Ёрдамга кел, азиз қуръоним узбекча шеър
Эсга олсам бобокалоним,
Қизаради юзим-тобоним,
Гуноҳларга тўлди ҳар оним,
Сустлигидан дину имоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Эътиқодим динимни сотдим,
Урф-одатим, тилни йўқотдим,
Етмиш йиллар ғафлатда ётдим,
Қийналади менинг виждоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Элимда бор кўнгли ғаразлар,
Ўғли отасидан аразлар,
Кўпайди кўп ўғри, маразлар,
Каззобларга тўлди маконим,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Ёшларнинг ҳеч саломлари йўқ,
Гапда ширин каломлари йўқ,
Чунки, дини, исломлари йўқ,
Сенда ҳикмат эзгу армоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Қондошларга оқибат қани,
Элга иззат ва ҳурмат қани,
Дўстга, ёрга садоқат қани?
Вафосизлик қилди жаноним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Баъзиларнинг ибоси йўқдир,
Ўғил-қизлар ҳаёси йўқдир,
Этиқоди, худоси йўқдир,
Шариатим, топталди шаъним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Гўдакларни ташлаб кетсалар,
Оналикни инкор этсалар,
Қўли қотилликка етсалар,
Аламимдан эзилди жоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Оппоқ нонни ахлатга отдик,
Очлик азобларини тотдик,
Дарахт кесиб гуноҳга ботдик,
Барака йўқ, қуруқ хирмоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Кўп илмни билолмай қолдим,
Нурсиз, зулмат ичра йўқолдим,
Мен омийман, кам сабоқ олдим,
Қашшоқ менинг тилу забоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Ҳар каломинг ҳайратга солур,
Ўқиганнинг гарди йўқолур,
Оятларинг дардимни олур,
Табобатим, дори — дармоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Варақларинг кўзга суртайин,
Ҳар каломинг эъзоз этайин,
Ғанимларинг йиқиб туртайин,
Бунга етмас менинг имконим,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Хазинамсан умри барқарор,
Бунга кўплар бўлдилар иқрор,
Узим Сенинг ҳукминга тайёр,
Камолотга элтувчи шоним,
Ёрдамга кел, азиз қуръоним.
Шерлар
азиз қуръоним узбекча шеър, Ёрдамга кел