Ватан ҳақида сара шеърлар тўплами узбекча шеър

Ватан ҳақида сара шеърлар тўплами узбекча шеър

Ватан ҳақида сара шеърлар тўплами

Ватан ҳақида сара шеърлар тўплами

ВАТАН — Абдулла Орипов

Агар дўстлар эрур содиқ бир-бирин қийратиб бўлмас,
Агар қилғил неча фитна аларни айратиб бўлмас.
Демишлар: мору қушни бир қафасда асратиб бўлмас,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Ватан деб мен баён қилдим, аё дўстлар, мухаммасни,
Ватанни ким улуғ билди, азиз билдим мен ул касни.
Ватан деб жўш урар эрса кўтаргум бошима хасни,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Надомат бирла боқғайман ватансизларга ҳар доим,
Эгиб бошини зор йиғлар, агарчи давлати қойим,
Фақир бўлсам-да бор юртим — тожу тахтим, борар жойим.
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Боболар кечмишин ҳаргиз фаромуш айламанг, дўстлар,
Ҳақиқат тонги отганда ани туш айламанг, дўстлар,
Агар ким эътиқодсиздур, ани хуш айламанг, дўстлар,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Диёрим Ўзбекистондур, ки андин ифтихорим бор,
Демакким, ҳур адолатлиғ, давлати барқарорим бор,
Онамдек меҳрибон, мунис Ватан бор, ғамгузорим бор,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

Ватан, сен ҳур, йўлинг шонли, қадамни ташлагин шахдам,
Фахр-ла боқғай Абдулло, кўзида шодлигидан нам
Паноҳингни тилаб Ҳақдин дилида илтижо ҳар дам,
Ватандан айри кўнгилни билингки, яйратиб бўлмас.
Баайни банди булбулни чамансиз сайратиб бўлмас.

ВАТАНИМ — Муҳаммад Юсуф

Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,
Ўзим султон,

Сен тахти Сулаймоним,
Ёлғизим,
Ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,

Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним…

Шодон куним гул отган сен,
Чечак отган изимга,
Нолон куним юпатган сен,
Юзинг босиб юзимга.

Синглим дейми,
Онам дейми,
Ҳамдарду ҳамхонам дейми,
Офтобдан ҳам ўзинг меҳри –
Илиғимсан, Ватаним.

Сен Машрабсан,
Халқда тумор,
Балхда дорга осилган,
Навоийсан, шоҳ ёнида

Фақирини дуо қилган.
Яссавийсан, меники деб,
Кўринган даъво қилган,
Минг бир ёғи очилмаган
Қўриғимсан, Ватаним.

Сен Ҳўжандсан,
Чингизларга
Дарвозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан

Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.

Ким Қашқарни қилди макон,
Ким Энасой томонда,
Жалолиддин – Қурдистонда,
Бобуринг – Ҳиндистонда,

Бу қандай юз қаролиғ деб
Ётарлар зимистонда,
Тарқаб кетган тўқсон олти
Уруғимсан, Ватаним…

Ўғлим десанг осмонларга
Ғирот бўлиб учгайман,
Чамбил юртда Алпомишга
Навкар бўлиб тушгайман,

Падаркушдан пана қилиб

Улуғбегинг қучгайман,
Ғичир-ғичир тишимдаги
Сўлиғимсан, Ватаним…
Ўтган кунинг – ўтган кундир,

Ўз бошингга етган кун,
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб,

Дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун,
Воҳ болам! деб айтолмаган
Дудуғимсан, Ватаним.

Ёнингда қон йиғлаган бир
Шоирингга қараб қўй,
Гар Қўқонга йўлинг тушса,
Детдомларни сўраб қўй.

Ҳеч бўлмаса Усмон ҳокин
Келтирмоққа яраб қўй,
Олисларда қуриб қолган
Қудуғимсан, Ватаним…

Сен – шохлари осмонларга
Тегиб турган чинорим,
Ота десам,
Ўглим деб,
Бош эгиб турган чинорим,

Қўйнимдаги ифтихорим,
Бўйнимдаги туморим,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, ВАТАНИМ !

ВАТАН — Холдор Вулқон

Сен агар буғдой бошоқ бўлсанг сомонингман, Ватан,
Тоабад бошинг омон бўлсин, товонингман, Ватан.
Барча яхши, барча оқил, барча доно, файласуф,
Қимтиниб бир чеккада юрган ёмонингман, Ватан.

Чор тараф зулмат, туман, увлайди минг -минглаб шоқол,
То саҳар гулхан ёқиб чиққан чўпонингман, Ватан.
Барча жим, тилсиз писиб, мум тишлаганда, хайқириб,
Ҳақ сўзин дор остида айтган забонингман, Ватан.

Бўлмасин оввора ёв ойболта қайраб қатлима,
Қатл этиб ўлдирса хам ўлмас омонингман, Ватан.
Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас довонингман, Ватан!

ВАТАН — Иқбол Мирзо

Сени десам юрагимда очилар гуллар,
Ёмғир бўлиб самолардан сочилар гуллар,
Саҳролардан, дарёлардан сочилар гуллар,
Юрагимнинг гулисан сен, гуллаган Ватан!

Исминг айтиб уйғонади чучук жилғалар,
Сунбулалар тонгларингдан тақар сирғалар,
Кипригимда ёғдуларинг солар жилвалар,
Тилагимнинг гулисан сен, гуллаган Ватан!

Хушбўй-хушбўй олмаларда жаннат ҳавоси,
Тоғларингнинг бағрида минг дарднинг давоси,
Шудир, ахир, бир инсоннинг умр сафоси,
Юрагимнинг гулисан сен, гуллаган Ватан!

Ҳовуч-ҳовуч, зилол-зилол сувингдан ичдим,
Меҳринг қанот бўлди, мовий кўкларда учдим,
Яна қайтиб сенга келдим, тупроғинг қучдим,
Тилагимнинг гулисан сен, гуллаган Ватан!
Юрагимнинг гулисан сен, гуллаган Ватан!

Ватан деб… — Маҳмуд Тоир

Айтсам, нондек ширин сўз бор дунёда,
Айтсам, жондек ширин сўз бор дунёда.
Ватан деб, шивирлаб айтиб кўринг сиз,
Ватан деб, кўнгилга қайтиб кўринг сиз.
Чеҳрангиз балқийди, қуёш бўласиз,
Қалбингиз қалқийди, кўз ёш бўласиз.

Онажон, деганда энтиккан дилдек,
Озодсан, деганда яйраган қулдек.
Ватан, деб энтикиб эланиб айтинг,
Ватан, деб вафога беланиб айтинг.
Жон ичра юз очган бир жон бўласиз,
Сиз ерга сиғмаган осмон бўласиз.

Болангиз қувончи тўкилган тупроқ,
Қуёш бир кўрмаса ўкинган тупроқ.
Жаннатдай муқаддас чаман бўлади,
Аё дўст, у бизга Ватан бўлади.
Ватан, денг кўнгилнинг кўзи очилсин,
Ватан, денг соғинчнинг юзи очилсин.

Ватан алла берган оромдек ширин,
Ватна халқ кўрсатган икромдек ширин.
Ватан, денг худога юкуниб айтинг,
Асра, денг тиз чўкинг ўкиниб айтинг.
Ватан, деб биз буюк бир халқ бўламиз,
Ватан, деб иймонда барҳақ бўламиз.

Айтгил дўстим нима қилдик ватан учун — Иқбол Мирзо

Бошинг эгиб таъзим айла, шукрона айт
Сени гулдек эркалаган чаман учун
Осмонларда юрган бўлсанг тупроққа қайт
Айтгил дўстим нима қилдик ватан учун

Кўзи қора, юраги оқ шу эл учун
Тупроқ учун, шу юрт учун, чаман учун
Улуғ инсон бошлаб берган шу йўл учун
Айтгил дўстим нима қилдик ватан учун

Қачонгача қорнинг ўйлаб ўтадурсан
Қачонгача кўкдан чалпак кутадурсан
Ахир ватан битта, сен ҳам биттадурсан
Айтгил дўстим нима қилдик ватан учун

Бунча бино қойманг заррин чопонларга
Саратонда япроқ бўлгин деҳқонларга
Суянгани таёқ болгин чўпонларга
Айтгил дўстим нима қилдик ватан учун?

Ҳеч кимдан кам эмассан, кам бўлмагайсан
Ерда қолсанг қуёш бўлиб кулмагайсан
Қачон белни махкам тортиб боғлагайсан
Айтгил достим нима қилдик ватан учун

Шу сойлардан сувлар ургин юзинга сен
Бир бор назар солгин босган изинга сен
Шу саволни бериб кўргин ўзинга сен
Айтгил дўстим нима қилдик ватан учун

Ватан ҳақида шеър — ОТАБEК ФОЗИЛЖОНОВ

ҲАР ЖАБҲАДА ДОНГ ТАРАТГАН ДУНЙОДА
ХУМОСИ ҲАМ МАҒРУР УЧАР САМОДА
БEТАКРОРДИР , БEНАЗИРДИР ЖАМОЛДА
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

ОСМОНЛАРДАН ЮКСАК ЭРУР КАМОЛИ
ҲАМ БОЙ ҲАМ ЗЎР ЙОҚИМЛИДИР КАЛОМИ
ҲИЛОЛЛАРДАН ГЎЗАЛРОҚДИР АЙОЛИ
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

ОСМОНИДА ПОРЛАБ ТУРАР АХТАРЛАР (ЙОРУҒ ЮЛДУЗ)
УДИР МEНИНГ БАҒРИМДАГИ БОР ЖОНИМ
БУТУН ДУНЙО ҚАРСАК ИЛА МАҚТАРЛАР
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

ҲАР ЕРЛАРИ ГУЛШАНЛАРГА БУРКАНГАН
ЧЎП ҚАДАСАНГ НИҲОЛЛАРГА АЙЛАНГАН
ЎҒЛОНЛАРИ МАРДЛИК УЧУН ЯРАЛГАН
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

ҲEЧ БИР ГУЛИ БEҲУДАГА СЎНМАГАН
КИМКИ БОҚСА БУ ЗАМИНГА ТЎЙМАГАН
ВОСИ ЛИКНИ(БАҒРИ КEНГ) ЕРГА ТАШЛАБ ҚЎЙМАГАН
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

КАБУТАРЛАР ЭРКИН УЧАР ОСМОНДА
ИШЛАРИДАН БУТУН ДУНЙО ҲАЙРОНДА
ГУЛЛАБ БОРАР БАХТИЙОРЛИК ҲАР ОНДА
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!
ТОМРИМДА ОҚЙОТГАН ТЎКИЛМАС ҚОНИМ
УЛУҒЛИК , БУЮКЛИК СИЙМОСИ БЎЛГАН
БУ МEНИНГ ВАТАНИМ ЎЗБEКИСТОНИМ !!!

ВАТАН — Сирожиддин Саййид

Дил пораси, кўз қораси сен ўзингдирсан,
Менинг кўнглим сен аслида, сен кўзимдирсан.
Томиримда томир ёйган илк сўзимдирсан,
Илк оғриғим, илк ёмғирим, найсоним, Ватан.

Қир устида ёнбошлаган бобом чайласи
Бу дунёда кимларнингдир орзу-ҳаваси.
Димоғимда — юлдуз иси,шабнамлар иси,
Момом экиб кетган кашнич, райҳоним, Ватан.

Қулоқ солсам шивирлагай ҳатто тошларинг,
Ою қуёш, камалаклар кўзу қошларинг.
Бешигимни тебратгандир қалдирғочларинг,
Ою қуёш кўрпа солган айвоним, Ватан.

Бўронлари тулпорларга тунлар ёл бўлган,
Бир ўғлони чинор, бири мажнунтол бўлган.
Темурлари от минганда жаҳон лол бўлган,
Жаҳонларга тимсол шоҳу султоним, Ватан.

Валилардан ибрат сўйлар қадим саҳролар,
Сўнди қанча салтанатлар, қанча туғролар.
Мақбаралар айтсин лекин, айтсин Зуҳролар:
Ер остидан суҳбат айлар ҳануз Кубролар,
Термизийлар бедор ётган қўрғоним, Ватан.

Не тонг эди — изғиринлар заҳрини тотдинг,
Дастурхонда музтар қолди қанду наботинг.
Шаҳидларинг номларидир ҳар бир работинг,
Абадий ёд эрур асли адабиётинг,
Чўлпон, Фитрат, Қодирий ҳам Усмоним, Ватан.

Гард қўнмасин токи сенинг киприкларингга,
Киприкларим киприк қилай кўприкларингга.
Малҳам бўлмоқ учун асрий оғриқларингга
Булутларинг сузиб юрар кўк, қирларингга,
Уйғоқ руҳлар осмонида посбоним, Ватан.

Нақшларинг қутулдилар кишан-бандлардан,
Хатлар олдим юрагимга Нақшбандлардан,
Афросиёб билан тенгдош куй, оҳанглардан.
Шеърларимга ранглар олдим Самарқандлардан,
Гоҳи мовий, гоҳи зангор достоним, Ватан.

Улуғларинг хокини мен юзларга суртай,
Дилимдаги энг муқаддас сўзларга суртай,
Онамдайин азиз нону тузларга суртай.
Озод бўлган оятларин кўзларга суртай,
Ўз юртига қайтиб келган Қуръоним, Ватан.

Мен дунёни не деб айтай? Бу бир кўҳна боғ,
Ўз билганин сайрар бунда ҳар қумри, ҳар зоғ.
Асло сенинг бағирларинг кўрмайин мен доғ,
Юлдузларга осмон бўлган эй нурли тупроқ.
Осмонлари ер-у, ери осмоним, Ватан.

Сўқмоғингда мен бир эпкин ё бир насимман,
Япроқ сенинг, хас бўлсам гар сенинг хасингман.
Жайронларинг кўзларида қолар сўзингман,
Менинг борим сен биландир, йўғим сен билан,
Катта йўлга чиққан улуғ карвоним, Ватан.

ВАТАН ҚЎШИҒИ — Сирожиддин Саййид
 
Мен Ватанни севаман,
Танда жонимдир Ватан.
Юлдузлари кўзимдир,
Осмонимдир Ватан.

Киприкларим варақлар,
Ой саҳфалар чарақлар.
Тошлари ҳам ярақлар,
Нур баёнимдир Ватан.

Тоғи — Бухорий бобом,
Боғи — баҳорий бобом.
Темур — суворий бобом,
Шоҳжаҳонимдир Ватан.

Нақшин нигор бешигим,
Қуёш очган эшигим.
Отам айтган қўшиғим,
Жонажонимдир Ватан.

Менда кўпдир ҳур ният,
Энг азизи — Ҳуррият.
Шарафинг — абадият
Шараф — шонимдир Ватан.

Доим ёруғдир йўлим,
Бу шерни айтди кўнглим.
Ватан — шукрона синглим,
Онажонимдир Ватан.

ВАТАННИ ЎРГАНИШ — Сирожиддин Саййид

Мен Ватанни ўрганмадим заридан,
Ўрганмадим уни ҳур ё паридан.
Кафтларнинг чизиқлари — хати ҳам
Ажинлари бўлди менинг харитам.

Шу хатларда кўргандим илк Ватанни,
Ўз онамдан ўргандим мен Ватанни.
Меҳрлари қошу кўзлар бўлдилар,
Ою қуёш мисол юзлар бўлдилар.

Жисмим аро улғайдилар, тўлдилар,
Ватан янглиғ улуғ сўзлар бўлдилар.
Қошларининг остларида тургандим,
Мен Ватанни шу кўзлардан ўргандим.

Нокаслардан ўрганмадим мен уни,
Ёт каслардан ўрганмадим мен уни.
Ном, қарзлардан ўргангандим мен уни,
Жон хаслардан ўргангандим мен уни.

Ўзим кийик сўқмоқларда юргандим,
Мен Ватанни сўқмоқлардан ўргандим.
Осмонлари бошим узра огоҳлар,
Гиёҳидан дилга олдим гиёҳлар,

Райҳонларин сиёҳидан сиёҳлар.
Булоқлардан кўзлар олдим, нигоҳлар,
Ўзим ҳам бир чечакларга буркандим,
Мен Ватанни гиёҳлардан ўргандим.

Менга азал азиз бўлган баридан,
Бешигимдан талпинган пайтларимдан,
Умр кўрган ҳар кексаю қаридан,
Меҳнатларин ёдлаб ўсдим бағридан.

Пайкалларин кокиллардай ўргандим,
Мен Ватанни эгатлардан ўргандим.
Ушоқ нонинг қадри минг элга маълум,
Дарс олдим мен сувлар ичган маҳалим.

Булбулларнинг тилларида шу таълим,
Ўзинг устоз, ўзинг мангу муаллим.
Ҳикматлардан қургандим мен Ватанни,
Заҳматлардан ўргандим мен Ватанни.

ВАТАНИМ — Хуршид Даврон

Шундай яшил менинг Ватаним —
Баҳорнинг илк баргидай яшил.
Шундай гўзал менинг Ватаним —
Ватаним гул атридек ёшдир.

Ватан, сенсан бағримга монанд,
Бағрим каби мусаффо, ёруғ.
Сен онамга ўхшайсан, Ватан,
Онам каби табаррук, улуғ.

Шундай ёруғ менинг Ватаним —
Мен севаманъ сўзидек ёруғ.

ВАТАН ВА ОСТОНА — Гулжамол Асқарова

Ассалому алайкум! Эй мовий осмон,
Сен менинг муқаддас бешигим Ватан.
Мени порлоқ кунлар чорлаган замон,
Дунёга очилган эшигим — Ватан.

Сен менга азизсан она сутидек,
Гўдаклик йиғимга гувоҳ бўлганим.
Илк бор қадамимни қутлаб, қувониб,
Севгим сирларидан огоҳ бўлганим.

Юрт кезиб соғинсам тупроқ гардини,
Соғинчимдан кўзи ёшланган Ватан.
Менинг юрагимга туташиб йўли,
Менинг остонамдан бошланган Ватан.

Илк бор айтган сўзим дунёга келиб,
Йўлларга кузатган Ўзбекистоним.
Қуёшдек нур сочиб, жилмайиб, кулиб,
Қўлларин узатган Ўзбекистоним.

Онамсан, отамсан, неки улуғ бор,
Сенинг номинг билан айтилар Ватан…
Бу дунёга келиб Сенга келинар
Ва бир куни Сенга қайтилар Ватан.

Менинг илк саломим алик олганим,
Илк бор қадамимни қутлаган макон.
Севги изҳоримдан энтиккан юрак,
Менинг муқаддасим, эй Ўзбекистон.

ВАТАН НАДИР — Ориф Тўхташ

Ватан надир, ватан надир?
Ватан — бешик, ватан — қабр.
Бу дунёга келмоғинг ҳам,
Кетмоғинг ҳам ватандадир.

Киндик қонинг томган тупроқ,
Боболардан қолган тупроқ.
Қон кечилган, жон чекилган,
Алар боис алвон тупроқ.

Кўзинг очиб кўрдинг нени,
Ва не мафтун этди сени? —
Ул ватандур, гул ватандур,
Қучоғига экди сени.

Ватан надир, ватан надир?
Ватан — меҳр, ватан — қадр.
Садоқат ҳам софдиллиги-
Оқ йўргак, оқ кафан каби.

У сенга бир содиқ ҳамроҳ,
Меҳри дўстдан мустаҳкамроқ.
Арзигайдур унинг учун —
Юрагингдан тиксанг байроқ!

Ота ватан, она ватан,
Ватанки, бир дона ватан.
Жаҳоним, деб атар бўлсанг,
Жо айлагил жона, ватан.

Ватан надир, ватан надир,
Бул шундоқким аталмадир —
Жаннат истаб бўлма гирён,
Асли ризвон ватандадир.

Не топсанг ул бағридин топ,
Ватанни ўз атридин топ.
Унинг соғинч изтиробин,
Бобурнинг шоҳ сатридин топ.

Унга меҳринг сероб бўлса,
Жонингни тут, керак бўлса.
Ўнг кўксингда ватан ўстир,
Чап кўксингда юрак бўлса!

Шерлар
Ватан ҳақида сара шеърлар тўплами узбекча шеър