ТАШЛАНДИҚ
Унга молхона чироғининг хира нурида, қора латталар орасидан икки кўз тикилиб турарди.
– Вой ўлмасам, бу бечора болани ким бу ерга ташлаб кетди экан-а?
Бола заиф овоз чиқарди. Совуқдан унинг лаблари кўкариб кетган, ҳолсизликдан йиғлашга ҳам мажоли йўқ эди. Салима челакдаги сутни ҳам унутиб, чақалоқни кўтарганича уйга югурди. Бу пайт қайнонаси бомдодни ўқиб бўлиб, ҳовлига чиқиш учун махсига калишини кия олмай қийналаётган эди.
–Эна, кимдир молхонага чақалоқ ташлаб кетибди.
Равшанак момо тинмай ёшланадиган кўзларини енгининг учи билан артиб, келинига ажабланиб қаради. Сўнг унинг қўлидаги чақалоққа кўзи тушиб, айвон устунига суянди.
–Қайси қўли сингур бундай қилган экан-а? Боланинг уволи тутишидан қўрқишмайдиям-а.
– Қорни жуда очга ўхшайди. Ўлиб қолмасайди, деб қўрқаяпман. Кечаси ташлаб кетишибди. Бола бечора жуда ҳам совқотган.
Салима болани қайнонасининг қўлига тутқазиб югурганича ичкаридан жун рўмол, ўзининг эски сатин кўйлагини олиб чиқди. Бола ўралган латта –қора аёллар юбкасини четга улоқтирди. Уни авайлаб ўрагач, челакдаги сут ёдига тушиб, сутни пиширгани ошхонага югурди. Сутни ютоқиб ичган чақалоқ бир зумда пишиллаб ухлаб қолди.
Шу куниёқ ташландиқ бола ҳақидаги хабар бутун қишлоққа тарқалди. Қишлоқ посбони Юнус қора Равшанак момо ҳовлисида баённома тузишга киришди.
–Хўш, болани Тошкентдаги “Гўдаклар уйига” топширасизлар, унгача эса Қутби дўхтирга кўрсатиш керак. Яна бирор касали бўлмасин, — деди у охирида қоғозга алланималар ёзгач. – Момо, мана бу ерга имзо чекинг.
Кечқурун Салима эри билан маслаҳатлашиб, чақалоқни асраб олишга келишишди. Бунда Равшанак момонинг ҳиссаси катта бўлди.
– Худонинг сизга кўрсатган марҳамати бу, болаларим. Келин уч йилдан бери фарзанд кўрмайди, худо хоҳласа чақалоққа меҳр берсангизлар, албатта фарзандли бўласизлар…
Онасидан Равшанак момонинг келини молхонадан чақалоқ топиб олганлигини эшитган Ойшанинг ранглари оқарди. Хамир қораётган онаси қизининг бехол устунга суянганини кўриб, чарчоққа йўйди. Тинмай бўлиб ўтган воқеа ҳақида гапирар экан, қизи уни эшитмаётганини сезмасди ҳам. Ойша бўлса, сутга тўлган кўкракларидаги оғриқни ҳам унутиб, бир нуқтага тикилганича қотиб қолган, кўз олдидан ўша машум кеча кетмас, қулоғида яна бир бор Султоналининг эҳтирос билан шивирлаган сўзлари янграгандай бўларди.
Султонали Ойшани анчадан бери кўз остига олиб қўйганди. Коллежни тугатиб, дипломни қўлга олгач, отаси уни Душан фермерга ҳисобчи қилиб ишга жойлаштириб қўйди. Аммо орадан етти ой ўтар-ўтмас бу иш ҳалоллик, аниқлик ва тўғриликни талаб этишини сезган Султонали ўз аризасига кўра ишдан бўшади. Тўғрироғи, Душан фермер фермер хўжалигининг ярим йиллик молиявий ҳисоботидаги чалкашликларни кўриб, юрак хуружига учрашига оз қолди ва Султоналини ишдан ҳайдади. Бу орада 9-синфни битириб, тумандаги ягона коллежга ҳужжат топширган Ойша, ҳар куни иккита дугонаси билан Душан фермернинг даласига чопиққа чиқарди. Хўжалик идораси олдидан ўтган қизларнинг шўх кулгуси Султоналининг юрагини ханжар мисол тиларди. Ниҳоят юрак ютиб, кун қорайгач даладан қайтаётган қизларнинг йўлини тўсган Султонали Ойшани четга имлади.
Шу-шу улар тез-тез далани ёзги гармселдан тўсадиган тутзорда учрашадиган бўлдилар. Йигитнинг бақувват қўллари қизнинг нозик белини қучганида, Ойшанинг баданида титроқ турар, ҳар гал Султонали қатийроқ ҳаракат қилишга чоғланганида қиз чап бериб, ўзини олиб қочар эди.
– Нега менга ишонмайсан, ахир ман сени жонимдан ҳам ортиқ кўраман. Хоҳласанг, эртагаёқ уйингга совчи юбораман. Фақат мендан ўзингни олиб қочмагин. Нима фарқи бор, бу нарса тўйдан олдин бўлдими ёки кейин. Барибир энди сен меникисан.
Деярли ҳар куни қайтариладиган бу сўзларга Ойша ишонди, аммо…
Кундан кунга кўнгил айниши, ўзини ҳолсиз сезиши қизнинг юрагида ваҳима уйғотди. Онасининг илмоқли саволига дугонасиникида сал «айниган ҳасип еганлигини» айтиб, зўрға қутилди. Аммо ичини кемираётган дардга чидай олмай, онасини кўргани келган катта опасига ёрилди.
Галдаги учрашувда у ҳомиладорлиги ҳақида Султоналига айтиши билан, йигитнинг авзойи ўзгарди. Зарур иши борлиги ҳақида ғўлдираб, Ойша билан тезда хайрлашди. Қизнинг ҳар доимгидек кеч тушиши билан Султоналини тутзорда кутишлари бесамар кетди. Эртаси ҳам, индинига ҳам Султонали учрашувга чиқмади. Қишлоқда унинг шаҳарга ишлагани кетгани ҳақида гап тарқалди.
Ойша опасининг маслаҳати билан қорнини маҳкам рўмол билан танғб, ўзини тетик кўрсатишга ҳаракат қилиб юрди. Қишлоқдаги қиз-у жувон киядиган одми, кенг кўйлак ҳам Ойшанинг гуноҳини яширишга хизмат қиларди.Онаси қизидаги ўзгаришларни сезиб, бир неча бор дўхтирга олиб бормоқчи бўлганида, у оёқ тираб туриб олди.
– Бормайман…
Шу куни кечқурун боши оғриётганини баҳона қилган Ойша, кечки овқатни ҳам емай кўрпага ўраниб олди. Ҳомиласи 7 ойлик бўлган, яна икки ой шу азобни бошидан кечиришини ўйлаган сари қизнинг юрагини ваҳима босар, онаси ёки отаси билиб қолса, уни соғ қўйишмаслигини билиб, баттар эзиларди. Уйнинг чироқлари ўчиб, оила азоларнинг барчаси уйқуга кетгач, Ойша секин ўрнидан туриб ҳовлига чиқди. Тунги салқин шабада қизнинг юзи, бўйнига урилиб, баданини жунжиктирди. Ой нурида боғдаги дарахтларнинг сояси янада ваҳимали кўриниб, бойўғлининг совуқ овозидан чўчиб тушган қиз фикридан қайтиб, уй томон югурди. Аммо фош бўлиш олдидаги қўрқув унга янги куч бағишлади. Тез-тез юрганича пастқам молхонанинг томига чиқиб, ўзини ерга отди. Учинчи бор сакраганида қорнининг пастида кучли оғриқ сезиб, додлаб юбормаслик учун билагини тишлади. Туғилган бола жуда ҳам кичкина ва нимжон эди. Амаллаб болани уйдан олиб чиққан қора юбкасига ўраб, қишлоқнинг энг чеккасида жойлашган Равшанак момонинг уйига қараб йўл олди…
…Чақалоққа берган бор меҳриданми ёхуд Равшанак момонинг дуолари ижобат бўлганиданми, орадан олти ой ўтар-ўтмас Салима ҳомиладор бўлди. Бир йўла икки фарзанднинг онаси бўлган бахтли келинчак лўппи юзлари қизарган, қоп-қора кўзлари доимо кулиб турувчи Элдоржонни кўтариб кўчага чиққанида, Ойшанинг юрак бағри эзилиб кетар, болани Салиманинг қўлидан олиб юз-кўзларини ютоқиб ўпар эди.
–Турмушга чиқсангиз, худойим сизга ҳам ана шундай ўғил ато этади,– дерди Салима қизнинг кун ора болани кўришга келганидан ажабланиб. Ойша эса бошини эгганича тезда жувон билан хайрлашиб ортга қайтарди. Аммо Салима бурилиши билан ўзини баҳайбат чинорни панасига олиб, бола кўтарган бахтиёр аёлнинг орқасидан қараб қолар экан, юзини юваётган ёшларни сезмасди…
Хикоялар
ТАШЛАНДИҚ