Kitob haqida maqollar uz
Мен китобларимдаги афсунларга ишонмайман. Аммо китоб ўқишнинг ўзи сеҳрли ҳолат эканига шубҳа қилмайман.
Китоб ўқишнинг 21 фойдаси ҳақида
Ҳаммамиз китоб ўқишнинг фойдали эканлигини эшитганмиз. Лекин унинг фойдалилиги айнан нимада?
1. Мутолаа уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради.
Хотиржам бўлиш ва ухлашга ёрдам берадиган энг яхши усул китоб ўқишдир. Телевизор ёки телефондан тарқалаётган ёрқин нур мияга уйғониш кераклиги ҳақида сигнал юборади. Китоб ўқиш эса аксинча таъсир кўрсатади – мия ухлаш вақти бўлганлигини тушунади.
2. Мутолаа асабни тинчлантиради.
Асабингизни тинчлантириш учун сайр қилиш ёки мусиқа тинглашни афзал кўрасизми? Сассекс университети олимлари эса бунинг ўрнига китоб ўқишни тавсия қилишади. Китоб ўқиш асабни тинчлантиришда энг самарали усул экан. Атиги олти дақиқа китоб ўқиш асабийлашишга барҳам беради.
3. Мутолаа қалбни юмшатади.
Китоб ўқиш жараёнида ўқувчи қаҳрамонлар билан бирга бўлади. Уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бадиий асар ўқиган одам ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан.
4. Мутолаа мия фаолиятини яхшилайди.
Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидлашмоқда.
5. Мутолаа тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради.
Шотландиялик олимларнинг тадқиқотларига қараганда, китоб ўқиш тушкунликни даволашнинг энг самарали воситасидир. Тушкунликка чалинган беморлар китоб ўқишни бошлаганларидан сўнг уларнинг тушкунликка тушиш ҳолатлари камайган.
6. Мутолаа инсонни гўзаллаштиради.
Юқори даражадаги ақлий салоҳият инсоннинг ташқи кўринишини ҳам гўзаллаштиради. Ҳар қандай мавзуда қизиқарли суҳбат қура олиш ва ўз билимини намойиш этиш суҳбатдошининг меҳрини қозонишга ёрдам беради.
7. Мутолаа хотирани ва фикрлаш қобилиятини яхшилайди.
Ҳар сафар китоб ўқилганида мия фаол ишлайди. У олинаётган маълумотни сақлаш учун янги толаларни яратади. Тадқиқотларда аниқланишича, доимий равишда китоб ўқийдиган инсонларда фикрлаш қобилияти бошқаларга нисбатан секинроқ пасаяр экан.
8. Мутолаа ҳаётдаги мақсадини англашга ва қийинчиликларни енгишга ёрдам беради.
Огайо штати университети олимлари инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлашини таъкидлашмоқда. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради, дейишмоқда улар.
9. Мутолаа сўз бойлигини оширади.
Китоб ўқиётган пайтда нотаниш сўзлар ҳам учраб қолади. Уларнинг маъносини умумий мазмуни орқали ҳам тушуниб олса бўлади. Китоб ўқиш нафақат сўз бойлигини кўпайтиради, балки умумий саводхонликни ҳам оширади.
10. Китоб ўқийдиган инсонлар ҳаётда фаол бўлишади.
Санъат миллий жамғармаси томонидан ўтказилган тадқиқотлар китоб ўқийдиган инсонлар маданий ва ижтимоий ҳаётда ҳам фаол бўлишларини исботлади.
11. Мутолаа ёзувчилик қобилиятини ривожлантиради.
Китоб ўқиш жараёнида муаллифнинг ёзиш услуби ҳам ўқувчига таъсир кўрсатади. Мусиқа тинглаш жараёнида мусиқачининг услуби тингловчига ўтгани сингари ёзувчининг услуби ҳам ўқувчининг ёзиш услубига таъсир ўтказади.
12. Мутолаа Альцгеймер хасталигига чалинишнинг олдини олади.
Қатор тадқиқотлардан маълум бўлишича, кўп китоб ўқиган инсонлар Альцгеймер касаллигига камроқ чалинишар экан. Мия ҳам худди бошқа аъзолар сингари қўллаб-қувватлашга ва машқлар ёрдамида мустаҳкамланишга муҳтож бўлади. Китоб ўқиш эса бу борада энг самарали усулдир.
13. Мутолаа чет тилини ўрганишни осонлаштиради.
Доимий равишда китоб ўқиш бошқа тилларни ўрганишда янги сўзларни осон тушунишга ва ёдда сақлаб қолишга ёрдам беради.
14. Мутолаа ижодкорлик қобилиятини ривожлантиради.
Обафеми Аволау университети педагоглари бошланғич синф ўқувчиларининг машғулотларига мавзули комиксларни киритишганида, суратлар ва сўзлар аралашмаси болаларнинг ижодкорлик қобилиятларини оширишини аниқлашди. Китоблар катталарга ҳам ана шундай таъсир кўрсатади.
15. Мутолаа молиявий қийинчиликларни бартараф этишда ёрдам беради.
Статистика маълумотларига кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади.
16. Биргаликда китоб ўқиш ота-оналар ва болаларнинг ўзаро муносабатларини яхшилайди.
Психологлар биргаликда китоб ўқиш жараёнида ота-оналар ва болалар ўртасида ўзига хос муносабат ўрнатилади деб ҳисоблашади. Уларнинг айтишларича, бундай муносабат биргаликда телевизор кўрганда асло пайдо бўлмайди.
17. Кўп китоб ўқийдиган болалар дарсларни яхши ўзлаштиришади.
Тадқиқотларда аниқланишича, китоб ўқишни хуш кўрадиган болалар мактабда ҳам яхши ўқишади. Улар грамматикани ҳам, математикани ҳам яхши ўзлаштиришади.
18. Мутолаа жиноятчиликнинг олдини олади.
Ўтказилган тадқиқотдан маълум бўлишича, панжара ортида саводхонлигини оширган жиноятчилар озодликка чиққанларидан сўнг бошқа жиноятчиларга нисбатан жиноятга 30 фоиз камроқ қўл урадилар.
19. Мутолаа тинглаш қобилиятини ривожлантиради.
Қанчалик ғалати туюлмасин, китоб ўқиш тинглаш қобилиятини оширади, бошқаларни осон тушунишга ёрдам беради. Бу айниқса, китобни овоз чиқариб ўқиганда янада самарали бўлади.
20. Мутолаа яхши ҳикоягўйга айлантиради.
Инсон китобни қанча кўп ўқиса, ҳикоя қилиш қобилияти шунчалик ошади. Кераксиз гапларни камроқ гапириб, кераклиларини яхшироқ етказадиган бўлади.
21. Мутолаа яхшилик қилишга ундайди
Фаол китобхонлар хайрия ишлари билан бошқаларга нисбатан уч марта кўпроқ шуғулланишади. Мутолаа муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишга ундайди.
Манба: AdMe.ru
«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон
Kitob haqida maqollar uz
Сўнгги саҳифаларини ўқиётганингда унинг яхши китоб эканини ҳис қилсанг, демак яна бир янги дўст билан хайрлашишга тўғри келади.
Паул Свиней
Китобсиз уй – қалбсиз танага ўхшайди.
Цицерон
Яхши китоб ўқиб лаззатланмаган инсонни у хоҳ эркак ёки аёл бўлсин, соғлом дейиш хато.
Жейн Аустин
Саводли бўла туриб китоб ўқимаган кишининг саводсиздан фарқи йўқ.
Марк Твен
Яхши дўст, тоза виждон ва албатта, яхши китоблар – идеал ҳаёт учун бошқа нарса керак эмас!
Марк Твен
Мен доимо жаннат кутубхонага ўхшаган жой бўлса керак, деб ўйлайман.
Жорж Луис Борхес
Китоб ўқишга одатланмаган кишига ишонма.
Лемони Сникет
Маънан етук китобларни танлаб ўқи. Акс ҳолда, бир даста қоғоз ҳаётингни заҳарлаши мумкин.
Марк Твен
Китобдек ақлли ва содиқ дўст йўқ.
Эрнест Ҳемингуэй
Шоҳона, бироқ кутубхонасиз уйга ачинаман.
Жейн Остин
Китобга тўла уйнинг файзи шу қадарки, уларни варақламай туриб, сен ўзингни улардаги донолик шарбатини симираётгандек ҳис қиласан.
Марк Твен
Кўпчилик одамлар жонсиз деб билган китоб уларга қанчалик саводсиз эканликларини исботлаб бера олади.
Оскар Уайлд
Қашшоқ бўлсам ҳам китоб харид қиламан. Бундан ортиб қолган пулга эса егулик ёки кийим-кечак сотиб оламан.
Эразм Ротердамус
Китоб ўқиш учун икки асос бор: биринчиси – сен бундан роҳатланасан. Иккинчиси эса – сен бу билан мақтанишинг мумкин.
Бертрэнд Рассел
Кичкина бўлса ҳам, боғинг ва кутубхонанг бўлса – сен бошқа ҳеч нарсага муҳтож эмассан.
Цицерон
Агар сиз ўқишни хоҳлаган китоб ҳали ёзилмаган бўлса, демак уни ёзишни бошлашингиз керак.
Мориссон
Яхши китоб ўз сир-асрорини бир ўқишда фош қилмайди. Уни такрор ўқиганинг сайин тушуниб борасан.
Стефан Кинг
Менга мен ҳали ўқиб улгурмаган китобни берган инсон мен учун қадрли дўстдир.
Абраҳам Линкольн
Мен китобларимдаги афсунларга ишонмайман. Аммо китоб ўқишнинг ўзи сеҳрли ҳолат эканига шубҳа қилмайман.
Ж.К. Ровлинг
Агар уйингизда китоб учун жавон бўлмаса, сиз билан суҳбатлашиш бефойда ва мен буни рад этаман.
Терри Пратчет
Китобнинг бизга ўргатадиган энг улкан сабоғи – тўғрисўзликдир.
Томас Жефферсон
Кўп ўқигани боис дунё уники эди.
Бетти Смит
Бувимнинг айтишича, Худо китобни одамлар хато қилиб, афсус чекмасликлари учун туҳфа қилган экан.
Жон Баюр
Аслида ҳеч қайси мебель китобчалик мафтункор эмас.
Сидней Смит
Гапиришдан олдин ўйла. Ўйлашдан олдин китоб ўқи.
Френ Лебовитз
Эски пўстин кийсанг ҳам, янги китоб ўқишга одатлан.
Остин Фелпс
Яхши китобларни ўқиш – дунёнинг энг доно кишиларининг суҳбатида бўлиш демак.
Рене Дескартес
Яхши китоб – бу менинг ҳаётимдаги муҳим бир ҳодиса.
Стендал
Дон Кихот ўқигани учун ҳам чин инсонга айланди. У ўқиганларига тамомила ишонгани учун ақлдан озди.
Бернард Шоу
Қаердаки китоб ёқилса, кун келиб ўша ерда инсон ҳам ёқилади.
Генрих Гейне
Инглиз тилидан Шуҳрат Сатторов таржимаси
Kitob haqida qiziqarli faktlar
Kitoblar haqida ko‘p va xo‘b yozdik, yozmoqdamiz. Lekin qancha ko‘p yozsak, targ‘ibot qilsak, shuncha oz ekanligini yaxshi bilamiz. Hozir sizga aynan kitob o‘qishning foydali tomonlari haqida gapirmoqchi emasman. Kitoblar haqida kutilmagan, ajabtovur, hayratomuz, qisqasi, noodatiy holatlar haqida aytib bermoqchiman.
— Qadimda kitoblar juda qimmat bo‘lgan. XVIII asrgacha ba’zi kutubxonalarda kitoblar o‘g‘irlanmasligi uchun zanjirga bog‘lab qo‘yilgan. Kitob kam va qimmat bo‘lsa-da, uni o‘qishga qiziqish kuchli bo‘lgan. Bugungi kunda kitoblar ko‘p va narxlari ham baholi qudrat, cho‘ntakbop, lekin xarid qilish jarayoni qanday kechyapti? Kitoblarni kim ko‘p sotib oladi, erkaklarmi, ayollar? Albatta ayollar! Ular erkaklarga qaraganda ko‘proq (68%) kitob sotib oladilar. Bu faktni o‘qib rostligiga shubha qilmadim. Ishonmasangiz, “Sharq ziyokori” do‘koniga boring, asosiy xaridorlar ko‘pincha ayollar bo‘ladi(Xuddi boshqa, masalan, kiyim-kechak, oziq-ovqat, parfumeriya do‘konlari kabi. Albatta bu mening shaxsiy kuzatuvim, hech qanday statistikaga asoslanmagan). Shu o‘rinda bir fikr tug‘ilib qoldi, balki do‘kon xodimlari bilan kelishib bir hafta davomida kuzatuv o‘tkazarmiz?
— Dunyo bo‘yicha kitoblarning asosiy qismini 45 yoshdan oshganlar sotib olishar ekan. Afsuski, zamonaviy yoshlarimiz bu borada ancha orqadalar. Biz hamma narsani yaxshilikka yo‘yib o‘rganganmiz, bu holatni ham ular elektron kitob o‘qiydilar, shuning uchun kamdan-kam hollardagina kitob sotib oladilar, deb izohlamoqchimiz. Aslini olganda, kitobni qo‘lingizda ushlab, salmog‘ini, taftini his qilib o‘qiganga nima yetsin, aziz yoshlar.
— Kitob bilan pichoqning o‘g‘risi bo‘lmaydi, deyishadi. Ya’ni, kitob o‘g‘irlaganlar o‘g‘ri hisoblanmas ekan. Shu mavzuda bahs-munozaralar ham bo‘lgandi. Xullas, o‘g‘irlikmi, o‘g‘irlik, katta-kichigi, og‘ir-yengili bo‘lmaydi, uning yagona nomi o‘g‘irlik, tamom. Fanda kitob o‘g‘rilari bibliokleptoman deyiladi. Dunyodagi eng mashhur kitob o‘g‘risining ismi — Stiven Blumberg. U 270 kutubxonadan 23000 nodir kitobni o‘g‘irlagan. Uning kutubxonasining narxi 20 million dollardan oshadi.
— Mashhurlikda Agata Kristining oldiga tushadigan detektiv yozuvchi hali-beri topilmadi. Uning asarlari 50 dan ortiq tillarda hamon chop etilmoqda. Nashr etilgan kitoblari nusxasi 2 milliarddan oshadi.
— Dunyoda eng katta lug‘at kitob “Nemis lug‘ati” (“Deutsches Wortetbuch”) bo‘lib, u 1854-yili Yakob va Vilgelm Grimm tomonidan tuzib boshlangan. Bu ishga keyinchalik turli olimlar hissa qo‘shib, 1971-yili yakunlangan. 33 jildlik ushbu lug‘at 34519 betdan iborat.
— Eng og‘ir kitob haqida eshitganmisiz? Bu kitob Britaniya muzeyida saqlanuvchi XVII asrga oid geografik atlasdir. Uning bo‘yi 1,9 metr, og‘irligi 320 kilogramm.
— Azaldan xalq qahramonlari, bahodirlar, buyuk shaxslar, shohlar haqida kitoblar yozish an’anasi mavjud. Ularni o‘qib o‘tmishdagi ajdodlarimiz haqida ma’lumotga ega bo‘lamiz. Dunyo bo‘yicha hisoblab ko‘rilganda eng ko‘p kitob Napoleon haqida yozilgani aniqlandi. U haqda 10000 dan ortiq turli janrlarda kitob yozilgan. Shu o‘rinda Napoleonning o‘zining kitob o‘qishi haqida ham to‘xtab o‘tish joiz: u daqiqasiga 2000 ta so‘z o‘qiy olgan. Balzak esa yarim soatda 200 bet kitob o‘qigan.
— 95% insonlar daqiqasiga 210 so‘z yoki 2 daqiqada 1,5 sahifa kitob o‘qiydilar.
— Kitoblar sekin o‘qilganda 100 foiz matn tushunilmaydi, faqat 60 foiz anglanadi, aksincha, tez o‘qilganda matnning 80 foizi tushuniladi.
— Aksariyat kitoblarning 18-betidayoq unga bo‘lgan qiziqish yo‘qoladi.
— Italiyalik Rio Kozelli eng zerikarli kitoblar to‘plashni yoqtirgan. Uning kolleksiyasida 10000 jild kitob bor. Bir omadsiz italyan shoiri kitobi Kozelli kolleksiyasidan o‘rin olganini eshitgach o‘zini o‘ldirishiga bir bahya qolgan. Yaxshiyamki, bizning yurtimizda bunday g‘ayrioddiy kitoblar kolleksiyasi to‘playdiganlar yo‘q. Tasavvurimda, shunday odam bo‘lsa uning kolleksiyasi Kozellinikidan ko‘ra ancha boyroq bo‘lardi-yov, siz nima deb o‘ylaysiz?
— Har bir ijodkor ijod qilar ekan, albatta, yozganlari uchun moddiy va ma’naviy rag‘bat olishni xohlaydi. O‘z vaqtida shohlar saroyida ijod qilib, ularni madh etadigan asarlar yozib, ko‘klarga ko‘tarib, nomlarini tarixga muhrlagan ijodkorlar bo‘lgan. Ba’zida ulkan asarlar yaratib, o‘zi mo‘ljallagan gonorarni ololmay, biroz ranjiganlari haqida ham rivoyatnamo gaplarni eshitib qolamiz.
— Dunyoda eng katta gonorar Rim imperatori Mark Avreliy tomonidan shoir Oppianga to‘langan. Baliq tutish va ov haqidagi ikki dostonining har bir satri uchun 1 oltin tanga hadya qilingan. Uning ikki dostoni 20000 baytdan iborat.
— Kitoblar haqida yana bir kutilmagan fakt: Bastiliya mahbuslari faqatgina odamlar bo‘lmagan. Bir marta Didro va D’ Alamberning “Fransuz ensiklopediyasi”ni din va jamiyat axloqiga zarar keltirgani uchun “qamab qo‘yganlar”.
— Eng qimmat badiiy asar Leonardo da Vinchi tomonidan ko‘chirilgan “Leychester kodeksi” kitobidir. Uni “Microsoft” asoschisi Bill Geyts 1994-yili Nyu-Yorkdagi “Sotbis” auksionidan 30,8 million dollarga sotib olgan.
— Dunyoning eng qadimgi kitobi esa Priss papirusidir. U eramizdan avvalgi 3350-yili yozilgan. Ushbu qo‘lyozma uni 1839-yili Fivadan topgan Emil Priss sharafiga shunday nomlangan. Qo‘lyozma muallifi — fir’avnning vaziri Pta-Gotep. U yoshlarning tarbiyasizligi, dangasa va axloqsizligidan noligan.
— Mashhur golland vrachi German Burxavening “Tibbiyot san’atining yagona va teran sirlari” nomli kitobi muallif o‘limidan so‘ng 1738-yili 10000 dollar oltinga auksionda sotilgan. Bejirim bezalgan va g‘iloflangan kitob ochilganda uning barcha sahifalari bo‘sh bo‘lgan. Faqatgina ilk sahifasida shunday yozilgan edi: “Boshingni sovuqda qoldirsang ham oyog‘ingni issiq tut. Shundagina sen eng zo‘r vrachlarni ham kambag‘al qilasan”.
Xullas, shunaqa gaplar. Hozirgacha duch kelganim kitoblar haqidagi qiziqarli ma’lumotlar shulardan iborat. Ushbular sizga ham qiziq tuyuldimi? Balki sizda yanayam qiziqarlilari bordir? Keling, o‘rtoqlashamiz.
Asolat AHMADQULOVA tayyorladi
Qiziqarli malumotlar
Kitob haqida maqollar uz