Муҳаммад Юсуф (1954-2001)
Муҳаммад Юсуф (тахаллуси; асл исм-шарифи Юсупов Муҳаммаджон) (1954.26.4, Марҳамат тумани — 2001.31.7, Элликқалъа тумани) — Ўзбекистон халқ шоири (1998), жамоат арбоби. Рус тили ва адабиёти институтининг рус тили ва адабиёти факултетини тугатган (1978). Республика китобсеварлар жамияти (1978-80), «Тошкент оқшоми» газетаси (1980-86), Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти (1986-95)да турли лавозимларда ишлаган. 1995-97 йиллар «Тафаккур» журналида бўлим мудири, 1997-2001 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис ўринбосари. 2-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати. Муҳаммад Юсуфнинг дастлабки шеърлари «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигида босилган (1976). Шундан бошлаб республика матбуотида унинг шеър, очерк ва мақолалари мунтазам равишда чоп этила бошлаган. Илк шеърлар китоби — «Таниш тераклар» (1985). «Булбулга бир гапим бор» (1987), «Илтижо» (1988), «Уйқудаги қиз», «Ҳалима энам аллалари» (1989), «Ишқ кемаси» (1990), «Кўнглимда бир ёр» (1991), «Бевафо кўп экан», «Ёлғончи ёр» (1993), «Эрка кийик» (1995) ва «Осмонимга олиб кетаман» (1998), “Улуғимсан, Ватаним” (2004), “Сайланма” (2007), “Халқ бўл элим” (2009) шеърий китоблари нашр этилган. 1989 йилда «Уйқудаги қиз» номли шеърий тўплами учун у республика Ёшлар ташкилотининг мукофотига сазовор бўлган. Мазкур китобларга кирган шеърларда Муҳаммад Юсуф мансуб бўлган авлоднинг энг олижаноб ва юксак инсоний фазилатлари билан бирга ёшлик сурури, ишқ ва муҳаббатнинг нафис наволари, ўзбекона, содда, айни пайтда эзгу, бокира ва бетакрор туйғу ҳамда кечинмалари ўзининг ёрқин ифодасини топган. Сўзнинг бадиий имкониятларидан маҳорат билан фойдаланиш, мусиқий равонлик, туйғулар тиниқлиги, самимийлик ва майинлик, руҳият манзараларини лўнда ва яққол ифодалай билиш Муҳаммад Юсуф шеърий услубининг етакчи хусусиятларидир. Унинг қаламига мансуб аксарият шеърлар таниқли хонандалар томонидан ижро этилмоқда. Муҳаммад Юсуф ижоди айни гуллаб яшнаган пайтда, Элликқалъа туманида шеърият мухлислари б-н учрашиш мақсадидаги ижодий сафарида вафот этган. Андижонда дафн этилган. Тошкент шаҳри ва Марҳамат туманидаги кўчалардан бири, шунингдек, Андижон шаҳридаги болалар кутубхонаси ва Марҳамат туманидаги санъат мактаби Муҳаммад Юсуф номи билан аталади.Муҳаммад Юсуф (1954-2001)
DO`STLARGA ULASHING:
Муҳаммад Юсуф (1954-2001)