Ҳаёт тўфони сизга таҳдид қилса, қўрқманг!
Ёш эр-хотин бир-бирини жуда яхши кўрар, тинч-осуда ҳаёт кечиришар эди. Уларнинг табиатлари бир-бирига тескари бўлиб, хотин серҳиссиёт, эр эса босиқ эди.
Кунларнинг бирида денгиз сафарига чиқишди. Кечаси бирданига кучли шамол қўзғалди. Тўлқинлардан кема даҳшатли чайқалар, одамлар қўрқувга тушиб бақира бошлашганди. Бу аҳволни кўрган хотин қаттиқ саросимага тушди. Устига-устак, кема капитани: «Бизни мўжиза қутқара олади, холос, Аллоҳ таолога дуо қилинглар», деганидан ваҳимасига ваҳима қўшилди.
Эр ҳар доимгидек хотиржам эди. Бундан хотиннинг жаҳли чиқиб, эрини совуққон ва бепарволикда айблади.
Шу пайт эр ёнидаги ханжарни олди-да, хотинининг кўксига тираб, жиддий ва кескин оҳангда деди: «Ханжарни суқиб олишимдан қўрқмайсанми?»
Хотин эрининг кўзига тик қаради: «Қўрқмайман!»
Эр: «Нега қўрқмайсан?»
Хотин: «Нега қўрқай? Ахир ханжар мени яхши кўрадиган кишининг қўлида турибди-ку».
Эр табассум қилди: «Балли! Мен ҳам бу даҳшатли тўфондан нима учун қўрқай? Ахир мени яхши кўрадиган Зотнинг қўлида-ку. Нима қилса ҳам У зотнинг тақдир қилганидан бошқаси бўлмайди», деди.
Ҳаёт тўфони сизга таҳдид қилса, қўрқманг! Аллоҳ сизни ўзингиздан ҳам яхшироқ билади.
Қўрқманг! Барча нарсанинг тизгини сизни яхши кўрадиган Зотнинг измидадир.
Баски, нима учун жонингизни қийнайверасиз? Зиммангиздаги ибодатларни мукаммал бажаринг-да, қолганига Аллоҳ таолога таваккал қилинг, ташлаб қўймайди. Зеро, У сизни яхши кўради.
Хикоялар
қўрқманг!, Ҳаёт тўфони сизга таҳдид қилса