ШАЙТАНАТ… (3-қисм. Биринчи китоб)

ШАЙТАНАТ… (3-қисм. Биринчи китоб)

ШАЙТАНАТ… (3-қисм. Биринчи китоб)
ШАЙТАНАТ… (3-қисм. Биринчи китоб)

Элчин ёнбошлаган ҳолда телевизор томоша қиларди. Кўзи телевизорда, хаёли эса ўзга томонда эди. Қамоқдан қайтганига икки ой бўляпти. Қамоқнинг дастлабки кунлари, ойлари зах ҳужраларга, сассиқ баракларга кўникиши қанчалик оғир кечган бўлса, уйга қайтгач, шинам хоналарга, юмшоқ ўриндиқларга ўрганиш шунчалик оғир бўлди. Тўғри, юмшоқ ўриндиқда тан роҳатланади, аммо руҳи тиканаклар узра ётгандай азобда.

Бу уйда ўн йил бўлмади. Ноиласи ўн йилдан бери бу уйда нафас олмайди, юрмайди, ширин кулгиси, пичирлаб айтувчи эҳтиросли сўзлари эшитилмайди. Қамоқнинг биринчи йиллари у Ноиласи билан бирга эди. «Марҳумни сўнгги марта қай ҳолда кўрсанг, уни шу ҳолда хаёлингга муҳрлайсан. Марҳум сенга кулиб қараган бўлса, умринг бўйи уни шу ҳолда тасаввур этасан…» дейдилар. Чиндан ҳам аввалига кўзлари юмуқ Ноила билан суҳбатлашарди. Кейинроққа бориб хаёлидаги Ноиласи кўзларини очди. Лекин бу Элчин суйган кулиб турувчи кўзлар эмасди. Бу нигоҳда «Гуноҳим нима эди?» деган ажабланиш зоҳир эди. Элчин бу савол назарига жавоб беришга мажбур эди. Ўзини, фақат ўзини айблаб жавоблар қайтарар, бироқ, Ноиланинг ажабланган нигоҳи бундан таскин топмасди. Мана шу ҳолат, шу нигоҳ тақиби Элчин учун олий жазодан баттар эди.

Учқудуқ қуёшида жизғанаги чиқиб кетай деганда ҳам, Сибир ўрмонларидаги қаҳратон қишнинг совуқ нафасларида музлаб қолай деганида ҳам бунчалар азобланмас эди. Руҳ азобини душманингга ҳам раво кўрмасин экан.

Оқловчи сўнгги суҳбатда «яхши одамлар орага тушиб сизни отувдан олиб қолишди. Гиёҳвандлик, қотиллик олий жазога лойиқ эди. Сиз менга эмас, ўша одамларга қуллуқ қилинг», деганди. Элчин, руҳи қиймаланган кезлари, «яхши одамлар»нинг «марҳамати»ни эслади. Бу «марҳамат» уни азоблардан ҳалос қилмай, балки бир умрлик жабру жафоларга ҳукм қилганини англаб етди. Шунда «Пичоқни суғуриб ўз юрагимга санчмайманми!» деган ўйда афсус чекди.

Қамоқ муддати яримлаганда Ноиланинг нигоҳидаги «Гуноҳим нима эди?» деган савол «Ўч олинг!» деган ундов билан алмашди. Ўч олиш фикри унда ўша мудҳиш куннинг эртасигаёқ туғилган бўлса-да, «мен бир кучсиз ашулачи бўлсам, улар бақувват бир тўда, қўлимдан нима келарди?» деб бечоралигидан куярди. Қамоқда турли тақдирли, турли фел-атворли одамларни кўргач, «Мен ҳам эркакман. Уларга бас кела оламан!» деган ишонч туғила борди.

Элчин қамоқдан шу ишонч билан қайтди.

Қамоқ азоби тугаб, руҳий азоб хуруж қилганини уйга келибоқ ҳис қилди. Озодликнинг бунчалик беаёв кечишини у тасаввур этмаган эди. Биринчи тунни худди жиннидай алаҳсираб ўтказди. Кейинги тун яримламай, кўчага чиқиб кетди. Кўчаларда тентиради. Эрталаб уйига қайтиб, ўзини ланатлади: «Ноиланинг руҳи мени бу уйда ўн йил кутган эди. Мен уни ёлғиз ташлаб, кўчага қочдим. Ноиламнинг руҳидан қўрқиб қочдим-а?! Ўзимни эркак деб юрибманми, ҳали?!»

Агар кўкрагида қасос ўти бўлмаганида бу руҳий азоблар уни эзиб ташларди. Вужуди уч-тўрт кун мобайнида жанггоҳга айланди. Бир томондан хотира изидан эргашувчи руҳий кечинмалар уни эзишга чоғланади, иккинчи томондан эса қасос ўти аланга олиб бу кечинмаларни қувишга ҳаракат қилади. Алқисса, қасос ўти ғолиб чиқиб, у қаддини ростлашга муваффақ бўлди.

Қасос олишнинг турлари кўп. Қамоқдан чиққан куниёқ «яхши одам»ларнинг бирини ёки бир қанчасини сўйиб ташлаши ёки уйларига ўт қўйиши мумкин эди. Лекин бу осон йўл Элчинга мақул тушмади. У ниҳоятда узун, ниҳоятда хатарли йўлни танлади. Элчин «яхши одамлар» тўдасига кириши шарт эди. Шу ниятда қамоқдан чиққан куниёқ уларнинг оёқларига бош урса олам гулистон бўларди. Лекин у бундай ҳам қилмади. Янада бошқа йўл тутди. Хатар кўчасининг эшигини очиб биринчи қадамини қўйди. Энди «яхши одамлар»нинг ўзи чорлайди. Элчин бу чорлов икки-уч кун орасида бўлар деб ўйлаган эди. Бироқ, янги йил киришига ярим соат қолганида Асадбекдан элчи келиши унинг учун кутилмаган ҳол бўлди.

Жингалак сочли йигит — Жамшид гапдан кўра ишни мақул кўрадиган йигит эди. У билан ўн кун туриб, бирга юриб тўрттагина гап сўрасангиз, ҳушига келса иккитасига жавоб қайтарар, хоҳламаса шу иккита гап ҳам йўқ эди. Индамас бу йигитни кузата туриб, ёрилиб кетмаётганига ажабланасиз. Бунинг ёшидаги йигитлар ўйнаб-куладилар, аския қиладилар. Жамшиднинг кулганини кўрганман деган одам дунёда йўқдир-ов. Лекин унинг жилмайганини кўриш шарафига муяссар бўлган бахтиёрлар бор. Бунга ишонинг. Камгаплик ҳеч замонда, ҳеч ерда фожиа саналмаган, балки фазилат ҳисобланган. Шундай экан, сиз ҳам асардаги янги танишингиз Жамшиднинг камгаплигини асосий фазилат деб билаверинг. Бир воқеа сабаб бўлиб меҳр, лутф, ҳаё каби тушунчаларнинг яқинига ҳам йўламай қўйган бу йигитдан ўзга фазилат қидириб овора бўлмайлик. Ҳа, дарвоқе, садоқатни унутибмиз. У Асадбекка садоқатли эди. У ўша воқеадан кейин кучли, шафқатсиз одамларни яхши кўриб қолган. Асадбек унинг назарида энг кучли одам. Гарчи ундаги садоқат бизнинг назаримизда яхшиликка эмас, зулмга хизмат қилса-да, ўзига хос фазилат деб қабул қилишимиз мумкин

Элчин бу йигитни зимдан биларди. Қамалмасидан илгари Асадбек хонадонида бўлганида уни бир неча бор кўрган. Шу сабабли Жамшидни дарров таниди. Жамшид ўзбекларга хос лутф билан салом бериб, «Сиз фалончи акамисиз?» «Сизни фалончи акам йўқлаяптилар» деб латта чайнашни ёқтирмас эди. Эшик қия очилиб, Элчин кўриниши билан «Сизни Бек акам чақиряптилар» деди-ю, машинаси томон юрди. Элчин унинг фел-атворини билмагани сабабли тўнг муомаласидан таажжубланди. Кўнгли ёмонлик юз берганини сезди. «Асадбекка малум бўлдими? Ким сотиши мумкин?» Кийинаётганида ҳам, машинага чиқиб ўтирганида ҳам хаёли шу савол билан банд эди.

Жингалак сочли йигит гапиравермагач, Элчиннинг юраги тошди. Уни гапга солиш учун:

— Чаксам майлими? — деб сўради.

Жамшид йўлдан кўз узмаган ҳолда, «ҳа», деб қўйди.

— Бек акангиз саломатмилар, кўрмаганимга ҳам ўн йил бўлди, — деди Элчин. Жамшид унга бир қараб олди-ю, индамади. «Демак, аҳвол чатоқ, — деб ўйлади Элчин. — Агар Асадбекка малум бўлса… Нимага ҳузурига чақиртирди? Бу йигитга «олиб кел», демай, «ўлдириб кел» деса иш осонроқ пишарди-ку? Ўн йил аввал ўлимдан олиб қолган эди. Энди нима қилмоқчи?»

Элчин Асадбек салтанатига қарши уруш очганида дадил эди. Ҳозир нима учундир чўчияпти. Учқудуқда эканида қамоқ аҳлини ётқизиб-турғизадиган маҳбуслар унга озор беришмасди. Кейинроқ ўзига малум бўлишича, у «Асадбекнинг одами экан». Бу тариф Сибирда ҳам уни қийноқлардан халос этган эди. Тўғри, у ёқларда Асадбек, десангиз биров билмас эди. Лекин «Ўқилон» кўпчиликка таниқли эди. Элчин умрида ўқилонни кўрмаган, бироқ, ўзи кичкина бўлган бу илон ўқдай учиб юради, одамга дуч келса товонидан тешиб, миясидан чиқади, деб эшитганди. Асадбекка «Ўқилон» деб лақаб қўйган одам шуни назарда тутганми?

Элчин овозаси узоқларга кетган ана шу даҳшатли Ўқилонга қарши чиқди. Биринчи қадамини қўйди. Бу ҳам биринчи, айни чоқда сўнгги қадам бўлиб қолмасмикин?

— Оғайни, танишиб олайлик, исмингиз нима эди? — Элчин бу йигитни аввал яхши танигану шу дамда исмини унутиб қўйгандай сўради.

Жамшид жавоб бермади. Қараб ҳам қўймади. Элчин: «Тирик бўлсанг билиб оларсан, деганими бу?» деб ўйлади.

Машина эски шаҳар томон бурилганида Элчиннинг ташвиши ортди. У Асадбекнинг болалиги ўтган ҳовлини, унинг одатини билар эди. Қоронғи ҳовлига, сўнг қоронғи хонага кирганида «курагим остига ҳозир пичоқ санчилади» деб кутди. Йўқ, у ўлимдан қўрқмади. Элчин ўлимни бўйнига олиб, шу йўлга кирган эди. У йўл бошидаёқ панд еганидан, муддаосига ета олмаганидан аламда. У неча йил қасос ёғида қоврилди. Энди эса… У ўзини қафасга тушиб қолган қуёндек ҳис этди. Лекин бир неча дақиқадан сўнг эса бу ожизлиги учун ўзини ўзи ланатлади.

Элчин кураги остига пичоқ санчилишини кутди. Бунинг ўрнига қоронғиликдан Асадбекнинг овози келди.

— Ҳа, ҳофиз, эсон-омон чиқиб келдингизми?

Асадбекнинг овозида пичинг ёки таҳдид оҳанги йўқ эди. Элчин бундан енгил тортди. Хавотири бекор эканини англаб, овоз келган томонга қараб салом берди.

— «Келдим» деб ҳам қўймайсиз-а, ҳофиз, — деди Асадбек саломга алик олиб. — Ҳар ҳолда мен сизга бегона эмас эдим. Ака-укалигимиз бор эди, а?

Асадбекнинг «сизни отувдан олиб қолган мен бўламан» демоқчи эканини Элчин фаҳмлади. Кўзи қоронғиликка ўрганиб, уйнинг чап томонида дўппайиб турган танчани, деворга суяниб ўтирган одам қорасини илғади. Учрашув нима учун қоронғида бўлаётганига тушунмади.

— Қамоқдан қайтган укадан хабар олиш акадан лозим, деб ўйлабман, — деди Элчин гина оҳангида.

— Келганингизни билганимда учиб борар эдим, — гап оҳангида энди киноя сезилди. Сўнг оҳанг кескин ўзгарди: — Ҳофиз, чайналмасдан эркакча гаплашайлик. Хотинингизнинг ўлимида менинг заррача айбим йўқ. Сиз менинг зиёфатларимни гуллатар эдингиз. Сизни йўқотишдан мен нима наф кўрарканман? Аксинча, зарар кўрдим. Сиз кимгадир ёқмай қолгансиз. Жаллодни бизнинг ичимиздан эмас, ўзингизга ўхшаган отарчилар орасидан қидиринг. Бир-бирига сурма ичириб овозларини бўғадиган отарчиларнинг қўлидан бундан баттар ишлар ҳам келади. Айбни бўйнингизга олиб, аҳмоқлик қилдингиз.

Чиндан ҳам қотиллик Асадбекнинг ихтиёрисиз содир бўлган ва у айбдорни беаёв жазога тортган эди. Ҳозир буни айтмай, гуноҳкорни отарчилар ичидан қидириш керак, деб қўя қолди.

Элчин учун Асадбекнинг гаплари янгилик эмас эди. Қамоқда ўтирганида гумонлар кўчаси уни ҳамкасблари томон ҳам бошлаганди. Тўғри, «фалончи ҳофиз фалончи ашулачининг чойига сурма қўшиб ичирибди», деган гапларни кўп эшитган. Бироқ, ўз кўзи билан кўрмаган, бундай воқеага шоҳид бўлмаган. Мана-ман деган ашулачи иккита-учта бўлса шундай қилиши мумкиндир. Ҳозир кунда бир арава қўшиқчи ёғилаяпти. Микрофонни тумшуғига тираб кучанади. Овози бор-йўқлигини ҳам билиб бўлмайди. Аммо ҳар бири ўзини зўр ҳофиз деб фаҳмлайди. Латифа қилишларича, бир тасодиф билан юзта ҳофиз ҳарбийга чақирилибди. Зобит уларни сафга тизиб «бир чеккадан сананглар» деб буюрибди. Саф бошида тургани «бир» дебди, иккинчиси «икки» дейиш ўрнига у ҳам «бир» дермиш. Учинчи… қирқинчиси ҳам «бир» дермиш. Зобит аччиқланиб турганда саф бошидаги унга аста тушунтирибди: «Ўртоқ бошлиқ, биз ашулачилармиз. Бизда иккинчи деган гап йўқ, ҳаммамиз биринчимиз». Ҳофизлар майда қабиҳликларни қилар-у, лекин бегуноҳ аёлни зўрлаб, сўнг юрагига пичоқ санчишга журат этишолмас. Элчин бунга қаттиқ ишонади. Шу сабабли ҳам Асадбекнинг гапларини беетибор эшитди. «Ўша воқеадан олдин одамларингиз мендан бож талаб қилишди. Ҳар ойда фалон минг сўмдан тўлаб туришим лозим эди. Рад этдим. Шунда ҳазиллашдик, деб мени зиёфатга олиб боришди. У ерда ҳазиллашиб қимор ўйнадик…» демоқчи ҳам эди, лекин «Тўғри, улар ҳазиллашишганди» деган жавобни эшитишини билиб, индамади.

— Мендан бир хатолик ўтган: ҳасадгўйларингиз кўплигини ҳисобга олмаганман. Сизни ҳимоя қилишим керак эди. Бир ашулангиз бор эди:

«Ўйнамаса ким ўзганинг найига,

Шум ният-ла тушадилар пайига!»

Сиз энди ўша найчини қидиряпсиз, биламан. Қидирмаганингизда сизни ўғил бола демас эдим. Найчи билан… аллақачон ҳисоб-китоб тўғри бўлган. Сиз уни ўйламанг. Сиз… уйландингизми?

— Йўқ.

— Тирикчилик нима бўляпти?

— Ўзбекнинг тўйи бор экан, хор бўлмаймиз.

— Тўйнинг ҳам тўйи бор. Ким айтса бораверсангиз обрўйингиз қолмайди. Сиз энг зўр ашулачи бўлишингиз керак. Одамлар «хўп» дейишингизга маҳтал бўлиб ҳафталаб остонангизда ётади. Бу ёғини менга қўйиб беринг. Телевизор, радио фақат сизнинг ашулаларингизни беради. Шерали-ю, Ғуломларингиз сариқ чақа бўлиб қолади. Сиз ашула айтганингизда Ортиқлар «амма-холаси ҳаводор» деб этак очиб ўтиради.

— Раҳмат, Бек ака, буларнинг эвазига мен нима қилишим керак? Ҳар ҳолда «ҳисобли дўст айрилмас», деганлар. Сиз кўп сўрамайсиз, биламан. Нари борса, сизга қул бўлишим керак-да, а?

Асадбек Элчиндан бунақа игнали гапни эмас, балки самимий миннатдорчилик кутган эди. Асадбек лоф урмаётган эди, айтганларини албатта рўё қиларди. «Бу отарчи нимасига ишониб катта кетяпти?» Асадбек бир ғижиниб олди. Кимда-ким зид сўз айтса, у гапини калта қиларди. Унинг нима ҳукм чиқаргани бир қарашидаёқ аёнларига малум бўларди. Асадбекка ботиниб гап қайтарган одамнинг шўрига шўрва тўкилиши аниқ эди. Элчин буни биларди. Била туриб беихтиёр ножўя гап айтди, деган гапимга ишониб чалғиманг. Элчин била туриб айтди, бу гапни. Унинг мақсади Асадбекнинг қанотига кириш эди. Лекин муте бўлиб эмас, қаддини ғоз тутиб кирмоқчи эди. Ҳозирги марҳаматга жавобан миннатдорчилик билдириш яна мутелик жандасини кийиш билан баробар бўларди. У ҳолда Асадбекнинг атрофидаги парвона фоҳишалардан фарқи қолмас эди. Элчин шу учун азоб чекибдими, шу учун пайт пойлабдими, режа тузибдими?!

Асадбек Элчинни аввал ҳам дурустроқ билмас эди. Элчин Асадбек учун бир қўшиқчи, пул қистирганда иршайиб қуллуқ қилувчи отарчи эди. Асадбек ман-ман деган ашулачини ҳам одам қаторига қўшмас эди. Унвони, шуҳрати улуғ ашулачиларни эса кўпчилик олдида мазах қилишни, камситишни ёқтирарди. Тўйда виқор билан юриб ўртага чиқарди, ашулачига яқинлашиб чўнтагига қўл соларди. Агар марҳамат қилса иккита юзталикни чиқариб ашулачининг икки елкасига «погон» қилиб қўярди. Кайфияти чатоқроқ бўлса — ёқасига қистирарди. Асадбекнинг изидан чиққан бошқалар ҳам фақат юзталик қистирарди. Шунинг учун ҳам ёқасига пул қистирилган ашулачи ўзини камситилган деб ҳисобламас, балки «акахон»нинг ҳазиллари деб билиб, иршайган ҳолда тазим қиларди. Элчин биринчи марта Асадбекнинг қаҳрига ўшандай ҳолатда дуч келган. Асадбек ёқасига пул қистирмоқчи бўлганида бўй бермаган эди. Ўша куни енгил жазо олди — икки йигит яхшигина дўппослаб, торини мажақлаб ташлади.

Асадбек ҳозир ўша воқеани эслади. Эслаб туриб «қамоқда ҳам ақли кирмабди бу баччағарнинг», деб қўйди.

Қоронғиликни титратиб чиққан Асадбекнинг қаҳрли овози орага тушган бир дамлик сукутни бузди.

— Менинг қулларим ажиб-бижиб ётибди. Сендан дурустроқ қул ҳам чиқмайди. Сен… ашулангни билсанг бас. Бошқа ишларга тумшуғингни суқма.

Элчин Асадбекнинг сенсирашига ўтганидан билдики, у ғазаб отига минди.

— Сен мол эмассан. У ёқдан бурнингни оқизиб келмагансан. Тишингни қайраб юрибсан.

— Бек ака… — Элчин «менинг ҳеч қандай ёмон ниятим йўқ», деб гапни чалғитмоқчи эди, Асадбек йўл бермади.

— Овозингни ўчир! Мен гапиряпман, ҳаддингдан ошма, бола! Сен хотининг ўлдирилганини, у ёқларда юриб келганингни унут. Аммо Асадбек акангни унутма! Асадбек аканг, Худога шукр, тирик. Мабодо у ўлиб қолса, ўлигидан ҳам қўрқ. Мен гўримда ҳам тинч ётмайман. Атрофингда кимлар бор?

Бундай очиқ савдони Элчин кутмаган эди. «Билиб туриб сўраяптими ё тахминан мўлжалга оляптими? Қизи йўқолганидан кейин йигитлари изғиб ҳид олишган бўлса-чи? Унда нима учун қизидан гап очмаяпти?» Элчин арқонни узунроқ ташлаш мақсадида ўзини гўлликка солди:

— Ота-онам ўтиб кетишибди, Худо раҳмат қилсин уларни…

— Чайналма! Кимларни сўраётганимни билиб турибсан. Сен мен билан мушук-сичқон ўйнама. Майда балиқлар ҳаммавақт катталарига ем бўлади. Сенлар чивинсанлар, мен — бургутман. Фарқи борми?

«Фарқи бор, — деб ўйлади Элчин. — Афсуски, бургут чивинни еёлмайди-да».

— Атрофингдагилар ўзбекларми ё ўша ёқдан топган қаланғи-қасанғиларингми? Ўзбек бўлмаса йўқот уларни. Ўзимизникилар ҳам етиб ортади. Зерикмаслигинг учун беш-ўнта болани сенга топшираман.

«Демак, ёнимдагиларни билмайди. Қизини ким зўрлаганини ҳам билмайди. Тахмин қиляпти. Ишончи комил бўлганда мен билан пачакилашиб ўтирмас эди. Бир отарчи номусини булғайди-ю, у сафсата сотиб ўтирадими?»

— Бек ака, мен ёлғизман. Қасос олиш ниятим борлиги рост. Аммо бировнинг ёрдами билан олинадиган қасос менга татимайди. Ёнимга одам тўпламаганман.

— Қасам ич!

— Худо урсин!

Элчин тақво деган нарсани, қасамнинг қадри деган нарсани билмас эди. Болалар бир-бирларини ишонтириш мақсадида кунда юз марта «худо урсин» дейишади. Элчин ҳозир худди бола каби ўйламай-нетмай «худо урсин» деб юборди. Асадбек осонлик билан ичилган бу қасамга ишонмаса-да, бир оз таскин топгандай бўлди.

— Сен тезроқ уйлан. Тўйингга ўзим бош бўламан.

Асадбек шундай деб жим бўлди. Элчин гап тугаганини англаган бўлса-да, бир оз турди. Сўнг «кетаверайми?» деб сўради. Асадбек совуққина қилиб «ҳа», деб қўйди. Элчин унинг ғазабга тўлган нигоҳини қоронғида кўрмади.

Элчин Асадбек «уйлан» деганида, «қизини менга беради энди» деб ўйлаганди. Элчиннинг назарида Асадбек учун энг тўғри йўл шу эди. Бу йўл Элчинни мақсад сари тезроқ олиб борарди. Аммо у янглишди. Қўшиқчи эплаб рақсга тушолмагани, раққоса эса эплаб ашула айтолмагани каби у жиноятнинг ҳадисини олмаган эди. У хаёлан иш пишитишга уста эди. Асадбеклар хаёлда эмас, амалда бажарардилар. Асадбек қизини қамоқдан чиққан отарчига берганидан кўра ўлдириб юбориши мумкинлигини Элчин ҳисобга олмаган эди.

Элчин Анварга «Асадбекнинг қизини оляпман» деб янглиш гап айтди. Хаёлидаги ишини ҳақиқатга айлантириб юборди.

***

Қайта қуриш шарофати билан депара қидирув бўлимининг инспектори, лейтенант Зоҳид Шариповнинг елкасига офтоб тегди. «Ҳалоллиги, ўз ишига виждонан муносабатда бўлганлиги» туфайли уни шаҳар прокуратурасига ишга олишди. Жумлабошини қўштирноқ орасига олганимга, киноя қиляпти, деманг. Бу жумла депара ички ишлар бўлими бошлиғининг тавсияномасидан кўчирмадир. Зоҳид чиндан ҳам ҳалол, виждонли йигит. Унинг айнан шу фазилати бошлиққа ёқмас эди. Бошлиқ «қайта қуриш, ошкоралик деган бало қаёқдан чиқди!» деб норози бўлиб юрганида, айнан шу қайта қуриш жонига ора кирди: ёшларни кўтариш масаласи кун тартибига қўйилганда шартта Зоҳиднинг номзодини кўрсатди.

Маҳмадона лейтенантнинг ҳар мажлисда бир игна санчиб олиши, ҳақиқат талаб этиши бошлиқнинг эсини тескари қилиб юборган, мажлис деса кўнгли ағдариладиган, кўз олдига Зоҳид келадиган бўлиб қолган эди. Зоҳид кетгач, атрофидаги икки-уч ҳақиқатпарварларнинг ўз-ўзидан тинчишига ишонарди. Бошлиқ Зоҳидни «менинг кўричагим», деб пичинг қиларди. Осонгина ташриҳ туфайли бу озорли дарддан қутулганига шукр қилди. Лекин Зоҳид кўричак эмас, буйракдаги тош экан. Ўқтин-ўқтин қўзғаб, безовта қилиб туриши мумкин экан.

Зоҳид прокуратурада вазифасини ўташга киришган куниёқ унинг қўлига шу депарага оид иш берилди. Кеча тантана билан кузатилган лейтенант бугун яна бошлиқ ҳузурида пайдо бўлди. Илгари бошлиқ унга бақириб, ҳатто чиқариб юбориши мумкин эди. Энди эса жилмайиб кўришишга мажбур. Бошлиқ Зоҳидни бутунлай йўқ бўлиб кетади, деб ҳисобламаган. Бироқ бунчалар тез келар, деб ўйламовди.

Усти чойнак изларидан доғ бўлиб кетган битта стол, ошиқ-машуғи аранг илиниб турган китоб жавони турган тор хона Зоҳидга мерос бўлиб қолди. Стол тортмасидан «ВТ» сигаретасининг бўш қутиси, беш-олти дона чўпи қолган гугурт бор эди. Зоҳид уларни олиб симтўрхалтага ташлади-да, стол устини чангдан тозалаш учун уч-тўрт бора қаттиқ пуфлади. Шу пуфлаш оқибатида қўққис уйғониб кетгандек телефон жиринглади.

— Шарипов, — деди у, телефон гўшагини қулоғига тутиб.

— Лола кўчасидаги ўн еттинчи уйдан қорадори топилган. Қидирув гуруҳи жўнади. Бу иш сизга топширилади.

Буйруқ қисқа ва қатий эди. Зоҳид шошилмай ўрнидан турди-да, гўшакни жойига қўйиб, ташқарига йўл олди. У Лола кўчасини биларди. Ўзи хизмат қилган милитсия бўлимига яқин, маҳалла гузаридан чапга бурилишдан шу кўча бошланарди. Бу маҳалла тинч, йилда бир-икки муштлашиш бўлиб туриши ҳисобга олинмаса жиноятдан анча йироқ эди.

Маҳалланинг осойишталиги милитсия бўлими яқин жойлашгани учун эмас. Милисахона кўчиб келмасидан олдин ҳам маҳалла тинч эди. Бу ердагиларнинг айтишича, биз тилга олган «бир-икки муштлашув» ҳам милисахона кўчиб келганидан сўнг бошланган. Бу қанчалик тўғри ё нотўғри — Яратганга малум. Маҳалланинг осойишталигига сабаб, бу ердаги одатларга на «турғунлик» деб ном олган йиллар тасир ўтказа олган, на қайта қуриш деган гаплар. Маҳалла азалдан қариялар ҳукмига бўйсуниб келган. Умри адосига етган қариялар энг яхши одатларни ўзлари билан олиб кетмай, ортларида қолаётганларга мерос қолдиришган. Кимга ёлғон, кимга чин, шаҳарда бўкиб ичиб, оёқда туролмайдиган даражага етган одам ҳам маҳалла ҳудудига қадам босиши билан сергак тортиб қоларкан. Саломни канда қилмай гузардан ўтиб, уйига етиб оларкан.

Зоҳид маҳалланинг одамларини яхши билгани учун ҳам боши қотди: қорадори билан ким шуғулланиши мумкин?

Бирон жойда жиноят содир бўлса қидирувчиларнинг кўз олдига дастлаб яқин орада қамоқдан қайтганлар келади. Бир уйни ўғри уриб кетган бўлса, аввал ўғирлик усули билан қизиқишади. Ёзувчининг ўзига хос услуби бўлганидек, жиноятчиларнинг ҳам ўз услублари мавжуд. Али ўғрининг иши ҳеч маҳал Вали ўғрининг ишига ўхшамайди. Базан жиноятчиларнинг ўзлари милитсияга ёрдам беришади: услуб кимники эканини айтишади. Қора дорининг топилиши ҳам шундай «холис хизмат» оқибати бўлиши мумкин.

Лола кўчасидаги ўн еттинчи уй олдида иккита енгил ва бир тез ёрдам машинаси турарди. Ҳангоматалаблар ҳам тўпланишиб қолишган эди. Уй ташқи томондан қараганда харобгина кўринади. Ёндаги иморатлар кўкрак кериб тургани учунми, чиройли пештоқсиз бу уй оддий бостирмага ўхшарди.

Зоҳид ичкари кирди. Узунасига эллик қадамча келадиган ҳовли ишкомдан иборат эди. Ташқарисидан ғарибгина кўринган уй ичкариси ҳам шу аҳволда экан. Ўртада даҳлиз, даҳлиз тўрида обрез. Чап томонда кичикроқ уй кимёгарликка оид турли-туман идишларга тўла. Ўнг томонда каттароқ хона — ётоқ ҳам, емакхона ҳам шунда мужассам.

Жиноят қидирув бўлимининг ходимлари — Зоҳид-нинг кечаги ҳамкасблари шу ерда. Ўртада думалоқ стол. Стол устида оқ кукунли шаффоф халтачалар — таниш манзара. Дераза ёнидаги курсида ёш жувон бошини ушлаб ўтирибди. Йиғлайвериб шишиб кетган. Хона тўрида — диван. Диванда бир йигит беҳуш ётибди. Қидирувчилар бошлиғи — Ҳамдам Толипов ахборот берди.

— Уй эгаси Шариф Намозов — анави ётган йигит, вино заводида бош муҳандис экан. Бир халта портфелидан чиқди. Қолганлари нариги хонада. Тажрибахонаси эмиш.

— Ўзи мастми?

— Ғирт маст. Билагида игна изи бор. Ҳозир қон олишди, натижасини айтиб қолишади. Анави аёл хотини экан. Ҳеч нимани билмайман, дейди.

— Изига қандай тушдинглар?

— Иккита гиёҳванд йигитни тутувдик. Қаердан олдиларинг, десак, шу ерни айтишди.

— Осонгина айтишдими ё қийнадингларми?

Ҳамдам «мени биласан-ку», дегандай кулимсираб қўйди. Зоҳид бўш стулни олиб, аёлнинг рўпарасига ўтирди-да, ўзини таништирди.

— Исмингиз нима?

— Насиба, — жувон шундай деб унга нажот кўзи билан тикилди.

— Эрингиз нима иш қиладилар?

— Вино заводида ишлайдилар. Икки ойгина бўлди, кўтаришувди. Португалияликлар бу кишининг ишларини сотиб олишгандан кейин одамларнинг ўзлари сайлаб қўйишди. Кўнмасалар ҳам зўрлашди. Бошлиқ бўлишга сираям тоқатлари йўқ эди.

— Португалияликлар қанақа ишни сотиб олишди?

— Мусаллас қилишнинг янги усулини топганлар. Беш йилдан бери сарсон эдилар. Ўзимизникилар ҳеч ўтказишмади. Улар қаёқдандир эшитиб қолишиб, атай келиб текшириб кўришди.

— Эрингиз кўп ичармидилар?

— Йў-ўқ, бунақа ичмасдилар. Синаш учун бир ҳўплам-бир ҳўплам ичардилар, холос. Бунақа аҳволда ҳеч кўрмаганман. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим.

— Соат нечада келган эдилар?

— Ўн иккиларда. Бунақа кеч юрмасдилар. Тўйга борсалар ҳам вақтли қайтардилар.

— Ўзлари юриб келдиларми?

— Билмадим, — Насиба ўйланди. — Машинада келдилар шекилли. Ҳа, аввал машина тўхтади. Кейин қўнғироқ чалинди. Чиқсам, деворга суяниб ўтирибдилар. Уйга зўрға олиб кирдим.

— Булар қаердан келди? — деди Зоҳид стол устидаги халтачаларни кўрсатиб.

— Билмадим… Булар келишди. Уйни тинтишди. Мен анқайиб туравердим.

Зоҳид ўрнидан туриб, даҳлизда чекаётган Ҳамдамга яқинлашди.

— Тинтувга рухсатномангиз бор эдими? — деди.

Ҳамдам кулиб қўйди.

— Рухсатнома олгунча булар кутиб ўтиришмайди. Тинтиб, топиб қўйибмиз-ку?

Зоҳид унинг иш услубини биларди: Ҳамдам ҳамиша шошилиб ишларди. Базан қонун-қоидаларга риоя ҳам қилмас эди. Жавобдан бўйин товлаётган жиноятчининг қорнига бехос мушт тушириб қолишни яхши кўрарди. Мушт еган одам букчайиб, ихранаётганида у хотиржам сигарет тутатарди. Зоҳидга унинг бундай усулллари ёқмас эди. Лекин ҳалоллиги, жиноятчига бешафқат бўлгани учун уни ҳурмат қиларди.

— Гиёҳвандларнинг сурати борми?

Ҳамдам кўкрак чўнтагидан бешта сурат чиқариб, иккитасини ажратди:

— Мана булар. Кўрсатдим, танимади.

— Бу ерга қачон келишган экан?

— Уч кун олдин.

Зоҳид суратни олиб, изига қайтди.

— Мана буларга диққат билан қаранг. Шошилманг. Биронтаси уйингизга келганми?

Аёл синчиклаб қараб, бош чайқади.

— Яхшилаб эсланг. Балки биронтаси уч кун олдин келиб эрингизга учрашгандир?

— Келса билардим. Адасига учрашишлари мумкин эмас. Уч кун олдин у киши Ереванда эдилар.

— Қачон келдилар?

— Кеча эрталаб келиб, чой-пой ичиб кейин ишга кетдилар.

— Бу ерга нотаниш одамлар келиб туришармиди, масалан, бир нарса сўрабми?

— Йўқ, одам кам бўлади уйимизда. У киши доим иш билан бандлар. Бекордан-бекорга гаплашиб ўтиришни ёқтирмайдилар.

— Мусаллас сўраб келишмайдими?

— Қўни-қўшнилар чиқиб туришади.

Даҳлизга оқ халатли аёл кириб, Ҳамдамга нимадир деди. Ҳамдам ичкари кириб Зоҳиднинг қулоғига шивирлади:

— Қонидан қорадори топилган.

Зоҳид ўрнидан туриб даҳлиз томон бошлади.

— Гиёҳванд йигитларингиз қаерда?

— Ўзимизда.

— Юринг, улар билан гаплашишим керак. — Зоҳид шундай деб ташқарига йўналди.

Гиёҳванд йигитлардан бирининг пастки лаби осилган, кўзлари чақчайган, иккинчисининг қарашлари совуқ, ўнг юзида узун тиртиқ бор эди.

— Билагингни кўрсат, — деди Зоҳид тиртиққа.

У «шу ҳам ишми?» дегандай эринибгина курткасини ечиб, кўйлагининг енгини шимарди. Лаби осилган йигитнинг билагида ҳам игна излари бор эди. Уларнинг гиёҳвандлигига Зоҳидда шубҳа қолмади.

— Кукунни қаердан олардиларинг? — деб сўради Зоҳид.

— Братанга этганмиза, қаёқдан оганувзани, — деди лаби осилган йигит.

— Менга ҳам айт.

— Лола кўчасида… ўн… еттинчи уйда турадиган Шариф ака деган киши.

— Икковинг бирга борганмисан?

— Бир хил пайтда ман борардим, бир хил пайтда у борарди, бир хил пайтда иккалавуза борардик.

Зоҳид ҳали Ҳамдамдан олган суратларни чўнтагидан чиқариб, учтасини ажратиб олди-да, стол устига ёйиб, лаби осилганини чақирди.

— Қара, Шариф аканг қайси бири?

Йигит ўрдакка ўхшаб лапанглаб келиб суратларга узоқ тикилди-да, биттасини кўрсатди.

— Жойингга ўтир, — Зоҳид шундай деб суратларнинг жойини алмаштирди-да, тиртиқни чақирди. У бошқа суратни кўрсатди.

— Охирги марта қачон борувдиларинг? — деб сўради Зоҳид.

— Уч кун бўлди.

— Балки тўрт кундир?

— Вей братан, ман ўзим борганман. Соққа йўғиди, қарзга берган. Ништяк одам у. Ўзини лабораторияси бор. Айн момент тайёрлаб беради.

— Лабораториясига кирганмисан?

— Кирганман-де. Шундоқ чап томонда.

— Айвондан ўтгандами?

— Ҳа-де, билиб туриб сўруврасизми?

Зоҳид «бу ёғига нима дейсиз?» деб Ҳамдамга қаради.

— Айвоннинг олди ромми?

Лаби осилган йигит ўйланиб қолди.

— Ром бўлса керак, — деди иккиланган ҳолда.

— Ёлғон гапирма! — деди Ҳамдам бақириб.

— Братан, алдавотганим йўқ.

Ҳамдам унга яқинлашиб, ёқасини чангаллаб ўрнидан турғизди.

— Ёлғон гапирма, хунаса, уйида бўлмагансан. Айвони йўқ унинг.

Лаби тиртиқ бирдан тутқаноғи тутган одамдек бақириб юборди:

— Қўйворинг! Мен кечаси борганман. Айвонига қарабманми, ўзи зўрға турувдим.

— Борганмисан?!

— Ҳа, борганман!

— Уч кун олдинми?

— Ҳа, уч кун олдин.

— Жуда яхши! — Ҳамдам уни қўйиб юборди. — Менга шу керак эди. Ёзиб қўйинг, ўртоқ прокурор. Борганини тан олди. Энди билиб қўйларинг: уч кун олдин у уйида ўлдирилган!

Иккала йигит аввалига «хато эшитмадикми?» дегандек қараб олди. Сўнг худди келишиб олишгандай Ҳамдамга бараварига даҳшат билан боқишди.

— Йўқ! — деди тиртиқ жон ҳолатда.

— Нима йўқ? — деди Ҳамдам ғолиб кишининг мулойим овозида.

— Бормаганмиз.

— Ўртоқ прокурор, бунисига нима дейсиз?

— Соқчини чақиринг, олиб кетсин.

Гиёҳвандлар чиқиб кетишгач, Ҳамдам диванга ўтириб, оёқларини стол устига чалиштириб қўйиб олди.

— Ҳамдам ака, дарров топганингиздан ажабланмадингизми? — деди Зоҳид унинг ёнига ўтириб.

— Ажабланишга вақт бўлмади. Ана энди ўзинг, мазза қилиб ажабланаверасан. Мен топдим. Сен тергайвер. Оператив ишлаганим учун окахонинг раҳматнома элон қилади менга.

— Юварканмиз-да, — Зоҳид шундай деб елкасига аста уриб қўйди. Кейин жиддий оҳангга кўчди: — Буларни ким ишга солган бўлиши мумкин?

Ҳамдам дарров жавоб бермади.

— Вино заводида нима гап экан? — деди у манодор қилиб.

— Мен ҳам шуни ўйлаб турибман.

— Ўйласанг ўйлагин-у, аммо винзаводга осила кўрма.

— Нимага?

— Кимга қарайди завод, биласанми?

— Озиқ-овқат вазирлигигами?

Ҳамдам кулиб, тиззасига шапати урди.

— Эй, прокурор, кўзингни оч! Шунча йил угрода сақич чайнаб юрган экансан-да, а? Винзавод Асадбекнинг тасарруфида-ку?! Буни кўчадаги мишиқи бола ҳам билади, сен билмайсанми, қишлоқи?

Зоҳид ҳам эшитган бу гапларни. Завод директори Асадбекнинг тавсияси билан қўйилади, ҳатто қоровул ҳам унинг рухсатисиз ишдан бўшолмайди, деган гаплар юради. Халқ оғзидаги миш-мишнинг қандайдир асослари мавжуд. Бироқ, Асадбек ҳақидаги гаплар кўпинча ғирт ёлғон бўлиб чиқади. Зоҳид ўтган йили бунга ишонди: кутилмаганда бир гап тарқалиб одамлар беҳаловат бўлиб қолишди. Эмишки, бир одамни қўшниси машинасида қаергадир олиб бориб қўйиши лозим экан. Машина айтилган томонга эмас, бўлак ёққа бурилибди. «Нимага бу томонга бурилдинг?» деб сўраса, машина эгаси «жим ўтираверинг, кўрасиз» дебди. Хуллас, машина гадой топмас кўчалардан юриб, шаҳар ташқарисига чиқибди. Бориб-бориб йўл қамишзорга тақалибди. Машина эгаси ўтириб туринг, деб ғойиб бўлибди. Ҳалиги одам қўрқиб, машинадан тушибди. Қамишзор оралаб қараса, бир чуқурда аллақанча мурдалар ётганмиш. У «мени ҳам ўлдириб ташлашар экан-да» деб ўйлаб, ўликларни суриб, тагига тушиб ётаверибди. Бир оз вақт ўтгач, беш-ўнта одам пайдо бўлиб, уни қидиришибди. Кейин «бизни алдадингми, ҳали» деб машина эгасини дўппослашибди. Тонгга яқин ҳалиги одам ўликлар орасидан чиқиб қараса, узоқда бир чироқ милтиллаб турганмиш. Бориб қараса, бир қозоқ чўпоннинг уйи экан. Қозоқ уни уйига олиб кириб, ювинтириб, ўзининг тоза кийимларини берибди. Гапнинг қисқаси, ўша одамлар Асадбекка тегишли экан. Шу ваҳима гаплар кучая боргач, текшириб кўриш Зоҳидга топширилди. У бир ҳафта уриниб, чуваланган ипнинг учини, ўша одамни топди. У одам ўн етти йилдан бери руҳий хасталиклар шифохонасида рўйхатда тураркан. Зоҳид бир қараса, унинг гапи бамани, бир қараса, ғалати эди. У қўшнисини кўрсатди. Қўшни ажабланди. Устига-устак унинг машинаси йўқ. Ҳалиги одам қамишзорни кўрсатаман, деди. Зоҳид кўнди. Қадимда «Хотинкўприк» деб аталган жойга бошлаб борди. Қамишзор йўқ. Ҳаммаёқ кўпқаватли иморат эди. Ҳалиги одам мўлтиллаб туриб, сўнг йиғлаб юборди. Зоҳид уни уйига эмас, шифохонага элтиб қўйди.

Бу воқеага бир йилдан ошибди. Зоҳид ўша одамнинг мўлтиллаб туриши, йиғлаб юборишини ўқтин-ўқтин эсларди. Ҳозир винзавод ҳақида гап чиққанида яна ёдига тушди. Ён дафтарига «жинни одам, Хотинкўприк» деб ёзиб қўйди

— Демак, бу иш Асадбекка бориб тақаладими? — деди у дафтарчасини чўнтагига солиб.

— Бўлиши мумкин, — деди Ҳамдам. — Лекин бу икки галварсдан гап оламан, деб овора бўлма. Улар Асадбекни билишмайди. Шариф Намозов билан суҳбатлашсанг кўп нарса ойдин бўлади. Олимлиги бор экан. Бунақа одамлар ҳақиқатпараст бўлишади. Адолат қиламан, деган бўлса, қопқонга туширишган. Энди истасанг-истамасанг, қамоққа оласан. Қони текширилиб гиёҳванд деб турилибди. Уйидан кукунлар чиқди. Юз минг сўмнинг нари-берисидаги мол-а! Юз мингдан кечишибдими, демак, иш катта.

— Агар сиз айтгандай Асадбекнинг йўлига тўғаноқ бўлса, осонгина йўқ қилишмасмиди?

— Майдароқ одам бўлганида балки сен айтган йўлни тутишарди. Намозов бирон-бир масалада очиқчасига қарши чиққандир. Умуман… Юз минг сўм уларга трамвай паттасидай гап. Агар Намозовни қамоққа олишга рухсат бермасанг, эртага уйингга беш юз минг ташлаб кетишлари мумкин. Унда ҳам кўнмасанг…

— Ўлдирадими?

— Йўқ, ўлдирмаса керак. Лекин йўлини топади. Ҳар ҳолда иш Асадбекка бориб тақалса, у билан ўчакишма. Сендан зўрлар ҳам эплаша олмаган уни. Биз сен билан комиссар Катани бўлолмаймиз. Лекин Асадбек адвокат Теразинига дарс бериши мумкин. Сенга маслаҳатим: Намозовни қамаш керак. Қамасанг, унинг жонини сақлаб қоласан. Ўйлаб кўр.

(давоми бор)

Хикоялар
ШАЙТАНАТ… (3-қисм. Биринчи китоб)