, кўкси баланд; У ёнидан султон ёрлиғини олиб тавоф қилди-да, қирмизи, яшил, зангор, бинафшаранг ипаклару олтин уқаларга бурканиб, ваҳший қушларга хос совуқ хотиржамлик билан олтин тахтда ҳурпайиб ўтирган шоҳга узатди.

Шоҳнинг юзи мурдадек оқарди: элчи ҳатто оёғини ўпмади! Ақлини мислсиз ғазаб чулғади-ю, бироқ ўзини босиб, ёрлиғни қўлига олди. Муҳсин Чалабий тахтдан узоқлашиб, атрофга боқди. Ўтирадиган жой йўқ эди. Ўзича табассум қилар экан, “Гап бу ёқда денг! Шоҳ олдида эҳтиром-ла тик туришимни хоҳлабдилар-да! Бу ҳақоратга қандай жавоб қилсам экан?” деб ўйлади. Бирдан хаёлини яшин тилиб ўтгандек бўлди. Муҳсин Чалабий шартта эгнидаги пушти гавҳарли ҳирқани ечди-да, тахт қаршисига – ерга тўшади. Шоҳ Исмоил, унинг вазирларию қўмондонлари элчига ҳайрат-ла боқиб турарди. У эса қимматбаҳо ҳирқага чордона қуриб, сўзлай бошлади. Овозидан жинлару аждарларнинг ажиб тасвирлари билан безалган олтин гумбазлар титраб кетди: – Ёрлиғини қабул қилиб олганингиз буюк подшоҳим Ўғуз Қорахон наслидандир. Дунё яралгандан бери унинг аждодларидан ҳеч қайсиси қул бўлмаган. Уларнинг барчаси подшоҳу хон ўтганлар. Дунё яралгандан бери аждодлари ҳукмдор ўтган подшоҳнинг элчиси ёт подшоҳ қаршисида тик туролмайди. Зотан, дунёда менинг подшоҳимга тенг келадиган ҳукмдор йўқ. Муҳсин Чалабий баланд овоз билан содда турк тилида сўзлаётганда шоҳ қизариб- бўзариб ўтирди (Шоҳ Исмоил, унинг яқинлари ҳам асли турк қабилаларига мансуб бўлиб, турк тилини тушунарди). Ҳаяжондан қўлидаги очишга улгурмаган ёрлиғ титрарди. Тахт ортида турган жаллодлар шай – қилич яланғочлаган эдилар. Муҳсин Чалабий эса сўзида давом этарди. Шоҳнинг аъёнлари, вазирлар, саркардалар, жаллодлар, ҳукмдорларининг сабрига ҳайрон эдилар. Баъзилари ҳатто норозилик ошкор эта бошлаган эди. Сўзини тугатган Муҳсин Чалабий кетишга рухсат ҳам сўрамай ўрнидан турди-да, эшик томон йўналди. Шоҳ Исмоил тош каби қотган эди. Бир неча йил бурун Чалдиронда дарз кетган ғурури бугун бор-йўғи битта туркнинг оловли нигоҳлари остида эриб битди. Муҳсин Чалабий чиқиб кетаётган пайт шоҳ ўзи сингари ҳайратдан қотиб қолган мулозимларидан бирига: – Ҳирқасини бериб юборинг, – дея олди, холос. Навкарларнинг бири ерда ётган ҳирқани кўтариб турк элчисига етиб олдида: – Ҳирқангизни унутдингиз. Олинг, марҳамат, – деди. Муҳсин Чалабий тўхтади, юзида табассум жилваланди. Сўнг эшик томон бурилди- да, шоҳ эшитар қилиб деди: – Йўқ. Мен уни унутганим йўқ. Уни сизга қолдираман. Саройингизда буюк подшоҳнинг элчисини ўтқизишга на гилам, на тўшак кўрдим. Бунинг устига, турк ерга тўшаган нарсасини ҳеч замон қайтиб эгнига илмайди. Наҳот шундан бехабар бўлсангиз? Муҳсин Чалабий кечаю кундуз демай от чоптирди. Ускудорга етганида сариқ чақаси ҳам қолмаган эди. Шунда у шоҳона кийинган хизматкорларига қараб: – Ўғилларим! – деди. – Отларни ҳам, зебу зийнатларни, эгнингиздаги кийиму қимматбаҳо тошлар билан безалган ханжарларни сизга тортиқ этдим. Шунга розимисиз? – Розимиз! Розимиз! – Оллоҳ рози бўлсин, умрингизни зиёда қилсин! Муҳсин Чалабий шу жавобни олиб, уларни тарк этди-ю елкасидан тоғ ағдарилгандек бўлди. Уйини четлаб, денгиз қирғоғида қайиққа ўтирди-да, сарой томон ошиқди. Шайхулаъзам билан юзлашиб, ёрлиғни шоҳга топширгани, ўзини зинҳор ҳақоратга қўймагани, шоҳнинг жавобини ҳам кутмай, Истанбулга қайтганини бирма-бир сўзлаб берди. Элчи бурчини шараф билан адо этганига шубҳаланмаган шайхулаъзам ундан йўл таассуротларини сўраб-суриштирди. Муҳсин Чалабий кетаётган чоқ шайхулаъзам сўраб қолди: – Ҳирқанг қани? Мен уни сотиб олмоқчиман. – Уни олиб келмадим. – Эронда сотдингми? – Йўқ.

– Ўғирлатдингми? – Йўқ. – Ундай бўлса, нима қилдинг? – Ҳеч нарса. Шайхулаъзам ҳар қанча қичаб, савол кетидан савол бермасин, ҳирқанинг қайга ғойиб бўлганини билолмади. Муҳсин Чалабий қилган ишлари билан мақтаниб юрадиган инсонлардан эмас эди. Чалабий шу оқшом Ускудорга қайтиб кетди. У эртаси кун ҳирқани қайтиб олиш учун етти минг олтин кўтариб келган зардўз Тур ўғлига ҳам ҳирқа ҳақида лом-лим демади, Истанбул аҳли ҳар қанча уйдирма тўқиб чиқармасин, пушти гавҳарли ҳирқанинг асл тақдиридан бехабар қолди. Табриз қасридаги воқеа унутилиб, сирлигича қолиб кетди. Бир вақтлар давлати ошиб-тошган Муҳсин Чалабий қарзларидан амаллаб қутулди, аммо еру қўтонини қайтиб олишга қурби етмай, даромадидан ажради. Эронга бориб келган отию қимматбаҳо тошлар билан безалган айилини сотиб, Қўзғунжуқдан бир парча ер олди. Етиштирган ҳосилини бозорда сотиб рўзғор тебрата бошлади. Одамлар кейинчалик: “Бечора, умрининг охиригача Ускудор бозорида сабзавот сотиб кун кўрди, қисмати аччиқ, ҳаёти оғир кечди, лекин ҳеч кимнинг олдида бўйин эгмади”, деб гапириб юрдилар. Э, одамлар. У бор давлатини юрти учун бир дақиқада қурбон этганини улар қайдан ҳам билсин? ЖАҲОНГИР таржимаси. “Тафаккур” журнали, 1995 йил. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: _______________________________________________ Менга ёқди: ______________________________________________________________________________ Хулоса:___________________________________________________________________ __ УЧИНЧИ МАҚОЛА Ушбу мақоламизда кўтариладиган масала жамиятимиздаги энг долзарб ва ҳаммага алоқаси бор бўлган мавзудир. 2019 йил 17 июль куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида халқ таълими тизимини янада ислоҳ қилиш масаласида йиғилиш ўтказилди. Унда кўтарилган асосий масала бу умумтаълим мактаб­лари фаолиятини ва таълим тизимини тубдан яхшилаш, педагогларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, фарзандларимизга билим бериш жараёнини мутлақо янги сифат босқичига кўтаришдир. Агар Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Хитой ва Малайзия давлатларининг ривожланиш тарихига назар солсак, уларнинг бугунги тараққиёти таълим соҳасидаги ислоҳотлар туфайлидир. Бугун биз фарзандларимизни билимга чанқоқ, доимо ўз устида ишлайдиган, масъулиятли этиб тарбияламасак, ёшликдан китобга меҳр қўйишни ўргатмасак, эртага ҳеч қандай ривожланиш ва буюк келажак ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Таълим тизимининг энг муҳим ва зарур шарти ўз устида ишлашни ўргатишдир. Нимага бу иш муҳим? Биринчидан, ўз устида ишлаш инсониятга Одам Ато ва Момо Ҳаводан мерос бўлиб қолган. Сабаби – улар жаннатдан қувилиб ер юзига тушганида, уларнинг

устози бўлмаган ва улар ўз устларида ишлашган, яъни барча нарсани ўзлари ўрганишган. Шу-шу инсонга ўз устида ишлаш кўпроқ самара бериши мерос бўлиб қолган. Иккинчи муҳимлиги, ўз устида ишлаш кўникмасини ёшликдан одатга айлантирмас экансиз, умрингиз фарзандингизга дарс қил, китоб ўқи, ёдла билан ўтади. Хитойда бунинг оддий ечимини топишган экан. Бугун тақдим этадиган ҳикоямиз “Тиришқоқ Юн Су” деб номланади. Юн Су – Хитойда барча болалар учун қаҳрамон. Деярли ҳар бир ота-она фарзандига ушбу ҳикояни ўқиб берар экан. “Тиришқоқ Юн Су” ҳикоясини илк бор ўзбек тилига таржима қилдик. Ўйлайманки, уни ўқиб тугат­ганингиз­дан сўнг ўзингизга камида иккита савол берасиз. Агар маъқул келса, дўстларингизга ҳам илининг. Энг муҳими, биринчи навбатда, фарзандингизга ўқиб беринг. ТИРИШҚОҚ ЮН СУ Бир замонлар Фучжоу яқинида Юн Су исмли болакай яшаган экан. Унинг отаси вафот этиб, онаси билан ёлғиз қолибди. Уйлари бўм-бўш, фақирликда турмуш кечирар эканлар. Айрим пайтлари уйларида бир сиқим гуруч ҳам топилмас экан. Юн Су таълим олиш ёшига етибди, лекин унда на қоғоз, на сиёҳ, на ёзиш учун чўпқалам бор экан. Шундай бўлса-да, Юн Су “ўқийман”, дея қатъий аҳд қилибди ва қашшоқликдан чиқиш йўлларини излай бошлабди. У буни – қашшоқликдан, ночорликдан қутулишнинг ягона йўли илм эканини биларди. Ва келажакда болалари ҳам ўзига ўхшаб камбағалликда яшашини хоҳламасди. Эртасига эрталаб бадавлат қўшнисининг ёнига келиб, шундай дебди: “Эшитишимча, уйингизга хизматкор излаётган экансиз. Илтимос, мени ёлланг! Тўғри, ёшим катта эмас, лекин шунга яраша кўп нарса ҳам сўрамайман: ҳар замонда ўғилларингиз қандай ўқиётганини кўриб турсам бас, шунинг ўзи кифоя”. Бой “текин хизматкор топилди”, деб хурсанд бўлиб, розилик берибди. Юн Су бойнинг уйида эртадан кечгача меҳнат қилар экан. Ҳамма оғир ишлар унинг зиммасида эди. Лекин Юн Су аҳён-аҳёнда хўжайини фарзандларининг китобларига кўз ташлаш имконига эга бўларди. Баъзида эса унга дарсларни тўлиқ тинглаш ҳам насиб қилар экан: ўқитувчи келганида Юн Су бурчакка беркиниб олиб, дарсни кузатар ва шу тариқа билим оларди. Бир йилдан кейин у сўзларни мустақил таҳлил қила бошлабди. Лекин бахтга қарши у ёзишни билмас экан! Ёзадиган нарсаси ҳам йўқ экан. Юн Су “нима қилиш мумкин?” дея ўйланиб қолибди ва ечимини топибди. Юн Су онаси билан денгиз бўйидаги кичкина уйчада яшарди. Денгиз тўлқинлари қирғоқдаги қумни кун давомида текислар экан. Шундан фойдаланиб, Юн Су узун таёқни олиб, қирғоққа келибди. Чаққонлик билан қумга сўз ёзибди. Тўлқин келиб, сўзни ювиб кетибди. Болакай яна ёзибди – бошқа тўлқин сўзни яна ювиб кетибди. Бу тарзда у қалам ва қоғозсиз битмас-туганмас сўзлар ёзиши мумкин эканини тушунибди. Лекин энди унда китобга эҳтиёж пайдо бўлибди. Кунларнинг бирида Юн Су бой хўжайинининг ёнига бориб, шундай дебди: “Мен хонадонингизда текин хизмат қилдим – энди менга ҳақ тўлашингизни сўрамоқчиман: хизматим эвазига менга китобларингизни ўқишга рухсат берсангиз, мен яна бир йил сизга бепул ишлаб беришга розиман”. Хўжайин бундай наф келтирадиган хизматкорни йўқотиб қўйишдан қўрқиб, рухсат берибди. Энди Юн Суда китоб ҳам бор эди. Кўпинча, у қоронғу тушгунча ишлашга мажбур бўлар, тундагина ўқишга вақт топар экан. У шунчалик йўқсил бўлган эканки, ҳатто чироқ учун ёғ ҳам сотиб ололмас экан.

Бироқ Юн Су таслим бўлмабди. У ой ёруғида ўқиб, ёзишга одатланибди. Ой бўлмаганида эса Юн Су кечаси ялтираб кўринадиган қуртларни ўтлар орасидан териб олиб, уларни қоғоз фонусга солиб қўяр экан. Шу ҳашаротларнинг кучсизгина ёруғи остида тиришқоқ Юн Су тунда мутолаа қилишни давом эттирар экан. Орадан кўп йиллар ўтибди. Юн Су ниятига етибди – буюк олим бўлиб етишибди. Аммо ҳали-хануз одамлар камбағал кичкинтой Юн Сунинг тиришқоқлигини тез-тез ёдга олишар экан. Қайдлар учун:. Мен нимани тушундим: ____________________________________________________________________ Менга ёқди: _______________________________________________________________________________ Хулоса:______________________________________________________________________ Фарзандингизга ўқиб бердингизми? Ҳа________ Йўқ_______ ТЎРТИНЧИ МАҚОЛА Энди сизга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоям “Тириш­қоқ Юн Су”нинг мантиқий давомидир. Ушбу воқеа ўзимнинг ҳаётимда бўлиб ўтган. ҲИНД РАКЕШ 2017 йилда ўғлим Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида бўлиб ўтган Менталь арифметика бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этди. Мен кузатувчи сифатида у билан бирга бордим. Мусобақада 35 давлатдан 6 ёшдан 14 ёшгача бўлган 700 нафар бола иштирок этишди. Мусобақа бошланди, ташкилотчилар томонидан шаффофликни таъминлаш мақсадида катта залда ота-оналар учун экранлар ўрнатилган ва тўғридан- тўғри эфирда ҳамма кузатиб турипти. Менинг диққатимни тортган нарса ёнимдаги Ҳиндистондан ташриф буюрган эр-у хотин бўлди. Уларнинг ташқи кўринишидан билиниб турибди – ўзига тўқ оила эмас. Ўзларининг ҳайкалчаларини қўйиб олиб тинмасдан дуо қилишарди. Мен уларнинг ёнига бориб ўтирдим ва суҳбатга тортдим. “Нимага бунча ҳаяжондасизлар, менинг ўғлим ҳам иштирок этяпти, фарзандларимизнинг шу ерга келганининг ўзи катта ютуқ”, дедим. Шунда эри ўз ҳаётини менга сўзлаб берди. Унинг оиласига ва фарзандига бўлган муносабатини кўриб таъзим қилдим. Унинг ҳикояси мени бутунлай лол қолдирди. Бугунги кунда Президентимизнинг болаларимизни, ёшларимизни жисман соғлом, руҳан баркамол, илму маърифатли, етук салоҳиятли бўлишлари учун жон куйдиришлари, яратаётган имкониятларидан унумли фойдаланаётган, фарзандлари тақдири учун қайғураётган ва ёки, аксинча, бу жараёнларга мутлақо бефарқ бўлаётган ота-оналарни кўрсам, шу воқеа ёдимга тушади. Воқеага қайтамиз. Ҳинд кишининг исми, адашмасам, Ракеш эди. Оиласи Калькутта шаҳрида яшар экан. Жуда қашшоқ ҳолда кун кечиришган, отаси, бобоси – барчаси муҳтожликда яшашган экан. Ракешнинг таъкидлашича, авлоддан авлодга мерос бўлиб келаётган камбағаллик жонига теккан ва фарзандлари, набиралари келажакда унга ўхшаб қашшоқликда кун кечиришини мутлақо хоҳламайди. Узоқ ўйлаб бунинг ягона йўли фарзандига илм бериш ва шу йўл билангина бу мерос бўлиб келаётган ботқоқликдан чиқиши

мумкинлигига кўзи етган. Шундан сўнг эр-у хотин тун-кун ишлаб топган пулини боласининг илм олишига сарфлаган. Ракешнинг айтишича, улар фақат нонушта қиларкан, “тушлик ва кечки овқат емаймиз, агар уч маҳал овқатлансак, яъни ота- онамга ўхшаб топган пулимизга фақат овқат есак, унда боламни ўқитишга пулимиз етмайди ва у ҳам менга ўхшаб ночор ҳаёт кечиради. Кийим-кечакдан деярли воз кечганмиз, тўртта фаслга битта кийим етади, ҳамма топган пулимизни ўғлимизнинг математикани ўрганиши ва мактабига сарфлаймиз…” Ҳа, илм – ягона нажот йўли, ҳар қандай ночорлик ва камбағалликдан қутулиш, ёрқин келажакка умид қилишга куч берадиган мўъжизадир. Мусобақа тугади, Ракешнинг фарзанди учинчи ўринни олди – эру хотиннинг хурсандчилигини, ҳаётдан мамнунлигини кўрсангиз эди! Мен ишонаман – ҳиндистонлик Ракеш ҳали ўзи орзу қилганидек, отамерос қашшоқликдан бутунлай қутулади! Чунки, у энг тўғри, энг машаққатли, энг шарафли йўл – фарзандини илмли қилиш йўлини танлади. Мана шундай ота-оналар жамиятда кўпайишини хоҳлайман, фарзандининг зиёли бўлиши учун жон куйдирадиган, кечаси ишдан чарчаб келганида, фарзанди ёнига китоб кўтариб келиб, ўқиб беринг, деса, барча чарчоқларини унутиб, сакраб туриб боласи билан китоб ўқийдиган, соатлаб ижтимоий тармоқларда ўзини кўз-кўз қилиш ўрнига фарзандига бадиий китоб ўқиб берадиган, чойхона-ю ресторанга бормай, фарзанди билан китоб дўконига бориб, энг сара асарларни харид қиладиган, кутубхоналардан китоб қидирадиган ота-оналарга таъзим қилгим келади. Жамият таназзулга юз тутишига, емирилишига асосий сабаб маънавият ва маърифатдан узоқлашишдир. Орамизда шундай одамлар бор – ўзи ҳаётида бир мартагина кўрган одамини тўйга чақириб, ҳар бирига 125 мингдан 500 кишига пул тўлаб, тўй қилади, бироқ инглиз тили репетиторига 30 минг сўмни қизғанади. Уч қаватли сарой қуради, йилда бир марта келадиган меҳмон учун катта меҳмонхона солади, йигирматалаб хонаси бўлатуриб, маънавият ўчоғи бўлган битта кичиккина кутубхонаси йўқ оилалар қанча. Минг афсус… Ҳурматли ота-оналар! Келажагимиз илмли, зукко фарзандлар қўлида. Шундай экан, келинглар, биргаликда келажагимизга мос фарзандлар тарбиялайлик. Агар биз бу йўлда бирлашмасак, барчамиз биргаликда келажак учун қайғурмасак, таълим ва тарбия билан шуғулланмасак, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: ____________________________ ________________________________________________________________________________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ ____ Хулоса: _______________________________________________ ________________________________________________________________________________ __________________________________________ БЕШИНЧИ МАҚОЛА ФАРЗАНДИМГА МАКТУБ Ассалому алайкум! Азиз дилбандим! Бугун сенга мактуб ёзмоқдаман. Ушбу мактубни дадангнинг хатоларини такрормаслигинг, ютуқларига дадангдан-да тезроқ эришишинг, энг

муҳими, ҳар қандай синовли кунларда ҳам Инсонлигингни сақлаб қолишинг учун ёзмоқдаман. Сен дунёга келганингда мендан бахтли инсон йўқ эди. Илк бор ўзинг мустақил қадам босганинг, тилинг чучукланиб “дада” сўзини айтганинг, ўзинг мустақил равишда телефон рақамимни териб, “Қачон ишдан келасиз?” деганларинг кечагидай ёдимда. Ўшанда мен жуда бахтли эдим. Фарзандим, ушбу мактубни ёзишимнинг асосий сабабларидан яна бири, бугунги тез ўзгарувчан, технологиялар кун сайин эмас, сония сайин ўзгариб, шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда сенинг келажагинг ва эртанги кунга тайёр бўлишингдир. Бу нарса мен учун жуда муҳим. Сенинг кечаги мулоҳазаларинг, яъни “Дада, телевизорда кўрдим, 2030 йилга бориб роботлар одамларнинг ўрнини эгаллар экан, 700 миллион инсон иш ўринларини роботларга топширар экан. Мен унда айни 21 ёшга тўлган, энди университетни тамомлаган бўларканман. Нима, мен ишсиз қоламанми?” деган саволинг мени тун бўйи ўйланиб чиқишга мажбур қилди. Ўғлим, фақат ота-онагина фарзанди учун ҳеч иккиланмай, бир сония ҳам ўйламасдан жонини фидо қила олади. Мисол учун, буюк шоҳ ва саркарда Бобур Мирзо шунча фарзанди ва давлати бўлатуриб, шаҳзода Ҳумоюннинг дардини Оллоҳдан ўзига сўрайди. Мана шундай фидокорликлари туфайли ҳам ота-оналарни рози қилиш мукофотига жаннат ваъда этилгандир. Ҳеч бир ота-она фарзандига асло ёмонликни раво кўрмайди, ўзи бошидан кечирган қийинчиликни у ҳам босиб ўтишини хоҳламайди. Фарзандим, 2030 йилга келиб, ишсиз қолишни истамасанг, технологиялар ривожланган замонда инсонийлигингни йўқотишни хоҳламасанг, ота-онанг дуосини олиб, жаннати бўлишни истасанг, насиҳатларимга амал қил. Энг муҳими, кимдир ёки нимадир учун илм олма. Яъни баҳо учун, мен учун ёки амал учун. Илм йўли ибодат. Масжидга ҳамма кириши мумкин, кимдир томоша қилишга, кимдир атрофдагиларга ўзини кўрсатиш учун. Кирдингми, юракдан Оллоҳ учун ибодат қиласан. У ерда алдов йўлига ибодат қилиб бўлмайди – Худо ҳаммасини билиб туради. Илм ҳам шундай, бу йўлга кирдингми, чин юракдан илм ол. Ҳеч қачон эришган ютуғинг билан чекланиб қолма. Имом Бухорий бобомиз айтганидек, “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмагай”. Иккинчи муҳим маслаҳатим, ҳар доим хулқинг устида ишла, ахлоқингни кундан кунга юксалтириб бор. Буюк олим бўлишинг, ўнта тилда гаплашишинг мумкин, бироқ тарбиянг, хулқинг чиройли, фаросатинг юксак бўлмаса, сени ҳеч ким тан олмайди. Бизни ғарбдан ва ўзга миллатлардан ажралиб турадиган энг муҳим хислатимиз шарқона тарбиямиздир. 20-аср бошида Абдулла Авлоний бобомиз: “Тарбия бизлар учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир”, деб таъкидлаган. Ҳар доим ўзингдан катталарга ҳурмат билан муносабатда бўл, кичикларга эса иззат кўрсат. Мақтовдан узоқ юр – у сени манманликка чорлайди. Ўзингдан кучсизлар устидан асло кулма. Қўлингдан келса ҳаммага ёрдам бер, яхшилик қилишга имконинг бўлмадими, ёмонлик ҳам қилма, ана шу сенинг яхшилигинг бўлади. Ҳар доим наф­сингни назорат қилишни ўрган. Ҳамма тарбиясизлик нафсни жиловлай олмасликдан бошланади. Тўйиб овқатланма, ҳар доим сал очроқ юр, ҳам овқатда, ҳам билимда – барча нарсада, шунда сенда ҳар доим янгиликка интилиш ва иштиёқ бўлади. Тўқ қорин фақат уйқу ва дангасаликка чорлайди. Учинчи маслаҳатим, жисмоний баркамол бўл. Саломатлигингга ҳар доим эътибор бер. Ёшлигингдан битта пассив ва битта актив спорт билан шуғуллан. Масалан, пассив спорт туридан шаҳматни танла. У ақлингни чархлайди, ҳаёт қонун-қоидаларини ўргатади. Ҳаёт ҳам шаҳматга ўхшайди – битта хато қилсанг, жазоланасан. Хато қилишингни кутадиганлар, сени чалишни, чалғитишни хоҳловчилар жуда кўп.

Шаҳматда ким ютади – 4-5 беш қадам олдинни кўра оладиган, ҳар бир ҳаракатни олдиндан ҳисоблаб чиқадиган ва қабул қилган қарорининг натижаси қандай тугашини аниқ биладиган ўйинчи ютади. Ҳаёт ҳам худди шундай, агар ҳаёт қонуниятларини яхшилаб ўрганиб чиқиб, кейин ўйинга киришсанг, камдан-кам ютқазасан. Ҳаёт ҳам оқ-қора йўлаклардан, ёруғлик ва қоронғуликдан иборат. Агар қоронғуликка тушганда ўзингни йўқотиб қўйиб, ўрнингдан қайта тура олмасанг, сени устингдан босиб ўтишади. Шунинг учун айтишади, “Кучли инсон ғолиб эмас, балки йиқилиб, яна туриб курашган ва ютган инсон асл ғолибдир”. Шунингдек, албатта, ёшлигингдан битта актив спорт турини танла, бу футбол бўладими, сузиш, теннис, кураш ёки бокс. Ушбу спорт турлари сенинг қадди-қоматинг расо, жисмонан соғлом бўлишинг учун жуда муҳим. Сен соғлом бўлсанггина, ўзинг ва билиминг ҳаммага керак бўлади. Тўртинчи маслаҳатим, тўғри овқатланишга қаттиқ эътибор қаратгин. Ҳар хил кимёвий моддалар қўшиладиган овқатлар, fast food, газли ичимликлардан ўзингни тийишни ўрган. Яна бир бор айтаман, ҳеч қачон тўйиб овқатланма, оз-оздан тез-тез овқатланишга одатлан. Мева, сабзавотларни кўпроқ истеъмол қил. Бешинчи маслаҳатим, ҳар доим озода, тартибли кийиниб юр. Сочинг, тирноғинг, оёқ кийимингга эътибор бер. Ёнингда доим дастрўмол бўлсин. Уйдан чиқишдан олдин кўзгуга қарашни одат қил. Ҳеч қачон моданинг ортидан қувма, барчанинг эътиборини тортадиган ранг-баранг, очиқ-сочиқ кийинма. Кийган кийиминг ўзингга ярашсин. Шунингдек, ҳар куни бир хил кийим кийма, битта элементни бўлса ҳам алмаштир. Инсонлар кийимингга қараб кутиб олишади ва ақлингга қараб кузатиб қўйишади – буни унутма. Олтинчи маслаҳатим, ҳар куни озгина бўлса ҳам, бадиий китоб ўқишни одат қил. Сабаби, юнон файласуфи Декарт айтганидек, “Cogito ergo sum”, яъни “Мен фикр­лаяпман, демак мавжудман”. Билгилки, бадиий китоб дунёқарашингни кенгайтиради, ҳар бир масалага ўзига хос ечим, ўзгача ёндашув билан қарашга ўргатади. Шунинг учун ҳам ҳар куни нимадир ўқи ва албатта, менга айтиб бергин. Мен эса ишдан чарчаб келишимга қарамай, ишхонадаги муаммолар-у барча асаббузарликларни унутиб, сени диққат билан эшитаман. Чунки сенга бугун эътибор берсам, сен учун вақт ажратсам, эртага нафақага чиқиб, кимдир менинг гапларимни эшитишини хоҳлаганимда, сен ҳам ёнимда турасан. Бу дунё қайтар дунё. Навбатдаги маслаҳатим: агар эртага ўрнингни роботлар эгаллашини хоҳламасанг, албатта, санъатга меҳр қўйгин. Фарқи йўқ, мусиқа асбобини (скрипка, пианино, рубоб ва ҳоказо) чалишми, актёрлик тўгарагига боришми, рассомчиликми, албатта, бирор ижодий фаолият билан шуғулланишинг керак. Бу сенга ижодкорликни, креативликни, фикрлашда маҳдудликни бузиб, янгиликлар киритишга ўргатади. Роботлар эса ҳеч қачон бу ишларни қила олмайди. Шу кўникмаларинг билан сен роботларга янги иш топиб берасан. Шунингдек, фарзандим, тил ўрган. Аввало, ўз она тилингни мукаммал ўрган. Сўнг мактаб давридаёқ рус ва инглиз тиларини тўлиқ ўзлаштириб ол. Сабаби, дунё адабиётлари ва интернетдаги маълумотларнинг қарийб 70 фоизи шу тиллардадир. 21 ёшингда ушбу тилларни ўрганганингдан сўнг янги биронта тил ўрган (хитой, немис, француз ёки корейс тилини). Бу сени мукаммал бўлишингга ва хотирангни яхшилашга хизмат қилади. Ниҳоят, охирги маслаҳатим, ҳаётингда бирор жиддий қарор қабул қилишдан олдин етмиш марта ўйла, оқибати нима билан тугашини бил ва сенинг қароринг оиланг, ота- онанг, яқинларинг шаънига зарар етказмаслигига ишончинг комил бўлгандан сўнггина уни қабул қил ва ижросини охиригача етказ. Ҳаётда ўз принципларингни ишлаб чиқ ва уларга амал қил. Ичкилик ва тамакидан, вақтинчалик обрўдан, бемаъни зиёфатлардан ва синалмаган дўстлардан йироқ юр.

Фарзандим, ушбу маслаҳатларимга амал қилсанг, сени буюк келажак кутади. Ватанга хизмат қилиш бу шарафдир. Ҳар бир қилган ишингдан халқинг рози бўлса ва отангга раҳмат, деган сўзни айтса, берган тарбиямга рози бўламан. Бир файласуфдан сўрашибди: – Бу дунёда энг бахтли ота ким? Файласуф жавоб берибди: – Фарзандига берган тарбияни набирасида кўрган ота энг бахтли отадир. Мен ҳам шундай бахтли ота бўлишни истайман. Ушбу мактубдаги маслаҳатларимга амал қилиб, уни келажакда ўз фарзандингга ўқиб берсанг, демак, мен тўғри йўлни танлаган бўламан. Сени доимо жонидан ортиқ кўрадиган ва ҳар сонияда сенинг камолингни ўйлайдиган Падари бузрукворинг Отабек Хасанов *Азиз ўқувчи! Ушбу мактубни сиз ҳам, хоҳлага­нингизча қўшимчалар қўшиб, фарзандингизга йўлла­шингиз мумкин. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: ____________________________ _________________________________________________________________ _______________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ ____ Хулоса:_______________________________________________ ________________________________________________________________________________ __________________________________________ Фарзандингизга ўқиб бердингизми? Ҳа________ Йўқ_______ ОЛТИНЧИ МАҚОЛА РАҲБАР ВА ЛИДЕР Ушбу воқеа бундан олти юз йил муқаддам, яъни XV асрда бўлиб ўтган. Иккита катта кема Европадан Осиёга қараб йўлга чиқади. Икки кеманинг ҳам ўз капитанлари, яъни раҳбарлари бор эди. Аввал биринчи кема воқеасини ҳикоя қилсак. Биринчи кема капитани Жон жуда қаттиққўл эди. У ҳар доим кеманинг барча аъзоларини назорат қилар, ҳеч кимни бир сония ҳам ишсиз қолдирмасликка интилар эди. Унинг бошқарув фалсафаси – ходимлар ҳар доим ҳаракатда бўлиши, ҳеч кимнинг бир сония ҳам бўш вақти бўлмаслиги, кема аъзоларида доим ундан чўчиб туриши керак, шунда натижа бўлади, деган фикрда эди. Ҳақиқатдан ҳам, бу ўз натижасини берарди – кемада қатъий тартиб-интизом ҳукмрон, ҳаммаёқ ҳар доим топ-тоза, ҳар ким ўз ишини билиб қилар, жамоа кун-у тун банд, 24 соат ҳаракатда эди.

Бироқ жамоа аъзоларининг ичида яширин қўрқув ҳукмрон эди. Ушбу кемада анъаналар устунлик қилар, ҳеч ким ҳеч қачон ўз ташаббуси билан янгилик қилишга ҳаракат ҳам қилмас эди. Сабаби, ташаббус жазоланарди. Кема сафарнинг 11 куни қаттиқ тўфонга дуч келди. Кечаси билан кема бортидаги барча матрослар тўфон билан курашди. Табиат инсон кучидан устунлик қилди ва кема сув тубига ғарқ бўлди. Кема аъзо­ларининг барчаси тирик қолди, сабаби тўфон шундоққина кичик бир оролча ёнида содир бўлганди. Шу оролча кема аъзоларининг жонига оро кирди ва уларнинг тирик қолишига сабаб бўлди. Тонгда кема капитани оролни айланиб чиқди ва жамоани йиғиб мажлис ўтказди. Унда кечаги тўфондан сўнг бор-йўғи 5 кунлик озиқ-овқат захираси қолгани ва бу ердан тез кетиш тараддудини кўриш лозимлигини айтди. Инсонлар яшайдиган энг яқин катта оролга етиб боришлари учун вақтинчалик кема қуриш кераклиги ва бу ишни 3 кунда амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. Барчага иш бўлиб берди, ўзи уларни қаттиқ назоратга олишни бошлади. Икки кунлик тинимсиз меҳнатдан сўнг ҳамма чарчади ва капитандан бироз дам олишга рухсат сўрашди. Бироқ тушунтириш ва уринишлар зое кетди. Капитан фақат олға, деб бақирар, бир сония ҳам ҳеч кимга тиним бермасди. Учинчи куни кечаси ҳамма чарчаган, ҳолдан тойган ҳолда зўр-базўр ишлар эди. Бир чол кеманинг энг нозик жойи бўлган пастки қисмини рандалаётганда кўзи кетиб қолди ва ёғочни қалинлигини керагидан ортиқ йўниб қўйди. Учинчи кун капитан таъкидлаганидек, кема ҳам тайёр бўлди. Уни текширишга ҳам вақти бўлмади ва барчага тез кемага чиқишга топшириқ берди. Капитан ўзининг қаттиққўллигидан хурсанд эди, чунки у ўз натижасини берган эди, яъни 5 кунда тайёр бўлиши керак бўлган кемани 3 кунда тайёрлатган эди. Ҳикоямизни иккинчи кема саргузаштлари билан давом эттирсак. Демак, иккинчи кема ҳам денгизга савдо-сотиқ учун йўлга чиққан эди. Кема капитани шотландиялик Аллан эди. У ҳақиқий лидер эди, яъни ҳар доим жамоаси учун қайғурадиган, унинг учун шахсий ютуқдан кўра жамоа­вий ютуқлар муҳим эди. Жамоасини қийин вазиятлардан ақл- заковати билан олиб чиқар ва сафдошлари у билан ҳар қандай қийинчиликлардан асло қўрқмасди, чунки уларнинг капитани ҳақиқий етакчи эди. Жамоа аъзолари бир-бирлари билан маданиятли, зиёли кишилардек муносабатда бўлишар, кемада ҳар доим юқори кайфият, дўстона муҳит, хурсандчилик авжида, ҳамма ўз ишини билиб қилган, тозалик ва тартиб ҳукмрон эди. Сафарнинг 9 куни қаттиқ шамол ва тўфон бошланди. Жамоа нечоғли ҳаракат қилмасин, фойдаси бўлмади – кема кичик бир оролчага бориб урилди ва денгиз тубига ғарқ бўлди. Тонгда барча кема аъзолари оролчада ётишарди. Ҳамманинг кўнглидан фақат бир ҳадик ўтарди: нима, энди шу оролчада ўлиб кетамизми?! Капитан Аллан оролни кўздан кечириб чиқиб, бу ерда яшаш учун ҳеч қандай имконият йўқлигини тушунди. У ҳаммани йиғди ва баланд овозда мурожаат қила бошлади: “Ҳурматли кемамиз аъзолари. Биз бир-биримизни кўп йиллардан бери таниймиз. Биз бир жамоа, бир тан-у бир жон бўлиб кетганмиз. Ҳаётимиз давомида жуда кўп қийинчиликларни кўрганмиз ва уларни биргаликда енгиб ўтганмиз. Бугун Худо бизни яна бир синовга дучор қилди. Бизнинг олдимизда иккита йўл мавжуд. Биринчиси, захирамизда 5 кунлик озиқ-овқат бор, тақдирга тан берамиз ва 5 кун бор захирамиз билан озиқланамиз. Олтинчи куни оч қоламиз. Саккизинчи куни очлик бизни ҳайвонга айлантиради. Тўққизинчи куни кучлилар кучсизларни ейишни бошлайди. Ўн биринчи куни кучлилар бир-бирини ейишни бошлайди. Ўн тўртинчи куни энг кучлимиз ёлғизликда, азобда, қийналиб ўлади. Келажакда фарзандларимиз бизларни қидириб келишади ва тақдиримизни кўриб ҳайратланади ва бизнинг фарзандимиз бўлга­нидан минг марта афсусланади ҳамда биз тарихда “ваҳшийлар” деган ном оламиз.

Иккинчи йўл эса. Биз бор ақлимиз, салоҳиятимиз ва кучимизни бирлаштирамиз ва янги кема ясаймиз. Бу ерда катта дарахтлар мавжуд. Шундай кема ясаймизки, биздан сўнг у фарзандларимизга, авлодларимизга мерос бўлиб қолсин. Ушбу кема келажак авлод учун бизнинг жамоамизнинг нақадар мустаҳкам бўлганини эслатиб турсин. Тасаввур қилинг, биз яна океанга қайтамиз, сув шовқини, юзингизга уриб турган шабадани ҳис қилинг. Марҳамат, келинглар келишиб икки йўлдан бирини танлайлик. Ҳамма ўз фикрини айтишга ҳақли”. Барча бир овоздан иккинчи йўлни, яъни янги кема ясашни танлашди ва ўзлари билиб- билиб, ишни бошлашди. Кема лидери Аллан ҳам енг шимариб барча қатори меҳнат қилар, керакли жойда жамоа билан маслаҳатлашар эди. Тўртинчи кун кема тайёр бўлди, уни сувга тушириб текширишди. Ушбу кема аввалги кемадан анча ишончли эди. Кема ўз манзили сари йўлга отланди. Энди яна биринчи кема, яъни қаттиққўл раҳбар Жон ҳикоясига қайтамиз. Денгизга чиққанининг иккинчи куни кеманинг пастки қисмидан сув сизишни бошлади. Барча тушуниб етди – дам олишсиз, шошма-шошарлик билан ясалган кема сифатсиз эди. Учинчи куни кема денгиз тубига ғарқ бўлди. Иккинчиси – Аллан бошчилигидаги кема эса манзилга шамол тезлигида етиб борди. Ушбу мустаҳкам кема йиллар давомида хизмат қилди. Энг қизиғи, бу кема ҳозир ҳам Шотландияда сақланяпти. Ҳар йили Аллан каби ажойиб лидер ва унинг мустаҳкам жамоасининг шарофати билан яратилган кемани кўришга миллионлаб туристлар ташриф буюришади. Капитан Аллан айтганидек, бу кема неча асрлардан буён авлодларга хизмат қилмоқда. Сўнгги сўз ўрнида Ҳар бир раҳбар ўйлайдики, қаттиқўллик, доимо назоратда ушлаш натижа беради деб. Тўғри, натижа беради, бироқ у ташкилотда янгилик, креативлик ва инновация бўлмайди. Лидер бор ташкилотда ҳар бир жамоа мақсадни билади. Унга етишиш учун бор кучи билан хизмат қилади. Унинг устидан ўн нафар назоратчи керак эмас, у қачон раҳбар хонасининг чироғи ўчишини ва кетишини ҳам кутиб ўтирмайди. Виждони унинг энг катта назоратчисидир. Агар сиз ташкилотингизда янгилик ва инновация бўлишини хоҳласангиз, унда қўл остидагиларингиз билан шундай муносабатда бўлингки, улар ўзларини ташкилотнинг бир қисми эканини ҳис қилсин, ўз келажагини ташкилот келажаги билан боғлай олсин. Ана шунда меҳнат жамоангизнинг муваффаққиятли натижалари сизни қувонтириши шубҳасиз. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: ____________________________ ________________________________________________________________________________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________________ ____ Хулоса:________________________________________________ ________________________________________________________________________________ __________________________________________ Савол: Сиз раҳбармисиз ёки лидер?

Мен раҳбарман (нима учун, асослаб беринг)_________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ Мен лидерман (нима учун, асослаб беринг)__________ _____________________________________________________________ _____________________________________________________________ ЕТТИНЧИ МАҚОЛА НИМА УЧУН БАДИИЙ КИТОБ ЎҚИШИМИЗ КЕРАК? (Ёхуд “миямиздаги кинотеатр”) Бугунги мавзуимиз “Нима учун бадиий китоб ўқишимиз керак?” деган саволга жавоб топиш ҳақида. Ёшлигимда уйимизда энг кўп эшитган сўзларимдан бири “бадиий китоб ўқи”, деган даъват бўларди. Менда эса доим бир савол туғиларди, “нима учун мен бадиий китоб ўқишим керак?” Бироқ бу саволга ўзим кутган жавобни ҳеч кимдан ололмаганман. Лекин барибир бадиий китобларни ўқирдим. Йиллар ўтиб, бу саволга жавоб топдим. 2012 йили АҚШда хорижий стажировкада бўлдим. Калифорния штатида бўлган бир учрашув умрбод ёдимда қолди. Бир куни эълон ўқиб қолдим. Унда таниқли бир режиссёр билан “Энг яхши кинотеатр ва кино” мавзусида ижодий учрашув бўлиши ва унда барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкинлиги ёзилганди. Бундай имкониятдан фойдаланиш мақсадида, мен ҳам ушбу учрашувга бордим. Бинода 100 га яқин мен каби қизиқувчан ёшлар тўпланишган. Барчамиз режиссёрнинг келишини кутмоқдамиз. Ундан қандайдир фалсафий ёки профессионал мазмундаги маъруза тингласак керак, деган хаёлдамиз. Ниҳоят, биз кутган режиссёр кириб келди. Оддий ва камтарона кийимда. Ташриф буюрганларнинг кўплигини кўриб ҳайрон ҳам қолди. Салом-аликдан сўнг бир қизиқ савол билан барчамизга мурожаат қилди. “Дун­ёдаги энг сифатли ва қулай кинотеатр қаерда жойлашган?”. Кўпчилик кутилмаган саволдан ҳайрон қолди. Шунда биринчи қаторда ўтирган қиз Сан-Фран­цискода жойлашган “The Castro Theatre” кинотеатри, деб жавоб берди, сабаби у АҚШдаги энг қадимий кинотеатрлардан биридир. Жавоб нотўғри. Иккинчи қаторда ўтирган кореялик йигит “Сеул шаҳридаги “Ciné de Chef” кинотеатри бўлиб, унда сиз кино вақтида бемалол овқат буюртма қилишингиз мумкин. Бир вақтнинг ўзида ҳам кинодан, ҳам овқатдан завқланишингиз мумкин. Шуниси билан ҳам қулай ҳисобланади”, деди. Жавоб яна хато. Тепароқда ўтирган қиз қўлини кўтариб, мен дунёнинг кўп мамлакатларида саёҳатда бўлганман ва албатта, кўп кинотеатрларга ҳам борганман. Сизнинг саволингизга жавоб бу – Афинадаги “Cine Thisio” кинотеатридир. Ушбу кинотеатр очиқ осмон тагида жойлашган. Шундоққина Акрополя ва Пантеона ёнида жойлашган сиз ўзингизни антик даврга саёҳат қилгандай ҳис қиласиз, деди. Тўғри жавоб яна йўқ. Шундан сўнг аудиториядагилар яна Лондондаги, Москвадаги, Берлиндаги, Токиодаги ўнга яқин кинотеатрларнинг номлари ва у ердаги қулайликлар ҳақида айтишди. Барчасига режиссёр томонидан рад жавоби берилди. Сўнг барча ташриф буюрувчилар бир овоздан топа олмадик, ўзингиз айтинг, дейишди. Режиссёр томонидан берилган жавоб мени бутунлай ўйлантириб қўйди. У ўнг қўли билан пешонасига уриб “мана энг зўр ва сифатли кинотеатр”, деди. Бутун зал бир овоздан кулиб юборди. Шунда у шошилмай, ушбу фикрини асослашга ўтди. “Тўғри, бу жавобим сизларга ғалати туюлаётгандир ёки мени қариб қолди, деб

ўйлаётгандирсизлар. Йўқ! Фикримни сизларга исботлаб берсам. Ҳар бир инсон бадиий китоб ўқиганида мия­си ишга тушади ва ўқиётган воқеани сюжет шаклида кўришни бошлайди. Кино – бу режиссёр тасаввуридаги ҳолатни тасмага тушган шакли. Шунинг учун аввал китоб ўқиб, сўнг ушбу асарга ишланган кинони кўрсангиз, биринчи берадиган саволингиз “мен воқеани ёки актёрларни бошқача тасаввур қилган эдим. Ўхшамабди, менинг Жульеттам бошқачароқ, сал бўйи узунроқ эди. Кинода эса пастроқ” дейиш бўлади, яъни сиз китобни ўқиш жараёнида “кинотеатр”ингиз ишга тушади ва ушбу кинони режиссёри ўзингиз бўласиз. Бу ерда савол туғилади, яъни нимага баъзи кинолар зерикарли бўлади ёки кинотеатрлар ҳувиллаб қолган? Бунинг жавобини сизларга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Демак, келинг, аввал ҳар биримиз ўзимизнинг кинотеатрни қандай қуришимиз мумкинлиги ҳақида гаплашсак. Агар сиз кўп бадиий китоб ўқимаган бўлсангиз, демак, сизнинг онгингизда 1925 йиллардаги, яъни Чарли Чаплиннинг оқ ва қора тасвирли ҳолатдаги кинотеатр ишламоқда. Шунинг учун сизнинг кинотеатрингиз жуда зерикарли ва сифатсиз. Бундай ҳолатда китоб ўқиганингизда кўнгил айниши, бош оғриғи ва уйқу каби ҳолатларга дуч келасиз ҳамда китоб бошланмасдан ёпилади. Тасаввур қилинг, ҳозирги энг кассабоп кинони олайлик, “Аватар” киносини ҳам оқ-қора тасвирда сизга ҳозир қўйиб берсам, ўн дақиқадан сўнг залда деярли ҳеч ким қолмайди. Худди шундай бадиий китобни ҳам замонавий 3D кўзойнагида воқеаларни кўриб ўқиш лозим”. Шунда залдан савол бўлди, қандай қилиб ўз кинотеатримизни замонавий 3D ҳолатига келтиришимиз мумкин? “Бунга сиз кўпроқ китоб ўқиш билан эришасиз”, деб жавоб берди. “Сиз дастлабки бешта бадиий китобни ўқиш жараёнингизда сюжетларни оқ ва қора ҳолатда кўрасиз. Шунинг учун дастлабки жараёнда жуда ҳам қизиқарли ва ҳажми катта бўлмаган китобни ўқишни тавсия этаман. Сабаби китоб ўқиб юрмаган одам бошида бироз қийналади, ўзини нохуш ҳис қилади, уйқуси келади. Лекин диққатингизни жамлаб, ўқишдан тўхтамасангиз, аста-секин китоб ўқишни севимли машғулот ва одатга айлантира оласиз. Ва беш-ўнта бадиий китобни ўқиганингизда сиз рангли тасмага ўтасиз. Мисол учун, “Граф Монте Кристо”ни ўқиётганингизда Марселнинг ҳатто лабини ва кўз рангини кўришни бошлайсиз. Ўн-ўн бешинчи бадиий китобни ўқиганингиздан сўнг кинотеатрингизда барча сюжетларни ва қаҳрамонларни Full HD форматида кўришга тушасиз. Бунда муаллиф томонидан таърифланган барча воқеаларни ипидан-игнасигача аниқ-равшан кўрина бошлайди. Ҳатто сизни ярим кечаси уйғотиб ўқиган китобингиз ҳақида сўрашса, ҳеч иккиланмай ҳар бир бетини айтиб бериш ҳолатига борасиз”. Аудиторияда қизиққон талабалар томонидан яна савол бўлди “Ўн бешинчи китобдан кейин қандай кинотеатр бўлади?” “Мутлақо зўр бўлади. Сиз 3D тасвирдаги кинони кўришни бошлайсиз. Сиз энди тизимли фикрлашга ўтасиз. Тасаввур қилинг, минг бетли китобни ўқияпсиз. Бунда сиз 1-бетдаги сюжет билан 875-бетдаги сюжет ўртасидаги воқеаларни боғлай оласиз. Сиз муаллиф ёзмаган, бироқ айтмоқчи бўлган гапини ҳам тушунишни бошлайсиз. Шунингдек, сиз мутолаа қилишни бошлайсиз. Сиз савол беришни бошлайсиз, нимага бундай бўлди, нима учун ёзувчи қаҳрамонни ўлдирди, бошқача йўл тутса ҳам бўларди- ку? Мана шу ҳолатга етган инсонлардагина фикрлаш пайдо бўлади, фикр мукаммаллашса, у ғояга айланади, ғоя ноодатий ҳолатни талаб қилса, бу креативлик бўлади. Агар сиз креативликни ҳаётга татбиқ этсангиз, бу инновация бўлади”. Мана, ҳурматли Лидерлар, инновация қандай ва қаердан пайдо бўлиши мумкин?!

Ушбу воқеани куни кеча Президентимизнинг “Ҳар бир раҳбар кунига камида эллик бет китоб ўқиши керак”, деган сўзларидан сўнг ёзишга киришдим. Сабаби бугун давлат бошқарувида, ОАВ ва жамиятимизда энг кўп ишлатилаётган сўзлардан бири бу инновациядир. Лекин кунига минг марталаб ушбу сўзни ишлатганимиз билан бирор соҳага инновация ўз-ўзидан кириб қолмайди. Агар биз давлат ва жамият бошқарувида инновацияни қўлламоқчи эканмиз, аввало, кинотеатримиз қай аҳволда эканига назар солайлик. Оқ-қора тасвирли кинотеатр билан ҳеч қандай инновация қилиб бўлмайди. Агар ҳар биримизнинг кинотеатримиз қайси ҳолатдалигини аниқлайдиган ускуна бўлганда борми, кўпчилик 21-асрда ҳалиям оқ ва қора “Чайка” телевизорларда яшаб келаётганига гувоҳ бўлармидик?! Балки, шунинг учун ҳам инновация жуда қийинчилик билан жамиятимизга кириб келаётгандир. Кўпгина давлат хизматида фаолият юритаётганларга охирги ўқиган бадиий китоб номини айтиб беринг, десам, жавоблари оддий – иш кўп, китоб ўқишга вақт йўқ. Хўш, шу ерда савол туғилади: Нима учун баъзи давлат ходимлари берилган топшириқларни тўлиқ тушунмайди ёки ўз соҳасига янгилик кирита олмайди? Бугун 7 ёшдан 70 ёшгача китоб мутолаа қилишни бошлашимиз керак. Балки 1 йилга фавқулодда ҳолат эълон қилиб (албатта яхши маънода) барча давлат ходимлари учун кунига бир соат иш вақтида “китобхонлик соати”ни ташкил қилишимиз лозимдир, шунда барчамиз жамиятдаги муаммоларга янгича, креативлик билан қарашга, уларни инновацияни қўллаган ҳолда ечишга киришармидик?! Нима учун вақтлари жудаям тиғиз, ишлари кўп бўлишига қарамай, Билл Гейтс, Барак Обама ёки Илон Маск ҳар йили ўзлари ўқиган ўнта китоб рўйхатини эълон қилишади? Билл Гейтс­нинг бир интервьюсида, журналист унга савол билан мурожаат қилди: “Жаноб Гейтс, доим сизнинг янгилик қилишингизга кўникиб бормоқдамиз. Фақат савол, ушбу янгиликларни қаердан оласиз?” Жавоб жуда оддий бўлганди: “Мен ҳар куни оз бўлса ҳам, китоб мутолаа қиламан. Бу менинг ҳар доим фикрларим тиниқлигига ва янгилик қилишга куч беради. Агар мен китоб мутолаа қилмасам, демак янгилик қилишдан тўхтайман. Бу – компаниямда инновация тўхтайди, дегани”. Ҳар йили дунё мамлакатларининг китобхонлик рейтинги эълон қилинади. 2017 йил якунларига кўра, Хитой, Испания ва Россия давлатлари фуқаролари ҳафтасига 7-9 соат китоб мутолаа қилишар экан. Шунингдек, ушбу тадқиқотда аҳоли сонига нисбатан китоблар савдоси сони таққосланар экан. Алам қиладигани, биз ҳатто юзталикда ҳам йўқлигимиздир. Кучли йигирматаликдаги давлатлар билан давлат бошқарувида инновацияни аниқлайдиган рейтингни солиштирсак, аксарият давлатлар мос келади. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, айнан китобхонлик маданияти юксак даражада шаклланган мамлакатларда инновацион фаоллик ҳам юқори босқичда. Китоб ўқимасликка мингта баҳонамиз бор, бироқ китоб ўқиш учун битта бўлса ҳам баҳона топайлик, бу – Инсонийликни сақлаб қолиш бўлсин. Қайдлар учун: Савол. Сизнинг кинотеатрингиз қайдай аҳволда? Қандай форматда киноларни кўрасиз?___________________ ______________________________________________________________ ______________________________________________________________

Охирги бир йилда ўқиган китобларингиз рўйхатини китобларим ёзинг:__________________________________________ ______________________________________________________________ ______________________________________________________________ 2020 йилда ўқишни режалаштирган рўйхати:____________________________________________________ ______________________________________________________________ ______________________________________________________________ Мен нимани тушундим: ____________________________ ________________________________________________________________________________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ ____ Хулоса:_______________________________________________ ________________________________________________________________________________ __________________________________________ САККИЗИНЧИ МАҚОЛА РЕЖА-АМАЛ-НАТИЖА Охирги уч йилда юртимизда барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳар куни қайсидир соҳани ривожлантириш мақсадида Президент ва ҳукумат қарорлари чиқмоқда. Биз 2030 йилгача улкан режаларни ўз олдимизга қўйдик. Бугун сизлар билан муҳокама қиладиган мавзуимиз жуда ҳам долзарб ва муҳимдир. Ҳар бир корхона раҳбари, давлат хизматчиси, маҳаллий бошқарув раҳбарлари ва тадбиркорлар дуч келаётган масала юзасидан гаплашамиз. Аччиқ бўлса ҳам тан олишимиз керак, кўп ишларимиз, режаларимиз қоғозда қолиб кетмоқда. Агар ҳамма режаларимиз амалиётга татбиқ қилинганида эди, 3 йил ичида 3,5 миллиондан ортиқ мурожаат Халқ қабулхоналари ва Президент виртуал қабулхонасига келиб тушмасди. Хўш, савол туғилади: Қандай қилиб “ақлли бошқарув” ёки “замонавий бошқарувни” қўллаб, натижадорликка эришишимиз мумкин? Эндиги ҳикоямиз Айви Ли ҳақида. Қандай қилиб унинг натижали бошқарув тизимига ўтгани ҳақида. Ўтган асрда яшаган Айви Ли самарадорлик бўйича мутахассис сифатида шуҳрат қозонган. У ишлаб чиққан вазифаларни режалаштириш усули амалиётда жуда яхши самарага эга бўлди ва муаллифга катта даромад к. елтирди. 1918 йил Чарлз Майкл Шваб дунёдаги энг бой одамлардан бирига айланди. Ўша пайтда у Америка Қўшма Штатларидаги энг йирик кема қурувчи ва иккинчи йирик пўлат корхонаси бўлган “Bethlehem Steel”ни бошқарган. Машҳур кашфиётчи Томас Эдисон бир вақтлар уни “уста тадбиркор” деб атаган. Шваб ҳар доим ўз рақибларидан бир қадам олдинда бўлишга интилган. Кунларнинг бирида бизнесмен ўз жамоасининг самарадорлигини ошириш ва бизнес қилишнинг энг яхши йўлини топиш учун маслаҳатчи Айви Лига мурожаат қилади. Ли ўзи муваффақиятли тадбиркор ва “Public Relations” (PR, Жамоатчилик билан алоқалар) бўйича мутахассис эди. Шваб Лини офисига таклиф қилиб, ундан бизнесининг натижадорлигини яхшилашга ёрдам беришини сўради. Бунга жавобан Ли ҳар бир менежер билан 15 дақиқадан гаплашиш учун рухсат сўрайди. Тўлов ҳақида гап очилганда меҳмон олдиндан пулни олишдан бош тортиб: “Уч ойдан сўнг сиз менга муносиб деб билган

суммада чек юборишингиз мумкин, яъни натижани ўз кўзингиз билан кўрганингиздан кейин”, дейди. Айви Лининг натижали бошқарув бўйича ёндашуви Менежерлар билан 15 дақиқалик суҳбат давомида маслаҳатчи максимал маҳсулдорликка эришишнинг энг оддий усулини ишлаб чиқди. Ушбу усул қуйидагичадир: Жаноб Ли ҳар бир ходимдан куннинг охирида эртанги кун давомида амалга оширадиган олтита муҳим ишини ёзишни сўради. Ва ходимлардан ушбу миқдордан ошиб кетмасликни талаб қилди. “Қайд этилган вазифаларни муҳимлигига қараб тартибга солинг. Ҳар бир иш кунининг бошида рўйхатдаги биринчи вазифага алоҳида эътибор қаратинг. Биринчи ишни якунланг, фақат кейин иккинчисига ўтинг. Рўйхатнинг қолган бандларини ҳам шу тарзда бажаринг. Кун охирида тугалланмаган ишларни кейинги куннинг олтиталик вазифалар рўйхатига ўтказинг. Агар сиз бугун рўйхатдаги 4 вазифани бажарган бўлсангиз, эртанги рўйхатга 2 вазифани олиб ўтасиз ва унга 4 янги вазифани қўшасиз. Ушбу жараённи ҳар куни такрорланг”. Стратегия жуда оддий кўринса-да, Шваб ва унинг жамоаси буни синаб кўришга қарор қилдилар. Уч ой ўтгач, тадбиркор ушбу стратегия натижасидан шу даражада ҳайратда эдики, у яна Айви Лини офисга чақирди ва унга 25 минг долларлик чек ёзиб берди. Бу сумма бугунги кундаги эквиваленти 400 минг долларга тенгдир. Ўз ўзидан савол туғилади, қандай қилиб ушбу оддий усул натижа берди? Ушбу усул бизнес бошқарувини иложи борича осонлаштиради. Танқидчилар бундай стратегияларни юзаки деб ҳисоблайдилар ва ҳаётнинг барча нозик қирралари ҳисобга олинмайди, деб таъкидлашади. Агар режалаштирилмаган ҳолат юз берса, унда нима қилиш керак? Юқори технологияли воситалардан фойдаланиш яхшироқ эмасми? Бироқ қарорларнинг қийин қабул қилиниши – бу айнан иш жараёнини мураккаблаштиради. Албатта, кутилмаган вазиятлардан қочиб бўлмайди, яъни режадан ташқари ҳолатлар содир бўлиб туради. Масалан, эски қадрдонингиз ишхонангизга меҳмонга келди ва узоқ вақтингизни олди, раҳбар чақириб, бугун касал бўлиб қолган ходимнинг вазифаларини сизга юклади. ва ҳоказо. Агар иложи бўлса, уларни эътиборсиз қолдиринг, бўлмаса, уларни тез бажаринг ва рўйхатдаги муҳим вазифаларга тезроқ қайтишга ҳаракат қилинг. Мураккаб муаммоларни ҳал қилишнинг оддий қоидаларини қўллашга ҳаракат қилинг (Билл Гейтс таъкидлаганидек, “мен ҳар доим қийин топшириқларни энг дангаса одамларга топшираман, улар ҳар доим мураккаб топшириқларни соддалаштириб, осон ва тез ҳал қилиш мумкин бўлган ечимини топади, бу эса ҳар доим компанияга молиявий жиҳатдан фойда келтиради”). Бу усул сизни тўғри қарор қабул қилишга ундайди. Ушбу мақолани ўқиётганларда савол туғилади: нимага айнан “6” рақами? “6” сонида ҳеч қандай сеҳр йўқ. Сиз бешта вазифага ҳам диққатингизни қаратиб, худди шундай муваффақиятга эришишингиз мумкин. Ҳар бир инсон ўз кучини ҳисобга олиши ҳамда шунга қараб ўз имкониятинини б. . . . . елгилаши керак. Инсоннинг миясидан кўп ғоялар ўрин олган бўлса, бунда қилиши мумкин бўлган энг яхши ҳолат бу – ўта муҳимини аниқлаб олиш, қолганларини четга суриб туришдир. Ўз-ўзингизни назорат қилишингиз жуда фойдали. Агар сиз бир вақтнинг ўзида битта нарсага эътибор қаратмасангиз, қолганлари сизни чалғитади. Энг муҳими, у сизнинг ниманидир бошлашингизга ёрдам беради. Қайси ишдан бошласам экан-а, деган саволдан холи қилади. Мақсадга етишишнинг энг катта тўсиғи – бу, албатта, ҳар қандай ишни бошлаб олишдир. Мисол учун, сиз хорижий тилни ўрганмоқчисиз, фақат ҳар куни “эртага” дея

ўзингизни алдайсиз, қарабсизки, шу гапга ҳам бугун 6 ой бўлди. Бунда энг катта муаммо – дивандан қўзғалиш. Агар ўз олдингизга улкан мақсад қўйсангиз-у, уни 30 дақиқа ичида амалга оширишни бошламасангиз, демак бу мақсадни амалга ошириш 80 % гача барбод бўлиши эҳтимоли бор. Агар сиз машғулотни бошласангиз, машқни бажариш анча осон бўлади. Айви Ли методи сизнинг иш кунингиз бошланишини олдиндан белгилашга ёрдам берадиган вазифаларни бир кеча аввал қарор қабул қилиб, иш бажарилишида тайёрлигингизни таъминлайди. Ишнинг натижаси уни бошлай олиш қобилиятига боғлиқ. У изчил бўлишни ўргатади. Замонавий жамият кўпқирраликни севади. Афсоналардан фарқли ўлароқ, банд бўлиш янада яхши бўлишни англатмайди. Аксинча, камроқ устуворлик самарадорликни оширади. Агар сиз ҳар қандай соҳа мутахассисларини кузатсангиз: спортчилар, рассомлар, олимлар, ўқитувчилар ёки менежерларни, сиз уларда мавжуд умумий хусусиятни кўришингиз мумкин, яъни ўз диққатини муҳим бир нарсага қаратганлигини. Буни тушунтириш осон. Сиз битта нарсада муваффақият қозона олмайсиз, агар бошқа кўп нарсалар билан доимо чалғиб турсангиз. Моҳирликнинг асосий сирларидан бири бу, албатта, ўз диққатингизни муҳим бир ишга қарата билишингиз ва вазифаларни изчил амалга ошира олишингиздир. Бу усулнинг муҳим жиҳати шундаки, бунда чиндан ҳам муҳим ишлар алоҳида эътибор билан изчилликда амалга оширилади. Энди биргаликда Айви Ли усулини синаб кўрамиз. Тасаввур қилинг, бугун ҳафтанинг биринчи куни. Сиз 30 дақиқа вақтингизни ишларингизни режалаштиришга сарфланг. Энг биринчи ушбу жадвални тўлдиринг: Қилиниши 10 Душанба Бажа- № лозим бўлган балли рилгани барча ишлар баҳо* ҳақида маълумот Хорижлик Хатларга мутахас- жавоб ёзиш 1 9 сислар Бажарилди билан учрашиш Корхона Мажлисда фаолияти 9 иштирок Бажарилди 2 бўйича этиш тақдимот тайёрлаш Бошқарма Номзодлар фаолияти Бажарил- 3 билан суҳбат 6 бўйича 6 мади, қилиш ойлик сешанбага ҳисобот қолди тайёрлаш Грант Корхона 4 лойиҳасини фаолияти 3 бўйича Бажарилди тайёрлаш тақдимот тайёрлаш

Бошқарма 9 Хатларга Бажарилди фаолияти жавоб ёзиш 5 бўйича 6 ойлик ҳисобот тайёрлаш Хорижлик Номзодлар 6 мутахассислар 10 билан Бажарилди билан 5 суҳбат 10 қилиш учрашиш Вазирликлар 7 билан қўшма қарор бўйича гаплашиш 8 Мажлисда иштирок этиш *Изоҳ: энг муҳимига 10 балл қўясиз. Буни белгилашда долзарблиги ва муҳимлигига қараб балл қўйилиши керак. Паст балл олганлар сешанба ёки чоршанбага ўтади. Ҳар куни иш вақти тугаганида сиз қанчалик топшириқни бажарганингиз бўйича маълумот киритишингиз керак. ТЎҚҚИЗИНЧИ МАҚОЛА БИР ДОНА МИХ Навбатдаги саҳифамизда “Бир дона мих” ҳақидаги шеърни эътиборингизга ҳавола этамиз. Жуда қизиқ мавзу. Ислоҳотлар ва янгиланишлар даврида яшаяпмиз. Ўзбекистон бугун улкан марраларни забт этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган: 2030 йилга келиб Глобал инновацион индекс рейтинги бўйича жаҳоннинг 50 та илғор мамлакати қаторига кириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ялпи ички маҳсулот кўрсаткичларини аҳоли жон бошига икки баравар ошириш ва бошқа кўплаб устувор мақсадларни кўзлаганмиз. Кўзланган марраларни забт этиш, улкан режаларни амалга ошириш эса, энг аввало, барчадан бирдек фидойиликни, Ўзбекистонимизнинг 34 миллион аҳолисидан фаолликни, Ватани тақдири ва истиқболи учун ўзларининг самарали меҳнатларини аямасликни талаб этади. “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман” қабилида иш юритиш, айниқса, бугунги кун учун энг салбий ва кечирилмас иллатдир. Ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланмаслик, жараёнлардан четда туриш, ўйлайманки, энг катта хатолик бўлади. Бу иш давлатнинг вазифаси, буниси – Президент­нинг иши ёки ҳокимнинг мажбурияти, деб маҳал­ласидаги битта лампочкани алмаштирмай ёки бир туп дарахт

экмай, боқимандага айланиш, ҳатто кўчасидаги тўлиб қолган ариқни тозалатиб бер, деб ҳокимиятга боришлар афсуски, ҳақиқат. Юртимизни катта бир кема деб оладиган бўлсак, унинг олдинга сузиши, яъни кўзланган манзилга етиб бориши учун ҳар биримиз шу кеманинг бир бўлаги ёки эшкаги сифатида ҳаракат қилишимиз лозим. Агар барчамиз биргаликда ҳаракат қилмай, айримларимиз томошабин бўлиб турсак, ҳеч қандай натижага эришмаймиз. Мақсадга эришиш – бирликни ва ҳар биримиздан ишонч, шижоатни талаб этади. 1962 йил Америка президенти Жон Кеннеди NASA ташкилотига ташриф буюради. У ерда берилиб пол юваётган бир фаррош аёл ёнига келиб, “мен Жон Кеннедиман, сиз бу ерда нима қиляпсиз?” деб савол берганида, фаррош аёл унга “Жаноб президент, мен инсон ойга учиб, у ерга қадам қўйиши учун хизмат қиляпман”, деб жавоб берган экан. Агар биз ҳам ҳар куни ишлаётганимизда “мен бугун юртимни 2030 йилда топ элликталик давлатлар қаторига киришига хизмат қиляпман”, деб ёндашсак, ўйлайманки, қилаётган ишимизнинг сифати ва самарадорлиги кескин ошади. . Хуллас, “Бир дона мих” ҳақидаги оналар алласини сизларга тақдим этаман:

БИР ДОНА МИХ Пруссиялик оналар алласи Қадимий Пруссия. Она алла айтмоқда: “Ватанга ёв бостириб кирди. Икки қўшин бир-бирин қирди. Ногаҳон ҳалок бўлди прусслар саркардаси, Оқибатда пароканда бўлди Прусс лашкари, Ёвга мағлуб бўлиб қочди жанггоҳдан. Шаҳар забт этилди. Таҳқирланди бола-ю қари… Нега бундай бўлди?! Сабабини топайлик: Нега шаҳар душман қўлига ўтди? Чунки қўшин енгилди… Қўшин нега енгилди? Чунки саркарда ҳалок бўлди… Саркарда қандай ҳалок бўлди? Отдан йиқилиб… Отдан нега йиқилади?! Чунки отнинг тақасини қоқаётганда Тақачига бир дона мих етмай қолганди… Бир дона мих деб бутун бир халқ қул бўлди…” Нотўғри қўйилган битта ғишт, битта чириган ёғоч эртага бутун бир иморатнинг қулаб тушишига сабабчи бўлиши мумкин. Ҳар куни ҳар биримиз ушбу михни қоқамиз. Фақат бир-биримизни алдаб, кўзбўямачилик қилиб ёки боқимандаликка берилиб, ушбу михни қоқиш эсдан чиқмаса бўлди. Бўлмаса, бизнинг фарзандларимизга ҳам пруссиялик оналар алласи айтилади. Асло ва асло бундай бўлишига йўл қўймайлик! Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Биринчи – давлат раҳбари – Президентдан бошлаб барча бўғиндаги раҳбарларнинг якуний натижалар учун шахсий жавобгарлиги. Иккинчи – ҳамма соҳада аниқ тартиб ва қаттиқ интизомни таъминлашимиз даркор. Яна бир бор таъкидлайман, ишни биргаликда бажарамиз, натижа учун эса ҳар биримиз шахсан жавоб берамиз”. Ҳар биримизга Оллоҳ инсоф берсин, айниқса, михни қоқаётганда. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: __________________________________________________________________________________ _________________________________________________________________________ Сиз жамият ва давлат ривожи учун қандай мих қоқяпсиз: _________________________________________________________________________________ __________________________________________________________________________________ _______________ Хулоса:_______________________________________________ __________________________________________________________________________________ ______________________________________________

ЎНИНЧИ МАҚОЛА ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯ + БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЁТ = ИНСОН КАПИТАЛИ Дунё тажрибаси ва амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, инсон капиталига йўналтирилган маблағлар бошқа омилларга нисбатан бир неча баробар кўпроқ фойда келтиради. Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган даврда инсон капиталига инвестиция йўналтиришни устувор вазифа сифатида танлаган мамлакатлар юксак тараққиётга эришмоқда. Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Ривожланган мамлакатларда таълимнинг тўлиқ циклига инвестиция киритишга, яъни бола 3 ёшдан 22 ёшгача бўлган даврда унинг тарбиясига сармоя сарфлашга катта эътибор берилади. Чунки ана шу сармоя жамиятга 15-17 баробар миқдорда фойда келтиради. Бизда эса бу кўрсаткич атиги 4 баробарни ташкил этади. Бинобарин, инсон капиталига эътиборни кучайтиришимиз, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этишимиз шарт”. Хорижий тажрибага назар солсак, Кореяда ўртача 130 мингдан ортиқ АҚШ доллари миқдоридаги инвес­тиция билан 2 миллиондан ортиқ АҚШ доллари ёки харажатга нисбатан 17 баробарни, АҚШда 250 мингдан ортиқ АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция билан ўртача 3 миллиондан ортиқ АҚШ доллари ёки харажатга нисбатан 13 баробарни ташкил этган. Ўзбекистонда бу кўрсаткич бугун бор-йўғи 4 баробарни ташкил этади. Мазкур йўналишда Президентимизнинг 2019 йил 24 ва 28 май кунлари илм-фан ва олий таълим соҳасини ривожлантириш бўйича олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан бўлган учрашувида тўртта йўналиш бўйича доимий комиссиялар тузилиб, мазкур комиссияларнинг вазифалари, комиссия аъзоларининг иш тартиби ва масъулияти белгилаб берилди. Учрашувда кун тартибидаги асосий масала – инсон капиталини ривожлантириш, унга сармоя киритиш тизимини қайта кўриб чиқиш лозимлиги таъкидланди. “Бу ишлардан асосий мақсад – мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш. Хом-ашё ва уни қайта ишлаш билан узоққа бориб бўлмайди. Қолаверса, ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат олиш учун ҳам инновациялар керак. Шу боис илм-фан тараққиётимизнинг муҳим йўналиши, таянчи бўлади”, – деди Президентимиз йиғилишда. Бугунги кунда хорижий тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган мамлакатлар рейтингига қарайдиган бўлсак, АҚШ 275,4 млрд доллар билан 1-ўринни, Хитой 136,3 млрд доллар билан 2-ўрин, Гонгконг 104,3 млрд доллар билан 3-ўрин, Бразилия 62,7 млрд доллар билан 4-ўрин, Сингапур эса 62,0 млрд доллар билан 5-ўринни банд этган. Ушбу давлатларнинг интеллектуал салоҳияти ҳам жуда юқори, хусусан, Сингапур 107,1 IQ коэффицент билан биринчи, Хитой 105,8 коэффицент билан иккинчи, Гонгконг 105,7 коэффицент билан учинчи, Корея 104,6 коэффицент билан тўртинчи ўринларни банд этган. 2018 йил якунлари бўйича инсон капитали индекси кўрсаткичи доирасида Сингапур 0,88 коэффицент билан биринчи, Япония 0,84 коэффицент билан иккинчи, Корея 0,84 коэффицент билан учинчи, Гонгконг 0,82 коэффицент билан тўртинчи, Финляндия 0,81 коэффицент билан бешинчи ўринларни банд этган. Бундан 20 йил аввал тўғридан-тўғри инвестициялар ишчи кучи арзон мамлакатларга киритилган, арзон ишчи кучи ҳисобига маҳсулот таннархи арзонлашар эди. Бироқ бугунги кунда тўғридан-тўғри инвестициялар хорижий арзон ишчи кучи бўлган мамлакатларга эмас, балки интеллектуал салоҳияти ҳамда инсон капитали юқори салоҳиятга эга бўлган мамлакатларга киритилмоқда. Сабаби бугунги кунда инвесторлар томонидан олиб кирилаётган технологияларни ишлатиш учун ҳам юқори салоҳият, инноваторлик, профессионализм талаб қилинади.

Мазкур масалалар 2019 йилда Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон иқтисод форумида ҳам кўтарилган бўлиб, унга кўра, “тўртинчи саноат инқилоби” деб таъриф этилган бугунги кундаги жараён ҳар доимгидек одатий ўзгаришлар билан эмас, балки фундаментал ўзгаришларни келтириб чиқаради. Форум қатнашчиларининг фикрига кўра, бизнес моделлари бўйича бошланган “идеал бўрон” натижасида барча соҳаларда тубдан ўзгаришлар яратилади. Эскиларнинг ўрнини босадиган янги касблар тоифаси пайдо бўлади. Форум экспертларининг фикрича, 2030 йилга бориб, Ер юзида 800 миллионга яқин иш ўринлари йўқолиб кетиши мумкин, уларнинг ўринларини роботлар эгаллайди. Бу бугунги кундаги ишчи кучининг бешдан бир қисми, демакдир. Аммо йўқолиб кетган касблар ўрнини замонавий, янги касб­лар эгаллайди. Бунинг учун келажак авлоднинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу хулосага McKinsey&Co. экспертлари 46 та давлатда 800 та касбни таҳлил қилиш натижасида келишган. Бунинг асосий сабаби, иқтисодиёт соҳаларидаги анъанавий касблар эмас, балки кўникмалар экани билан изоҳланади. Гарвард университети олимларининг тадқиқотига кўра, 85 % муваффақиятнинг сири раҳбарларда SOFT SKILLS мавжудлигидадир. Бу борада рақобат муҳитида қуйидаги SOFT SKILLS кўникмалар пайдо бўлади, хусусан: 1. Муаммоларни тизимли ҳал этиш. 2. Танқидий таҳлил. 3. Креативлик. 4. Лидерлик. 5. Ҳаракатларни мувофиқлаштириш. 6. Ҳиссий ақл. 7. Ўз фикрларини шакллантириб, уларга асосланган қарорларни қабул қилиш. 8. Натижага йўналтирилганлик. 9. Музокаралар асосида ўзаро алоқалар. 10. Когнитив мослашувчанлик. “Форбс” журнали хулосаси кўра, келажакда қуйи­даги ўнта топ СОФТ­-СКИЛСлар бошқарувни ҳал этади: 1. Муаммони бошқариш. 2. Тайм-менежмент. 3. Стрессни бошқариш. 4. Мулоқот қобилияти. 5. Компания маданияти. 6. Истеъмолчига йўналганлик. 7. Ҳиссиётни жиловлаш. 8. Шахсий натижадорлик. 9. Фикрни етказа билиш. 10. Форсайт. 11. Ўзгаришларни бошқариш. Таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу кўникмаларни шакл­лантиришнинг муҳим жиҳатларидан бири китобхонликдир. Мисол учун, китоб ўқиш кўрсаткичи Хитойда ҳар бир вояга етган аҳоли жон бошига йилига ўртача саккизтага тўғри келади. Ўқилган китобларнинг 58 фоизи қоғоз шаклида, қолган 42 фоизи электрон ҳолатга тўғри келади. 2016 йил якуни бўйича дунёда энг кўп аҳолига эга бўлган Хитой халқининг 79,9 фоизи китоб ўқиган ва бу мунтазам ўсиш тенденциясига эга. Бу кўрсаткичга эришишда

мамлакатнинг 220 дан ортиқ шаҳарларида китобхонликни тарғиб қилиш ишлари ўз самарасини берган. Ҳар йили дунё мамлакатларини китобхонлик рейтинги эълон қилинади. 2017 йил якунларига кўра, Хитой, Испания ва Россия давлатлари фуқаролари ҳафтасига 7-9 соат китоб мутолаа қилишар экан. Шунингдек, ушбу тадқиқотда аҳоли сонига нисбатан китоблар савдоси сони ҳам таққосланар экан. Алам қиладигани шуки, биз юзталикка ҳам кирмаганмиз. Мен бу ҳақда, мана шу аччиқ ҳақиқатлар тўғрисида юқоридаги “Нима учун бадиий китоб ўқишимиз керак? Ёхуд миямиздаги кинотеатр” номли мақоламда ҳам тўхталган эдим. Давлат бошқарувида инновацияни аниқлайдиган рейтинг билан солиштирсак, айнан китобхонлик бўйича энг юқори кўрсаткични қайд этган аксарият давлатлар мос келади. Яна қайта ва қайта таъкидлашдан эринмайман: айнан китобхонлик маданияти юксак даражада шаклланган мамлакатларда инновацион фаоллик ҳам юқори босқичда. Бугунги кунда мамлакатимизда инсон капиталини ривожлантириш бўйича бир қанча муаммолар мавжуд, хусусан: таълимда сифат ва инвестиция даражасининг пастлиги Ўзбекистонда инновацион ривожланишга асосий тўсқинлик қилаётган омилдир; таълимга йўналтирилган инвестициялар ривожланган мамлакатларга қараганда бизда 10 баробар паст. Буларнинг барчаси – ўқитувчилар иш ҳақининг камлиги (ривожланган мамлакатлардаги ўқитувчиларникидан 30 баробар паст), моддий- техник базанинг етишмаслиги, умумтаълим мактабларидаги оддий шароитларнинг мавжуд эмаслиги, компьютерлар билан тўлиқ таъминланмаганлик, замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш даражаси ва бошқа сабаблар билан билан изоҳланади. Демак, бирма-бир таҳлил қиладиган бўлсак, • халқ таълими вазирлиги тизимида ўқитув­чиларнинг 60 фоиздан ортиғи академик малакага эга эмас; • умумий таълим муассасаларида жойларнинг етишмаслиги ва инфратузилманинг паст сифати мактаб тизимининг асосий муаммоларидан бири ҳисобланади; • асосий воситаларнинг эскириши, юқори даражада бўлган эски таълим инфратузилмаси: 3644 та мактаб (38%) капитал таъмирга муҳтож, мактабларнинг фақат 37 фоизида замонавий компьютер техникаси мавжуд, атиги 7 фоизи эса Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятига эга; • олий маълумотга эга бўлиш даражаси паст – 2017 йилда абитуриентларнинг 10 фоиздан камроғи олий ўқув юртларига ўқишга кирган; • олий таълим муассасалари ўртасида соғлом ра­қобатнинг мавжуд эмаслиги. Мамлакатимиз ривожланишининг янги босқичида инсон капитали салоҳиятини ошириш борасида муайян ишлар ҳам амалга оширилди, жумладан: • Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди; • олий маълумотлиларнинг улушини кўпайтириш бўйича квоталар кенгайтирилиб, уларни молиялаштириш салмоғи ошди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида олий ўқув юртларида талабалар сони – битирувчиларни олий таълимга қамраб олиш 2016 йилда 57 907 тани ташкил қилган бўлса, 2018 йилда бу кўрсаткич 66 316 тага етди. • 51 та олий ўқув юртида сиртқи таълим шакли, 22 та олий ўқув юртида махсус сиртқи таълим шакли, 9 та олий ўқув юртида кечки таълим шакли ташкил этилди; • Тўртинчидан, янги таълим йўналишлари жорий этилди, хусусан, 2016/2017 ўқув йилида 15 та янги таълим йўналиши ва 14 та мутахассислик, 2017/2018 ўқув йилида 8 та йўналиш ва 10 та мутахассислик, 2018/2019 ўқув йилида 66 та янги бакалавр йўналиши ва 48 та магистратура мутахассислиги жорий қилинди.

Ҳозирги кунда ўрта таълим муассасаларини битирган ўқувчилар бир вақтнинг ўзида учтагача олий ўқув юртига ҳужжат топширишлари мумкин. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, мамлакатимизга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий барқарорликни таъминлашда инсон капиталининг ўрни беқиёс. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда инсон капитали салоҳиятини ошириш борасида қуйидаги таклифларни билдираман: 1. Ҳар бир таълим муассасаларида, хусусан, мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим муассасаларида ўзларининг кичик инновацион лабораторияларини ташкил этиш. 2. Таълим муассасалари ўз хусусиятларидан келиб чиқиб, ўз талабалари томонидан ўқиши шарт бўлган 100 та китоб рўйхатини тузиб, китобхонликни шакл­лантириб бориш. 3. Таълим муассасалари ўзининг 3, 5 ва 7 йиллик Форсайт, яъни келажакдаги истиқболли режаларини ишлаб чиқиши ва шундан келиб чиқиб, шиддат билан ўзгариб бораётган дунё талабларига мос бўлган мутахассисларни тайёрлаш. 4. Таълим ва амалиёт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш мақсадида, саноат ва ишлаб чиқариш компаниялари раҳбарларини олий таълим муассасалари ректорлар кенгаши аъзолигига киритиш. 5. Саноат ва ишлаб чиқариш компаниялари ўзининг 3, 5 ва 7 йиллик стратегияларини ишлаб чиққан ҳолда уларга келажакда қандай кўникмаларга эга бўлган мутахассислар кераклигини алоҳида шакллантириб бориш лозим. Бунда ҳар бир талаба олдиндан билиши лозим: у қайси ташкилотда ишламоқчи у ерда ишлаши учун қандай компетенцияларни ўзида шакллантириши керак. ЎН БИРИНЧИ МАҚОЛА ҒУРУР НИМА? Ҳеч ўзингизга савол берганмисиз, нима учун ҳар бир давлат ўзининг байроғига эга бўлиши лозим? Нима учун байроқ давлат рамзи ҳисобланади? Нима учун ўзга давлатларда юрганингизда ўз юртингиз байроғини ўзга давлатда ҳирпираб турганини кўрсангиз, юрагингиз бошқача уради? Ўйлайманки, ҳар бир инсон қачондир ўзига шу саволлар билан мурожаат қилган. Бугунги кунда дунё харитасида 202 тадан ортиқ давлат бўлса, барчаси бир-бирига ўхшамайдиган ва ўз миллий маъносини билдирувчи байроқларига эга. Албатта, байроқ бу ҳар бир инсоннинг ўз ватани рамзидир. Уни кўрганингизда ғурурланасиз. Айниқса, спорт бўйича халқаро нуфузли чемпионатларда сизнинг байроғингиз бошқа давлатларникидан баландроқ турса… 2018 йилда Жакартада бўлиб ўтган Осиё чемпионатида бизнинг байроғимиз 21 марта энг баландда ҳилпиради ва унинг кетидан мадҳиямизни барча эшитди – ҳеч биримиз буни шунчаки томоша қилиб, шунчаки эшитмадик, қалбимиз ғурур-ифтихорга тў­либ-тошди, шу юрт фарзанди эканимиздан фахрландик, вужудимизда ватанпарварлик туйғуси янада жўш урди. Бизга мана шу сурурбахш лаҳзаларни ҳадя этган спортчиларга ва уларнинг ота- онасига таъзим қилгингиз келади. Ахир, ушбу байроқ ҳилпираши учун бу спортчилар тун-у кун йиллаб ўз устларида ишлашган ва албатта, байроғимиз қадрини улар биздан- да кучлироқ билишади, ҳис қилишади. Тарихга назар ташласак, ҳар бир буюк империя қурган ҳукмдорнинг ўз давлат байроғи бўлган. Юз минглаб аскарлар ягона мақсад ва ягона байроқ остида бирлашган. Амир Темур бобомиз давлатининг байроғига эътибор берсак, мовий рангда бўлган. Ҳар

бир жангга киришдан олдин, биринчи қаторда баланд кўтарган ҳолда байроқдор юрган. Минглаб аскарлар ушбу байроқ ҳеч қачон ерга тушмаслиги, оёқости бўлмаслиги учун жонларини фидо қилган. Амир Темур таъкидлаганидек, “Давлатимиз бай­роғи ҳар доим баландда ҳилпираши керак, токи душ­ман билсин, бу юртда ватанпарвар инсонлар кўплигини ва бу ўғлонлар ҳеч қачон ўз давлатининг байроғини пастга туширмаслигини!” Бугун ушбу мавзуда ёзишимга сабаб, ижтимоий тармоқларда тарқалган видео бўлди. Унда энг улуғ ва энг азиз байрамимиз бўлган Мустақиллигимизнинг 28 йиллигини нишонлаш куни, баъзи бир ёшларимиз томонидан кечаси осмонда, ҳеч кимга қарам эмасмиз, деган маънода мағрур ҳилпираб турган байроқларимизни ечиб, оёқости қилишганини кўриб, кайфиятим бузилди. Наҳотки, орамизда шу даражада тубанликка борувчи ёшларимиз бўлса?! Наҳотки тун-у кун ухламасдан илмдами, спортдами, ҳарбий соҳадами меҳнат қилиб, байроғимизни янада баландроқ кўтариш учун, дунёга кимлигимизни исботлаш учун машаққатли меҳнат қилаётган ёшларимизнинг ҳаёти уларга ўрнак бўлмаса?! Бугун баландпарвоз орзулар билан яшаяпмиз, ёшлар – бизнинг келажагимиз, улар буюк давлат қуради, деб. Бироқ, ўз байроғига ҳурматсизлик қилиб, уни оёқлари остига ташлаб, маънавиятсизлик, маърифатсизликларини намоён этувчи ёшлар билан қандай келажак қурамиз?! Яна бир савол туғилади, видеода кўриниб турибдики, бу марказий кўчаларимизда юз берган. Ўз-ўзидан савол туғилади, наҳотки атрофдагилар шунчалар бефарқ бўлса, биронта инсон ёки ҳайдовчи йўқми, тўхтаб, “болам, бу нима қилганинг, ўз юртинг байроғини топтаганингдан кўра ўлганинг яхши эмасми?!” дегувчи. Афсус, минг афсус, ҳаммамиз бундай вақтда ё кўрмиз, ё соқов. Сен менга тегма, мен сенга тегмайман… Амир Темур бобомиз айтгандек, “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”. Лоқайдлик миллатни тубанликка етаклайди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий ва қанчадан-қанча зиёли ота-боболаримиз шу мустақил байроғимиз юксакларда ҳилпираши учун қурбон бўлиб кетмадими?! АҚШ, Жанубий Корея ва Сингапур каби давлатлар боғчаларида ҳар куни эрталабдан янги кунни байроқ кўтариш маросими билан бошлашади ва бу ишни ҳар бир бола навбатма-навбат амалга оширади. Шу йўл билан болаликданоқ байроқни ҳилпиратиб юксакларга кўтариш орқали ватанпарварлик туйғуси сингдириб борилади. Байроғимиз билан боғлиқ мазкур нохуш ҳолат биз зиёлиларнинг кўзи каттароқ очилишига сабаб бўлиши керак. Яъни халқимизнинг, ёшларимизнинг маънавияти, миллий ғурури, ватанпарварлигини ошириш йўлида қиладиган ишларимиз талаб даражасида эмаслиги, натижаси пастлиги, тарғибот ишларимиз фақат тадбир ва қарсакбозликдан иборат бўлиб қолаётгани, амалий аҳамияти нолга тенг эканини кўрсатиб турибди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу таъкидни бежизга айтмадилар: “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилишимиз зарур”. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: ____________________________

________________________________________________________________________________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ ____ Хулоса: _______________________________________________ ________________________________________________________________________________ __________________________________________ ЎН ИККИНЧИ МАҚОЛА ФОЗИЛЛАР ШАҲРИ ҲОКИМИНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ (Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асаридан) Бундай шаҳарга ҳоким бўладиган одам (Аллоҳдан бошқа) ҳеч кимга бўйсунмаслиги керак. Фозиллар шаҳрининг биринчи бошлиғи шу шаҳар аҳолисига имомлик қилувчи оқил киши бўлиб, у табиатан ўн иккита хислат-фазилатни ўзида бирлаштирган бўлиши зарур. Фозиллар шаҳри ҳокими аввало тўрт мучали соғ-солим бўлиб, ўзига юкланган вазифаларни бажаришида бирор аъзосидаги нуқсони халал бермаслиги лозим. Аксинча, у соғ-саломатлиги туфайли бу вазифаларни осон бажариши лозим. (Иккинчидан), бундай шаҳар ҳокими табиатан нозик фаросатли бўлиб, суҳбатдошинг сўзларини, фикрларини тез тушуниб, тез илғаб олиши, шу соҳада умумий аҳвол қандайлигини равшан тасаввур қила олиши зарур. (Учинчидан), у англаган, кўрган, эшитган, идрок этган нарсаларни хотирасида тўла-тўкис сақлаб қолиши, барча тафсилотларни унутмаслиги зарур. (Тўртинчидан), у зеҳни ўткир, зукко бўлиб, ҳар қандай нарсанинг билинар-билинмас аломатларини ва у аломатлари нимани англатишини тез билиб, сезиб олиши зарур. (Бешинчидан), у фикрини равшан тушунтира олиш мақсадида, чиройли сўзлар билан ифодалай олиши зарур. (Олтинчидан), у (устозлардан) таълим олишга, билим, маърифатга ҳавасли бўлиши, ўқиш, ўрганиш жараёнида сира чарчамайдиган, бунинг учун сира қочмайдиган бўлиши зарур. (Еттинчи), таом ейишда, ичимликда, аёлларга яқинлик қилишда очофат эмас, аксинча, ўзини тия оладиган бўлиши, (қимор ёки бошқа) ўйинлардан завқ, ҳузур олишдан узоқ бўлиши зарур. (Саккизинчи), у ҳақ ва ҳақиқатни, одил ва хақгўй одамларни севадиган, ёлғонни ва ёлғончиларни ёмон кўрадиган бўлиши зарур. (Тўққизинчи), у ўз қадрини билувчи ва номус-ориятли одам бўлиши, пасткашликлардан юқори турувчи, туғма олийҳиммат бўлиши, улуғ, олий ишларга интилиши зарур. (Ўнинчи), бу дунё молларига, динор ва дирҳамларга кўз тикмайдиган (мол-дунё кетидан қувмайдиган) бўлиши зарур. (Ўн биринчи) табиатан адолатпарвар бўлиб, одил одамларли севадиган, истибдод ва жабр-зулмли, мустабид ва золимларни ёмон кўрувчи, ўз одамларига ҳам, бегоналарга ҳам зиддият қилувчи, барчани адолатга чақирувчи, ноҳақ жабрланганларга мадад берувчи, барчага яхшиликни ва ўзи суйган гўзалликларни раво кўрувчи бўлиши зарур. Ўзи ҳақ иш олдида ўжарлик қилмай, одил иш тутгани ҳолда ҳар қандай ҳақсизлик ва разолатларга муросасиз бўлиши зарур. (Ўн иккинчи), ўзи зарур деб ҳисоблаган чора-тадбирларни амалга оширишда қатъиятли, саботли, журъатли, жасур бўлиши, қўрқоқлик ва ҳадиксирашларга йўл қўймаслиги зарур. Мана шу барча хислатларнинг бир одамда жамланиши амри маҳол, зеро, бундай туғма фазилатлар соҳиби бўлган одамлар жуда кам учрайди ва улар нодир инсонлардир.

Мабодо, фозиллар шаҳрида шундай баркамол инсон топилиб қолса, унда юқоридаги фазилатлардан олтитаси ёки бештаси камол топганида ҳам, у одил ва заковатда беназирлиги туфайли фозиллар шаҳрига раҳбарлик қила олади. Баъзи маҳалларда фозиллар шаҳрида бундай одам йўқ бўлиб қолганида ҳам (вафот этганида ёхуд бошқа жойга кетган вақтида) ана шу имом (ҳоким) ёхуд унинг издошлари (агар мазкур имомдан кейин бирин-кетин шаҳарга бошлиқ бўлсалар) чиқарган қонун ва тартибларга амал қилинади. Аввалги имом ўрнига келган кейинги раҳбарда ҳам юқорида айтилган хислатлар – фазилатлар ёшликдан шаклланган бўлиши зарур. Ана шунда бу кейинги имомда яна олтита фазилат ҳосил қилиниши зарур: Биринчи – донишмандлик. Иккинчи – аввалги имомлар ўрнатган қонунлар ва тартибларни хотирида яхши сақлаб қолиш ва уларга амал қилиши учун қувваи ҳофизага эга бўлиш. Учинчи – агар аввалги имомлар давридан бирор (ёки бир қанча) соҳага тааллуқли қонун қолмаган бўлса, бун­дай қонунни ўйлаб топиш учун ижод, ихтиро қилиш қувватига эга бўлиш. Тўртинчи – ҳозирги ҳақиқий аҳволни тез пайқаб олиш ва келгусида юз берадиган, аввалги имомлар кўзда тутмаган воқеаларни олдиндан кўра билиш учун башоратгўйлик хислатига эга бўлиш. Бу хислат унга халқ фаровонлигини яхшилаш йўлида керак бўлади. Бешинчи – аввалги имомлар ўрнатган қонунларга, шунингдек, аввалгилардан ибрат олиб, ўзи тузиб чиқарган қонунларга халқ амал қилиши учун қизғин сўзлаш – нотиқлик хислатига эга бўлиши. Олтинчи – зарур ҳолларда ҳарбий ишларига моҳирона раҳбарлик қилиш учун етарли жисмоний қувватга эга бўлиши ҳам жанг қилиши, ҳам саркарда сифатида жангу жадалга раҳбарлик қилиш учун ҳарбий санъатни яхши билиш. Мабодо, шу хислатларнинг барчасини ўзида жамлаган бир одам топилмаса, лекин икки киши биргалашиб, шу хислатларга эга бўлишса (яъни бири – донишманд, иккинчиси – қолган хислатлар соҳиби бўлса) шу икковини фозиллар шаҳрига раҳбарликка қўйиш зарур. Мабодо, бир гуруҳ одамлар биргаликда ана шу хислатларга эга бўлишса (яъни бирида бу, иккинчисида у, учинчисида яна бошқа хислатлар бўлса) ана шу фозиллар гуруҳини юрт раҳбарлигига қўйиш зарур. Шу гуруҳ аъзолари биргалашиб, ўзаро келишиб ҳаракат қилса, ҳар бири фозил ҳоким бўлиши мумкин. Мабодо, бирор замонда фозиллар шаҳрида ҳокимлик қилаётган бир ёки бир неча кишида бошқа зарур хислатлар бўлса-ю, аммо донишмандлик бўлмаса, фозиллар шаҳри яхши ҳокимсиз қолади, бундай шаҳар ҳалокатга юз тутади. Манба: Абу Наср Фаробийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асари, 159–161-бетлар. ЎН УЧИНЧИ МАҚОЛА ИСТИҚБОЛЛИ ЛИДЕРЛАР УЧУН ЗАРУРИЙ КЎНИКМАЛАР (Хорижий таҳлиллар асосида) Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун, биринчи навбатда, бошқарувчи раҳбарлар, умуман олганда, барча кадрларнинг юқори савияли ҳамда лидерлик хусусиятига эга бўлиши талаб этилади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида барча соҳаларда юқори даражада ислоҳотларнинг олиб борилаётгани малакали ва замонавий раҳбар кадрларга бўлган эҳтиёжни орттириб юборди. Бу эса, ўз навбатида, мазкур муаммони ҳал қилиш йўлларини излашни талаб этмоқда. Мазкур ҳолатни Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 18 декабрь куни замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишда қуйидагича изоҳлаган

эди: “Яқин ва узоқ истиқболдаги иқтисодий ривожланиш нуқтаи назаридан бизга қайси соҳа учун қандай мутахассис керак бўлади? Шуни ҳозирдан чуқур ўйлашимиз, замон талаби, ислоҳотлар шиддатига мос кадрларни тарбия­лашимиз керак. Бу масала бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунимиз”. Юқоридаги ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида истиқболли кадрлар ва етакчиларни саралаш, уларни ўқитиб, малакасини ошириш ва қўллаб-қувватлаш борасида амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ПФ–5545-сонли Фармонига мувофиқ, мазкур жамғарма ўз фаолиятини бошлади. Жамғарма олдига ўзбекистонлик иқтидорли ёшларни докторантура ва магистратура дастурлари бўйича ўқитиш, турли соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш, хориждаги ватандошлар билан доимий мулоқот ўрнатиш, уларни мамлакатимизда бўлаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга жалб қилиш, чет элдаги университетлар ва илмий марказлар билан ҳамкорликда юқори малакали кадрларни тайёрлашга кўмак бериш вазифалари қўйилган бўлиб, жорий йилнинг ўзида жамғармага давлат бюджетидан 45 миллиард сўм ажратилиши режалаштирилган. Бундай саъй-ҳаракатлар, шубҳасиз, яқин келажакда самарасини кўрсатади, дейиш мумкин. Шу билан бирга, истиқболли кадрлар тайёрлашнинг бу каби тенденцияларини сақлаб қолиш ва ривожлантириш даркор. Бундан ташқари, етакчи кадрларни классик назария ва анъанавий дастурлар нуқтаи назаридан ўқитиш ва тайёрлаш замон талабига жавоб бермаслиги тобора ойдинлашмоқда. Кадрлар тайёрлаш жараёнида қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболлар ва бу даврда учраши мумкин бўлган муаммоларнини ҳисобга олиш мазкур масаланинг энг асосий омилига айланиб бормоқда. Таъкидлаш жоизки, раҳбарлар ҳам билим ва тажриба, ҳам шахсий хусусиятлари жиҳатидан ўзининг қўл остидагиларга ҳар томонлама намуна бўла олиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, уларда лидерлик хусусиятлари шаклланган бўлиши даркор. Бу хусусиятлар борасида аниқ бир тизим яратилмаган бўлса-да, кўпгина тадқиқотчилар ўзларининг таҳлилий мезонларини тақдим этишади. Мавзу юзасидан тадқиқотлар таҳлили. Бу мавзуда сўз юритилар экан, лидер- етакчининг раҳбардан нимаси билан фарқ қилишини, унга қандай таърифлар берилганлигини муайян соҳалар нуқтаи назаридан кўриб чиқиш талаб этилади. Сиёсатшунос олим Муқимжон Қирғизбоевнинг “Сиёсатшунослик” китобида ёзилишича, “раҳбар ва етакчилик бир-биридан фарқ қилиб, етакчилик – бу кўпчилик эмас, балки бир шахс ёки шахс­лар гуруҳини ифодалайдиган, юқоридан пастга йўналтириладиган хусусиятга эга бўлган ҳокимият кўринишларидан биридир. “Етакчи” (“лидер”) сўзи инглиз тилидаги “leader” сўзининг таржимаси – “етакчи, бошчилик қилувчи” маъноларини беради. Лидер қўлида ҳокимият йўқлиги учун раҳбардан фарқ қилса-да, гуруҳдаги фаоллиги сабаб етакчига айланади”. Рус олими, академик Владимир Квинт Льовович “Сратегиялаш назарияси ва амалиёти” китобида “Етакчилик ­– менежмент тизимининг биринчи элементи ҳисобланади. Етакчи – объектни номаълум келажакка етакловчи лоцман, нафақат ўзига итоат этувчилар, балки айни пайтда жамоа ва фуқароларни бирлаштирадиган ва уларни сафдош қиладиган ташкилотчи ҳамдир. Етакчи маълум маънода стратегияни жонлантирувчи шахсдир”, дея таърифлайди. Юқоридаги иккита таърифдан хулоса қилиш мумкинки, Қирғизбоев лидер атамасини сиёсий жиҳатдан таърифлаган бўлса, Квинт уни иқтисодий тарафларини очиб берган.

Шу ўринда, қайд этиш лозимки, аксарият Ғарб манбаларида, кўп ҳолларда, лидерлик ва раҳбарлик тушунчалари бир-биридан фарқланмайди. Жумладан, Квинт таърифидаги “ўзига итоат этувчилар” жумласи олимнинг “лидер”ни “раҳбар” сўзи билан бир қаторда қўллаган, дейишга асос бўлади. Шу жиҳатдан мақолада “лидер” (етакчи) “раҳбар” атамаси билан маънодош ҳолатда қўлланган. Антик даврда Геродот, Плутарх, Арасту, Платон; ўрта асрларда Макиавелли, Томас Карлейль, Ральф Уолдо Эмерсон, Фридрих Ницше; ХХ асрда Габриель Тард, Й.Шумпетер, Э.Кассирер, Ж.Блондел каби олимлар раҳбар ва лидерлар борасида изланишлар олиб бориб, ўз назарияларини яратган бўлса-да, уларнинг кўпчилиги ўша давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб ёзилган, табиийки, улар ҳозирги замонавий лидерларда бўлиши лозим бўлган хусусиятларга тўла-тўкис тўғри келмайди. Таъкидлаш жоизки, сиёсий етакчи ва лидерлар борасидаги классик назариялар ўз аҳамиятини сақлаб қолиш билан бирга, ҳозирги кунда бир қанча тадқиқот марказлари, тадқиқотчи олимлар ва таҳлилий хусусиятга эга бўлган халқаро нашрларнинг келажакда лидерлар учун қандай билим ва сифатлар зарурлиги борасидаги таклифлари ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлмоқда. Бу борада IFTF (“Institute for the Future” – “Келажак учун институт”) “ақлий марказ”нинг раҳбари сифатида фаолият юритган Боб Ёхансен ўз илмий фаолиятининг асосий қисмини келажакда лидерлар учун зарур бўладиган хусусиятларни ўрганишга қаратган. Жумладан, унинг “Leaders Make the Future: Ten New Leadership Skills for an Uncertain Age” (“Лидерлар келажакни яратади: ноаниқ муддат учун ўнта лидерлик маҳоратлари”) ва “The New Leadership Literacies” (“Янги лидерлик кўникмалари”) номли асарлари мазкур масалага қаратилган. Жумладан, “Лидерлар келажакни яратади: ноаниқ муддат учун ўнта лидерлик маҳоратлари” асарида яқин келажакда лидерлар ўзларида шакллантириши лозим бўлган хусусиятлар саналиб, изоҳлаб ўтилган. Ёхансен фикрича, истиқболли лидер, биринчи навбатда, инстинктларни яратувчи бўлиши лозим. Яъни бу ҳар қандай ҳолатни, ҳар қандай янгиликни олдиндан сеза олиш ва бунга тайёр туришни англатади. Бундан ташқари, аниқлик, дилемма (қийин иккита вазиятдан бирини танлаш)дан чиқиб кета олиш, тез ўзлаштириш, бошқаларни тушуна олиш, конструктив бирлаштирувчи, шаффофлик (ички ва ташқи дун­ёсининг мутаносиб бўлиши), прототип (бошқалар учун намуна) бўлиш, уддабурон ташкилотчилик ҳамда яратувчилик хусусиятлари асарда замонавий лидер учун зарур эканлиги таҳлил қилиб берилган. Тадқиқотчининг “Янги лидерлик кўникмалари” асарида эса яна бешта муҳим хусусият очиб берилган. Биринчидан, олим лидерларда прогноз қилиш қобилияти шаклланган бўлиши лозимлигига эътибор қаратади. Унинг фикрича, ўтган давр ва ҳозирги ҳолатдан келиб чиқиб, келажакдаги эҳтимолий ҳодисаларни башорат қилиш мумкин. Иккинчидан, катта таваккалчилик (риск) талаб этмайдиган қарорлар қабул қилиш тавсия этилади. Бу келажакка оид қарорлар қабул қилинганда имкон қадар эҳтиёткор бўлиш кутилмаган муаммо ва таҳдидларни келтириб чиқармаслигини кафолатлаши билан изоҳланади. Учинчидан, тез ўзгарувчан ташкилотларни бош­қаришда кўникма ҳосил қилиш зарур бўлади. Мазкур омил лидернинг мослашувчанлик қобилиятини ривожлантириб боради. Тўртинчидан, фаол ва серҳаракат бўлиш лидернинг муваффақиятга эришишининг муҳим омили сифатида таъкидланган.

Бешинчидан, лидер ўзида мавжуд бўлган тўртинчи, яъни ишчанлик қобилиятини бутун қўл остидагиларга ҳам улашиши, уларда ҳам худди шундай серҳара­катликни юзага чиқаришга ёрдамлашиши лозим. Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, Боб Ёхансен лидерлар учун келажакда зарур бўладиган кўникмаларда, асосан, замонавий техник билимлар (замонавий ахборот-коммуникацион ва у билан боғлиқ кўникмалар)дан кўра шахснинг ички хусусиятларига эътибор қаратган. Эътиборлиси, иккала асарда ҳам лидерлар учун дастлабки, яъни энг муҳим хусусият сифатида прогнозлаш қобилияти берилган. Ҳақиқатан ҳам, ҳозирги тез ва шиддат билан ўзгариб, мураккаблашиб бораётган даврда ҳар бир раҳбар келажакни кўра олиш қобилиятига эга бўлиши лозим. Бундан ташқари, креативлик (яратувчанлик) ва фаоллик сифатларига ҳам ҳар икки китобда мурожаат қилинганлиги аҳамиятлидир. Шунингдек, замонавий кадрлар ва лидерлар тайёрлаш билан шуғулланувчи “Academic impressions” (“Академик таассуротлар”) ва “The Sanaghan Group” (“Санагҳон гуруҳи”) номли хусусий таълим даргоҳларининг президентлари Амит Мриг ва Патрик Санагҳонлар биргаликда яратган “The Skills Future Higher-Ed Leaders Need to Succeed” (“Келажак лидерлари учун зарур бўладиган қобилиятлар”) асарида ҳам лидерлар келажакни олдиндан кўра оладиган мутафаккир бўлишлари яқин келажакда талаб этиладиган энг муҳим хусусият эканини таъкидлашган. Муаллифлар ҳеч бир инсон келажакни башорат қила олмаслигини, лекин лидерлар ўтган ва мавжуд жараёндан келиб чиқиб, келажакни кўра олишлари лозимлигини қайд этишган. Иккинчидан, лидерлар ҳар қандай таваккалчилик (риск) ва муваффақиятсизликка тайёр бўлишлари лозим. Бу лидернинг ҳар қандай омадсизлик олдида енгилиб қолишининг олдини олади, уни руҳан қувватлантиради, деб изоҳланган асарда. Учинчидан, лидерлар бутун жамоаси билан самарали мулоқотни йўлга қўйиши даркор. Бу ўз ичига камтарлик, бошқаларга ишониш, бошқа маданиятлар билан чиқишиб кетиш (агар жамоада бошқа дин ёки цивилизация вакили бор бўлса), келишувга асосланган тизимни яратиш каби ҳолатларни қамраб олади. Тўртинчидан, улардан довюрак қарор қабул қилувчи лидер бўлишлари талаб этилади. Боиси муайян бир жараёнда озроқ вақтни бой бериш умуман таназзулга олиб келиши мумкин, бундай ҳолда қарорлар ҳам вақтидан кечиктирилмасдан, ҳам ўйланиб, режалаштириб қабул қилинишига алоҳида урғу берилади. Ва ниҳоят, асарда бешинчи хусусият сифатида лидерларнинг руҳияти кучли бўлиши зарурлиги айтиб ўтилган. Мазкур хусусият мазмунан иккинчи қобилиятни такрорлаганга ўхшаб кетса-да, ҳар қандай муваффақиятсизликдан кейин ўз йўлидан оғишмасдан ишлаш лозимлигини назарда тутади. Амит Мриг ва Патрик Санагҳонлар ҳам энг актуал масала сифатида келажакни кўра олиш хусусиятига эътибор қаратгани аҳамиятлидир. Бундан ташқари, санаб ўтилган бошқа маданиятлар билан чиқишиб кетиш ва бу борада дин ҳамда цивилизацияни ҳам ҳисобга олиш халқаро миқёсда ёки кўп цивилизация­ли давлатда фаолият юритадиган раҳбарлар учун муҳим ҳисобланади. Бундан ташқари, таниқли журналлардан бири “Forbes”да ҳам айнан лидерлик мавзусига оид таҳлилий мақола тайёрланган. “16 Essential Leadership Skills For The Workplace Of Tomorrow” (“Эртанги иш ўринлари учун 16 та муҳим лидерлик маҳоратлари”) деб номланган мақолада муаллифлар лидерлар туғма қобилиятли бўлади, деган фикрни инкор этган ҳолда уларнинг шаклланиб, ривожланиб боришини, келажакда мукаммал лидер бўлиш учун эса таклиф этилаётган ўн олти маҳоратни ўзлаштириш даркорлигини ёзишган. Юқоридаги иккита қарашдаги бирламчи хусусиятдан (Ёхансен ҳамда Амит Мриг ва Патрик Санагҳонларнинг келажакни олдиндан ҳис қилиш так­лифи назарда тутиляпти) фарқли равишда “Forbes”

асосий эътиборни қўрқмасдан ҳаракатланиш масаласига қаратган. Лидерлар оппозиция томонидан билдириладиган танқид ва кескин фикрлар, шунингдек, давр талаб этадиган билим-кўникмаларга енгилмасдан ўсишда ва бошқарувда давом этиши лозим. Шу билан бирга, лидер қуйидагича хусусиятларга эга бўлиши лозим: – жамоа орасида ҳурмат қозониш; – ходимлар билан муносабатда уларни тушуна олиш; – ходимлар манфаатини ҳисобга олиб ишлаш; – ҳар қандай ўзгаришлар (технологик, кун тартибидаги ва шу кабилар)га мослашувчан бўлиш; – келажакни аниқ кўра олиш; – инновацион янгиликлар ва ўзгаришлар пайтида ходимлар, ҳамкорлар ва мижозлар (ёки халқ)ни эшита олиш, уларнинг фикрига беэътибор бўлмаслик; – камтарлик; – “Soft skills”, яъни юмшоқ маҳоратлар, шу жумладан, самарали коммуникацияни ривожлантириш; – ўзгаришларга мослашувчан бўлиш билан бирга қатъиятлиликни сақлаб қолиш; – янги билимларни тез ўзлаштира олиш; – маданий жиҳатдан интеллегент бўлиш; – ходимлар билан индивидуал ишлаш маҳоратига эга бўлиш; – ўзгалар учун ишончли бўлиш; – ходимларни ўзгаришларга монанд равишда, давр нуқтаи назаридан келиб чиқиб бошқариш; – суперфаол бўлиш; – серқирра бўлиш, яъни ҳаётий фаолиятнинг барча соҳаларидан билимга эга бўлиш. Таъкидлаш жоизки, “Forbes” журнали томонидан таклиф этилган хусусиятларнинг аксарияти ходимлар билан ўзаро муносабатлар ва улар билан ишлаш принципига қаратилган. Тез суръатлар билан ўзгариб, ривожланиб бораётган замонда бу, айниқса, долзарб масаладир. Сабаби, сўнгги тенденциялар раҳбар томонидан ўз ходимларини қаттиққўллик билан бошқариш мумкин эмаслигини аллақачон исботлаб бўлди. Аксинча, лидернинг жамоада ўрнак бўлиши, ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, улар билан индивидуал ишлашини самарали бошқарувнинг “калити”, дейиш мумкин. Раҳбарлар фаолиятига оид яна бир қараш АҚШнинг “Fast Company” журналида “7 Skills Managers Will Need In 2025” (“2025 йилда раҳбарлар учун зарур бўладиган етти маҳорат”) мақоласи бўлиб, унда 10 йилдан кейин ҳозир мавжуд бўлган касбларни ярми йўқолиб кетиши, шунингдек, раҳбар таклиф этилаётган етти маҳоратни ўзлаштирмаса, келажакда ҳақиқий лидер бўла олмаслиги таҳлил қилинган. Илмий нашр ахборот технологиялари билан боғлиқ билимлар (1), ходимлар билан ишлаш маҳоратлари (2), юмшоқ маҳоратлар (3), ходимларга эркинлик ва ўсиш учун имкониятлар яратиб бериш (4), муайян вазиятда кескинлик ёки бағрикенгликни тўғри қўллай олиш (5), бошқарувдаги шаффофлик (6), EI (Emotional Intelligence; Руҳий Интеллегент) қобилиятларига эга бўлиши, яъни, аввало, ўзини, ўз ҳиссиётларини назорат қила олиш, бундан ташқари ходимлар руҳий ҳолатини тўғри тушуниш, зарур пайтда уларга руҳий мотивация бера олиш (7) каби хусусиятларни изоҳлаб ўтган. Мақолада асосий эътибор замонавий билимларни эгаллаш зарурлигига қаратилган, деган хулосага келиш мумкин. Эски билимлар билан жамоада намуна бўлиш тугул, раҳбарликни сақлаб қолиш ҳам мураккаб эканлиги амалиётда ўз исботини топиб бормоқда. Бундай ҳолатда юқорида таъкидлаб ўтилган сифатлар, хусусан, юмшоқ маҳоратларни шакллантириш долзарб аҳамият касб этади.

Унутмаслик лозимки, бу каби тадқиқотлар Ғарб жамияти ва субъектив нуқтаи назардан ёзилган бўлиб, уларнинг айнан биттасига тўлиқ амал қилиш мақсадга мувофиқ эмас. Шу нуқтаи назардан уларнинг барчасини мукаммал ўрганиш ва миллий менталитетимизга мос бўлганларидан самарали фойдаланиш масаланинг ижобий ечими бўлади, дейиш мумкин. Хулоса ва таклифлар. Хулоса қилиб айтганда, лидернинг қандай хусусиятларга эга бўлиши лозимлиги барча даврларда долзарб аҳамият касб этиб келган. Шу сабабли бу борада антик даврларданоқ илмий изланишлар олиб борилган. Бундан изланиш ва қарашлар макон ва, айниқса, замон талабидан келиб чиққан ҳолда шаклланган. Шу нуқтаи назардан давр ўтиши билан ундан олдин яратилган назариялар янада мукаммалаштириб борилган. Ҳозирги давр ҳам олдингиларидан мустасно эмас. Ҳозирги кунда ҳам ўтган даврларга ўхшаб лидерлар борасида янгича қарашлар шаклланиб боряптики, юқорида кузатилганидек, уларнинг аксарияти илм-фан ва ахборот-коммуникацион соҳалардаги ривожланишлар билан боғлиқ бўлмоқда. Шунингдек, етакчи (раҳбар) ва ходим ўртасидаги муносабатлар ҳам аввалгилардан кўра эҳтиёткорлик ва ўзаро тушунишга асосланиши лозимлиги ҳам муҳим омилга айланиб улгурган. Таҳлилий тадқиқотлардан келиб чиқиб, қуйидагича таклиф ва тавсиялар бериш мумкин: Биринчидан, тадқиқотчи олимлар томонидан лидерларга оид халқаро тажрибани чуқур таҳлил қилиш ва улар асосида замонавий талабларга мос равишда қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган “Истиқболли лидерлар миллий дастури”ни ишлаб чиқиш. Иккинчидан, юқорида таклиф этилган дастур асосида прогноз-таҳлилга асосланган “Истиқболли лидер” фанини жорий қилиш ва уни олий ўқув юртининг битирувчи бакалавр ва магистрларига ҳамда Ўзбекистон Рес­публикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси тингловчиларига ўқитиш. Учинчидан, “Истиқболли лидерлар миллий дастури” ва “Истиқболли лидер” фанини замон талабига мос равишда белгиланган муддатда (масалан, ҳар беш йилда) янгилаб бориш. Тўртинчидан, мазкур йўналишда фаолият юритадиган “ақлий марказ” кўринишидаги тадқиқот марказини ташкил этиш ёки хусусий соҳада бундай марказларни ташкил этилишига юридик ва моддий-техник база жиҳатидан кўмаклашиш ҳамда уларнинг тадқиқотларидан амалий фаолиятда фойдаланиш. Мухтасар қилиб айтганда, фақатгина бугунги кун талабига эмас, балки эртанги куннинг кутилмаган талаб­ларига тайёр турувчи лидер етиштириш борасида тарихий, миллий ва хорижий тажрибани ўзида бирлаштирадиган низом ёки миллий дастурни жорий этиш ва уни амалда қўллашни бошлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Президентимиз айтганидек, келажакда бизга кўплаб мукаммал бўлган лидер- раҳбарлар керак бўлади. Мақолани лидерлар канали аъзоси Раҳимов Дилмуроджон Ғуломович тайёрлади. Қайдлар учун: Мен нимани тушундим: ____________________________ ________________________________________________________________________________ ___________________________________________ Менга ёқди: ________________________________________________________________________________ ________________________________________________________________________________ ____ Хулоса:_______________________________________________

ЎН ТЎРТИНЧИ МАҚОЛА РАҲБАРЛИК – КАТТА МАСЪУЛИЯТ Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аввало, ҳар бир раҳбардан юксак масъулият, ғайрат-шижоат, ҳалоллик ва садоқат билан ишлашни талаб этмоқда. Чунки мазкур янгиланишлар суръати ва кўлами, белгиланган вазифаларнинг самарали амалга оширилиши кўп жиҳатдан барча бўғиндаги раҳбарларнинг салоҳияти ҳамда маънавиятига боғлиқдир. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да раҳбар – йўл бошловчи, олдинда борувчи, бошлиқ деб изоҳланган. Бундай ишончга сазовор бўлиш учун эса, инсон ўз олдига улкан мақсадлар қўйиши, одамларни шу мақсадларга ишонтириши ва уни амалга ошириш учун барча кучларни йўналтира олиши зарур. Ҳозирги замон раҳбари, авваламбор, муваффақият сари интилувчи, жавобгарликни ўз зиммасига олишга қодир, ташкилотчи ва иродаси мустаҳкам шахс бўлмоғи керак. Шунингдек, раҳбардан ўз зиммасидаги вазифаларни самарали бажариши, қўл остидагиларни ҳам шунга сафарбар этиши, жамоани қийнаётган жиддий муаммоларни чуқур ўрганиб, мақбул ечимини топиши, муаммоли вазиятларни донолик билан бартараф этиши, ўз ишига танқидий қараш қобилиятига эга бўлиши талаб этилади. Энг муҳими, ватанпарварлик ва одиллик раҳбарнинг асосий сифатидир. Раҳбарнинг ватанпарварлиги ўзининг бор билим ва маҳоратини Ватан тараққиёти йўлида сарфлашида, бошқаларни ҳам шунга ундашида ўз ифодасини топади. У она Ватанни, муқаддас заминни, улуғ аждодларнинг меросини қадрлаши, узоқ ва яқин тарихимизни билиши, буюк мутафаккирларнинг асарларини ўқиб-ўрганиши ва мунтазам равишда касбий маҳоратини ошириб бориши лозим. Раҳбарлик фақатгина ваколат, мансаб ёки лавозим бўлиб қолмай, балки улкан масъулиятдир. Етакчилик, ҳалоллик, самимийлик, ҳурмат-эътибор, қатъият, ишонч, камтарлик, меҳнатсеварлик ва қўл остидагиларга ғамхўрлик кабилар ҳам раҳбарнинг зарур хусусиятларидандир. Бунинг учун раҳбарлик вазифасига тайинланган ҳар қандай шахс нафақат ўз ишини яхши билиши, балки етарли билимларга эга бўлиб, жамоасига, жамиятга ва давлатга садоқат билан хизмат қилиши, доимо халқ билан ҳамнафас яшаши керак. Ватанга ва бурчга садоқат эса, сўз ва иш бирлигида кўринади. “Давлат раҳбарлару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги-ла қудратлидир”, деган эди улуғ бобомиз Амир Темур. Таҳлиллар ва кузатишлар шуни тасдиқлайдики, раҳбар атрофида соғлом фикрловчи, изланувчан ва ташаббускор ходимлар кўп бўлса, бундай жамоада муҳит ҳам соғлом, ходимларнинг ишчанлик кайфияти ҳам юқори бўлади. Раҳбар маънавияти фаолият самарадорлиги ва жамоанинг маънавий-ахлоқий жиҳатларини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб, етакчининг иқтидори жамоа муваффақиятини таъминлайди. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, жамоа ютуқларининг саксон фоизи раҳбар ташкилотчилигига, қолган йигирма фоизигина ходимларнинг салоҳиятига боғлиқ экани исботланган. Раҳбарларга қўйиладиган қуйидаги маънавий мезонлар эса, етук шахсни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади: Биринчидан, ҳар бир раҳбар, аввало, кўнгли очиқ, қалби тоза, ақл-заковат соҳиби, юксак салоҳиятли бўлиши керак. Бошқаларга етакчилик қилишга, биринчи галда, ҳалол ва диёнатли, халқпарвар инсонлар танланмаса, кўзланган мақсадларга эришиб бўлмайди.

Иккинчидан, раҳбар ўзини тарбиялаб вояга етказган, ишонч билдириб юқори лавозимга муносиб кўрган халқига ҳалол хизмат қилиши, зиммасидаги улкан масъулиятни доимо чуқур ҳис этиши лозим. У халқ олдида, юрт олдида жавобгар эканини унутмаслиги керак. Президентимизнинг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойили барча бўғиндаги раҳбарлар фаолиятида асосий қоидага айланиши зарур. Учинчидан, раҳбар қўл остидаги тажрибали, ўз ишининг билимдони бўлган мутахассисларга таяниши, жамоанинг фикрига асосланиб хулоса чиқариши керак. Бугунги раҳбардан барча соҳаларни яхши билиш, иқтисод, ахборот технологиялари, ҳуқуқ, сиёсат ва маънавият илмларидан хабардор бўлиш, янги инновацион технологияларни ўзлаштириш талаб этилмоқда. Шу боис ҳам у доимо изланиб, ўз билим ва малакасини юксалтириб, янгича тафаккур тарзига эга бўлиши лозим. Тўртинчидан, раҳбарнинг иш услуби ва у қабул қилган қарорлар фаолият самарадорлигига хизмат қилиши керак. Раҳбар бошқарувнинг маъмурий буйруқбозлик усулларидан воз кечиши, расмиятчиликка берилмаслиги муҳим. Кимларгадир яхши кўриниш, мақтаниш учун қилинган иш кўзбўямачилик бўлиб, фақат салбий оқибатларга олиб келади. Бешинчидан, ҳар қандай раҳбарда ташаббускорлик, қатъият ва талабчанлик бўлмоғи шарт. Талабчанликни зўравонликка, қатъиятни манманликка айлантириш ўта калтабинликдир. Бундай иллатлар раҳбарни яхши мутахассис кадрлар ва самимий инсонлардан узоқлаштиради. Олтинчидан, раҳбар қўл остидагиларни таниш-билиш ва маҳаллийчилик ҳамда шахсий садоқатига қараб танламаслиги лозим. У жамоадаги яхши мутахассисларни қадрлаши, уларнинг хизмат фаолияти давомида орттирган бой амалий тажрибаларидан унумли фойдаланишга интилиши керак. Еттинчидан, раҳбар турли мақтовлардан боши айланиб, “доҳий”лик касалига чалиниб қолмаслиги муҳимдир. Акс ҳолда, бундай раҳбарлар атрофида фақат ўз манфаатини ўйловчи “маслаҳатгўйлар”, амалпараст, лаганбардор, оддий одамларга зулм ўтказувчилар тўпланиб қолади. Иғво, туҳмат ва ҳасадгўйлик эса, жамоада маънавий муҳитнинг бузилишига сабаб бўлиб, парокандаликни юзага келтиради. Саккизинчидан, раҳбар адолатсизликка асло йўл қўймаслиги лозим. Ҳар бир ишда одиллик билан қарорлар қабул қилиши, қўл остидагиларга нисбатан ҳурмат билан қараб холисона муносабатда бўлиши керак. Адолат – раҳбарликнинг энг олий талабларидан бири. Шу ўринда буюк Соҳибқирон бобомизнинг “Куч – адолатда” деган ҳикматли сўзларини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Тўққизинчидан, раҳбар ўз шахсий ҳаётида ҳам бошқаларга намуна ва ибрат бўлиши, соғлом турмуш тарзига риоя қилиб, турли зарарли одатлардан холи бўлиши зарур. У нафс балосидан сақланиши, қўл остидагиларни ҳам таъмагирлик ва лоқайдлик каби турли иллатлардан асрашга интилиши керак. Ўзини бошқара олмаган инсон ҳеч қачон бошқаларни идора қила олмайди. Ўнинчидан, раҳбарнинг барча ишлари очиқ ва ошкора бўлиши лозим. Унинг вақти- вақти билан жамоа олдида ҳисобот бериб туриши раҳбарлик фаолиятига фақат обрў келтириб, атрофдагиларда унга нисбатан ишончни оширади. Бундан ташқари, раҳбар ўз ғояси ва ҳаракат дастурига эга бўлиб, бошқаларни ҳам шу йўлдан бошлаши, ягона мақсад атрофида бирлаштириши муҳим аҳамиятга эга. Ходимлар билан ўзаро муносабатларда етакчи инсон дунёқараши, маданияти ва муомаласи билан бошқаларда ўзига нисбатан ҳавас уйғотиши, раҳбарлик ва маънавият омилларининг ўзаро боғлиқлигини эътиборда тутиши лозим. Раҳбар ўзига бўйсунувчи ходимлар томонидан меъ­ёрий ҳужжатлар талабларига амал қилинишига талабчан бўлиши, уларга юксак касбий маҳорат, қонунийлик ҳамда қасамёдга содиқ қолиш борасида намуна кўрсатиши, ташаббус ва интилишларини рағбатлантириши, шунингдек, хизмат интизомини бузувчи ҳамда бошқа салбий ҳолатлар содир этишга мо­йил ходимларга нисбатан муросасиз бўлиши зарур.

Liderlar kitobi

«Liderlar kitobi» asari o’zida liderlikka intilish, g’oliblik uchun kurash, saodat va komillik uchun qat’iyat bilan qadam tashlash, jasurlik, mardlik kabi fazilatlarni o’zida mujassamlashtiradi. Asarda nafaqat liderlik, balki yuksak insoniy fazilatlar, komillik haqida ham so’z boradi. Har bir lider o’zida yuksak insoniy fazilatlarni shakllantirishi, Vatan rivojiga, uning iqtisodini yuksaltirishga astoydil intilishi, qat’iy qarorlar qabul qilishi , bir so’z bilan aytganda rahbar emas, lider bo’lib shakllanishi kerakligi ta’kidlanadi. Lider qattiqqo’l rahbar sifatida emas, o’z xodimlarini tinglaydigan, o’z jamoasi bilan bir tan-u bir jon bo’lib harakatlanadigan, har jihatdan jamoaga o’rnak bo’ladigan shaxs bo’lishi kerak. Lider doimiy ravishda o’z ustida ishlaydigan shaxsiy xususiyatlari bilan ham o’rnak bo’ladigan, yordam berishdan charchamaydigan insondir. Zero, prezidentimiz Shavkat Mirziyoyev ta’kidlaganlaridek : «Agar rahbar oddiy, samimiy bo’lib, «yerda» yurib, xalqning og’irini yengil qilsa, uning hurmati oshadi. Faqat stolda o’tirib, mashinada yurish bilan obro’ oshib qolmaydi. Hokim halovatga intilmasligi kerak , o’zini ishga bag’ishlashi kerak». Prezidentimiz Shavkat Mirziyoyevning ushbu fikrlari asarning dolzarbligini oshiradi.

0 O’qimoqchi
0 o’qiyapti

  • Annotatsiya
  • Qisqa ma`lumot
  • Taqrizlar (0)
  • Iqtiboslar (0)

Asardagi har bir bo’limda maqolalar va hikoyalar keltirilgan bo’lib, har bir hikoya o’z navbatida insonni chuqur o’yga toldiradi. Ayniqsa, «Garsiyaga maktub» hikoyasida xodimning jasorati, sadoqati, Vatani uchun har qanday vazifani bajarishi tahsinga sazovordir. Shuningdek, Rouenga xat berilganda, uni xotirjamlik bilan olib, savollar bermasdan, vazifasini sabot bilan bajarishga harakat qiladi. Bunday xodimlar har bir shaharda, jamoada, har bir idorada bo’lishi kerak. Dunyo bunday insonlarga muhtoj.Ushbu nashrda juda ko‘p yangi g‘oyalar, hayotga teran nazar bilan qarash, g‘oliblikka intilish, saodat va komillik uchun dadil qadam tashlash, jasurlik va mardlik kabi insoniy fazilatlarni o‘zida shakllantirish, Vatan rivojiga, uning iqtisodini yuksaltirishga astoydil kirishish, aql-zakovatni, ilmni har qanday ishdan ustun qo‘yish kabi holatlar mavjud bo‘lgan. Unutmang, Lider degani, avvalo o‘z ustida ishlaydigan va o‘zgalarga yordam qo‘lini cho‘zadigan insondir. O’quvchilar e’tiboriga havola qilinayotgan ushbu kitob davlat xizmatchilari, xususiy sektor vakillari, yosh olimlar, talaba va bo‘lajak Liderlar hayot yo‘lida ko‘makchi bo‘ladi, deb o‘ylaymiz.

Kitob nomi: Liderlar kitobi
Kitobning asl nomi: Liderlar kitobi
Nashr qilingan til: O’zbek
Kitobning asl tili: O’zbek
Formati: A5
ISBN: 978-9943-6288-2-3
Nashr yili: 2020
Nashriyotchi: Muharrir
Seriya: 0
Yosh chegarasi: 7 dan 70 gacha

Taqrizlar

Hozirda ushbu kitobda taqrizlar mavjud emas.
Taqriz yozish

Iqtiboslar

Hozirda ushbu kitobda iqtiboslar mavjud emas.
Iqtibos qo’shish

Bestseller kitoblar
Ulug’bek xazinasi Odil Yoqubov
Chinakam ota – onalik san’ati Adem Gunesh
Zikr ahlidan so’rang (turkum) 2-kitob Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf

Janr bo’yicha boshqa kitoblar

Oq nilufarlar yurtida

To’rtinchi sanoat inqilobi

Savdogarlar ustozi yoxud haqiqiy omad kaliti.

Robert Kiyosaki maktabi

Men va Pul

0 dan boshlangan biznes. Lean Startup uslubi

Oq nilufarlar yurtida

Kitob statusi

Quyidagilardan brini tanlang

Qiziqarli malumotlar
Liderlar kitobi