Назир Сафаров (1905-1985) to’liq malumot oling
Ўзбек адабиётида публицист, очеркнавис ва драматург сифатида танилган Назир Сафаров 1905 йил 9 январда Жиззах шаҳрида темирчи оиласида туғилди. У совет мактабларида ўқиди, биринчи зиёлилар қатори узоқ қишлоқларга бориб дарс берди. Жиззахда ташкил қилинган «Санойи нафиса» тўгарагидаги иштироки бўлғуси драматург тақдирини бир умрга белгилаб берди. Назир Сафаров ўзбек драматургиясининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган «Тарих тилга кирди» (1931), «Уйғониш» (1939), «Шарқ тонги» (1954) каби саҳна асарларини яратди. «Уйғониш»да 1916 йил қўзғолони, «Шарқ тонги»да Октябрь тўнтариши, «Тарих тилга кирди» (Зиё Саид билан биргаликда ёзган)да миллий низолар, «Кимга тўй, кимга аза»сида ишчилар синфининг янгилик учун жангу жадали асосий мавзу қилиб олинган. Драматургия соҳасидаги катта хизматлари учун Назир Сафаровга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони берилган (1955 йил).
Уруш даврида Назир Сафаров фронтнинг олдинги жабҳаларида бўлиб, жангчиларнинг қаҳрамонлигини, душманнинг ёвузлигини ҳикоя қилувчи «Ўқ ўтмас ботир», «Водиллик қаҳрамон», «Комиссар Қорабоев», «Севги», «Сўнгги нафасгача», «Ўзбек фарзандлари», «Қаҳрамоннинг туғилиши» каби қатор очерклар ёзди. Унинг ҳаётдаги янгиликлар, яхши ташаббуслар тарғиботчиси сифатида яратган асарлари алоҳида диққатга сазовор. «Узоқни кўзлаган аёл» қиссаси шулар жумласидандир. Ёзувчининг 1954—1957 йилларда яратган замонавий мавзудаги катта асарлари «Ҳаёт мактаби», «Элмурод» каби (М. Худойқулов билан ҳамкорликда) пьесаларидан иборатдир.
Назир Сафаров бир қанча ҳикоялар ҳам ёзган. «Олтиной», «Олма олмадан узоққа тушмайди», «Аҳмадали ўз бахтини қандай топди» ҳикоялари ғоявий-бадиий жиҳатдан пухталиги билан ажралади. Унинг «Бир томчи қон» (1967), «Кўрган-кечирганларим» (1968) номли қиссалари, «Наврўз» (1973) романи 60-йиллар адабиётида сезиларли воқеа бўлган. «Кўрган-кечирганларим» асари учун муаллифга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган (1968).
Адиб немис-фашист босқинчилари устидан қозонилган ғалабанинг 30 йиллигига бағишлаб, ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликларидан ҳикоя қилувчи «Лукаш ботир» (Я. Худойқулов билан ҳамкорликда) драмасини яратган.
У 1975 йилда 70 ёшга тўлиши муносабати билан Ўзбекистон халқ ёзувчиси унвонига муяссар бўлган.
Назир Сафаров 1985 йил 1 апрелда Тошкент шаҳрида вафот этган.
Biografiya
Назир Сафаров (1905-1985)