Қиёмат куни хурсанд бўлай десангиз…

Қиёмат куни хурсанд бўлай десангиз…

Қиёмат куни хурсанд бўлай десангиз...

Қиёмат куни хурсанд бўлай десангиз...

Охиратда ҳар бир банданинг номаи аъмоли ўзига кўрсатилади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган: “Биз ҳар бир инсоннинг амалини бўйнига илиб қўйганмиз. Қиёмат куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб (кўрсатамиз. Ўшанда унга дейилади:) “Китобингни ўқи, (қанча савобинг, қанча гуноҳинг борлигини ҳисоб қил!) Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилувчидир”. (Исро сураси, 13-14-оятлар).

Охиратда номаи аъмоли ўнг тарафдан берилган инсон хурсанд бўлиб: “Мана менинг китобимни ўқинглар..!” дейди. Номаи аъмоли чап тарафдан берилган киши эса: “Эҳ, қани энди менга китобим берилмасайди! Ҳисоб-китоб нелигин билмасайдим!” деб оҳ чекиб қолади.
Ҳадисларда айтилишича, тириклилигида кўп истиғфор айтган инсон қиёмат куни номаи аъмолини кўриб қалби қувончга тўлади.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنَ بُسْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: طُوبَى لِمَنْ وَجَدَ فِي صَحِيفَتِهِ اسْتِغْفَارًا كَثِيرًا. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Номаи аъмолида кўп истиғфорни кўрган бандага қандай яхши!” (Ибн Можа, Байҳақий ривоят қилган. Ҳадис санади саҳиҳ).

Инсон оғзидан чиқадиган ҳар бир сўз амаллар саҳифасига ёзиб борилади. Қиёмат куни кишининг номаи аъмоли ўзига кўрсатилади, “Мана китобингни ўқи”, дейилади. Осий бандалар қилдай гуноҳи ҳам қолмай битиб қўйилганини кўриб даҳшатга тушади. Кўп истиғфор айтган мўмин банда эса саҳифасини кўриб хурсанд бўлади. Чунки у дунёда кўп яхши амаллар қилган, истиғфор айтган, тилини беҳуда сўзлардан тийган эди.

عَنْ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَحَبَّ أَنْ تَسُرَّهُ صَحِيفَتُهُ فَلْيُكْثِرْ فِيهَا مِنْ الإِسْتِغْفَارِ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимда-ким номаи аъмолини кўрганда хурсанд бўлай деса, унда истиғфорни кўпайтирсин!” (Байҳақий, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

Абу Минҳолдан ривоят қилинади: “Қабрда банда учун кўп истиғфордан кўра яхшироқ қўшни (яъни, ҳамроҳ) бўлмайди”.

Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний шундай деган: “Сизлар кўп гуноҳ қиляпсизлар. Энди истиғфорни ҳам кўпайтиринг! Чунки, банда қиёмат куни номаи аъмолининг ҳар икки қаторида истиғфорни кўрса, боши осмонга етади”.

📚«Истиғфорнинг 40 хосияти» китобидан

Ислом
Қиёмат куни хурсанд бўлай десангиз…