Сафарда такбир ва тасбиҳ айтиш

Сафарда такбир ва тасбиҳ айтиш

Сафарда такбир ва тасбиҳ айтиш

Сафарда такбир ва тасбиҳ айтиш

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Биз (тепаликка) кўтарилганимизда такбир (Аллоҳу акбар), тушаётганимизда тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтардик», дедилар.
(Бухорий ривояти)

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаж ва умрадан қайтаётганларида (баъзи ривоятларда «ғазотдан қайтаётганларида» дейилган) бирор тепаликка кўтарилсалар, такбир айтар эдилар ва бирор водийга тушсалар, тасбиҳ айтардилар.
Бундан маълум бўлмоқдаки, сафарда тепаликка чиқаётганда, «Аллоҳу Акбар» деб такбир айтиш, тепаликдан пастга тушаётганда Аллоҳ таолони поклаб, «Субҳаналлоҳ» деб тасбиҳ айтиш суннат экан. Зеро инсон юқорига кўтарилгани сари атрофдаги нарсалар унинг кўз ўнгида кичрайиб боради ва охири заррадек бўлиб қолади. Бундай ҳолатда инсоннинг қалбида кибр туйғуси пайдо бўлади, шунинг учун бу ҳолатда Аллоҳ барча нарсадан каттароқ, улуғроқ эканини тилга олиб, “Аллоҳу акбар” деб, Аллоҳни улуғлаш лойиқ бўлади. Пастга тушиш қуйилик ва пастлик бўлгани учун бу ҳолатда Аллоҳ таолони барча камчилик ва паст сифатлардан поклаш лойиқ бўлади.
Бу зикр фақат сафарда айтилгани учун уни сафарда айтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Унга бошқа ҳолатлар қиёс қилинмайди, зеро ибодатдаги асл-асос суннатда келганига чекланишдир.

Айрим кишилар бу суннатни тирилтирайлик деб, зинапоя ёки лифт орқали кўтарилаётган пайтларида такбир ва тасбиҳ айтишмоқда экан. Бундай қилиш суннат эмас. Агар суннат бўлганда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга уйга кириб-чиқишда айтиладиган дуо-зикрларни таълим берганларидек, зинадан кўтарилиб тушилганда айтиладиган дуо-зикрларни ҳам таълим берган бўлардилар. Ҳолбуки уларда зинапоя бўлган.

Юрган-турганда, ҳар қандай ҳолатда умумий суратда такбир, тасбиҳ ва таҳлил айтиб юриш жуда яхши амал.
Бироқ, ҳадисларда келган тасбиҳлар, зикр-дуоларни белгиланган ададда, белгиланган ўринда, белгиланган кайфиятда ва белгиланган замонда қилиш суннат бўлади, унга бошқасини қиёс қилинмайди. Агар қиёс қилинса, бидъат бўлиб қолади, Аллоҳ сақласин.
Дарвоқе, Имом Бухорий юқоридаги ҳадисни ӯзларининг саҳиҳларида: «Водийга тушганда айтиладиган дуо» ҳақидаги бобда келтирганлар. Шунингдек, ушбу ҳадис кўп манбаларда ”Сафарда такбир ва тасбиҳ айтиш» бобида зикр қилинган.
Валлоҳу аълам

Ислом
Сафарда такбир ва тасбиҳ айтиш