Абдулла Орипов (1941-2016) to’liq malumot oling
Абдулла Орипов (1941.21.3 — Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғи – 2016.5.11 – Хьюстон, Техас штати, АҚШ) — шоир ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ шоири (1990). Ўзбекистон Қаҳрамони (1998).
ТошДУнинг журналистика факултетини тугатган (1963). «Ёш гвардия» (1963—69), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётларида муҳаррир (1969—74), «Шарқ юлдузи» журналида адабий ходим, бўлим мудири (1974—76), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи (1976—82), масъул котиб (1985—88), Тошкент вилоят бўлимида масъул котиб (1982—83), «Гулхан» журналида муҳаррир (1983—85), 1996 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги раиси (1989 йилдан) бўлиб ишлаган.
Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча», «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» сингари дастлабки шеърлари талабалик йилларида ёзилган ва ўзбек шеъриятига янги, истеъдодли, ўзига хос овозга эга шоирнинг кириб келаётганидан дарак берган. Кўп утмай, «Митти юлдуз» (1965) илк шеърлар тўпламининг нашр этилиши шеърият мухлисларида пайдо бўлган шу дастлабки тасаввурнинг тўғри эканлигини тасдиқлаган. Шундан кейин шоирнинг «Кўзларим йўлингда» (1966), «Онажон» (1969), «Руҳим», «Ўзбекистон» (1971), «Хотирот», «Юртим шамоли» (1974), «Юзма-юз», «Ҳайрат» (1979), «Нажот қалъаси» (1981), «Йиллар армони» (1983), «ҳаж дафтари», «Муножот» (1992), «Сайланма» (1996), «Дунё» (1999), «Шоир юраги» (2003), “Эзгулик” (2012) сингари шеърий китоблари нашр этилган.
Абдулла Орипов ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 60-йилларида собиқ совет жамиятида эса бошлаган янги шабаданинг элчиси сифатида кириб келди. У дастлабки шеърларидан бошлаб миллий шеъриятда янги поэтик тафаккурнинг қарор топиши йўлида ижод қилди; турмушда пайдо бўла бошлаган янгича карашлар, кишиларнинг руҳий оламидаги эврилишлар, фикр ва хатти-ҳаракат эркинлигига бўлган эҳтиёж Абдулла Орипов шеърларининг ғоявий мундарижасини белгилаб берди.
Абдулла Ориповнинг дастлабки шеърларидаги романтик кайфият аста-секин ўз ўрнини фалсафий мушоҳадаларга бўшатиб, шоирнинг ҳаётда рўй бераётган воқеа ва қодисаларга муносабати фаол тус олди. Шу маънода «Тилла балиқча», «Қўриқхона», «Генетика», «Оломонга» каби шеърлар Абдулла Ориповнинг лирик шеърият уфқларини ҳаёт муаммолари тасвири ҳисобига кенгайтириб бораётганидан дарак берди. Худди шу нарса Абдулла Ориповнинг достон жанрига мурожаат этиши ва лиро-эпик тасвир имкониятларидан самарали фойдаланишига сабабчи бўлди.
Абдулла Орипов «Жаннатга йўл» (1978), «Ҳаким ва ажал» (1980), «Ранжком» (1988) каби достонларида маънавият масалаларига алоҳида эътибор бериб, кишиларнинг руҳий оламидаги айрим қусурлар билан илмий-техник тараққиёт ва тафаккурнинг парвози ўртасидаги зиддиятни очиб ташлади. Умуман, Абдулла Ориповнинг шеър ва достонларида олға сурилган маънавий муаммолар мустақиллик даврида, айниқса, долзарб аҳамият касб этиб, шоирнинг худди шу масалалар тасвирида ўз даврига нисбатан (уларнинг аксари 90-йилларга қадар ёзилган) илғорлаб кетганини намойиш этди.
Абдулла Орипов ижодида, бир томондан, Ғафур Ғулом лирикасига хос фалсафийлик кўзга ташланса, иккинчи томондан, Ҳамид Олимжон шеърларига хос мусиқий равонлик ва бадиий соддалик акс этиб туради. Мазкур 2 манба Абдулла Орипов шеърларида ўзаро туташган ҳолда орифона шеъриятнинг асосий хусусиятларини ифодалаб келади.
Абдулла Ориповнинг сўнгги йиллар лирикасида туйғу ва кечинмалар тасвири сусаймаган ҳолда яна бир муҳим фазилат бор. Бу, Абдулла Орипов шеърларига лиро-эпик тасвир унсурларининг кўплаб кириб келишидир.
Абдулла Орипов мустақиллик йилларида адабиётнинг ранг-баранг тур ва жанрларида ижод эта бошлади. Шу даврда тарихий адолатнинг тикланиши, ўтмишда яшаган саркардалар ва алломалар хотирасининг эъзозланиши Абдулла Ориповнинг Амир Темурнинг Ўрта Осиё халқлари тарихий тақдирида ўйнаган буюк ролини кўрсатувчи «Соҳибқирон» шеърий драмасини (1998) ёзишга илҳомлантирди. Абдулла Орипов бу асарида қарийб уч аср давомида ҳукм сурган қудратли Темурийлар салтанатининг асосчиси ва 15-асрда Шарқда Уйғониш даврининг бошланишига ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий шароит яратган Амир Темур образини ёрқин гавдалантириб берди. Мазкур асар республиканинг барча йирик театрлари ва қардош мамлакатлар саҳналарида катта муваффақият билан ўйналди.
Абдулла Орипов — Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг матнини ёзган (1992). У Наврўз ва Мустақиллик байрамларини ўтказиш бўйича ёзилган сценарийларнинг аксарияти муаллифи.
Абдулла Орипов Ёзувчилар уюшмаси раиси сифатида Ўзбекистондаги хоз. адабий жараёнга раҳбарлик қилган. Шеърияти Муҳаммад Юсуф каби кўплаб ёш шоирлар ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган.
Данте «Илоҳий комедия»сининг «Дўзах» қисмини, А. С. Пушкин, Н. А. Некрасов, Т. Г. Шевченко, Л. Украинка, Р. Ҳамзатов, Қ. Қулиев ва М. Байжиев асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган. Ўз навбатида, унинг асарлари ҳам рус, инглиз, болгар, турк, украин, туркман, озарбайжон каби кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган.
1990 йилдан Ўзбекистон Олий Кенгаши, 1995 йилдан Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати бўлган. Абдулла Орипов Калифорния (АҚШ) Фан, таълим, саноат ва санъат халкаро академиясининг ҳақиқий аъзоси. Сока университети (Япония) профессорри. Ҳамза номидаги (1983) ҳамда Алишер Навоий номидаги (1992) Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари лауреати.
2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси Хьюстон шаҳридаги (АҚШ, Техас штати) касалхонада Ўзбекистон Республикаси Мадҳияси матни муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони ва халқ шоири Абдулла Орипов оғир касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этди.
Наим Каримов.
Biografiya
Абдулла Орипов (1941-2016)