Қуръондан шифо топганлар қиссаси

Қуръондан шифо топганлар қиссаси

Қуръондан шифо топганлар қиссаси

Қуръондан шифо топганлар қиссаси

Ривоят қилинишича, бир гуруҳ саҳобалар сафарга чиқишди. Араблар яшайдиган жойда қўним топиб, улардан озиқ-овқат сўрашди. Аммо қабиладагиларнинг меҳмон қилгилари келмади. Шу орада ўша қабила бошлиғини чаён чақиб олди.

Қабила аъзолари раҳбарлари соғайиши учун қўлларидан келган барча чораларни кўришди. Бироқ ҳеч қандай наф чиқмади. Шунда улардан бири:

– Анави кишилардан сўраб кўринглар. Шояд фойдаси тегадиган бирон нарса бўлса! – деди.
Қабила аъзолари саҳобалар олдига келиб сўрашди:

– Ҳой, мусофир одамлар! Бошлиғимизни чаён чақиб олди. Ҳарчанд уринсак ҳам, ҳеч қандай натижа чиқаролмадик. Ичингизда бирон киши бунга даво топа оладими?
– Ҳа, мен дам соламан. Лекин, сизлар бизни меҳмон қилишдан бош тортдингиз. Энди бирон мукофот тайинламагунингизча дам солмайман! – деди саҳобалардан бири.

Улар бир тўда қўй эвазига келишиб олишди. Ҳалиги киши Фотиҳани ўқиб дам сола бошлади. Бемор дард кўрмагандек тезда соғайиб кетди. Шундан сўнг қабила бошлиғи:

– Аҳдингизга вафо қилинг. Келишилган нарсани уларга беринг! – деб буюрди.

Саҳобалардан бири деди:

– Қўйларни тақсимланг!

Дам солган киши бўлса:

– Шошманглар! Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига борайлик, бўлган воқеани у зотга айтайлик, нима деркинлар, – деди.

Улар Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳузурларига бориб, бўлган воқеани айтиб беришди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом дам солган кишидан:

– Фотиҳа сураси билан дам солишни қаердан биласан? – деб сўрадилар. Кейин:

– Тўғри қилибсизлар. Қўйларни тақсимланг, менга ҳам улуш ажратинг, – деб кулиб қўйдилар.

Ибн Қаййим шундай деган: “Бу ҳадисга кўра, ҳашарот чаққан одамга Фотиҳа сурасини ўқиш даво бўлган. Қироат унга дори ўрнига ўтган. Балки дам солиш билан топган шифони дори-дармон билан топа олмасди ”.

Фотиҳа сураси шифобахшлигини Ибн Қаййим тажрибада синаб кўрган. У киши шундай ҳикоя қилади: “Маккада яшаган чоғимда касал бўлиб қолдим. У ерда на табиб, на бир дори топа олдим. Шунда ўзимни Фотиҳа сураси билан даволадим, унинг ажойиб таъсири борлигига амин бўлдим. Озроқ замзам сувидан олиб, унга Фотиҳани ўқиб ичдим.

Натижада дарддан бутунлай халос бўлдим. Шундан сўнг жуда кўп касалликларни Фотиҳа сураси билан даволадим. Бундан жудаям кўп фойда топдим. Кимдир касалликдан шикоят қилиб келса, унга Фотиҳа билан дам солишни тавсия қилардим. Бемор тезда соғайиб кетарди ”.

Ривоят қилинишича, Амр ибн Ҳазм Ансорий розияллоҳу анҳу Мадина шаҳрида илон чаққан аёлга дам солишга чақирилди. Бироқ у рози бўлмади. Амрнинг бу иши Пайғамбар алайҳиссаломга хабар қилинганди, уни ҳузурларига чақиртириб, нега бундай қилганини сўрадилар. Амр:

– Ё Расулуллоҳ, ахир ўзингиз дам солишдан қайтарасиз-ку! Сиз қайтарган ишни қандай қиламан?! – дея савол оҳангида мурожаат қилди.
Шунда Амрдан – қайси оят ёки дуони ўқиб дам солишини – сўрадилар. Амр у зотга дам солишда ўқийдиган оятларини тиловат қилиб берди. Набий алайҳиссалом руқяни эшитгач:

– Ҳечқиси йўқ. Уни ўқиб дам солавер, – деб Амрга рухсат бердилар.

Ислом
Қуръондан шифо топганлар қиссаси