Бўрилар ҳақида қизиқарли фактлар
Бўри дунё халқларининг эртак ва афсоналарида иштирок этади. Бир замонлар бу йиртқич жуда кенг тарқалган ҳайвон эди. Ҳозирги кунга келиб унинг сони кескин камайган.
Ташқи кўриниши
Бўри ицимонлар оиласига мансуб. Унинг ҳажми қайси минтақада яшаётганлигига боғлиқ. Бўрининг калласи катта, тумшиғИ узунчоқ, кўзлари жуда ўткир. Жунги тўқ кулранг ва қалин, қорин ва оёқ соҳаларида бироз қизғиш.
Территория
Европа, Осиё ва Шимолий Америкада тарқалган. Оʻзбекистоннинг чўл, даштлари, ўрмон, тўқай, тоғ ва тоғ этакларида тарқалган; қор ва муз билан қопланган баланд тоғлар ва тундрада ҳам яшайди. Бўри қоялар орасига, тўқайлик ва жарликларга, қуруқ қамишзорларга ин қуради. Тулки инларидан ҳам фойдаланади. Бўри инида болалайди ва болаларини парвариш қилади.
Увиллаш
Бўрилар кенг диапазонли овоз орқали ўзаро мулоқот қиладилар. Масалан, ириллаши саломлашишни, ўкириши – жаҳлни, увиллаш – хавотир, баъзан эса ҳаяжонни билдиради. Энг машҳури унинг увиллашидир. Ёлғиз бўладими, тўдаси биланми, тунда бўладими ёки тонгдами – бўри увиллаши билан ўзининг борлигини билдириб туради.
Имо-ишоралари
Бўрининг думи, қулоқлари, лаблари ва бурнининг ҳолати бошқа бўрилар учун қўрқув, ҳурмат ва жаҳлни билдириб туради. Масалан, тўда сардори ўзининг устуворлигини билдириш учун “ҳайкал” кўринишига киради: ойқларида қаттиқ турган ҳолда думини кўтаради, қулоқларини динг қилади ва қотиб қолади. Бошқа бўрилар эса унинг қаршисида эгиладилар ёки белларига ётиб, оёқларини тепага кўтарадилар ва бу билан ўзларининг бўйсунганларини кўрсатадилар.
Ҳид
Ҳидлар бўри ҳаётида муҳим ўрин тутади. Бўрилар ўзларига қарашли ҳудудни пешоби, ахлати ва бошқа ҳидли ажратмалари билан белгилаб чиқадилар, токи бошқа бўрилар уларнинг ҳудудига яқинлашмасликлари учун.
Кўриш қобилияти
Бўриларнинг кўз олмалари қоронғуда ҳам кўра олиш имкониятини берадиган махсус кўз пардаси билан қопланган. Шу сабабли уларнинг кўзлари ўткир зеҳнга эга ва ялтираб туради.
Тўда
Бўрилар тўдада 7-20 нафар бўлиб яшашади. Тўдани устунликка эга бўлган жуфтлик бошқаради. Тўда сардори қарор қабул қилади, қолган бўрилар эса унга бўйсунадилар.
Кизикарли маълумотлар
Бўрилар ҳақида қизиқарли фактлар