Yosin surasi fazilati
Ёсин сурасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқий пайғамбар эканлари, Исо алайҳиссалом томонидан Антокия шаҳрига юборилган элчилар кўрган-кечиргани, Ҳабиб Нажжор исмли киши имон йўлида жонини фидо қилиши, қуёш, ой, юлдузлар илоҳий қонуният асосида ҳаракатланиши баён этилган. Шунингдек, жаннат ва дўзах аҳлларининг қиёмат кунидаги ҳолатлари, тавҳид масаласи, қайта тирилиш ҳақлигига далолат қилувчи оятлар келтирилган.
Ёсин сураси фазилатлари тўғрисида кўп ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Уларда айтилишича, кимда-ким бу сурани ихлос билан ўқиса, ҳожати раво бўлади, хавф-хатарда бўлса хотиржамлик топади, камбағал бўлса бойликка эришади, маҳбус бўлса озодликка чиқади, қарздор бўлса қарзини осон узади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ёсин Қуръоннинг қалбидир. Ким уни Аллоҳ (розилиги)ни, охират кунини истаб тиловат қилса, гуноҳлари кечирилади. Уни ўликларингизга ўқинглар ”.Ёсин сурасини ўликларга ўқиш икки хил изоҳланган:
1. Ўлим тўшагида ётганларга ўқилади;
2. Ёсин сураси савоби маййитларга бағишланади.
Жумҳур уламолар биринчи қавлни маъқуллашган .
Нима учун ўлим тўшагида ётганларга Ёсин сураси ўқилади? Бунинг ҳикмати нимада?
Гап шундаки, Ёсин сураси қийин дамда ўқилса, Аллоҳ таоло банда аҳволини енгиллаштиради. Хусусан, жон чиқиш пайтида тиловат қилинса, раҳмат тушади, руҳнинг танадан чиқиши осон бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир маййит ҳузурида Ёсин сураси ўқилса, Аллоҳ унга енгил қилади”, деб айтганлар .
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Ёсин сурасидир. Ким уни (ихлос билан) ўқиса, Аллоҳ ўша кишига Қуръонни ўн марта ўқиш савобини беради”, деганлар .
Ёсин сураси “Қуръоннинг қалби” дейилишига сабаб сурада қалб билан боғлиқ масалалар – Аллоҳнинг ваҳдонияти, рисолат, қайта тирилиш баён этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Ёсин сурасини тунда ўқиса, ўша кечада гуноҳлари мағфират этилади”, дейилган .
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кун аввалида Ёсин сурасини ўқиса, ҳожатлари раво этилади”, деб айтганлар .
Қайси бир банда тонг отганида Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ унинг гуноҳларини кечиради. Бундан ташқари Қуръонни ўн марта хатм қилиш савобини олади, барча ҳожатлари раво этилади.
Демак, бошига ташвиш тушган, оғир аҳволда қолган киши Ёсин сурасини ўқиса, Аллоҳ унга нажот беради, мурод-мақсадига етади.
Аслида ҳар хил бидъат-хурофотлар ўрнига Аллоҳ ва Расули буюрган ишлар қилинса, мушкуллар арийди, қийинчилик бартараф этилади. Бидъатлар ҳеч қандай фойда бермайди. Қолаверса, хурофий одатлар анча-мунча сарф-харажат талаб қилади. Бу ҳам етмаганидек, банда ирим-сиримлар туфайли гуноҳга ботади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай деган: “Ким тонг отганда Ёсин сурасини ўқиса, кечгача куни енгил ўтади. Ким уни тун аввалида ўқиса, тонггача туни енгил ўтади ”.
Биз мўмин-мусулмонларга фақат охират саодати эмас, дунёда ҳам муваффақият қозониш йўллари ўргатилган. Буни мана шу ривоят мисолида кўриш мумкин.
Яҳё ибн Абу Касир айтади: “Ким тонг отганда Ёсин сурасини ўқиса, кечгача хурсандчиликда бўлади. Ким уни кеч кирганда ўқиса, тонг отгунча хурсандчиликда бўлади. Буни тажрибада синаган одам бизга хабар қилишича, Ёсин сураси Қуръоннинг қалбидир ”.
Демак, Ёсин сураси қуйидаги фазилатларга эга:
1. Ёсин – Қуръоннинг қалби;
2. Ёсин сураси ўқилса, руҳнинг танадан чиқиши осонлашади;
3. Ёсинни ўқиган кишига Қуръонни ўн марта хатм қилиш савоби берилади;
4. Ёсинни ихлос билан ўқиган банда гуноҳлари кечирилади;
5. Тонгда ёки кеч кирганда Ёсин сурасини тиловат қилган одамнинг мушкуллари осон бўлади, ҳожатлари раво этилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ёсин сураси умматимдан ҳар бир инсон қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар .
Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон банда Ёсин сурасини ўқиб-ўрганса, ёд олса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсияларига мувофиқ ишдур
Ислом
Yosin surasi fazilati