Сукунат ҳеч бўлмаганда узбекча шеър
Сукунат… ҳеч бўлмаганда,
Ўз қалбимни тинглашни ўргатди.
Тартибга солишни хаёлларимни,
Жавобсиз қўймасликка саволларимни.
Ўзимни англашга… аҳволларимни.
Сукунат ҳеч бўлмаганда…
Тунларни сокин севишга ўргатди.
Тинитиб қўйди туйғуларимни,
Синдириб ташлади кўзгуларимни…
Сайратиб қалбдаги эзгуларимни,
Ҳаёт биланмас, хаёллар оғушида,
Яшашни ўргатди, ҳеч бўлмаганда…
Сукунат тунларни қадрлашни ўргатди,
Тунлар эса… дардларни бекитишни.
Ишқни қалбга кўмишни,
Туйғуларга кўзни юмишни,
Ҳақиқатга очиқ кўз билан қарашни ўргатди.
Балки дардларим қофияга тушмас,
Вазнсиздир туйғуларим, зорларим
Ўта шиддаткордир, асовдир дардим,
Ўта маюсдир, нафисдир изҳорларим.
Ўта синчковдир, нозикдир,
ҳеч бўлмаганда
Ўзига қилинган ноҳақликни кечиролмагай.
Севгисини қалбдан ҳеч ўчиролмагай,
Ҳатто душманига… душманлик истамас,
Кўнгил қотилига заҳар ичиролмагай.
Барча оғирликни ўз зиммасига олиб,
Бедор, мискин, маҳзун куздай сарғариб.
Хазон бўлган, фақат тўкилолмагай!
Сукунат… ҳеч бўлмаганда,
Ҳаётни англашни ўргатди…
Шерлар
Сукунат ҳеч бўлмаганда узбекча шеър